Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 17 Июл, 2006 - Published 10:35 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Мустақиллик, 'ДЭУ' ва 'мияга зарарлар' ҳақида
Ўзбекистон марказий нашрлари
Ўзбекистон марказий рўзномаларини ўтган ҳафта варақлаган киши мамлакат мустақиллигининг яқинлашиб келаётган 15 йиллик байрамига тайёргарлик қандай кўтаринки руҳда кетаётганига урғу берилганини англаш мумкин.

Рўзномаларда “Мустақиллик – менинг тақдиримда”, “Истиқлол – менинг онгимда, шууримда”, “Ифтихор”, “Фахр” каби янги рукнлар остида меҳнаткашлар, жамоатчилик фаолларининг фикрлари ҳамда ижодкорларнинг мақолалари чоп этилган.

Жумладан, “Халқ Сўзи” рўзномасининг “Сиз ўз ҳаётингизда мустақиллик шарофатини нималарда сездингиз?” деган саволига бир ўқувчи “кўчаларни тўлдириб юрган Ўзбекистон автомобиллари”, бошқалари хорижга чиқиб ўқиб келиш имконияти, ҳаж сафари, фермер бўлиб ерга эга бўлиш имкониятлари ва анъаналарнинг сақлаб қолинганини айтган.

Ўзбекистон қаҳрамонларининг мустақиллик ҳақидаги ўйлари суҳбат ва интервьюлар тарзида берилиб, уларда мамлакатнинг “демократик ислоҳотлар йўлидан изчил кетаётгани“ ва “юксак иқтисодий ютуқларга эришаётгани” таъкидланади.
“Халқ Сўзи” рўзномасидаги интервьюда шоир Абдулла Орипов шундай дейди: “Ўзбекистоннинг нимаси бор деб шубҳаланадиганлар “Шўртангаз”ни бориб кўрсин. Асакадан чиқаётган автомобилларимизга ўтириб, жаҳон андозаларига мос йўлларимизу кўприклардан юрсин. Муҳташам коллежларимиз, лицейларимиз...мактабларимиз...билан танишсин.”

Ўзбекистонда “Ал Арабия” телеканали минтақавий мухбирлик бюроси раҳбарининг бир ҳафта меҳмон бўлгани ва энди Ўзбекистон ҳақида туркум кўрсатувлар берилаётгани ҳақидаги хабарни рўзномалар ҳамжиҳатлик билан чоп этган.

Шунингдек, Россия махсус кучлари томонидан “террорчи Шамил Басаевнинг ўлдирилгани” ҳақидаги кичик хабар ҳам рўзномаларнинг биринчи саҳифаларида берилган.

“Миллий тикланиш” рўзномаси ёшларнинг китоб ўқиши масаласида мулоҳаза юритиб, бугун ёшлар китоб ўқимай қўйгани, ўқиётганлари ҳам енгил-елпи асарларга ўрганиб қолганини айтар экан, адабиётнинг вазифаси халқ савиясини кўтариш эканини айтади.

“Ҳуррият” ҳафталиги яна репперлар мавзусини давом эттириб, ўтган сондаги танқидий мақолада номи тилга олинган хонандалар томонидан таҳдидга учраган муаллиф билан gzt.uz интернет рўзномаси қилган суҳбатни чоп этган. Мақола муаллифи Алижон Эшбой таҳдид давом этса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиши мумкинлигини айтиб, танқиддан мақсад бадиий савия эканини айтади.

Ҳафталик чоп этган “Бунақаси ҳали бўлмаган” номли суҳбат ўқувчи эътиборини тортиш билан бир пайтда бошқотирма ҳам таклиф этади. Унда автомобиллардан чиқаётган тутундаги заҳарли газларни ушлаб қолувчи “экофилтр” кашф этгани айтилган ургутлик ихтирочи билан суҳбат қилинади. Бироқ суҳбатда асосан ис газининг инсон миясига зарари ва биоэнергиялар ҳақида мунозара қилинар экан, ўқувчи беқиёс дея таъриф этилган ихтиронинг қандай кўринишдаги мослама эканини тасаввур қилишдан бебаҳра қолади.
Ихтирочи бундай мослама ҳали дунёда яратилмаганига ишончи комил эканини айтади. Мухбир эса уни шундай қувватлайди: “Сув билан юрадиган машина ихтиро қилинганда ҳам ҳам унинг шукуҳи оламни тутган эди. Кейин маълум бўлишича 90-йилларнинг бошидаёқ бир ўзбек олими шундай автомобиль формуласини яратган, синаб ҳам кўрган экан.” (Назаримизда бундай машина ҳали яратилмаган, шундай бир фильм бор холос). Мухбир яна қўшимча қилади: “Доим телевизорнинг ватани Тошкент деб даъво қиламиз. Лекин негадир дунё буни тан олмайди...”

Хуллас, мустақилликка эришганидан бери ўн беш йил ўтган бўлса ҳам Ўзбекистон матбуоти ўзгаришга юз тутди дейиш мушкул. Мамлакатдаги саноқли мустақил журналистлардан бири айтмиш, Бизда ҳамма нарса аъло, бизда ҳаммаси яхши ва бизни танқид қилаётган ташкилоту давлатлар муваффақиятимизни кўролмайдилар қабилидаги жўн шўроча мафкура ҳам ўн беш ёшга тўлмоқда.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy