Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 14 Август, 2007 - Published 18:22 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Абдуманноп Пўлат - Би-би-си мухлислари саволларига жавоб берди
Абдуманноп Пўлат
Абдуманноп Пўлат сиёсий қарашлари бўйича "марказчи" эканлигини таъкидлаб келади.
Мустақил сиёсий таҳлилчи ва кузатувчи Абдуманноп Пўлат bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Жаноб Пўлат инглиз, рус ва ўзбек тилларида нашр этилган ўнлаб таҳлилий мақола ва ҳисоботлар муаллифи.

Унинг, жумладан, "Андижон фожеаси: Америка-Ўзбекистон муносабатларини тузатиш йўллари" ('Reassessing Andijan: The Road to Restoring US-Uzbek Relations") номли
зиддиятли мақоласи тортишувларга сабаб бўлган.

Жеймстаун тадқиқот маркази томонидан чоп этилган мазкур мақолада Пўлатов жаноблари Ғарб давлатлари, жумладан Қўшма Штатларни Андижон ҳодисаларини ҳаққоний баҳолай билмасликда айблаган.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.


Омон Мансур, Ўш: 1- савол Сизнинг “Андижон фожеаси, Америка-Ўзбекистон муносабатларини тузатиш йўллари" зиддиятли мақолангизни ёзишнинг сабаби нима ва нима сизга туртки берган?
2 – савол: Сиз Қўшма штатларда яшасангиз ҳам Ўзбекистонни соғинасизми? Келгингиз келадими? 3 – савол: Сизга 1993 йилдаги Ўзбекистон Олий суди томонидан қўйилган айбловлар қанчалик ҳақ ёки нотўғри?

Абдуманноп Пўлат: 1. Андижон фожеасидан бир-икки кун ўтгач, у ҳакида, фикримча, ўта бир томонлама хабарлар кескин даражада кўпайди. Олдинига, ҳатто Ўзбекистон ҳукуматини кўпинча (ва баьзан кескин) танқид қиладиган манбаларда ҳам - интернетда, Ғарб матбуотида, жумладан Би-би-си ва “Озодлик” радиоларида - ўша зиддиятли кунларда (2005-йил 13-14 майигача), менинг назаримда, нисбатан ишонарли ва холис хабарлар тарқатилган эди. Бу хабарларда қуролли қўғолончилар ўндан ортиқ миршаб ва ҳарбийни ўлдиргани, яна шунча кишини гаровга олгани, милиция постига ва ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, ўнлаб қуролни қўлга киритгани, турмадан 500 маҳбусни озод қилгани айтилди. Қўзғолончилар Бобур майдонига юзлаб, кейинроқ бир неча минг тинч намойишчи, қуролсиз халқ, жумладан кексалар, аёллар ва болаларни жалб қилишгани хақида ҳам, назаримда, нисбатан ишонарли ва холис хабар бериб борилди. Бу намойиш ва қўзғолонни ўта қаттиққўллик ва балки шафқатсизлик билан бостирилганидан кейин эса, менинг назаримда, холис бўлмаган, бир томонлама хабарлар кескин даражада кўпайди. Жуда кўп мақола, баёнот ва ҳисоботларда қуролли қўзғолон бўлгани ё номига тилга олиниб, баьзан умуман тилга олинмай, “тинч намойиш ўққа тутилди” деб баралла айтила бошланди.

Қайтараман: Ўбекистон ҳукумати қуролли қўзғолончилар (уларни “террорист” деб аташ ҳам мумкин бўлса керак) билан бирга юзлаб тинч, қуролсиз намойишчиларни ўлдирган, деган баҳога мен қўшиламан. Мен бу ҳакда доим гапириб келганман ва охирги мақоламда ҳам бу ҳақда айтилган. Лекин, "танганинг фақат бир томонини" ёритиш, аминманки, тўғри хулосаларга ҳам, фойдали маслаҳатларга ҳам олиб келмайди.

Мана шундай кескин ва бир томонлама танқид натижасида Ғарб ва Ўзбекистон муносабатлари жиддий даражада совиди.
Мен ўз фикримни ўша кунлардан бошлаб айтиб келдим. Лекин анча вақтгача, фожеани мендан кўра яқинроқ ўрганиш имконига эга бўлган, балки унинг гувоҳи бўлган тадқиқотчи ё мухбирлар холисроқ, босиқроқ, ишонарлироқ, "танганинг иккала томони"ни ёритиб, таҳлилий ҳисобот, мақолалар ёзишар деб анча вақт кутдим. Чунки, мен Америкада яшаяпман, менга 1998-йилдан бери Ўбекистонга боришга ижозат берилмаяпти. Лекин назаримда бундай мақолалар пайдо бўлмади.
Мақола ёзганимнинг сабаби - шу. Имкониятларим чекланган бўлса хам, ўз вақтида тарқатилган ва назаримда ишонарли ва холис хабарлар ва маьлумотларни қўлимдан келганича таҳлил қилиб, шу мақолани ёздим. Мақоламда фақат Андижон фожеасини эмас, Америка-Ўзбекистон муносабатларини ҳам анча кенг таҳлил қилишга интилдим.

2. Туғилиб ўсган, кўп йиллар яшаган, акаларим ва қариндошларим, дўстларим қолган Ўзбекистонни, унинг табиати ва меваларини, юртимиз ва халқимизнинг баьзи урф-одатларини, албатта, соғинаман.

3. Билмаганлар учун эслатай: мени Президент Каримовни ҳақорат қилишда айбдор топишган. 1992 йил 16-чи январидаги талабалар намойишида Каримовни ҳақорат қиладиган бир плакат бўлган эди. Бир кун олдин талабаларнинг тинч намойиши тартибсизликка айланган (бундай тўқнашувлар жуда кўп мамлакатларда, жумладан Америка, Франция, Кореяда ҳам бўлиб туради!), миршаблар қуролсиз талабаларга қараб отган эди. Камида бир талаба ўлган, иккинчиси ўлиш арафасида, бир қанчаси яраланган, ўнлаб талаба шафқатсизларча калтакланган эди. Мана шу норозилик намойишимизда Каримовни расми бўлган бу плакат пайдо бўлди. Унда "Шундай ҳайвон бор, у ўз фарзандларини ейди," - деб ёзилган эди. Мен "отишга буйруқни Каримов берганини билмаймиз," - деб талабалардан бундай плакатни намойиш қилмасликни сўраганман. Бир-икки ойдан кейин плакат "Бирлик"нинг Москвада чиқадиган газетида босилди (мени иштирокимсиз ва мен бундан хабарим ҳам бўлмаган!). Шунда, Каримовга плакатли газетни кўрсатишган шекилли. Жаҳл билан, "Ким қилган?" - деган саволига, билишимча, мени, Анвар-ака Усмонов ва Альберт Мусин номларии айтишган. Кейинроқ бу ишга мени алоқам йўқлигига кўплар ишонч ҳосил қилган. Олий Судда менга қарши ҳеч бир исбот йўқлиги яққол кўринган. Фикримча, жиноий ишни, Бишкекдан – мен етакчилик қилган конференциядан - ўғирлаб келиш, ўз вақтида анча шов-шув бўлган судим – буларнинг барчасини "оқлаш" учун, айбдор топиб, уч йилга ҳукм этишган ва, олдин эьлон қилинган амнистияга биноан, суд залидан озод қилишган.

Мен ўзимга анча кўп ва кучли рақиблар, душманлар орттириб, хатолар қилганман. Жумладан, шахсан Каримовга, уни олдида (1992-йил 22-январ бўлса керак - Тошкент университети олдидаги майдонда, биз ташкил қилган тинч норозилик намойишимизда) анча кескин гапирганман. Лекин, устимга расман қўйилган ишда мени айбим йўқ эди. Қолаверса, фикримча, кимнидир ҳақорат қилиш - қамайдиган жиноят деб ҳисобланмагани маьқул. Яъни, бу плакатни тайёрлаган, намойиш қилган, газетада босганлар ҳам, жиноятчи ҳисобланмаслиги керак. Лекин уларнинг ишини ҳам ибратли қадам, одоб ва сиёсий маданиятнинг ижобий намунаси демаган бўлардим.

Исми номаълум: Фаолиятингиз учун муайян миқдорда маблағ зарурлиги ойдин. Уни қаерда оласиз?

А.Пўлат: Ўринли савол. Менимча, бу саволни барча мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан доим сўраб туриш керак. 2003 йил июнидан бери - мен мустақил консультант, таҳлилчи ва кузатувчиман. Даромадим олган буюртмаларим бўйича берган консультацияларим, таржималаримдан келади. Бой эмасман, лекин кун кўришга етказаяпман. Баьзан мақолаларим, маъруза ва чиқишларим учун қалам ҳаққи ҳам оламан. Иммиграцион ишларда собиқ Совет мамлакатларидаги вазият бўйича эексперт-мутаххассис сифатида таҳлилий хулосалар тайёрлайман ва маслаҳатлар бераман. Кўп таржима ишлари қиламан. 1993 ёзидан 2003 йил июнигча Вашингтондаги бир ҳуқуқ ҳимояси ташкилотида ишлаганман. 1993 йил мартидан, яъни Америкага келишим билан, шу йилнинг августигача иш қидирдим. Сиёсий бошпана олган қочоқ сифатида Америка ҳукумати ойига $270-$280 ёрдам берган. Бир неча йилдан кейин билсам, кўпроқ ёрдам олиш мумкин экан – агар изласам, ёрдам сўраб, тегишли ҳукумат идораларига, жaмоат ташкилотларига қайта-қайта мурожаат қилаверсам. У пайтда буни билмаганман, бунга вақтим ҳам йўқ эди. Ёрдам ўрнига, иш қидирганман.
Бу маблағ, албатта, яшашга етмасди. Бир хонани $400 га ижарага олиб яшар эдим. Бир халқаро мукофот олган эдим - асосан шунга яшаганман.
1988-93 йилларда, яъни ошкора сиёсий фаолиятим бошланганидан бошлаб, Тошкент давлат университетининг олдин доценти, кейинроқ докторанти, эдим. Бу йилларда - кўп сафдошларим қатори - ўз сиёсий, ҳуқуқ ҳимояси ишларим учун бир тийин ҳам ҳақ олмай ишлаганман.

Исми номаълум: Ўзбекистондаги мавжуд вазият (стратегик завод ва корхоналарни муайян кишилар қўлида тўпланиши, одамлар руҳиятининг ўзгариши, кишиларнинг тобора келажакка умидсизлик билан қарашлари) ўзгариши ва ҳақиқий маънодаги тўлақонли ислоҳотлар амалга оширилиши назарингизда қанчалик ҳаётий?

А. Пўлат: Саволингизга айтганингиздек, Ўзбекистондаги вазият оғир ва зиддиятли деган кенг тарқалган фикрларга қўшиламан. Афсуки, мен яқин йилларда вазиятни жиддий даражада яхшилай оладиган кучни кўрмаяпман.

Исми номаълум: “Бирлик” партиясининг асосий дастурий фаолияти нималарга қаратилган? Нима сабабдан рўйхатга олинмай келинади? Рўйхатдан ўтиши эҳтимоли борми?

А. Пўлат: Мен 1999-йил майидан бери "Бирлик" аьзоси бўлмаганим учун бу саволга бир кузатувчи, қўлидан келганича холис фикр юритишга интиладиган бир инсон сифатида жавоб бераман. Қолаверса, "Бирлик"нинг асосчиларидан бўлганим, унда ўн-ўн бир йил фаолиятим, унинг раҳбари менинг акам эканлиги, "Бирлик" фаоллари орасида кўп дўстларим бўлгани учун, бу ташкилотга бефарқ эмасман.
"Бирлик" партиясининг асосий дастурий фаолияти Ўзбекистонни тинч йўл билан демократик давлатга айлантиришга қаратилган.
"Нима сабабдан рўйхатга олинмай келинади?" - ҳукумат буни истамагани ҳамда "Бирлик” ни рўйхатга олиш масаласида ҳукуматга - ичкарида ҳам, ташқаридан ҳам - жиддий босим йўқлиги учун.
“Руйхатдан ўтиши эҳтимоли борми?” - Мен яқин орада буни кутаётганим йўқ.

Обиджон Йўлдошев, Фарғона: Манноп ака, акангиз Абдураҳим Пўлатовни доим “Ҳаракат” сайтида туриб мухолифат аъзоларини ҳақорат қилишига қандай қарайсиз?

А. Пўлат: Обиджон (агар бу тахаллус эмас, асл исмингиз бўлса)! Мен кўп йиллардан бери "Бирлик", "Ҳаракат" ва бошқа Ўзбек мухолиф сайтларига камдан-кам кираман. Ўзбек мухолифатининг ўзаро "даҳанаки жангги" ҳамда Каримов ва унинг ҳукумати ҳақидаги одатда ўта кескин ва бир томонлама баёнотлари каби майда "янгиликкларни" ўқишга вақтим кам. Лекин, Ўзбек мухолифатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари орасидаги жанжалларни, умуман олганда, кузатишга тўғри келади. Назаримда, мухолифат аъзоларини ҳақорат қилиш билан фақат мени акам шуғулланмайдилар. Акамга қилинадиган "ҳужум"лар одатда ўз одобсизлиги, бемаънилиги ва асоссисзлиги билан янада кўпроқ ажралиб туради. Бир-бирига "ҳужум" қилиш, миш-мишлар тарқатиш, тўхмат-иғво ва ҳақоратлар бутунлай бошқа фаоллар орасида ҳам етарли. Мен акамларга, "ҳар бир аҳмоқ ва бетайинга тенг бўлаверманг, танқидни иложи борича одоб ва маданият доирасида, бошқаларга ибрат бўладиган қилиб айтинг" деб ўз фикримни бир неча марта билдирганман.

Комрон, Япония: Азалдан янги чиқиб келаётган "сиёсатчилар" шахсий ёки гуруҳ манфаатларини демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқнинг манфаатини кўзлаш каби ширин сухандонлик билан пардага олмоқдалар. Халқнинг онгини, ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқларини талаб қилишга чақирадилар. Ваҳоланки, ҳуқуқни билиш ёки уни талаб қилиш билан ижобий натижага эришилмаётгани “кўрга ҳам” маълум, чунки қонун устуворлиги ва сиёсий маданият халқдан ўзини юқори тутувчи "инсон”ларнинг ўзида мавжуд эмаслиги кундан кун давлат бошқарувини “чўпоннинг қўй боқиши”га ўхшаш ҳолатга олиб келмоқда. Шу фикрга муносабатингиз қандай?

А. Пўлат: Бу баҳоингизга умуман олганда қўшиламан, жуда кўп юртларда шундай. Лекин, афсуски, Ўзбекистон сиёсатида бу иллат, назаримда чегарадан кескин даражада ошиб кетган."Демократ" мухолифатчилар ва хуқуқ химоячилари, айниқса уларнинг кўзга кўринган, танилган арбобларининг афсуски, кўпчилиги биринчи навбатда ўзлари демократия, адолат, одоб, маданият, қонунни ҳурмат қилиш (қонун устуворлиги) каби тамойил ва ўз шиорларига риоя қилишса ва ўз камчилик ва хатолари ҳамда нима сабабдан мағбулият кетидан мағбулиятга учрашаётганлари ҳақида ҳам бироз ўйлаб турсалар, ҳар бир мағбулиятга ҳукуматни ва мухолифатдаги "рақиб"ларнинг фитнасини сабаб деб кўравермай, баьзан "кўзгуга ҳам қараб турсалар", балки кўпроқ тарафдор йиғиб, кучлироқ ташкилотлар тузишармиди?

Жаҳонгир Ражап, Тошкент: Салом Абдуманноп ака! Менинг ҳам саволим акангиз ҳақида. Мен у киши ҳақда веб саҳифаларда эълон этилган мақолалари ҳақида кўп ўқидим ва менда у киши ҳақида бир иғвогар, ичи қора одам сифатида жуда салбий фикр шаклланди. Сиз акангиз ҳақида нима деб ўйлайсиз? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

А. Пўлат: Саволингизга аввал қисман жавоб берган эдим. Қўшимча қилиб, қайтараман: ҳа, акам ўзларига рақиб ё душман деб билган одамларни ўта кескин танқид қиладилар. Лекин акамнинг рақиблари ҳам у кишидан фарқ қилишмайди, кўпинча акамдан ўтиб кетишади. Мен вақти-вақти билан бу даҳанаки жанглар қандай кетаётгани билан танишиб, кузатиб, тураман.
Мухаммад Солиҳни ҳам, акамни ҳам, мени ҳам, бошқаларни ҳам танқид қилиб, кимнидир назарида хато ва гунох деб кўринган қадамларини эслатиб туриш керак. Бу сўз ва фикр эркинлиги дейилади. Лекин, асосий мақсад "ҳужум" ва "фош этиш"га қаратилиб, ундан муҳимроқ ишларга эьтибор ва куч-ғайрат етмай қолиши - жиддий хато. Ўзбек демократик мухолифати зўрға нафас олаяпти. Бунинг учун, Ғарб давлатларига рахмат дейиш керак - чунки Ғарбдан келаётган моддий, сиёсий-маьнавий, "информацион" ёрдамсиз, Ўзбек мухолифатининг аҳволи ҳозиргидан ҳам баттар бўларди! Бу вазиятда ўзи шундай ҳам жуда оз куч-қувват, ғайратнинг бунчалик катта қисмини ўзаро жангга сарфлаш керакмас.
Муҳаммад Солиҳ тарафдорлари билан акам тарафдорлари орасидаги бу даҳанаки жангни мен юқорида тилга олган салбий жиҳатлари билан бирга – оз бўлса-да - ижобий томонлари ҳам йўқ эмас. Бир кўринишда бу фикрим "ғалати" туюлар. Гап шундаки, Ўзбек мухолифати ва ҳуқуқ ҳимояси сиёсатидаги рақобат, барча гуруҳлар ва уларнинг етакчиларини сергак бўлишга ва ўз фаолиятида ғайрат кўрсатишга мажбур қилади, яккаҳокимлик ва "доҳийлик", шахсга сиғиниш касалликларидан оз бўлса ҳам ҳимоя қилади.
Қайтараман: афсуски, 1989-йил кузидан бери ва ҳозир ҳам, бундай сиёсий кураш чегарадан ўта даражада чиқиб кеткан.

Суҳроб, Тошкент: Абдуманноп ака, агар сир бўлмаса, АҚШда нима иш билан шуғулланасиз? Тирикчилик деганларидек. Эшитишимча, акангиз Абдураҳим Пўлатов бензозаправкада ишлар экан. Шу ростми?

А. Пўлат: Суҳроб, мен нима иш билан шуғулланишим, тирикчилигим нимадан эканлиги - сир эмас. Буни олдинги жавобларимни бирида ёритишга ҳаракат қилдим - гарчи мен ҳозир сиёсатчи ё хуқуқ ҳимоячиси бўлмасам ҳам. Қисқа қилиб қайтарсам: 2003-йил июнидан бери мен мустақил консультантман. Олган буюртмаларимни бажарганим учун ўзаро келишилган ҳақни оламан (бозор иқтисоди!). Ундан олдин деярли 10 йил бир ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилотида ишладим.
Аминманки, барча сиёсатчи ва ҳуқуқ химоячилари ўз даромадлари ҳамда фаолиятлари учун маблағ қаердан (кимлардан) келаётганини ошкор қилишлари ва тегишли солиқларни тўлашлари керак. Бу - деярли барча давлатлар, биринчи навбатда ривожланган демократияларда - барча инсон учун қонун талаби. Ўзбекистoн қонунлари ҳам шуларни талаб этади.
Бу билан мен сиёсатчи ҳеч кимдан ёрдам олмасин деётганим йўқ. Иложи борича ошкоралик ва шаффофлик зарурлигини айтаяпман, холос.
Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, буни акамнинг ўзидан сўраганингиз маьқул. Билишимча, Сиз эшитган гап тўғри эмас.

Анвар: Aбдуманноп ака, Ўзбекистондаги ҳаётни яхшилаш учун қанақа иқтисодий программангиз бор? Хусусийлаштириш, чет элда ўқиган ёшларни қайтариш ёки ҳоказолар.. "Бирлик" партиясида бирон-бир иқтисодий стратегия борми? Ёки Адрураҳим Пўлат фақат президентлик мансабига эришса бўлдими?

А. Пўлат: Анвар, мен ҳозир сиёсатда (ёки "Бирлик"да) эмасман, иқтисодчи ҳам эмасман. Лекин сиёсий таҳлилчи, кузатувчи сифатида “Ўзбекистондаги ҳаётни яхшилаш учун қанақа иқтисодий программалар зарурлиги” ҳақида таклиф ва фикрларим бор. Мен таклифларим мукаммал ёки барча муҳим ислоҳотларни ўз ичига олган деб даъво қилмайман. Бу муҳим саволни берганингиз учун, фикр алмашиш мақсадида мулоҳазаларимни баён қиламан.

Ўзбекистонда майда ва ўрта тижорат (савдо, бизнес, ишлаб чиқариш) асосан, ҳатто йирик корхоналарнинг ҳам бир қисми, хусусийлашган. Бошқа собиқ Совет жумҳуриятлари каби, кўпинча, “привaтизация” эмас, “прихватизация” бўлган. Иқтисод ва халқнинг ахволи эса маьлум - аянчли. Демак, хусусийлаштиришнинг ўзи билан масала ҳал бўлавермаслиги яна бир марта аён бўлаяпти. Шунга қарамасдан, менинг фикримча, хусусийлаштириш жараёнини давом эттириш, лекин уни иложи борича адолат билан олиб бориш керак.

Ўзбекистонда (ҳукуматда ҳам, бойларда ҳам, халқда ҳам) йирик маблағ кам бўлгани учун, чел эл сармояларини жалб этишдан бошқа илож йўқ. Демак, қанчалик адолатсиз туюлмасин, чет эл сармояларига жиддий имтиёзлар яратиш керак. Ваъда қилинган, ҳатто қонунларда баён этилган имтиёзлар ҳам етарли эмас. Чунки Ўзбекистон ҳукумати ва давлатига ишонч йўқ. Бўлавермаслиги яна бир марта аён бўлаяпти. Шунга қарамасдан, менда "ўйин қоидаларини яна ўзгартиришлари мумкин, Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўқ" деган фикр кучли. Охирги ўн-ўн тўрт йилда Ўзбекистонда сармояси тортиб олинганлар рўйхати жуда узун. Чет эл сармоясининг ҳам, Ўзбекларнинг ҳам давлатга, банкларга ишончини тиклаш эса - осон вазифа эмас. Бу коррупцияга қарши кураш билан ҳам боғлиқ, лекин бу вазифа ҳам, ўз навбатида, мушкул. Коррупция, афсус, барча мамлакатда бор. Уни қандайдир чегарада ушлаш каби "амалга оз бўлса ҳам оширса бўладиган мақсадни" кўзлаш керак. Хомхаёл, чиройли шиорлар, ва қуруқ ваьда етарли эмас.

Ўзбекистонда бирор маҳсулот ишлаб чиқариб, иш жойлари очиб, уни чет элдами ё ўзимиздами сотадиганларга (қишлоқ хўжалиги маҳсулотими, саноат молларими – лекин хом ашёни эмас!) қўйилган тўсиқларнинг жуда кўпини олиб ташлаш керак. Айниқса, четга маҳсулот сотадиганларга.

Умуман узоқ ва қўшни давлатлар билан савдодаги ҳозирги ўта қаттиқ чекловларни кескин даражада камайтириш керак. Бунда коррупция ҳам камайишига умид қилса бўлади. Чунки ҳар бир ортиқча чеклов порахўрлик тегирмонига қўшимча сув қуяди. Молнинг четга чиқиши натижасида ички бозоримизда бу маҳсулотнинг нархи ошиб кетади. Афсуски, шундай. Лекин, Ўзбекистон ва унинг халқи бу жараёндан зарардан кўра кўпроқ фойда кўришига эришиш мумкин (гарчи бу баьзан яққол кўринмаса хам). Иқтисодини оёққа турғаза олган давлатларнинг деярли барчаси шу йўлдан борган. Жаҳон ва минтақа бозорида ўз ўрнини топа олиш керак. Ўзбеклар ўз мевалари ва полиз маҳсулотлари учун собиқ Иттифоқдаги жуда катта бозорни бериб қўйишди. Буни қайтариб олиш учун, жиддий ҳаракат керак - жумладан, четга маҳсулот олиб чиқадиганларга имтиёзлар, имтиёзли банк қарзларига кенг йўл очиш ва уларни ҳимоялаш (давлат банкларидан қарз бериш, оз сонли хусусий банкларни эса шундай имтиёзли қарз беришга рағбатлантириш).

Яна бир муҳим йўналиш - ҳозирги сув танқислиги даврида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш. Бунда, жумладан, жуда кўп сув талаб қиладиган шоли ва пахтани аста-секинлик билан камайтириб, камроқ сув талаб маҳсулотларга ўтиш (боғлар, узумзорлар, мева-сабзавотнинг баъзи турлари, ...). Лекин, маьмурий буйруқбозликдан иқтисодий сиёсатга ўтиш керак.

Кўпроқ иқтисодий йўллар (имтиёзлар, рағбатлантириш ва баьзан жарималар) афзалроқ. Шаҳарда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам сувни тежаб сарфлаш - бу ҳам жуда муҳим вазифа, ислоҳот йўналиши, муаммо.

Ҳозир дехқон давлатга пахта ва ғалла топшириш буюртмасини бажариши керак ва бу маҳсулот учун оладиган даромади оиласини боқишга етиши амри маҳол. Баьзи маьлумотларга кўра, кўп дехқонлар, давлат буюртмасини ўз зарарларига топширадилар: даромад ҳатто харажатни қопламайди. Вазият ўткан аср (1918-йили) жорий қилинган "продразвёрстка" (дехқон маҳсулотини давлат белгилаган, жуда паст нархда тортиб олиш) ни қисман эслатади.

Биринчи қадам сифатида, менимча, 1921-йилдагидек, "Янги Иқтисодий Сиёсат" - яьни сиёсий тузум сақлаб қолинса ҳам, дехқон ва савдогарга, халққа тижорий ва иқтисодий эркинлик берилиши керак. Совет ҳукумати бу сиёсатдан 1929-30-йилларга келиб воз кечган ва иқтисодни давлат бошқарадиган маъмурий-буйруқ тизимини яратган. Хитойликлар эса, шунга ўхшаш сиёсатни 1978 йил декабрида танлаб ва бу йўлдан воз кечмай, мана сал кам 30 йилдан бери жуда катта ютуққа эришишиаяпти.

Давлат хазинасига маблағ асосан пахта, тилла, ва қисман четга сотиладиган табиий газдан келади. Бу соҳаларга иқтисодий эркинлик давлатнинг молиявий аҳволига жиддий зарба бериши ҳам аниқ. Бу зарбани юмшатиш учун эса, бой мамлакатлардан катта ёрдам олишга (иложи борича кам қарз - асосан ёрдам!) керак бўлади. Сиёсий эркинликларга ҳам, иқтисодий эркинликларга ҳам осонлик билан эришилмайди.

Муҳим ва ўринли саволингизга бу ерда батафсил жавоб беришим қийим. Қисқа қилиб айтганда, Хитой, Вьетнам, Малайзия, Сингапур, Жанубий Корея, Қозоғистон ва яна кўп мамлакатлар каби йўлдан бориш керак. Бу йўл ҳам осон иш эмас. Ҳамма ҳам ютуққа эришавермайди. Лекин, бошқа йўлни ҳам кўрмаяпман.

Чет элда ўқиган ёшларни қайтиши хақида: Ўзбекистонда иш жойлари очилиб, иқтисодий вазият ва даромад яхшиланса, фақат шундагина чет элларда мардикорчилик қилаётган мутаххассисларимиз вa чет элда ўқиган ёшларнинг катта қисми қайтади. Ватанпарварлик туйғуларини эслатиб, уларни Ватанга чорлашда эса деярли ҳеч ким қайтмайди.

Ҳозирги оммавий ишсизлик ва камбағаллик шароитида чет элларда Ўзбекларнинг ишлаётгани (ҳатто мардикор эканлиги), афсуски, барча камбағал давлатларнинг қисмати. Фақат Ўзбекнинг эмас. Лекин бу йўналишда ҳам жуда катта муаммолар бор.

"Бирлик" партиясида бирон-бир иқтисодий стратегия борми? Ёки Абдурахим Пўлат фақат президентлик мансабига эришса бўлдими?” деб сўрапсиз.

Менинг фиркимча, "Бирлик"да ҳам, Муҳамамд Солиҳ тарафдорларида ҳам, бошқа мухолифатчи гуруҳларда ҳам, жуда умумий тарзда ва асосан чиройли шиорлардан иборат иқтисодий дастур бор. Бу гуруҳлар орасида, назаримда, фақат "Серқуёш Ўзбекистон"да иқтисодий вазиятни тушуниш, уни яхшилаш ҳақида оз бўлса ҳам тассаввур ҳамда эьтиборга лойиқ фикрлар бор. Лекин уларнинг таклифлари ҳам ҳозирча ўта хом, лекин менинг мулоҳазаларим уларникидан ҳам хом бўлиши мумкин. Билишимча, бу гуруҳ (у қанчалик кичик бўлмасин) мана шу муҳим йўналишда "қимирлаяпти" ва изланишда. Бошқа гуруҳларда шу ҳам йўқ. Охирги пайтда Ўзбекистондаги бир неча тижоратда тажрибаси бўлган, лекин “Серқуёш” да бўлмаган, янги мухолифатчилар ҳам иқтисодий соҳада баъзи эътиборга лойиқ фикрлар билан чиқа бошлашганлиги – яхши аломат.

Ўзбек мухолифатининг иқтисодий дастури нима учун заиф, деган саволга келсак, бунинг сабаблари орасида, жумладан: Ўзбек мухолифатининг заифлиги, камбағаллиги, тарқоқлиги, ўзаро курашлар, кўзга кўринган арбобларнинг кўпчилиги иқтисодий масалаларни жуда юзаки ва шиорлар даражасида тушуниши, халқаро иқтисодни биладиган кишилардан деярли ҳеч ким Ўзбек мухолифатига қўшилмаётгани, у билан ишламаётгани, бор… Қайтараман: фақат "Бирлик" эмас, бошқа гурухларда хам, жумладан Мухаммад Солиҳ гуруҳида ҳам, жиддий иқтисодий дастур, менимча, йўқ.

Козим Фарғоний, Тошкент: Сизни сиёсатчи эмас, оддий инсон сифатида танийман, яхши инсон деб биламан. Мухолифатчилик ҳозирда бизнесга айланганга ўхшайди, шундай эмасми?

А. Пўлат: Козим, мени оддий инсон сифатида таниб, яхши инсон деб билганингиздан хурсандман. Мен хақимда ижобий фикр билдирганингиз учун рахмат! Мен Тошкентлик бир неча Козимни танийман, шунинг учун Сиз ким эканлигингизни аниқ билишим қийин. “Мухолифатчлик хозирда бизнесга айланганга ухшайди” деган фикрингиз, менимча хақиқатга жуда яқин. Сиёсатчилик кўпинча тижорат, бизнесга айланиб кетади. Бу мухолифатчиликка ҳам тегишли. Бу касб ҳам сиёсат.
Барча мамлакатларда, жумладан Ўзбек сиёсати ва мухолифатида ҳам, шундай. Лекин, ҳар бир бизнесдаги каби, нисбатан тоза, нисбатан ҳалол ҳамда афсуски, ҳалол ва тоза бўлмаган сиёсатчилар ва мухолифатчилар бор.
Хуқуқ ҳимояси ҳам кўп мамкакатларда, жумладан Ғарбда ва Ўзбекистонда, бизнесга айланган.
Ўзбекларнинг бу тижоратида (унинг дунёвий-демократик қисмида) яна бир қанча хусусиятлар бор: Маблағнинг деярли барчаси Ғарбдан келади. Лекин Ўзбекистонда бу касб анча хавфли. Ташқаридан туриб эса – ҳам осон, ҳам хавфсиз тижорат.

Ҳақон, Британия: Салом Абдуманноп ака! Менга сизнинг сиёсий қарашларингиз жуда ёқади. Тазйиқлар остида чиқиб кетишга мажбур бўлган Ўзбекистон сиёсатини таҳлил қилганда, сизда бошқа қувғиндагиларга қараганда аламзада қарашларни сезмайман. Бошқа томондан Америка ташқи сиёсатини бугун Каримов сиёсатига қараганда кўпроқ танқидчисиз. Сиздаги бу ўзгариш қандай ва нимадан пайдо бўлди?

А. Пўлат: Менинг сиёсий қарашларим ҳақида ижобий фикрда эканлигингиз ва уни бу ерда билдирганингиздан хурсандман. Рахмат.
Мен Американинг асосан ҳозирги ташқи сиёсатини танқид қиламан. Танқидим баъзан кескин. Бу Ироқ уруши олдидан бошланди. Ўзбекистон ҳукуматини эса – асосан ички сиёсати, биринчи навбатда иқтисодий сиёсатини, танқид қиламан. Лекин, бу танқидим анча юмшоқ.
Мени ҳимоя қилган ва бошпана берган Американи ва туғилиб ўсган, мени вояга етказиб, ўқитган Она Юртимни танқид қилишим, балки бир қарашда одобдан ва инсофдан эмасдир. Лекин иккала ҳолда ҳам, мен бу мамлакатларнинг халқини эмас, ҳукуматларини танқид қилаяпман. Демак, танқид қилишга маънавий ҳуқуқим иккала ҳолда ҳам – аён.
Кимни кескинроқ ва кўпроқ танқид қилишим – бу назаримда жуда ўринли ва муҳим саволни кўтарипсиз. Қисқа жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Америка шу кундаги энг қудратли давлат. Унга ҳарбий ва иқтисодий соҳада рақобат қила оладиган бошқа мамлакат ҳозирча йўқ. Шу вазиятда, Америка ҳукумати ўз халқи, инсоният, халқаро ҳамжамият олдида жуда катта ва алоҳида масъулиятга эга. Унинг сиёсати, айниқса ташқи сиёсати, ўз халқи ва давлатининг манфаатларига, ҳамда мана шу буюк масъулиятга мос бўлиши зарур.
Президент Буш ва унинг ҳукумати эса, бу имкониятларни суистеъмол қилиб, улардан бутунлай нотўғри ишлар учун фойдаланди ва шуни давом эттираяпти. Унинг қилган ўта жиддий хато ишлари (мен юмшоқ сўз ишлатишга ҳаракат қилаяпман) – Ироқ уруши, Афғонистондаги вазиятда Американинг масҳулиятсизлиги ва ҳакозолар – булар қандай шароитда амалга оширилди ва давом эттирилаяпти? Буш танлаган хато қадамларга нисбатан анча яхши қадамлар жуда кўпларга аён бўлган вазиятда, у Ироқ уруши каби масъулиятсиз ишга қўл урди. Унинг бу қадамлари хато эканлиги, уларга нисбатан амалга ошириш янада осон бўлган, яхши ечимлар борлиги, ҳатто мен каби дунё ва Америка сиёсатини ҳали унчалик чуқур ўргана олмаганларга ҳам кўриниб турган эди.
Ўзбекистон эса – ҳозирча камбағал, муаммоларга тўла, анча кичик ва заиф бир давлат. Унинг ҳукуматида ўз олдида турган мураккаб вазифаларни бажаришга воситалар, маблағ, тажриба, билим (инсоф ҳам!) етишмайди.
Сиёсат – бу “амалга ошириш мумкин бўлган қадамлар орасида танлаш”. Чиройли шиорлар ва одатда бажарилмайдиган ваъдалар – халқни алдаш учун ишлатилади - ҳур мамлакатларда ҳам, эркин бўлмаган юртларда ҳам. Алдаш усулларида ҳамда халқнинг ҳукуматни сайлаш ва унга таъсир ўтказиш имкониятларида фарқ бор холос.
Баъзи сиёсатчилар ўзларининг амалга ошиши амри маҳол ваъдаларига ишонадиган ҳоллар ҳам бўлади. Лекин одатда бундай кўкнори хаёллар бирор фойдали ишни уддасидан чиқиша олмайди.
Америка ва Ўзбек хукуматларини танқид қилишимдаги фарқ мана шу мулоҳаза, таҳлилимдан келиб чиқади. Америка, жуда осонлик билан ва ўз фойдасига, кўп ижобий ишларни амалга ошириши мумкин бўлган вазиятда уларнинг тескарисини қилиб, босиқ ва маънили одамларнинг маслаҳати ва огоҳлантиришига эътибор бермай, мана ўз юртига анча муаммолар орттирди.
Каримов ҳукуматига берилаётган маслаҳатларнинг катта қисми эса – кўпинча амалга ошмайдиган, ёки амалга ошириш ҳозирги вазиятда ўта оғир қадамлар.
Ақл ўргатиш – осон, маслаҳатларни амалга ошириш эса – мушкул. Америка ҳукуматига берилган маслаҳатларни амалга оширса бўларди. Улар “прагматик”, “реалист” ёндошишга асосланган эди, хомхаёллар эмасди. Каримовга берилаётган маслаҳатларнинг жуда катта қисми, фикримча, амалга ошириш амри маҳол бўлган ишлар.
Мен ҳам бир инсонман, балки баъзи масалаларда мулоҳазаларим хатодир. Лекин мен эътиборга лойиқ ҳар қандай фикрни эшитишга тайёрман.
Назаримда, жуда муҳим саволни кўтарганингиз учун Сизга рахмат.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Анвар ҲусайновБи-би-си меҳмони
Ишбилармон Анвар Ҳусайнов саволларга жавоб берди
Аҳад АндижонБи-би-си меҳмони
Аҳад Андижон саволларга жавоб қайтарди
Имрон ВоҳидБи-би-си меҳмони
"Ҳизбу-таҳрир" воизи Имрон Воҳид билан мулоқот
Суръат ИкромовБи-би-си меҳмони
Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов
Обидхон қори НазаровБи-би-си меҳмони
Обидхон қори Назаров билан мулоқот
Крейг МаррейБи-би-си меҳмони
Крейг Маррей саволларга жавоб берди
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy