|
"Ҳизбу Таҳрир" воизи Имрон Воҳид билан мулоқот | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари айни ташкилот шу пайтга қадар зўравонликка қўл урмаганини айтадилар. Ўтган ҳафта Тожикистон Бош прокурори ҳам "Ҳизбу Таҳрир"ни террорчи ташкилот эмас, деб чиқди. "Ҳизбу Таҳрир"нинг Лондондаги вакиллари Ўзбекистон каби давлатлардаги ўз тарафдорларига нисбатан муносабат, Ислом ва Ғарб ўртасидаги алоқалар ҳамда бошқа халқаро масалалар борасида баёнотлар ҳамда намойишлар билан чиқиб туришади. Шу кунларда бу ташкилот очиқ фаолият олиб бораётган ўта кам сонли мамлакатлардан бўлмиш Британияда ҳам "Ҳизбу Таҳрирни" таъқиқлаш борасида баҳслар юзага келмоқда. "Ҳизбу Таҳрир"нинг Британиядаги воизи Доктор Имрон Воҳид bbcuzbek.com ўқувчилари саволларига жавоб берди. Би-би-си: Биринчи савол Даниядан, Абдулло Ўзтуркдан. Саволнинг қисқа мазмуни - "Ҳизбу Таҳрир" қабр азобини тан олмагани боис хам Муҳаммад Пайғамбарга туширилган Ислом динига тескари тушмайдими? Имрон Воҳид: Мен бу саволга жавоб бермайман. Би-би-си: Шу ўқувчимизнинг иккинчи саволи. Қиёмат олдидан Ислом дини турли гуруҳларга бўлиниб кетади дейилади. "Ҳизбу Таҳрир" ҳам ана шу бўлинишга ҳисса кўшмаяптими? Имрон Воҳид:"Ҳизбу Таҳрир" мусулмон уммати бирдамлиги учун ҳаракат қилади. Биз қайтага, мусулмон умматининг сиёсий тарқоқлигини, заҳираларини, ҳарбий салоҳиятлари ва ақлий иқтидорларини бирлаштиришни истаймиз. Биз нафақат диний, балки сиёсий бирлик ҳам истаймиз. Би-би-си: Мухлис исмли ўзбекистонилк ўқувчимиз саволини қисқагина айтсак, Имрон Воҳид: Афсус, Россия ва Марказий Осиёдаги тузумлар биз кўтарган масалаларни баҳс ва ё мулоқот орқали ҳал этиш ўрнига қийноқлар ҳамда ҳибсларни қўллайдилар. Биз очиқ баҳс-мунозараларга доимо тайёрмиз, афсуски, Ўзбекистон ва Марказий Осиё раҳбарлари буни исташмайди. Би-би-си: Мухлиснинг яна бир саволига ўтсак. "Ҳизбу Таҳрир"ни Исломдаги адашган тоифа дегувчи уламолар бор, уларга нима дейсиз? Имрон Воҳид:Бизнинг адашганимизга нимани далил қилиб кўрсатасиз? Биз мусулмон дунёсида шариат қонунларни тадбиқ этиш, халифалик ўрнатиш йўлида иш олиб бораяпмиз. Бу эса Исломнинг мумтоз уламолари тарафидан бир бурч сифатида қабул қилинган. Мусулмон дунёсини бирлаштириб, бойликларини одил тақсимлаш ҳамда ишғолларга барҳам бериш йўлида ишлаймиз. Бу амаллар мусулмон оламидаги инсонларнинг орзу ва мақсадларига мос эмасми? Би-би-си: Андижонлик Қобил исмли ўқувчимиз тинч йўлда халифалик қуриш бугун мумкин эмас. Шундай экан, сизнинг бефойда фаолиятингиздан мақсад нима қабилида савол сўраган? Имрон Воҳид:"Ҳизбу Таҳрир" - оддий эмас, балки Исломий сиёсий партия. Усулларимиз Исломга асосланади ва биз ақлий заковат ҳамда тинчликни устун қўямиз. Биз зўравонликка қўл урадиган гуруҳларга қаршимиз. Аммо шу қаторда, парламентларга кириб, қандайдир ўзгаришларни амалга оширишни истайдиган партияларга ҳам қўшилмаймиз. Биз ҳозир бутун мусулмон дунёсида халифаликни тиклашни маъқуллайдиган фикрларни шакллантириш йўлида ишлаяпмиз. Биз мусулмон оламида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам зарурий сиёсий ўзгаришларга эришиш мақсадида қудратга ва таъсирга эга бўлган одамлар билан бирга иш олиб борамиз. Би-би-си: Ўзбекистонлик бир талаба қатор саволлар йўллабди. Биринчиси, "Ҳизбу Таҳрир" агар зўравонилкка қўл урмайман деса, нега унда у ердаги тузумга норозилик сифатида Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига қип-қизил ранг чаплаб ташлади? Имрон Воҳид: Бу сиёсий амал эди ва ҳеч қандай зўравонлик аралашмаган. Биз Андижонда болалар ва аёллар дохил кўплаб тинч намойишчиларнинг Ўзбек ҳукумати тарафидан қирғин қилинишига қарши норозилик изҳор қилгандик. Бунда зўравонлик йўқ эди. Би-би-си: Ўқувчимизнинг иккинчи саволи сиз нима учун айнан Ўзбекистонга эътибор қаратиб, айнан шу мамлакатда кўплаб аъзоларга эгасизлар деган мазмунда? Имрон Воҳид:Биз Ўзбекистонга алоҳида эътибор бераётганимиз нотўғри. Август ойида Индонезияда ўтадиган анжуманимизда қатнашиш учун юз мингга яқин вакилларимиз Жакартага боришмоқда. Лекин биламизки, Ўзбекистон аҳли Исломни севади ва Совет Иттифоқи қулаши ортиданоқ улар яна Исломга қайтишди. Билохират, Ўзбекистон Имом Бухорий, аз-Замахшарий каби кўплаб буюк алломалар чиққан юрт ҳамда халқ ўзининг ана шу маънавий меросини яхши англайди. Лекин биз, барибир, фақат Ўзбекистонга эмас, балки бутун мусулмон оламига эътибор қаратамиз. Би-би-си: Ушбу талабанинг сўнгги саволи. "Ҳизбу Таҳрир" қурмоқчи бўлган халифалик билан дейлик, масалан, Толибон қурган Исломий давлатнинг фарқи нима бўлиши мумкин? Имрон Воҳид:Аввало, Толибон ҳеч қачон Исломий халифалик барпо этганини даъво қилмаган. Халифалик Исломий тизим асосида ишлайди. Уни на Толибонга, на бошқа бирон бошқарув тизимларига қиёсламаслик лозим. Халифаликда раҳбарият сайланади, аёллар учун ҳам таълим тизими бирдек имконли бўлади. Халифаликдаги ғайридинларнинг ҳам ҳуқуқлари ва шаънлари ҳимоя остига олинади. Би-би-си: Британиялик исмини бермаган ўқувчимизнинг сўрашича, дунёвий тузумларга қарши бўлган партиянгиз ҳокимиятга келса, масалан, Ўзбекистон ва ё Британиядаги мавжуд тузумлардан авлороқ нималарни таклиф эта олади? Имрон Воҳид: Аввало, биз Британияда сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш йўлида ишлаётганимиз йўқ. Биз Ислом оламида халифалик барпо этишни истаймиз. Ўзбекистон ҳукумати ва ғарб ширкатлари биргаликда қазиб олаётган газ, олтин ва нефт даромадларидан ўзбек халқи фойда кўраётгани йўқ. Ўзбекистондаги мусулмонларнинг оғир меҳнати эвазига у ерда пахта, пилла ва ғалла етиштирилмоқда. Аммо ўртаҳол бир ўзбек ўз меҳнати самарасини кўрмаяпти. Би-би-си: Ўзбекистонлик Ойбек эса ҳозир "Ҳизбу Таҳрир"ни ким молиявий жиҳатдан таъминлаётгани билан қизиққан. Имрон Воҳид: Биз ташқаридан ҳеч қандай маблағ олмаймиз. "Ҳизбу Таҳрир" ўз аъзолари тарафидан молияланади. Бизнинг ишимиз ғояаларни тарқатиш ва баҳсга киришишдир. Бу учун эса пул керак эмас. Би-би-си: Тошкентлик Абдулло Муҳаммадий бу партияни Оллоҳ сари тўғри йўлдан кетмоқда, дейиш мумкинми қабилида савол қўйган. Имрон Воҳид: Йўлимиз борасидаги саволга келсак. Адолатсизлик ва зулмларга, ҳокими мутлақларга қарши гапириш бу жуда тўғри йўлдир. Би-би-си: Лондондан Абдулазиз "Ҳизбу Таҳрир" аҳли сунна ва жамоа қонун-қоидаларига амал қиладими, деган маънода савол сўрайди. Имрон Воҳид: "Ҳизбу Таҳрир" - сиёсий исломий партия ва бутун асослари Ислом динига таянган. Аммо биз мазҳаб ёки бирон Исломий тафаккур йўналиши эмасмиз ҳамда бошқа мазҳабларни ҳам ажратмаймиз, айирмачилик қилмаймиз. Биз учун, дейлик, ҳанафийлар ёки шоъфийлар ёхуд бошқа мазҳаблар орасида бирон фарқ йўқ. Би-би-си: Зафар Мавлонов Ҳолландиядан савол йўллаган. Партиянгизнинг бир рисоласида "яланғоч аёлларнинг суратларини томоша қилиш мумкин, чунки улар жонсиз" қабилида ёзилганди. Буни нима билан изоҳлаш мумкин, дейилмоқда. Имрон Воҳид:Бу - туҳмат. Бу мусулмон дунёсидаги айрим ҳукуматлар уюштираётган амаллардир. "Ҳизбу Таҳрир" Исломий партия ва бундайин аксилисломий амалларга қўл урмайди. Бизнинг ахлоқимиз буткул Исломга таянади. Би-би-си: Британиядан келган исмсиз мактубда айтилишича, "Ҳизбу Таҳрир" жуда сиёсийлашиб кетган ва партия кўпроқ таълим-тарбияга эътибор қаратса фойдалироқ бўлмайдими? Имрон Воҳид: Шаксиз, мусулмон уммати яхши таълим кўриши керак. Таълимни таъминлаш эса давлатнинг бурчидир. Афсуски, мусулмон оламидаги тузумлар рисоладагидек таълим тизимини юрита билишмаяпти. Шу боис ҳам мазкур тузумлар ўзгариши лозим. Би-би-си: Москвадан Бахтиёр исмли ўқувчимиз "Ҳизбу Таҳрир"га кириш учун қасам ичилади. Бу партиядан чиқмоқчи бўлсангиз, қандай тўсиқлар бор, деб сўраган. Унинг ёзишича, айрим "Ҳизбу Таҳрир" аъзолари бу партиядан чиқишни Исломдан воз кечишга тенг билишар экан. Имрон Воҳид:Қасам - Оллоҳ йўлида бу муждани тарқатиш учун бир ваъда. Партиядан чиқмоқчи бўлганларни эса ҳеч нима тўхтатмайди. Агар кимдир "Ҳизбу Таҳрир" фикрлари билан келиша олмаса ва партия усулларига ишонмаса, бемалол чиқиб кетиши мумкин. Би-би-си: Ўзбекистонлик бир талаба нега "Ҳизбу Таҳрир" Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашади, демоқда? Имрон Воҳид: Бу талаба не боис Америка ва Россиянинг Ўзбекистон ички ишларига аралашишларига рухсат этилади, деб сўраши керак. Аслида, Ўзбекистонда сиёсий ўзгаришлар истагани ва ҳукуматга қарши гапиргани учун қамоқда ўтирган "Ҳизбу Таҳрир" аъзолари - ўзбеклар. Биз эса Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмаймиз. Лекин, тўғри, у ерда сиёсий ўзгаришларни истаётганлар билан бирга ишлаймиз. Шу қаторда, мусулмон олами ишларига хорижий кучларнинг аралашувига ҳам барҳам бермоқчимиз. Би-би-си: Канададан Камол исмли ўқувчимиз "Ҳизбу Таҳрир"дан Ислом дунёси ва халқаро ҳамжамият шу пайтгача нима манфаат кўрган, деб ёзибди. Нима дея оласиз бу борада? Имрон Воҳид: "Ҳизбу Таҳрир"нинг ўтган йиллардаги бош муваффақияти Ислом масалаларини жамият ва давлатга қайтариб келтиргани бўлди. Би-би-си: Канададан Бумин Хон йўллаган савол. БМТ тан олган Инсон ҳуқуқлари декларациясини сиз ҳам тан оласизми? Имрон Воҳид: Ислом 14-аср илгари инсониятга ҳақ-ҳуқуқлар олиб келган. У пайтлари БМТ йўқ эди. Исломий давлатда, масалан, давлатнинг халқ олдида ҳисоб бериши, одамларнинг зарурий моддий эҳтиёжлари қондирилиши каби ҳуқуқлар таъкидланади. Дейлик, аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаолиятларини таъминловчи ҳуқуқлар ҳам бор. Ҳозир эса Ғарб ҳукуматлари ҳам бу ҳуқуқларни поймол этишмоқда. Мисол учун, улар Гуантанамо ва Баграмда одамларни маҳкамасиз ва айбловсиз ҳибсда ушлаб туришмоқда. Бундайин ишлар Исломда ҳаром қилинган. Ўзбекистон каби давлатларда одамлар қийноққа тутилмоқда. Исломда эса қийноқ маън этилади. Би-би-си: Яна Канадададан келган бир саволда "Ҳизбу Таҳрир" қуражак тузум ҳам Усмонийлар халифалиги каби бир диктатурага айланмайдими, деган истиҳола билдирилган? Имрон Воҳид:Биз Муҳаммад Пайғамбар пайтларидагидек бир халифат бўлишини истаймиз. Хусусан, ўша пайтдаги илк мусулмонлар, Муҳаммад Пайғамбар даврларидаги Исломдан ўрнак олишга интиламиз. Аммо биз диктатура ҳақида гапирмаяпмиз. Би-би-си: Ўқувчимиз Бумин Хоннинг яна бир саволига қайтсак. Сизнинг тошбўрон қилиб жазолашга муносабатингиз қандай? Имрон Воҳид: Биз Исломдаги барча жазо усулларини қабул қиламиз. Ҳизбу таҳририннг айрим уламолари Исломий жазолар борасида рисолалалар ҳам битишган. Умуман, шаръий жазолар жуда аниқ-таниқ қилиб белгиланган. Би-би-си: Лондондан Абдулазиз савол беради. Яъни "Ҳизбу Таҳрир" қайси атоқли исломий уламолар билан мулоқотни ушлаб келган ва уларнинг партиянгиз ҳақингиздаги фикрлари қандай? Имрон Воҳид: Биз Британиядаги атоқли уламолар билан қизғин баҳсу мунозаралар олиб борамиз. Баъзи фикрларимиз бир-бирига тўғри келмайди ҳам. Масалан, суфийлар билан кўп мунозараларимиз кечади. аммо дунёдаги кўплаб буюк уламолар қамоқларда ўтиришибди ва айримлари ҳукуматлар учун ишлай бошлашган. Улар ҳукумталарнинг зулмларини оқлаб беришади. Би-би-си: Тошкентдан Ахмад Бек "Ҳизбу Таҳрир" қачон тузилгани ва нега озодилк партияси деб номланганини билишни истаган Имрон Воҳид:"Ҳизбу Таҳрир" 1953 йили Қуддусда Шайх Тақвиддин Набихоний тарафидан ташкил этилган. У киши Мисрдаги Ал-Азҳар университетида таълим олганлар. Унинг туғилган оилада суфий анъаналари кучли бўлган. Бугун мусулмонлар мустамлакача бошқаруви зулми остида яшамоқдалар. Биз эса Исломга асосланган ақлий заковатни қайтариб, Халифат ўрнатиш ёрдамида зумларни бартараф этишга ишонамиз. Би-би-си: Ҳолландиядан Зафар Мавлонов не боис "Ҳизбу Таҳрир" мумтоз Исломдан фарқли бир ақидага эҳтиёжманд бўлганини сўрайди. Имрон Воҳид: "Ҳизбу Таҳрир" Ислом ақидларига амал қилади. Мен барча мазҳабдаги уламолар тарафидан қабул қилинган аниқ ва ўзгармас ақидаларни назарда тутаяпман. Биз мумтоз исломдан айри тушмаганмиз. Биласизми, Ўзбекистон каби давлатлардаги ҳукуматпараст муфтийлар ўша ҳукуматларни танқид қилган одамларни "адашган тоифа", "ваҳобийлар" деб ёмонотлиқ қилишади. Би-би-си: Муслим исмли ўқувчимиз "Ҳизбу Таҳрир" араб миллатчилигини тарқатмайдими деган маънода савол қўйган? Имрон Воҳид: "Ҳизбу Таҳрир" - миллатчиликка қарши. Биз Мисрда Камол Абдул Носирнинг араб миллатчилигига қарши чиққанмиз. Халиф араб бўлиши шарт эмас. Аммо Исломий давлатда Қуръон каби қонунларга асос бўладиган битиклар араб тилида бўлгани учун ҳам араб тили муҳимдир. Би-би-си: Ўзбекистонилк бир талаба не боис ўзи ташкил бўлган ерида мақсадига ета олмаган "Ҳизбу Таҳрир" қароргоҳи ҳозир Лондонда деб сўраган. Имрон Воҳид: Бизнинг қароргоҳимиз Лондонда эмас, балки мусулмон дунёсида жойлашган. Тўғри, биз Ғарбда ҳам фаолият юритамиз, аммо бу ўринда бизнигн эътибор мусулмон оламига қаратилади. "Ҳизбу Таҳрир" қароргоҳи Лондонда деган қарашлар нотўғри шаклланган. Би-би-си: Оврўподан бир талаба сизнинг исмингиз борасида сўраяпти. Оллоҳнинг "Воҳид" ёки "Ягона" деган сифатини исм қилгансиз. Мусулмон экансиз, ўзингизни Абдулвовҳид, деб атасангиз бўлмайдими? Имрон Воҳид: Бу биродаримиз янглишяпти. Менинг исмим асли "Ваҳиид" ва бу Оллоҳнинг исми эмас. Оллоҳ таолонинг исми "Ваҳид" яъни "Битта" деганидир. Би-би-си: Япониядан Комрон исмли тингловчимиздан келган хатда барча мусулмонлар бир халифат остидаги ягона минтақа ё давлатда яшашса, оқибатда улар ораисда ихтилофлар чиқмайдими, деган хавотирни билдирган. Имрон Воҳид: Далилларга кўра, бундайин бир халифаликни мусулмонларнинг ўзлари исташади. Улар ораларида чегаралар бўлишини исташмайди. Мусулмон дунёсининг Кўрфаз мамлакатларида улкан бойликлар бор. Лекин айрим мусулмон ўлкаларида одамлар қашшоқликда кун кўришмоқда. Шу боис ислом олами заҳираларини бирлаштириш ўта муҳимдир. Би-би-си: Канадалик Олптагин исмли киши Салмон Рушдийга Британия қироличаси тарафидан жавонмардлик унвони берилганига сизнинг фикрингизни билишни истаган. Имрон Воҳид: Бу мусулмон уммати юзига Британия ҳукумати тортган яна бир тарсаки бўлди. Маълумки, Салмон Рушдийни Исломни ҳақорат қилган. Бу бир тарафдан Ғарбнинг иккиюзламачилигини кўрсатади. Агар Муҳаммад Пайғамбарнинг (САС) ҳажв қилинишига қарши намойиш қилсангиз, улар сизга биз сўз эркинлигига риоя этдик, дейдилар. Лекин муслималарнинг ҳижоб ўраш ҳуқуқлари, масалан, Франция ёки Туркияда камситилмоқда. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||