|
Қуръон таржимони Иман Валерия Порохова - Би-би-си меҳмони | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Валерия Порохова 58 ёшда. Москва Лингвистика Университети ва Москва Давлат Университетларини тамомлаган. У 1975 йилда Сурия фуқароси, Дамашқ Университети шариат факультети битирувчиси Муҳаммад Саид ал-Рушдга турмушга чиқади. 36 ёшида Москвадан Дамашққа кўчади. У ерда Ислом динини қабул қилади. 1991 йилда Қуръони Каримни русчага ўгиради ва тасдиқдан ўтказиш учун ўз таржимасини Мисрдаги ал-Асҳар университетига топширади. 1997 йилда ал-Асҳар университети Валерия Порохова таржимасини эътироф этади. Порохова хоним 2000 йилда ташкил этилган "Тўғри Йўл" рус мусулмонлари ташкилотининг раисдошидир. Иман Валерия Порохова Россия Табиий Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси ҳамдир. Би-би-си: Биринчи саволни йўллаган ўқувчимиз Прохорова хонимдан Ислом динини қабул қилишига нима туртки бўлганини сўрабди. Порохова: Мени назаримда, Қуръонни тушуниш билан ўқиган ҳар қандай одам дарҳол Исломга юз ўгиради. Мен бунга қатъий ишонаман. Қуръонда келтирилган илмий далиллар шунчалар кучли ва асосланганки, унинг Яратган томонидан юборилганига умуман шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Атрофимиздаги нарсалар Қуръонда шундай акс эттирилганки, уларнинг ишлаш дастури Яратувчимиз томонидан тузилгани яққол билиниб туради. Инсон бир китобнинг Худо томонидан нозил этилганига имон келтирса, уни мутлақ ҳақиқат дея қабул этади. Мен Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқишим биланоқ: - “Алҳамду Лиллаҳи Раббил Аъламийн - барча оламларнинг Яратувчисига ҳамдлар бўлсин!” – деб айтгандим. Би-би-си: Қўшма Штатлардан ўқувчимиз Абдулла Абдураҳимов Қуръонни русчага таржима қилишга сизни нима ундаганини ва таржима жараёнида нималарни ҳис қилганингизни сўрабди. Порохова: Қуръонни ўқиб чиққач, уни баланд саводли россиялик ўқувчига таржима қилиб беришим зарурлигини дарҳол тушуниб етдим. Мен бу китоб таржимасини рус тилида гапирувчи ўқувчиларга тақдим этмагунча, Яратган Эгамдан ҳузурига чақирмасликни сўрадим. Қуръон таржимаси – ҳаётим мақсади эди. Таржима пайтида нималарни ҳис қилганимни эса тасаввур ҳам қила олмайсиз. Тонгда уйғонишим билан фикримга илк келгани таржима стулига тезроқ ўтириш нияти бўларди. Бу – чексиз бахт эди. Мен Қуръонни Сурия пойтахти Дамашқда таржима қилганман. Менинг барча қийинчиликларим Сурия муфтийси ёки Дамашқдаги Шариат Университети ректорига ё бўлмаса Қуръоннинг ўн олти томлик тафсирини ёзган Доктор Зуҳайлга сим қоқиш билан ҳал бўларди. Яъни менда қийинчиликлар йўқ эди. Менга Аллоҳнинг марҳамати билан шундай иш шароити муҳайё этилган эдики, ишимдан фақат баҳра олардим. Бу шундайин шодлик ва шундайин лаззат эдики, мен ҳар кунги ишимни шукрона айтиш билан тамомлар эдим. Би-би-си: “Қуръони Каримни бошқа тилларга таржима қилишнинг иложи йўқ. Фақат, Қуръони Каримнинг маъно ва изоҳлари таржимаси бўлади”, - деб ёзибди Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Одилжон Дадажонов. - “Сиз ушбу шарафли масъулиятни амалга ошириш давомида шу ҳақиқатга амин бўлдингизми?” Порохова: Шубҳасиз. Қуръон араб тилида нозил бўлган. Бу – мукаммал тил. Бу тил бошқа тилларда мутлақо бўлмаган нозик нарсаларни бера олади. Рус тили жуда бой бўлишига қарамай, у орқали араб тилида нозил этилган Қуръон маъноларининг барча нозик жиҳатларини акс эттириш деярли имконсиз. Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил бўлган араб тилидаги китоб тан олинади. Шунинг учун мен Қуръон маънолари таржимаси ва изоҳларини берганман. Алоҳида таъкидлайман, менинг таржимам Аллоҳ томонидан нозил бўлган Қуръоний матннинг сўзма-сўз эмас, балки маънолари таржимасидир. Биласизми, бу худди ҳаёт учун кўрсатмага ўхшайди. Ҳаётий кўрсатмада эса маъно бўлиши керак. Қуръоний матнлар бизнинг олий даргоҳларда ўргатилувчи замонавий араб тилидан фарқ қилади. Чунки Қуръоний араб тили замонавий араб тилидан бир мунча фарқ қилади. Шунинг учун Қуръонни таржима қилинганда сиз тафсирлардаги маънони бера оласиз. Тафсирда берилган маъно олинади. Мен профессионал таржимонман. Махсус лингвистика олийгоҳини тугатганим учун менга Аллоҳ китобини таржима қилиш қийин бўлмади. Аммо, Одилжон тўғри айтибдилар, Қуръон фақат араб матнида тўғри ҳисобланади. Би-би-си: Қўшма Штатлардан Камол деган ўқувчимизнинг берган саволи: “Порохова хоним, ҳозир агар 1991 йилдаги таржимага ўзгартиришлар киритиш имкони бўлганида қайси ўзгартиришларни киритган бўлардингиз? Нимага?” Порохова: Биласизми, 1991 йил “қаламни синаш” йили эди, холос. Аслида мазкур таржималар дастлабки филологик кўчирмалар эди. Қўшма Штатлардан Камол агар 2007 йилда чиқарилган ўнинчи нашрга қараса, унинг мутлақо бошқа китоб эканига амин бўлади. Унда қайта ишланган жуда кўп жойлар бор. Мен барча китобхонларга маълумот сифатида билдирмоқчиман, 1999 йилдан бошлаб нашр этилган таржималаримни мутлақо бошқа китоб деса бўлади. Шунинг учун мен китобхонларга дастлабки нашрни ўқимасликни тавсия қиламан. Би-би-си: Яна Қўшма Штатлардан Санжар деган мухлисимиз ёзади: “Яқинда бир сайтда сиз ҳақингизда ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, сиз араб тилини яхши билмас экансиз. Ёзишилишича, ал-Жазира араб телеканалидаги бир кўрсатувда араб тилида берилган саволга сиз таржимондан фойдаланиб, инглиз тилида жавоб берган экансиз. Шу гаплар ростми?” Порохова: Мен Сурияда тўққиз йил яшаганман. Шунинг учун мени арабчани билмайди дейишлари, менимча, соддалик бўларди. Мен ҳеч ким русча гапирмайдиган, барча араб тилида сўзлашувчи араб мамлакатида яшадим. Араб тилида эркин гапира оламан. Аммо яна бир марта таъкидлашим жоиз, Қуръоний араб тили университетда ўргатиладиган араб тили эмас. Тўғри, мен ал-Жазира телеканалида чиқиш қилгандим. Суҳбат мавзуси Қуръон матнларига оид бўлгани учун уни замонавий араб тилида ўзим истаган даражада шарҳлаб бериш имконсиз эди. Шунинг учун мен инглиз тилида гапирдим. Сабаби инглизча ҳам менга бегона эмас - бувим Лондондан бўлган. Мен араб тилида бемалол гапира оламан, ўқий оламан, лекин араб тили синтаксиси жуда ҳам қийин. Аммо жуда ҳам кам араблар гапирувчи ва “фусҳа” деб номланувчи адабий араб тили эса, тан оламан, мен учун ҳали ўтилмаган довон. Би-би-си: Британиядан Музаффар Содиқовнинг ёзишича, севиб қолган қиз ўзбек бўлишига қарамай, Христиан динида экан. “Унга қандай қилиб Ислом динида эканини тушунтирсам бўлади?” – деб сўрабди Музаффар. Порохова: Биласизми, бу ҳолатда инсон ўзини жуда сипо тутиши керак. Ҳеч қачон босим ўтказмаслик керак. Инсонни ишонтиришнинг энг мақбул йўли, илк навбатда, илм бериш орқали бўлади. Биласизми, Суриялик араб йигити Муҳаммадга турмушга чиққанимда насроний эдим. Оддий насроний эмас, чўқинтирилган насроний. Лекин Муҳаммад жуда тўғри йўл тутди. У менга: “Вера, мен Ислом динидаман. Мен сенинг эринг ва фарзандларинг отасиман. Илтимос, менга бўлган ҳурматинг ҳаққи Қуръонни бир марта ўқиб чиққин,” – деди. У жуда ҳам тўғри услубни танлаган эди. Инсонлар бирга яшашар ва бирга фарзанд улғайтиришар экан, бир-бирларининг нима деб ўйлаётганини яхши билишлари керак. Музаффар севган қиз худосизликни тарғиб қилган мамлакатда улғайган. Совет Иттифоқи динни мутлақо инкор этган манфур бир давлат эди. Табиийки, ҳамма ё атеистик ёда насронийлик руҳида тарбияланар эди. Шунинг учун ҳам қизнинг Христиан динида эканини тушунса бўлади. У Ислом дини ҳақида умуман маълумотга эмас. Мен бунга юз фоиз ишонаман. Бундан ташқари, мен аминманки, бу қиз насронийликдан ҳам бехабар. Бизда диний эркинликлар эълон қилинган пайтда, кўплар бўйнига хоч осиб олди. Аммо уларга Инжилдан савоб берсангиз улар: - “Ростданми? Наҳотки Инжилда шундай дейилган бўлса!?” – деб таажубга тушишади. Яъни улардан кўпи на Инжилни, на Тавротни ва на Қуръонни ўқиган. Ёки мен, мисол учун, Абдулло исли йигитдан: - “Абдулло, Қуръонни ўқиганмисиз?” – деб сўрасам. У: - “Мусулмонманку, Қуръонни ўқишни нима кераги бор!” – деб жавоб қайтаради. Саводсизликни кўраяпсизми?! Аллоҳ бизга нозил қилган биринчи сўз “Иқра” - “Ўқи” деган сўз эди. Музаффар у қизга Ислом динида эканини айтсин ва ундан ўртадаги муҳаббати ҳурмати Қуръонни бир марта ўқиб чиқишни сўрасин. Би-би-си: “Ҳижоб ҳақиқатда ҳам Исломда борми ёки араблардан қолган одатми?...” – деб сўрабди Канададан Ўзтурк. Порохова: Биласизми, очиғини айтадиган бўлсак, Яқин Шарқ минтақаси миллий ва тарихий анъаналар таъсири остида қолган. Ҳақиқатдан ҳам, Исломга кўра, аёл авратини беркитиб юриши керак. Аёл оёғи, қўли, боши ва кўкрагини очиб юрмаслиги керак. Лекин бу нафақат Ислом, балки бошқа барча динларда ҳам қўйилган талаб. Рус тилида ҳам “опростоволосилась” деган гўзал сўз бор. Бу “бош кийимини ечди” – деганидир. Демак, бош ўраш барча динларда талаб қилинади. Аммо, бошни ўраш паранжи ёки чодир ўрашни англатмайди, асло. Бошни ўраш, бизни ҳар қандай бало қазолардан асрайди. Аёлнинг ўз гўзаллигини ҳаммага кўз-кўз қилиши, очиқ айтадиган бўлсак, зинога жалб этишни англатади. Исломда худди ана шу нуқтага эътибор қаратилган. Яъни аёл шундай либос кийиши керакки, бошқаларнинг эътиборини ўзига қаратмасин. Биз буни риёкорлик қилмасдан, очиқча эътироф этишимиз керак. Қуръонда бу ҳақда 30-чи сурада жуда аниқ ёзилган: - “Эй одам болалари, ҳар сафар намозга турганингизда чиройли либосларингизни кийиб олинг.” Аллоҳ яна Қуръонда: “Аллоҳ гўзалдир ва гўзалларни севар” – дейди. Яъни, сиз барча ранглардаги гўзал либосларни кийишингиз мумкин, лекин авратларингиз ёпиқ бўлиши керак. Очиқ юришнинг зарарини ҳозирда шундоқ кўриб турибмиз: бузилган оилалар, сонсиз-саноқсиз ажралишлар, фаҳшу бузуқчиликлар... Буларнинг бари - Аллоҳ буюрган нарсани адо этмаслик оқибати. Би-би-си: Хитойдан Файзулла исмли мухлисимиз ёзади: “Ғарб давлатларининг мусулмонларга нисбатан террорчи, талончи ва экстремист сифатида қараши дунёда инсонларнинг Исломга бўлган ижобий қарашларини ўзгартириб юборгандай кўринади. Сиз бунга қандай қарайсиз?” Порохова: Сиёсат вазият ва жуғрофий ерлашувга қараб ўзгарадиган нарса. Шунинг учун сиёсатчиларнинг Исломий экстремизм ва терроризм ҳақида гапиришлари - мутлақо бемаънилик. Улар бир нарсани тушунишмайдики, инсон террорчилик амалини содир этган пайтда у аллақачон Исломдан чиқиб қолади. Агар бир инсон бегуноҳ болалар, аёллар ва қариялар ухлаб ётган бинони портлатса, агар бир инсон бошқаларни гаровга олиб эвазига пул талаб қилса, у мусулмон бўла олмайди. Террорчи мусулмон ҳам, насроний ҳам, мусавий ҳам бўла олмайди. Пайғамбаримиз (САС) мукаммал ҳадиси борки, у қуйидагича янграйди: - “ Бир бегуноҳни ўлдирган инсон, биздан эмас”. Яъни пайғамбаримиз бир бегуноҳ инсонни ўлдирган шахс, мусулмон бўла олмаслигини айтаяптилар. Ҳозирда сиёсатчиларга Ислом омилидан фойдаланиш жуда қулай бўлиб қолмоқда. Айнан Ислом омилидан. Би-би-си: Ўзбекистонда “эътиқоди учун қамалган, қийноққа солинган” мусулмонларнинг борлигини ёзган айни мухлисимиз эътиқод учун жазолашга бўлган муносабатингизни сўрабди. Порохова: Ҳеч қанақасига мумкин эмас. Эътиқоди учун судланган ва вафот этган одамлар шаҳидлардир. Жаннатга тушиш учун террорчилик амалини содир этган инсонни шаҳид дейишлари жуда нотўғри. Ўз эътиқоди учун, Аллоҳга имон келтиргани учун қамалиб, ҳалок бўлган инсон шаҳиддир. Яратган учун ҳалок бўлган инсон саводсиз ва оми бўлиши мумкин, аммо шаҳид мақомидадир. Би-би-си: Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз? |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||