|
Марказий осиёликлар ҳуқуқлари ҳимоячиси жавоблари | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Рябинина хоним таъқиб ва тазйиқлардан қутулиш умидида Россияга келган марказий осиёлик қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фаол ҳаракат олиб боради. 2002 йили кўнгилли равишда Фуқаровий кўмак қўмитасида иш бошлаган Елена Рябинина бугунда "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳамда Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги Экспертлар кенгаши аъзосидир. Россия ҳукумати эндиликда Марказий Осиё давлатлари билан ўз алоқаларини мустаҳкамлай бошларкан, бу ҳолат террор ва диний экстремизмга қарши кураш ниқобида минтақадаги ўзгача фикрловчилар ва мустақил диндорларларни сиқувга олиш учун қўл келиши мумкин, деган хавотирлар кучаймоқда. Сиёсий муҳожирларга бевосита кўмак кўрсатишга интилиш қаторида, Елена Рябинина Россияда қўлга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинишга рўбару келган ўзбекистонликлар хусусида интернет саҳифаларида мунтазам мақолалар ҳам чоп этиб келади. Елена Рябинина ўқувчиларимиз ва радиотингловчиларимиз саволлларига жавоб беради. Ўзбекистонлик Ворис исмли ўқувчимиз яқинда Россияда маҳкамада иши кўрилган Яшин Жўраевнинг тақдири борасида бирон нарса маъллумми, дея қизиққан. Елена Рябинина: Албатта, маълум. Мен унинг адвокати билан бирга шуғулланганман. Жаноб Жўраевнинг иши маҳкама эмас, балки Ўзбекистон уни топширишни талаб қилгани билан боғлиқ. Ҳозир унинг ишлари жойида, ўзи ҳам озодликда. Аммо унинг тақдири борасидаги тафсилотларни ошкор эта олмайман. Бу бизнинг иш тамойилимизга мос тушмайди. АҚШдан Баҳодир исмли ўқувчимиз сиз ёрдам берган одамлар қанчалик эслаб туришлари ҳақида сўраган. Елена Рябинина: Агар бу мен билган Баҳодир бўлса, салом, Баҳодир. Аҳволларингиз яхшими? Учиб кетганингиздан бери ўтган икки ярим йил давомида оилангизда ҳали кўпаймадингизларми? Эслашларига келсак, тез-тез эслашади. Электрон почта орқалими, бошқа йўллар биланми кўришиб турамиз. Байрамларда табриклашади. Умуман, бу инсонларнинг кўплари билан қариндошдек бўлиб қоламиз. Мисрдан мактуб йўллаган Турон исмли ўқувчимиз қочқинлик мандатини олган бўлса-да, аммо учинчи давлатга чиқиш ҳуқуқлари йўқлигини айтади. Аммо Мисрда иш, уй-жой масаласи чатоқлигини, ҳеч кимдан сезиларли ёрдам олишолмаётганини қайд этади. Умуман, шунақа ҳолларда қочқинлар қандай йўл тутишлари мумкинлиги ва Ўзбекистонга қайта олмайдиган шароитда, учинчи бир мамлакатга чиқиш имконлари неқадар эканлигини билишни истамоқда. Елена Рябинина: Гап шундаки, бу шароитда сиз ўзингиз ҳаракат қилинг. Сиз БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги тарафидан қочқин мақомини олган бўлсангиз, бу ҳам катта гап. Мисрда қочқинларга нега ёрдам кўрсатилмаслигини билмадиму, сиз ҳуқуқий кўмак берадиган бирон ташкилотни топинг. Балки улар сизнинг доимий яшаш ҳуқуқини олишингизга ҳам ёрдам бериб қолишар. Ўшанда иш топишингиз мумкин бўлади. Лекин балки бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки мен Миср қонунлари бўйича қандай йўл тутилишини билмайман. Лекин агар сизда қочқинлик мандати бўлатуриб, учинчи бир мамлакатга чиқсангиз ва яна бошқатдан қочқинлик мақомини сўрасангиз, у ҳолатда сизнинг Мисрда аллақачон қочқинлик мандатини олганингиз ошкор бўлади. Кейин сизга бунақа мақом бермасалар керак. Менимча, сиз Мисрда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритишга интилишингиз зарур. Мабодо ногирон ва ёки ўта кекса одам бўлсангиз, у ҳолатда БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Мисрдаги ваколатхонаси орқали инсонпарварлик нуқтаи назаридан бошқа бир мамлакатга кўчириш заруратини кўрсатиб беришингиз керак. Аммо бу ҳолатда иш жуда узоқ чўзилиб кетиши ҳам мумкин. Собир исмли тингловчимиз эса маошларини ололмаётган, милиция таҳдидлари остида қолаётган ва таҳқирланаётган марказий осиёликлар тақдири билан ҳам шуғулланиш ва ё шуғулланмаслигингизни билишни истайди. Елена Рябинина: Мен бевосита раҳбарлик қиладиган дастур фақат марказий осиёлик сиёсий қочқинларга кўмак кўрсатади. Аммо бизнинг ташкилотимиз меҳнат муҳожирларига ҳам ёрдам беришга интилмоқда. Дарвоқе. Фуқаровий ёрдам қўмитаси яқин орада, балки бир ой ичида меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилишга қаратилган махсус дастурни ҳам бошлаши кутилаяпти. Режалар катта. Бу дастурда ҳуқуқшунослар, ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассислар ишлай бошлайдилар. Лекин ҳозир ҳам ёрдамга муҳтож меҳнат муҳожирлари бизнинг ташкилотимизга мурожаат қилишлари мумкин. Керакли кўмак турларини кўрсатиш бўйича махсус дастур эса жуда яқин орада иш бошлайди. Собир яна бу масалада Ўзбекистон элчихонаси вакиллари билан гаплашиб турасизми, деб сўраяпти. Елена Рябинина: Табиий, менинг фаолиятимдан келиб чиқсак, менинг у ерда қиладиган бирон ишим йўқ. Фақат Андижон фожеасини хотирлаш куни Ўзбекистон элчихонаси олдидаги пикетда қатнашганман. Мен ҳам, ташкилотимиздаги бошқа одамлар ҳам Ўзбекистон элчилиги билан ҳамкорлик қилмаймиз. Чунки бизнинг ҳимоямиздаги одамлар Ўзбекистондан қочиб келган шахслар. Лекин агар Ўзбекистонда таъқиб қилинмаган, балки Россияда қийин аҳволда қолган ёки ҳужжатларини йўқотиб қўйган меҳнат муҳожирлари мурожаат этган ҳолатларда, ижтимоий муҳофаза мутахассислари элчихонага қандайдир шафейлик хатлари ва сўровномаларни жўнатишлари мумкин. Қирғизистондан Одилжон исмли тингловчимиз ҳозирги ишингизга сизни жалб этган сабабларни билишни истайди. Елена Рябинина: Бундан уч йилча бурун илк бора ишга киришганимизда ҳаммаси кутилмаганда бошланиб кетган. Мана энди бу менинг машғулотимга айланди ва анчайин самарали иш олиб бораяпмиз, деб ўйлайман. Қандайдир сабаблар мени айнан марказий осиёлик қочқинлар билан ишлашга ундаган, деб кўрсата олмайман. Лекин жиддий айтадиган бўлсак, Россиядаги марказий осиёлик сиёсий қочқинлар анчайин ҳимоясиз аҳволдалар. Дейлик, Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари Россиядаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишади ва Андижон воқеаларидан кейин бу ҳолат янада ёмонлашди. Ҳозирда эса террорга қарши кураш баҳонасида Шанхай ҳамкорлиги ташкилотлари давлатлари кўплаб ҳужжатларни имзолашган. Шу боис бу ташкилот давлатларининг биридан иккинчисига ўтган сиёсий қочқин ўзини асло хавфсиз ҳис қила олмайди. Самарқандлик инсон ҳуқуқлари фаоли Комилжон Ашуров ҳозир кўплаб ўзбекистонлик қочқинлар Россияда бошпана ололмай, Қирғизистон каби давлатларга бориб, сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлишаётганини айтади. Жаноб Ашуров худди шу ҳолатнинг сабабини билишни истамоқда. Елена Рябинина: На Россия, на Қирғизистон ўзбекистонлик қочқинларга сиёсий бошпана бермаяпти. Мен анча йиллар олдин Россияда сиёсий бошпана олган иккитами-учтами оилани биламан, холос. Ҳозир эса ҳеч кимга бошпана берилмаяпти. Қирғизистонда ҳам худди шундай ҳолат. Комилжон балки БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарли тарафидан бериладиган қочқинлик мандатини назарда тутаётгандир. Қочқинлик мандати олганлар хавфсиз бўлган учинчи давлатга жўнатиладилар. Лекин кимда агар сиёсий қочқинлик учун зарурий асослар бўлса, худди ана шу қочқинлик мандатини олиш ҳақиқатан ҳам Қирғизистонда осонроқ. БМТ Қочқинлар бўйича Олим комиссарлиги ҳам Қирғизистон ҳудудида қочқинлик мандатини олган одамларни анчайин қисқа муддатда учинчи мамлакатга жўната олмоқда. Лекин биласизми, Россиядаги ўзбек қочқинлари жуда ҳам катта хавф остидалар. Аммо ўзбек қочқинлари учун Россиядан ҳам кўра хавфлироқ бўлган яна бир давлатни биламан. Бу эса Қирғизистондир. Биз эшитган ҳолатларга кўра, Қирғизистон хавфсизлик хизматлари бор-йўғи 200 АҚШ доллари ва ҳатто ундан ҳам камроқ пул эвазига ўзбек қочқинларини Ўзбекистон хавфсизлик хизматларига сотиб юборишмоқда. Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятлари эса ўзбекистонлик қочқинлар учун Россиядан ҳам хатарнокдир. Комилжон Ашуров диний сабаблар боис Ўзбекистонда қамалган айрим инсонларнинг оилалари ҳозир Россияда қолаётганини айтади ва улар агар ташкилотингизга мурожаат қилишса, қандайин ёрдамга кўз тикишлари мумкинлигини билмоқчи. Елена Рябинина: Шаксиз, иложи борича тезроқ мурожаат қилишсин. Агар уларнинг ўзлари ҳам сиёсий бошпанага эҳтиёжманд бўлишса, узоқ ва батафсил суҳбатлар орқали буни аниқлаш мумкин. Балки халқаро ҳимояга муҳтож бўлсалар, уларни БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигига йўллаш керакдир. Жуда ҳам оғир шароитда бўлишса, инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда тобора қийинлашиб кетаётган эса-да, ўта зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштиришга интиламиз. Тўғри, бу бевосита бизнинг масъулиятимизга кирмайди, аммо қўлимиздан келган кўмакни аямаймиз. Ҳозир Туркияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Бахтиёр Шоҳназаров эса собиқ Иттифоқ давлатларидан борган қочқинлар билан ишлаганда, Россия ўзи имзолаган халқаро шартномаларга эмас, балки МДҲ доирасидаги ҳужжатларга амал қилаётганини, шу асосда кўпчилик сиёсий қочқинлар экстрадиция хавфи остида қолишаётганини қайд этади. Айни ўринда, Россиянинг бу каби йўл тутишини тўхтатишга оид қандай ишлар қилинаётганини билишни истайди. Елена Рябинина: Бундайин ҳолатнинг олдини олиш дастуримизнинг асосий мақсадларидандир. Минск конвенциясини назарда тутсак, ҳақиқатан ҳам бу ҳужжат талаб қилинган шахсни у қочиб келган давлатга топширмасликни асословчи жиҳатларга эга эмас. Бундан фарқли тарзда, халқаро ҳужжатлар қийноқ эҳтимоллари ва ё одил маҳкама шартларини кўзда тутади. Шу боис биз Россиядаги мавжуд ҳолатга қарши халқаро механизмларни ишга солишга интилаяпмиз. Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси шулар жумласидан. Бу маҳкама қарори бирон шахсни топширишни тўхтатиши мумкин. Аммо бир йил олдин Страсбургдаги маҳкама Рустам Мўминовни Тошкентга топширишни тўхтатиш ҳақида қарор чиқаришига қарамай, орадан бир неча соат ўтиб, Россия жаноб Мўминовни Ўзбекистонга топшириб юборди. Мўминов эса Ўзбекистонга қамоққа ҳукм этилди. Лекин мана ҳозир Яшин Жўраев масаласида Россия халқаро меъёрларни буза олмади. Фақатгина халқаро механизмлар орқали ва матбуот эътибори туфайлигина қандайдир ижобий ўзгаришлар яратиш мумкин. Камол исмли тингловчимиз эса сизга мурожаат этишдан илгари марказий осиёлик қочқинлар ишингизни енгиллатиш илинжида нималарни тайёрлашлари зарурлигини сўрамоқда. Елена Рябинина: Бу ерда жавоб оддий. Ҳужжатлари қанчалик кўп бўлса, шахснинг сиёсий, диний, миллий, ирқий ва ёки қандайдир бирон тоифага мансублиги туфайли таъқибга учраганини кўрсатувчи ҳужжатлар бўлса, уни шафейликка олиш ва қочқинлик мандатини бериш жараёнлари ҳам осонлашади. Лекин қўлида ҳужжати бўлмаган одам мурожаат эта олмаскан, деб ўйлаш жуда катта хатодир. Яъни ҳаёти, оиласи ва ё озодлиги хавф остида қолган одам қўлида бирон ҳужжати бўлмаса ҳам мурожаат қилиши керак. Бундай ҳолатларда унинг ҳикоясига қараб, хулоса қилинади. Аммо ҳеч қачон бирон воқеани тўқиб чиқармаслик, ёлғон сабабларни келтирмаслик зарур. Ҳужжат бўлмаса ҳам, Ўзбекистондаги муқобил ҳолат ўрганилади, у ердаги инсон ҳуқуқлари фаоллари билан маслаҳатлашилади. Лекин биз ҳеч қачон Россия ва ё Ўзбекистон давлат идоралари ёхуд мулозимларига мурожаат қилмаймиз ҳамда қочқинларга оид маълумотларни уларга ошкор этмаймиз. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||