Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Август, 2006 - Published 14:27 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Истиқлол аскарлари, ҳаммабоп либос, оқ дўппи ва қора ниятлар
Ўзбекистон марказий нашрлари
"Юқори"дан буюрилган мавзулар боис рўзномалар "ранг-баранг"
Августнинг иккинчи ҳафтасида ҳам марказий нашрлар “ғўза парваришидаги зарбдор 20 кунлик” ва мустақилликнинг 15 йиллигига тайёргарлик мавзуларидаги мақолаларни чоп этишни давом эттирган.

9 август куни АҚШ Давлат котибаси ёрдамчиси Ричард Баучернинг Президент Ислом Каримов билан учрашгани ҳақидаги қисқагина расмий
хабар ҳам марказий рўзномалардан
ўрин олган.

Шунингдек, “Халқ сўзи” рўзномаси Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси 25 август куни бўлиши ҳақида хабар берган.

Ушбу ҳафтада ҳарбий мавзу ва аскарлардаги маънавий-мафкуравий дунёқарашнинг муҳимлиги икки йирик рўзнома “Халқ сўзи” ва “Ўзбекистон овози”да шоирлар Иқбол Мирзо ва Қўчқор Норқобил томонидан қаламга олинган.

“Мен - истиқлол аскариман!” номли мақоласида яқинда Ўзбекистон Халқ шоири унвонини олган Иқбол Мирзо Тошкентдаги ҳарбий лицейга қасамёд қабул қилиш маросимига таклиф этилгани ва ҳовлидаги озодалик, батартиблик ва интизомдан сурурга тушганини ёзади. Муаллиф ўзи хизмат қилган Шўро армиясини ёдга олар экан, бугунги ўзбек аскарлари қадамида “шаҳду шиддат ва ғурур” мужассам эканини айтади.

Иқбол Мирзо Қирғизистон назорат постида ўтган-кетганни, унинг назарида, дўқлаш билан овора қирғиз аскаридан жиғибийрон бўлади. Жиғибийрон шоир қўшни давлатнинг аскарига бир заҳрини сочиб олар экан, Ўзбекистонда эса янгидан-янги иншоотлар, йўллар, кўприклар қурилаётганидан завқлана бошлайди.

Муаллиф “Қайси мамлакатда мактабу лицейлар, коллежлар беминнат хизмат қилади, болаларни 18 ёшгача бепул ўқитиб, касб-ҳунарли қилади? Шунақа эртакнамо юрт борми?” дея савол беради. Халқ шоири бунақа бепул таълим дунёнинг илғору-қолоқ ўнлаб мамлакатларида борлигини ёки билмайди ва ё ...

Хуллас, “Биз бировларнинг етовига муҳтож эмасмиз, ўзгалар таклиф этаётган “ҳаммабоп” либос бизга ярашмайди,” деган муаллиф “ҳовлига кириб олган бегона итни таёқ билан уриб ҳайдаш мумкин, аммо кўнгилга оралаган фитна-бузуқликни...ёт ғояларни ҳайдаб чиқариш осон эмас,” дея огоҳликка чорлайди.

“Ўзбекистон овози” рўзномасида Қўчқор Норқобил ҳам ҳарбий қисмлардан бирида хизмат сафарида бўлиб озодалик ва батартибликка гувоҳ бўлгани ҳамда “профессионал армиянинг етук, интеллектуал аскари эканлиги шундоқ сезилиб турган” йигитларни кўриб ҳаваси келганини ёзади.

Ҳарбийларга ғамхўрлик ва ватанпарварлик мавзусини барча марказий нашрлар томонидан чоп қилинган “Катта оиланинг бахти” номли ЎзА хабари давом эттирган. Хабарда Навоий вилоятининг Олмазор қишлоғидаги Нодирбек исмли аскар йигитнинг тўйига президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва Мудофаа вазири Руслан Мирзаев ташриф буюриб, келин-куёвга президент совғасини топширишгани айтилади.

Маълум бўлишича, 2003 йили президент Намангандаги сержантлар мактабига ташрифи чоғида Нодирбекка назари тушиб, тўйига таклиф қилишни сўраган экан. 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда, хусусан, Чўлпон кинотеатри ёнида кўрсатган жасорати учун эса Нодирбек “Жасорат” медали билан тақдирланган экан.

Сиёсий фанлар доктори Ибодулла Эргашев “Фидокор” рўзномасида миллий қадриятларнинг демократияга зид эмаслиги ҳақида фикр юритади. Бироқ муаллиф демократия тушунчасини ўта тор маънода, яъни, ёшларнинг ўзи билгандек яшаш истаги асосида талқин қилиб, бу ўзбекона одоб-ахлоқларга тўғри келмаслиги ҳақида баҳс юритади.

“Туркистон” рўзномаси эса “Оқ дўппи… қора ниятлар ниқобига айланмасин” номли мақолада оқ дўппиларнинг (халқ орасида кўпроқ “ҳожи дўппи” дейилади) тобора кенг урф бўлиб бораётгани танқид қилинади. Муаллиф Қўқон бозорларида анъанавий ўзбек дўппиларининг ўрнини мусулмон давлатларида “диний либос сифатида кўрилган” оқ дўппилар эгаллаб бораётгани ҳақида ёзар экан “Кафолат йўқки, “оқ дўппи” (ҳижоб) сингари воситалар ниқобида айрим ёвузлар ёшларимизни бегона йўлларга етаклашга уринаётгандир?” дея огоҳликка чақиради.


Ўқувчилар мактублари

Damin USA

Bir paytlar shu yozuvchilar sho'ro hukumatini maqtashgan hozir esa... Ertaga yana kommunizm bo'lsachi?

Gazel, Canada

U'ylashym bu'icha milliy libos poytakhtda u'z kuchini yoqitib bu'lgan ancha yil ilgary. Bu eski muammo

Timur, Toshkent

Nima, endi navbat oq do'ppigami? Naxotki O'zbekistonda kalla olish uchun bundan boshqa bahona topish mumkinmas?

Dilbar Najimova

Uzbek jurnalistlarini haqiqiy ijodkorlar desa buladi. Bulmasa shuncha narsani uylab topishni uzi buladimi?

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy