Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 29 Июл, 2007 - Published 14:45 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Аҳад Андижон билан мулоқот
Аҳад Андижон Туркияда танилган сиёсатчилардан
Аҳад Андижон Туркияда танилган сиёсатчилардан
Истанбул Университетининг профессори Аҳад Андижон bbcuzbek.com ўқувчиларининг саволларига жавоб берди.

56 ёшли Аҳад Андижон Туркияда таниқли сиёсатчилардан.

Асли андижонлик бўлган сиёсатчи 1997-1999 йиллар давомида Туркиянинг турк жумҳуриятлари ва жамоаларига масъул давлат вазири вазифасини ўтаган.

Айни йилларда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўта совуқлашгани айтилади.

Марказий Осиё ва Қавқоз республикаларининг аксари билан умумий маданият ва тил ришталарига эга бўлиши Туркияга ушбу республикаларга кучли таъсир кўрсатиш имконини беради.


Османули, Тошкент: Аҳад Андижон жаноблари, сизнингча, (Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги) алоқаларнинг салбий ўзанга тушишига асосий сабаб нима?

Аҳад Андижон: Бу ерда икки томонлама қийинчиликлар бўлди. Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати Туркияда ўринлашган мухолифат ҳаракатларининг олдига тўсқинчилик қўйилишини истади. Туркия ҳукумати бунга унча иссиқ қарамади ва "Туркия бир демократик мамлакатдир ва бу мамлакатда ҳар хил сиёсий ҳаракат, сиёсий мухолифатнинг ерлашиши, қолиши ва фаолият юргизиши мумкин," - деди. Ўзбекистон ҳукумати бунгаям иссиқ қарамади ва натижада 1994 йиллардан бошлаб, Туркия билан Ўзбекистон ораларидаги алоқаларнинг бир оз совуқлашганига шоҳид бўлдик. Ўзбекистонда 1999 йилда юз берган президентга қарши баъзи ҳаракатларда, Ўзбекистон ҳукуматининг иддаосига қараганда, бир хил турклар қатнашган. Ўзбекистон ичида бу суиқасд ҳаракатига қатнашган бир-иккита одам Туркияда ушланган. Туркия уларни Ўзбекистонга пас қайтариб берди. Туркия ҳуқуқий маънода уларнинг ҳуқуқига зарба берилмасдан маҳкама қилиниши шарти билан Ўзбекистонга қайтариб берди. Аммо, Ўзбекистон ҳукумати Туркия ҳукумати бу масалада Ўзбекистонни етарли савияда, етарли даражада қўллаб-қувватламади деган фикрга борди. Натижада, 2000 йиллардан бошлаб, ўртадаги совуқлик янада кўпая бошлади. Ҳозирги кунда сиёсий алоқалар хийла совуқ бир вазиятда давом этаяпти. Улар бутунлай тўхтагани йўқ. Алоқалар бир даражада мавжуд, аммо бошқа турк давлатлари, яъни Қозоғистондек ёки Қирғизистондек кучли эмас.

Фахриддин Ўзтурк, Олмония: Турғут Ўзол илгари сурган Туркий Жумҳуриятлар Иттифоқи ғояси нега бир сиёсий дастурли ҳаракат сифатида давом эттирилмади?

Аҳад Андижон: Раҳматлик Турғут Ўзол 1991 йилда турк давлатлари иқтисодий уюшмаси ва ё иқтисодий бирлиги фикрини ўртага ташлаган. Турк давлатлари раҳбарларининг 1992 йилги учрашувида қўшма банк ва ягона иқтисодий бозорни яратиш тўғрисида Туркия баъзи фикрларни ўртага ташлади. Аммо, у пайтда турк жумҳуриятларининг, билҳосса Қозоғистон ва Ўзбекистон жумҳуриятларининг бу масалаларга бир оз совуқ қараши ойдинлашди. Назарбоев ёзган китобга қарасангиз, у ерда Қозоғистон президенти очиқ бир шаклда айтадики, Турғут Ўзол бу таклифларни бизга тақдим этганида биз турк давлатлари ўртасида бундай алоқани ўрнатишнинг имкони йўқлигини айтдик. Совет Иттифоқидан эндигина чиққанлигимизни ва унга ўхшаган сиёсий иттифоққа кириш ниятимиз йўқлигини Турғут Ўзолга мен ўзим айтдим, дейди. Ўша замонда Туркия таклифлари турк жумҳуриятлари раҳбарлари томонидан яхши қарши олинмаган ва натижада, ушбу таклифлар амалга оширилмай қолди.

Студент, Оврўпо: Вақти келиб Марказий Осиё республикалари Оврўпо Иттифоқига ўхшаган иттифоқни яратишига ишонасизми? Ҳозир Ўзбекистоннинг Россия билан яқинлашиши бизга қандай фойда келтириши мумкин?

Аҳад Андижон: 1991 йилда мен бу масала ҳақида ёзганман. Мени мақолам Америкада бир газетада чиққан эди. Туркиядаям босилган. Мен мақоламда Ўрта Осиё жумҳуриятларининг ўз ораларида Оврўпо Иттифоқига ўхшаш бир иқтисодий ва сиёсий иттифоқни яратиш имкониятлари борлигини ва буни қўллаб-қувватлайдиган факторларнинг борлигини таҳлил қилган эдим. Ишончимга кўра, буни ҳар доим айтиб келаяпман ва 1993 йилда чоп этилган "Жадидизмдан ҳурриятга: Туркистон мужодаласи" деган охирги китобимда ҳам шу ёзилган. Аҳолиси 150 миллионлик Россия Федерацияси ва 1.2 миллиардлик Хитой ўртасида 30 миллионлик ёки 20 миллионлик Ўзбекистон, Қозоғистон ва ё Қирғизистоннинг сиёсий маънода кучли ва алоҳида сиёсий борлиқлар шаклида ўзларича мавжуд бўлиб қолишлари имконсиз. Ўрта Осиё давлатлари ўз ораларида Оврўпо Иттифоқига ўхшаган иқтисодий ва кейинчалик сиёсий бир иттифоққа айлана олса, ҳозирда 60 миллион ва келажакда бундан ҳам кўпроқ инсонга эга, иқтисодий томондан катта ерости ва усти бойликларига эга йирик иттифоқ ўртада пайдо бўлади. У пайтда улар Россия Федерацияси ёки Чиннинг орқа ёки олд боғчаси бўлмаликлари мумкин. Бошқа чоралари ҳам йўқ.

Менимча, Ўзбекистоннинг Россияга бу даражада яқинлашиши, халқаро сиёсат нуқтаи назаридан, унча яхши эмас. Менимча, Ўзбекистон, ҳозирги пайтда Қозоғистон жумҳурияти олиб борган сиёсат каби, дунёдаги қудратли давлатлар билан эш даражада алоқа ўрнатиши керак.

Абдулазиз, Лондон: Жаноб Эрдўғоннинг ҳукумат теппасига келиши Туркия ташқи ва ички сиёсатида қанақа ўзгаришларга олиб келади деб ўйлайсиз? Туриянинг Оврўпо Иттифоқига кириши учун баъзи диний чекловларни қўллашини қандай тушуниш мумкин?

Аҳад Андижон: Ички сиёсатда диний қадриятларга эътибор бир оз кучаяди. Муҳофазакор сиёсат Туркияда бир оз кучаяди. Ҳозирги кўриниш шу. Иқтидорга қай кучларнинг келишидан қатъи назар, Туркиянинг ташқи сиёсати унчалик ўзгармайди. Ота Турк замонидан, яъни 1920 йиллардан эътиборан бугунга қадар олиб борилган сиёсатларга эътибор бериб хулоса қиладиган бўлсак, Туркия Оврўпо Иттифоқига кириш ҳаракатларини давом эттиради ва Америка ва Россия каби дунёнинг қудратли давлатлари билан алоқаларини сақлаб қолади ҳамда Қавқоз, Болқон давлатлари ва мусулмон ўлкалари билан алоқаларида ўз манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда давом этказади.

Диний маънода Оврўпо Иттифоқининг талаблари йўқ, аслида. Оврўпо Иттифоқи талаб қилаётган ягона нарса сиёсий Исломга таянган кучлар иқтидорда бўлган давлатни мен иттифоқимга олмайман, дейди Оврўпо Иттифоқи. Масала шу. Туркияда Тоййиб Эрдўғон ёки бошқа бир ҳукумат бўладими, қайси ҳукумат иқтидорга келса келсин, дунёвийлик тамойили ўзгармайди. Туркия нуқтаи назаридан қарганимизда, дунёвий идорачилик ўзгармас экан, Оврўпо Иттифоқига киришда муаммолар бўлиши мумкин эмас.

Исми номаълум: Туркиядан йиллардан бери битта муаммо бор. "Турбан" муаммоси. Нима учун сиёсатчилар шундоқ ўз ҳолига қўйиб қўймайдилар? Нимага буни ҳар гал яна бир бор кўтариш учун ҳаракат қилишади?

Аҳад Андижон: Ҳар мамлакат ичида ўзига хос масалалари бўлади. Ўзбекистонда ҳам, Америкада ҳам ўзига хос анъаналарнинг сиёсий масала сифатида ўртага чиқарилиши бор нарса. Туркия - дунёвий идора шаклини қабул қилган бир мамлакат. Олдимиздаги йилларда бу масалада ҳам сиёсий консенсусга борилиши мумкин. Бу масалага у ёки бу шаклда қонун чиқарилиб, ечим топилиши мумкин. Аммо, ҳозирда вазият шу.

Тоҳир, Англия: Ҳурматли Аҳад Бей, маълумки, Ўзбекистонда очилган ўзбек-турк лицейларининг ёпилиши "Нурчилар" диний гуруҳи билан боғлиқ. Агар Сизнинг бу гуруҳ ҳақида маълумотингиз бўлса, батафсил хабардор этсангиз.

Аҳад Андижон: Ўзбекистонда беркитилган лицейларнинг барчаси "нурчилар"га тегишли эмас. Тақрибан 6-7 лицей Туркия ҳукумати томонидан қурилган эди. Уларнинг "нурчилар"га алоқаси бўлмаган. Улар ҳам 1999-2000 йилларда беркитилган. Бу лицейларни беркитар экан, Ўзбекистон ҳукумати "бу лицейлар динчилар томонидан қурилган ва Ўзбекистон халқига зарба беради ҳамда талабаларга манфий таълим беради" деган шаклда иддао қилди. Шу тушунча билан бу лицейларни беркитди.

Ҳикмат, Америка: Ўтган ойларда Туркиянинг СТВ телевизион канали "Ойина" деган кўрсатувида Ислом Каримов пропагандасини қилди. Бу канал аслида "Нур" жамоатига оиддир. Бундан мақсад нима эди?

Аҳад Андижон: Энди "Нур" жамоати Ўзбекистонда эмас, Марказий Осиёнинг барча жумҳуриятлари дохил дунёнинг кўплаб мамлакатларида лицейлар очган. Аммо Ўзбекистонда бу лицейлар беркитилган. Улар ҳозирда айни лицейларни қайтадан очишга ҳаракат қилишмоқда. Улар Марказий Осиёда газеталар ҳам чоп қилишаяпти. Умуман Ўзбекистонда алоқаларнинг бузилиши 2000 йилда бошланган. Лицейларининг беркитилиши уларнинг Ўзбекистондаги фаолиятларига зарба берган. Демак, улар ҳозир Ўзбекистонда президентига мадҳ-сано ўқиб, янгитдан худди эски пайтларда бўлгани сингари, лицейларини очиш, газеталарини чиқариш ва телевизион дастурларини у ерда давом эттириш имкониятини топиш учун ҳаракат қилишаяпти.

Ворис Усмонли, Ўзбекистон: 90-чи йиллар бошида Президент Каримов билан учрашган экансиз. Ўшанда у билан қандай масалаларда гаплашгансиз?

Аҳад Андижон:1990 йилда Каримов, президент бўлганидан кейин, Туркияга зиёрат қилди. Мен у пайтда "Туркистон" жамиятининг раҳбари эдим. Истанбулда катта бир жойда учрашув уюштирдик. Учрашувга Туркиядаги барча тркистонликларни даъват қилдик. Президент ҳам келди. Биз овқатга тушмасдан аввал алоҳида бир жойда бир оз суҳбатлашдик. Ўзбекистонда мавжуд масалалар ҳақида ўз фикрларимни суҳбат жараёнида билдирдим. Ўшанда Коммунист партия номи ўзгартирилиб янги партияга айланадиган ва президент ҳам ўша партияга раҳбар бўладиган эди. Мен ягона партиялик системанинг нотўғри эканлигини, аммо президентнинг кўп партияларга рухсат бериб, ўзининг улар бошида "ота" сифатида туриши тўғри бўлишини айтдим. Иқтисодий реформалар қилиниши кераклигини айтдим. Аммо, президент ўшанда менга: "Йўқ, Корея сингари аввал иқтисодий реформаларни қиламиз, ана ундан кейин сиёсий реформаларни қиламиз," - деб айтди. Бунинг шоҳидлариям бор. Кореянинг вазияти бир оз фарқли эди. Чунки Америка Қўшма Штатлари Корея ҳукуматини 1950 йиллардан бошлаб сиёсий қўллаб-қувватлаган. Унга кўп иқтисодий ёрдам берган. Кореянинг иқтисодий жиҳатдан кучайишига сабаб шу. Ўзбекистонга бундай катта кўмак берадиган мамлакат бўлмайди, шунинг учун, сиёсий реформалар қилмасдан иқтисодий ўзгартиришлар ясаш имконсиз. Дунё тарихига қарасангиз, сиёсий маънода демократия ўрнатилмаган мамлакатларда иқтисодий кучайиш бўлмаган, дунё тарихида бундай ҳолат кузатилмаган. Ёлғиз Қувайт сингари табиий заҳиралари кўп бўлган мамлакатларда бўлиши мумкин, дедим. Ташқи мамлакатларда яшаётган туркистонликлардан ҳам фойдаланиш кераклигини айтдим. Чунки, Қозоғистон жумҳурияти ҳам, Туркманистон жумҳурияти ҳам, чет элларда яшаётган қозоқлар ва туркманларни ватанларига қайтишларини ташвиқ қилишаётган эди. Чет элларда анча кучли бир ўзбек диаспораси борлигини ва Ўзбекистоннинг бундан фойдаланиши кераклигини айтдим. Аммо президент, кейин ўрганганимга кўра, мени суҳбатимдан унча хушланмабди. Бу менга кейин келган маълумот.

Номи номаълум: Сизни Андижон фожеаси ҳақида фикрингиз қандай? Бунда оддий халқнинг ҳам айби борми?

Аҳад Андижон: Андижондаги ҳодисанинг қандай юз бергани ҳақида аниқ маълумотимиз йўқ. Бир хил фикрларга кўра, халқ тамоман гуноҳсиз. Ўзбекистон ҳукумати иддаосича, уларнинг ҳаммаси террорист бўлган. Ҳақиқат нима? Бу аниқлангани йўқ. Чунки, бетараф мутахассислар Андижонга бориб, бу ҳақда тўлиқ ҳисобот тайёрлай олишмади. Ўзбек ҳукумати бунга рухсат бермади. Рухсат берса эди, балки бетараф одамлар у ерда ҳақиқатда нима бўлганини аниқлашлари мумкин бўларди. Аммо, буларнинг бари бир тараф. Менинг шахсий фикрим, нима бўлса бўлсин, кимлар қатнашган бўлишидан қатъи назар, бир давлатда халқнинг устига давлатнинг расмий кучлари ҳеч айирмасдан оташ очмайди, ўқ отмайди. Бу дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бўлмайди. Бўлгандан кейин, нимага бўлганини аҳамияти қолмайди. Демакки, Андижонда мингга яқин одам, Ўзбекистон ҳукумати икки юзга яқин деяпти, аммо бошқа манбалардан келган маълумотларга қараганда, 700-800 одам ўлган. Уларнинг ичида ёш болалар ҳам бор, аёллар ҳам бор. Болалар ва аёлларнинг ичида террорчилар ҳам бўлиши мумкин, аммо кўпчиликнинг оддий халқ бўлгани аниқ. Бу халқни айирмасдан ўлдириш бир ҳукумат учун айб. Менинг Андижон масаласига шахсий қарашим шудир.

Одилжон Дадажонов, Ўш: Муҳтарам Аҳад Андижон! Сиз асли андижонлик экансиз. Шажарангиз, таржимаи ҳолингиз ва оилангиз ҳақида билишни хоҳлар эдим. Илтимос, шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?

Аҳад Андижон: Катта оталарим ҳаммаси Андижондан. Андижонда Ҳожи Ғолиб деган одам ўтган. Бу одам 1930 йилларда Советлар ҳукумати ўрнатилгандан кейин қулоқ қилинган. Мени отам ҳам қулоқ қилинган ва моллари ҳамда Андижон чеккаларидаги анча катта ерларини тортиб олиш ҳақида қарор қабул қилинган. Отам 8 яшар акам ва 4 яшар опамни олиб, 1932 йилда Афғонистонга ўтган. Отам Афғонистонда у томондан келган бир оиланинг қизига уйланган. Ҳожирахоним мени онам бўладилар. Ундан мен ва мени бир синглим дунёга келдик. Уч ойлик пайтимда, 1951-1952 йилларда Туркияга кўчиб келдик. 1952-1953 йилларда бир муддат Адана шаҳрида қолганимиздан кейин, Оқ Шаҳарга бориб ерлашган оилам. Мен у ерда илк ва ўрта таҳсилни олгач, 17 ёшимда Истанбулга келдим. Истанбулда Тиб факультетига кирдим. Тиб факультетини 1974 йилда тугатдим ва дўхтир бўлдим. Буни хаёлимда Ўзбекистонда "врач" дейишади. Кейин шу факультетда илмий тадқиқотчи бўлиб ишладим ва 1991 йилда профессор бўлдим. 1985 йилдан бошлаб Совет Иттифоқи тўғрисида ва Совет Иттифоқидаги турк жумҳуриятлари тўғрисида сиёсий фаолиятим бошланган. Афғонистондаги урушга оид сиёсий фаолият олиб борганман. 1987 йилларда аввал Турғут Ўзолнинг маслаҳатчиси сифатида ишладим ва 1995 йилда парламентга кирдим миллат вакили бўлиб. Кейин 1997-99 йилларда ташқи дунё турк жумҳуриятларига масъул давлат министри ва ҳукумат сўзчиси сифатида ишладим. Депутатлигим ҳам 2002 йилгача давом этди ва айни йилда университетга қайтдим. Ҳозир университетда профессор бўлиб ишлаяпман. Икки ўғлим бор. Бирининг исми Ойбек, бирининг исми Элбек. Хонимим ҳам доктор. У ҳам мен ишлаётган факультетда илмий иш қилади.


Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?
Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Имрон ВоҳидБи-би-си меҳмони
"Ҳизбу-таҳрир" воизи Имрон Воҳид билан мулоқот
Суръат ИкромовБи-би-си меҳмони
Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов
Обидхон қори НазаровБи-би-си меҳмони
Обидхон қори Назаров билан мулоқот
Крейг МаррейБи-би-си меҳмони
Крейг Маррей саволларга жавоб берди
Муҳаммад СолиҳБи-би-си меҳмони
Муҳаммад Солҳ саволларга жавоб қайтарди
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ( info.islom.uz)Би-би-си меҳмони
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy