Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 21 Август, 2006 - Published 12:00 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ўзбекистон марказий нашрлари шарҳи
Вилоятларга сафарлар ижодкорларга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон марказий нашрлари Президент Ислом Каримовнинг Евроосиё ташкилоти норасмий учрашувида қатнашгани ҳақидаги расмий хабарни чоп этиш билан билан бирга мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатида “эришилаётган ютуқлар” ҳақида хабарлар беришни давом эттирди.

“Халқ Сўзи” рўзномаси статистика қўмитасининг 2006 йил ярим йиллигидаги иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг асосий кўрсаткичларини эълон қилган. Рақамларга тўла ҳисоботда Президент Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар бўйича кўрилган чора-тадбирлар барча соҳаларнинг “юқори суръатда ўсишини” таъминлагани айтилган.

Бош прокуратура эълон қилган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга оид рақамларда эса Ўзбекистон учун асосий гиёҳвандлик хавфи Тожикистон томондан келаётгани маълум қилинган. “Тожикистон фуқаролари наркотрафикнинг асосий ташкилотчилари бўлиб, улар Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида яшовчи фуқароларни мақсадли равишда наркобизнесга жалб қилмоқдалар,” деб ёзади прокуратура матбуот хизмати. Бу ўринда икки давлат ўртаси ўртасида Ўзбекистон ташаббуси билан виза тартиби жорий этилгани ва йилдан йилга турфа баҳоналар билан ана шу тартиб кескинлаштирилаётгани ҳақида республика матбуотида лом-мим дейилмаётган вазият ёдга тушади.

Яқинлашиб келаётган мустақилликнинг 15 йиллиги, мустақилликни қадрлаш ва ватанни улуғлаш ҳафтанинг асосий мавзуларидан бўлиб қолган. Хусусан, мустақиллик байрами олдидан Қарши шаҳрига бир гуруҳ ёзувчи, шоир ва журналистларнинг сафари ва уларнинг меҳнаткашлар билан учрашуви кенг ёритилган. “Ўзбекистон овози”да журналист Сафар Остон ижодкорларни Қашқадарёда ҳоким шаҳар марказидаги шоҳкўчада кутиб олганини ҳикоя қилар экан, “оддий кийинган, юзлари офтобда қорайган” туман ҳокимларини катта тўй арафасида парвозга шайланаётган бургутларга таққослайди.

Мустақиллик қадри одамларнинг кўнгли ва онги-шуурида қай даражада юксалаётганига гувоҳ бўлганини айтган муаллиф Қашқадарёдаги ўзгаришларни кўкларга кўтаради. Муаллиф “...мустақиллик қудратини кўраман деган хорижлик меҳмонга ҳеч иккиланмай Қаршини кўрсатиш мумкин”, дея шоир Маҳмуд Тоирдан иқтибос келтиради.

“Миллий Тикланиш”да айни учрашувлар ҳақида ўз “ҳаяжонларини” изҳор этган ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад вилоятдаги ўзгаришлар ва меҳнаткашларнинг байрамолди кайфиятини янада кўтаринки руҳда ифодалашга уринган. Муаллиф шоир Абдулла Ориповнинг учрашувда айтган гапларидан шундай иқтибос келтиради:
“Соҳибқирон бобомиз шу жойларда от суриб, улуғ давлат тузиш режаларини хаёлидан ўтказган бўлса, ўтган асрнинг 80-йилларида муҳтарам Президентимиз мустақиллик лойиҳасини тузган бу ерларда.” Бу шоирнинг шоирона таъбири бўлса, яқин тарихнинг Ўзбекистон расмийлари кўришни истамайдиган саҳифаларидан эса мустақиллик лойиҳасини аслида Ўзбекистонда саксонинчи йиллар охирлари ва тўқсонинчи йиллар бошларигача нафас олган мухолифат ташкилотлари тузгани маълум.

“Ҳуррият” ҳафталигининг бош саҳифасида Бахтиёр Олломуродовнинг “Ватаннинг муқобили бўлмайди” номли эссеси эълон қилинган. Лекин муаллифнинг мақсади ватан ҳақида эссе ёзишдан кўра ўзи таниган айрим ҳамкасблари ва бошқа кишиларни аччиқ танқид қилишга ўхшайди.

У тирикчилик мақсадида Россия ва бошқа юртларга иш қидириб кетаётганларни беаёв танқид қилиб, уларни дангасаликда айблайди. Хусусан, ўзи таниган бир ҳамкасбини “беш юз долларлик маош ва эгаси йўқ, оқ бадан ва мовий кўз қизлар” илинжида ўз юртига “тупуриб кетгани”, бироқ кейин алданиб хор бўлиб қайтганини айтади. Умуман, муаллиф ўз омадини уйидан узоқда синаб кўрмоқчи бўлганларни тушунмаслигини ёзар экан, шу ватанда туғилиш уларнинг қисмати экани ва уни ўзгартиришга уринмасликка чақиради.

“Туркистон” рўзномасида эса Шавкат Алланазаров ёшлар ташкилотидаги ёш раҳбарларда манманлик урф бўлганини қаламга олади. Гарчанд муаллиф қайси ёшлар ташкилоти ҳақида гап кетаётганини ёзмасада, Ўзбекистонда фақат биргина "Камолот" ёшлар ташкилоти борлиги маълум. Муаллиф вилоятлардан биридаги ёшлар ташкилоти раҳбари қабулига келган мухбирнинг шахсини милиция орқали аниқлатгани ҳақида ёзади. “Алам қиладигани ютуқларини ёритиш мақсадида бориб ҳам бошимга бало орттиришимга оз қолди... Гўё бу ташкилот фаолияти сирлию, уни ёритиш мумкин эмасдек,” деб ёзади муаллиф.


Ўқувчилар муносабати

Самандар

...“Туркистон” рўзномасида эса Шавкат Алланазаров ёшлар ташкилотидаги ёш раҳбарларда манманлик урф бўлганини қаламга олади. Гарчанд муаллиф қайси ёшлар ташкилоти ҳақида гап кетаётганини ёзмасада, Ўзбекистонда фақат биргина "Камолот" ёшлар ташкилоти борлиги маълум. Муаллиф вилоятлардан биридаги ёшлар ташкилоти раҳбари қабулига келган мухбирнинг шахсини милиция орқали аниқлатгани ҳақида ёзади. “Алам қиладигани ютуқларини ёритиш мақсадида бориб ҳам бошимга бало орттиришимга оз қолди... Гўё бу ташкилот фаолияти сирлию, уни ёри! иш мумкин эмасдек,” деб ёзади муаллиф...
Tугри гапни ёзибсизлар. Кани энди озгина виждонли инсонлар иш олиб борса бу сохада, ёшларимиз хам аклларини ишлатган булар эдилар! Афсус куп гап ёзолмайман.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy