Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш:
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Турсунбой Бакирўғли - Би-би-си меҳмони
Турсунбой Бакирўғли Марказий Осиёдаги энг фаол омбудсман сифатида танилган
Қирғизистон парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Турсунбой Бакирўғли ўтган чоршанба Ўшда таниқли журналист Алишер Соиповнинг отиб ўлдирилиши ортида ўзбек махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигини айтган.

Омбудсманга кўра, қирғиз хавфсизлик мулозимлари олган хабарларга мувофиқ, қўшни мамлакатнинг "махсус хизмати"га журналистни қатл этиш ҳақида буйруқ берилган.

Ўзбек томони ҳозирга қадар Алишер Соиповнинг ўлими борасида сукут сақламоқда.

Турсунбой Бакирўғли Марказий Осиёдаги энг фаол омбудсман сифатида танилган.

У, хусусан, қўшни Ўзбекистон ҳукуматини ўз ҳудудида инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ва қўшни давлатлар фуқароларига қарши ноқонуний ҳаракатларда айблаб келади.

Қуйида Турсунбой Бакирўғлининг тингловчиларимиз ва bbcuzbek.com ўқувчиларининг саволларига берган жавоблари.

Би-би-си: Ўзбекистондан ёзаётганини айтган Ворис Усмонли исмли тингловчимиз сўраган: "Алишер Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли бор" деган тахминингиз нечоғли асосли?. Шунингдек, Қирғизистон жануби, хусусан, Ўшда Ўзбекистон масус хизматлари ходимлари бемалол юриши, ўзбекистонлик сиёсий, диний қочқинларни ўғирлаб кетиши борасидаги маълумотлар ҳам талайгина. Хўш, шундай бўлса, бир пайтлар "демократия оролчаси" деб ном олган Қирғизистон нега ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди?"

Турсунбой Бакирўғли: Саволлар учун раҳмат. Сиёсий савол бўлганидан кейин сиёсатчи сифатида жавоб берай. Бу биринчи марта бошлангани йўқ. 1996-97-йиллари, 2000-йил, ундан кейин Олий Кенгашда депутат бўлиб юрган кезларимизда бизга топшириқ берилган. Бизнинг фуқароларимизни ўғирлаб, Ўзбекистонга олиб кетиб, у ерда ҳибсга олинганлар тўғрисида бир ҳисобот тайёрлаш ҳақида. Ана шу ҳисобот устида ишлаб, кўп фактларни текширдик. Ана ўшанда бир йилнинг ичида йигирма-йигирма беш кишини ўзбек махсус хизматлари ўғирлаб кетиб, суд қилиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига маҳкум этаётганларини ўрганганмиз ва Қирғизистон Олий Кенгашига ва Президентга айтганмиз. Лекин савол берган дўстимиз айтганидек, ҳокимият ҳаракат қилмади, сабаби - Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳокимиятларининг алоқаси бузилмасин, икки президентнинг алоқаси бузилмасин, деб.
Алишер Соипов тўғрисида. Бу укамизни яхши танир эдим, ётган жойи жаннат бўлсин, Худо раҳмат қилсин!. Ўзбекистон махсус хизматлари шу ишни қилган бўлиши мумкин, деб кўп айтилди. Битта биз эмас, журналистлар ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам айтишди буни. Лекин сўнгги кунларда Қирғизистоннинг милицияси, махсус хизматлари ўзлари айтишаяпти, "Алишер Соиповнинг компьютеридан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг материаллари чиқди, Хизбу Таҳрирнинг материаллари чиқди, Ўзбекистоннинг мухолифатдаги "Эрк" партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг хатлари чиқди, қоғозлари чиқди", деб ўзлари тасдиқлаяпти. Бизнинг терговчилар ўзлари йўлни кўрсатаяпти, "бу Ўзбекистон ҳукуматига ёқмайдиган бола эди, уларнинг жаҳлини чиқарган журналист эди", деб. Ўзбекистон махсус хизматларига ёқмагани учун ўзлари қилгандир, деган фикрга қирғиз терговчиларининг ўзлари туртаяпти бизни.

Би-би-си: Қирғизистондан эканини айтган Бекжон исмли веб саҳифамиз ўқувчиси сўраяпти, "Турсунбой Бакирўғли жаноблари, сиз Адахан Мажумаровни яқиндан биласиз, у ТВ орқали навбатдаги чиқишида "бир журналист ўлган бўлса, намунча ваҳима, дунёда бундай воқеалар кўплаб учраб туради, деб айтди. Эдил Байсалов эса "Мадумаров бу саводсизлиги учун жавоб бериши керак", деб айтди. Сиз ҳам жавоб бериши керак, деб ҳисоблайсизми?".

 Бизнинг терговчилар ўзлари йўлни кўрсатаяпти, "бу Ўзбекистон ҳукуматига ёқмайдиган бола эди, уларнинг жаҳлини чиқарган журналист эди", деб. Ўзбекистон махсус хизматларига ёқмагани учун ўзлари қилгандир, деган фикрга қирғиз терговчиларининг ўзлари туртаяпти бизни
Турсунбой Бакирўғли

Турсунбой Бакирўғли: Укамиз яхши савол берибди, тўғри савол берибди. Давлатнинг юқори хизматидаги одамлар унақа сўзларни айтиши керак эмас, сабаби қирғиз бўладими, ўзбек бўладими, ўрис бўладими, бу - Қирғизистоннинг фуқаролари. Бир одамнинг умридан ажралиши нафақат Қирғизистон, ҳар қандай давлат учун қайғули бир иш бўлиши керак, трагедия бўлиши керак. Алишер Соипов укамиз, раҳматли, йигирма олти ёшида кетди, кичкина қизи қолди унинг. Ҳеч бўлмаса, ана шуларни аяши кеарк эди. Адахан Мадумаров, албатта, халқнинг олдида, Алишер Соиповнинг оиласи олдида кечирим сўраши керак.

Би-би-си: Америка Қўшма Штатларидан Фазилат Маъмурова исмли тингловчимиз: "Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг тарқатаётган маълумотларига кўра, Алишер Соиповга турли айблар қўйилаяпти. Жумладан, унинг турли террористик гуруҳлар раҳбарлари билан алоқада бўлгани ва ҳоказо. Менинг саволим: журналист отиб ўлдирилган. Унинг қотилини топиш терговнинг асосий вазифасими ёки жонсиз танага айб қўйишми?"

Турсунбой Бакирўғли: Савол учун раҳмат. Мен ўйлаймаки, биринчи навбатда Алишер Соиповни ўлдирганларни излаш керак. Ҳозир бўлса бошқа йўолга кетиб қолаяпти тергов. Алишер Соиповнинг хонасида нима топилди, компьютерида нима топилди, бу-иккинчи нарса. Биринчи нарса-одамни йўқотдик, Қирғизистонга номи чиққан мустақил журналистни йўқотдик. Терговчи, биринчи навбатда, уни ким ўлдирди, ким буйруқ берди, ана шуни топиши керак. Шунинг учун мен ҳақиқатчи-омбудсман сифатида Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиевга хат жўнатдим. "Жаноб Президент, сиз Хавфсизлик кенгашининг раиси бўласиз, шунинг учун ҳам журналистнинг ўлдирилиши масаласини Хавфсизлик Кенгашида кўриб чиқинг", деб хат жўнатдим.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Дадажонов исмли тингловчимиз ёзибди: "Сиз шундай мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш чорасида Сизнинг ва Сиз бошқараётган ташкилотнинг ҳам масъуллиги бор, деб ўйлайсизми?"

Турсунбой Бакирўғли: Биз бундай жиноятларнинг олдини олиш учун ҳар йили Олий Кенгашга ўзимизнинг докладларимизни берамиз. Инсон ҳақлари бўйича шундай-шундай масалалар бор, буларни ечиш керак, деб. Ҳукуматга ҳам, Президентга ҳам докладларимизни берамиз. Бундан уч йил илгари, орасувдан, ўлдириб кетилган Муҳаммадрафиқ қорининг масжидидан бизга намозхонлар мурожаат қилишди. "Бизга Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг махсус хизматларидан одамлар келиб, видеокамерани машинанинг ичига қўйиб, масжидга кириб-чиқаётганларнинг ҳаммасини расмга олаётган экан" деб. Уларни ушлаб олишган-да, урамиз деган-да, намозхонлар тўхтатиб қолиб, видеокамера ва кассеталарни менга бериб юборишибди, "сизга ишоанмиз" деб. Ўшанда мен тўполон қилган эдим."Қандай қилиб бошқа давлатнинг махсус хизматлари Қирғизистонда хўжайинлик қилади?. Бу ахир Қирғизистоннинг фуқаролари-ку?", деб. Афсуски, ҳокимият бунга эътибор қаратмади.

Би-би-си: Навбатдаги савол ҳам шу мазмунда экан, Қозоғистондан ёзганини айтган Қилич исмли тингловчимиз сўраяпти, "Қирғизистон қандай давлатки, унинг ҳудудида бошқа давлат бемалол ишини қилиб юраверса"?..

Турсунбой Бакирўғли: Қозоғистонлик биродаримиз ҳам тўғри айтаётгандир, сабаби-Қозоғистон ҳам ўзини ҳурмат қилган давлат, у ерда бунақа нарсалар бўлмайди. Чунки Қозоғистонда ўз фуқароларини жуда яхши ҳимоя қилишади. Қирғизистонда эса, демократик давлат, деб, дарвозани катта очиб қўйибмиз, хоҳлаган одам келиб, кетаяпти. Яхши ўй билан, ёмон ўй билан келиб, кетаяпти. Мен биламан, Ўзбекистондан жуда кўп одам келиб, ишлаб, пул топиб, оилаларига ёрдам бераяпти. Лекин уларга қўшилиб жиноятчилар ҳам келаяпти, махсус хизматларнинг одамлари ҳам ўтиб кетаяпти. Тинч ўтиб кетмай, бошқа одамларга зиён олиб келаяпти, умридан ажратаяпти. Биз бу масалани ҳамиша қўйиб юрибмиз. Бир мен эмас, Қирғизистон парламентининг депутатлари ҳам қўйишаяпти бу масалани.

Би-би-си: Шоҳрух исмли тингловчимиз Прагадан ёзганини айтган: "Ўзбекистондаги ҳукуматга қарашли матбуотда Сизга қарши мақолалар бот-бот босилиб туради. Бу риторик ҳужумлар ортидан Алишер каби сизни ҳам ўлдириб кетишларидан қўрқмайсизми?".

 судда, прокуратурада, ҳокимиятда, бошқа ерларда ҳақиқатни топмаган одам омбудсманга келади. Омбудсман уларнинг муаммоларини ўзиникидек қабул қилиб, уларни ҳимоя қилиши керак. Шундагина ҳақиқий омбудсман бўлади
Турсунбой Бакирўғли

Турсунбой Бакирўғли: Оғир савол... Мен ҳозир эслаяпман, бултур, 2006-йили Алишер Соипов Москвадан келиб, менга учраб, бир гапларни айтди, кейин ўша гапларни яна бир марта, электрон хат билан менга жўнатди. "Турсунбой ака, мен Москвадан келдим, ёмон гапларни эшитдим, Ўзбекистоннинг махсус хизматлари сизни ҳам, мени ҳам ўлдирар экан, лекин буни ё Хизбу Таҳрир қилди ёки қирғизларнинг ўзи қилди, деб чиқар экан, деб менга айтган эди. Шу хат менда ҳозир ҳам бор, "эҳтиёт бўлинг" деб айтган. Мен ҳам ука, сен ҳам эҳтиёт бўл", деб айтдим. Нима қиламиз, энди. Америка Президентида ўн минг қўриқчи бўлса ҳам, уни ўлдириб кетишган. Мен Оллоҳ Таолога ўзимни топширдим. Қолгани Оллоҳдан!

Би-би-си: Навбатдаги мактуб Ўзбекистонлдан эканини ёзган Абдулла Саъдуллаев исмли ўқувчимиздан келган:"Турсунбой оға, Сизнинг Ўзбекистон "Эрк" партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳ ҳақида фикрингиз қандай?" деб. Яна бир тингловчимиз-Алишер ҳам шу мазмундаги савол билан мурожаат қилган: Муҳаммад Солиҳ асарлари ҳақида қандай фикрдасиз, унинг сиёсий фаолияти ҳақида-чи?".

Турсунбой Бакирўғли: Ҳар бир давлатда бир эмас, бир неча лидерлар бўлиши керак. Қирғизистонни Асқар Акаев бошқариб турган пайт унинг хушомадчилари "Асқар Акаевдан бошқа одам йўқ", дейишар эди. Ўшанда мен " Ҳей, тўхтанглар, биродарлар, агар-да, Худо сақласин, Асқар Акаевга бир нарса бўлиб қолса, биз президентсиз қоламизми?. Нима, Хитойдан сўраймизми, Қозоғистанданми ёки Ўзбекистондан сўраймизми президентни?", деб. Шунинг учун, мен айтишим керак, ҳа, бугун Ўзбекистоннинг лидери Ислом Каримов. Лекин лидерларнинг орасида Муҳаммад Солиҳ ҳам бор, бошқа сиёсатчилар ҳам бор. Ўзбекистон халқининг номи чиққан инсонларидан бири, бу - Муҳаммад Солиҳ.

Би-би-си: Навбатдаги икки савол ўзингиз ва Қирғизистондаги бошқарув ҳақида экан. "Турсунбой ака, Сизни Қирғизистондаги ўзбеклар ҳурмат қилишади, хатто севишади, десак ҳам муболаға бўлмас, бунга қанда эришдингиз?", деб сўрабди Ўзбекистондан эканини ёзган Қозоқбой, деб исм қўйган тингловчимиз. Марҳамат.

Турсунбой Бакирўғли: Энг катта "секрет"- Қорасув шаҳрида туғилганман. Бизнинг кўчада тўрт қирғиз оиласи бор эди, бир ўрис, қолган ҳаммаси ўзбеклар эди. Мен қирғиз тилидан кейин биринчи бўлиб ўзбек тилини ўрганганман, ундан кейин рус тилини. Шунинг учун ўзбекларнинг орасида дўстларим кўп. Бирга тўй - маъракада бўламиз, бирга намоз ўқиймиз. Сайловда менга кўп овоз беришади, Оллоҳ рози бўлсин улардан.

Би-би-си: Ва ниҳоят, Япониядан эканини айтган Комрон исмли тингловчимиз: "Агар давлат тузумига биноан президентлик бошқаруви жуда кучли ва мустаҳкам жорий этилган бўлса, омбудсманнинг парламент олдидаги ҳисобдорлигининг аҳамияти қаерда қолади?".

Турсунбой Бакирўғли: Бу омбудсманнинг ўзига боғлиқ. Агар у, президент кучаймаса ҳам, ҳокимият кучли бўлмаса ҳам, қўрқоқ ва принципсиз бўлса, у кучсиз президентнинг олдида ҳам ҳеч нарса қилолмайди. Шунинг учун омбудсман бўлгандан кейин биринчи навбатда халққа хизмат қилиш керак. Сабаби судда, прокуратурада, ҳокимиятда, бошқа ерларда ҳақиқатни топмаган одам омбудсманга келади. Омбудсман уларнинг муаммоларини ўзиникидек қабул қилиб, уларни ҳимоя қилиши керак. Шундагина ҳақиқий омбудсман бўлади.

Би-би-си: Жавобларингиз учун раҳмат!

Рукнимизнинг навбатдаги меҳмони ким бўлишини истар эдингиз? Фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборинг.

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Эркин КомиловБи-би-си меҳмони
Таниқли актёр Эркин Комилов билан мулоқот
Елена РябининаБи-би-си меҳмони
Сиёсий қочқинлар ҳимоячиси Елена Рябинина жавоблари
Валерия Порохова Би-би-си меҳмони
Қуръон таржимони Валерия Порохова билан мулоқот
Солижон Шарипов(NASA сурати)Би-би-си меҳмони
Солижон Шарипов саволларга жавоб берди
Обидхон қори НазаровБи-би-си меҳмони
Обидхон қори Назаров билан мулоқот
Муҳаммад СолиҳБи-би-си меҳмони
Муҳаммад Солиҳ саволларга жавоб қайтарди
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy