Ғарб Бишкекка буйруқ беряптими, Тожикистон нега Россия билан футбол ўйнамади, мусулмонларга мақбара қуриш тақиқланмоқда

sammit

Сурат манбаси, President.kg

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ғарб Бишкекка буйруқ беришга ҳаққи йўқлигини айтди. Тожикистон расмийлари футбол бўйича Россия билан ўртоқлик ўйини ўйнамагани учун муносабат билдиришга тўғри келди. Минтақанинг муҳим хабарлари.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таъкидлашича, Ғарбнинг Қирғизистонга Россия билан ҳамкорлик қилиш ёки қилмаслик борасида талаб қўйиши нотўғри.

"Чунки мен Европага борганимда, улар бир нарсани гапириб, бошқасини қилишади. НАТО таркибидаги ёки Европа Иттифоқига кирувчи Россия билан ҳамкорлик қилаётган Европа давлатлари бор. Улар бизга бундай демаслиги, буйруқ бермаслиги ёки Россия билан ё МДҲ билан ҳамкорлик қилмаслигимизни сўрамаслиги керак", деган Садир Жапаров.

Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев бошқа аъзо давлатларлар раҳбарлари билан биргаликда 8 октябр куни Москвада ўтган МДҲ давлатларининг йиғилишида иштирок этганди.

Қирғизистон Россия билан 3 миллиард долларлик савдо айланмасини 5 миллард долларга чиқармоқчи.

Олдинроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ширкатларига санкция қўллаганди.

Бу ширкатлар Европа ва Осиёдан товар олиб, санкцияларни четлаб ўтиб Россияга етказиб бераётгани маълум бўлган.

Iqtibos

Washington Postнинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси санкцияларни четлаб ўтиб юк етказиб беришлар ҳақидаги хабарни тан олишган.

Бироқ элчихонага кўра, танқидчилар Қирғизистон ва Россия алоқаларидаги "реал иқтисодий контекст"ни ҳисобга олмаган, чунки икки давлат ҳам Евроосиё Иқтисодий иттифоқи аъзоси.

"Россия бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиздан [...] Миллиондан ортиқ фуқароларимиз (бу давлатда) ишлайди", дея Қирғизистон элчихонаси жавобидан иқтибос келтиради газета.

Бироқ 2023 йилнинг 2 июн куни "Марказий Осиё - Европа иттифоқи" саммитида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакати санкцияларни муҳокама қилиш учун ЕИ билан мулоқотга очиқлигини айтди.

Жапаров Европадаги ҳамкорларининг санкцияларга амал қилиш чақириқларига "тушуниш билан" қарашини таъкидлаганди.

Футбол бўйича Тожикистон термаси Россияга нега "йўқ" деди?

futbol

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин футбол бўйича Тожикистон терма жамоси Россиянинг ўртоқлик ўйини ҳақидаги таклифини рад этгани учун муносабат билдирди.

Россиянинг Биринчи телеканалига гапирган вазир Душанбе ва Москва ўртасида муаммо йўқлигини айтди.

У ноябрда бўлиб ўтиши керак бўлган ўйинга Тожикистон футбол федерацияси берган рад жавобни терма жамоанинг бошқа ўйин режалаштириб қўйгани билан изоҳлади. У икки томон ҳам ўртоқлик ўйини ўтказишга имкон топишини таъкидлаган.

"Бошқа масалаларда Россия билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Икки давлат раҳбарларининг шахсий муносабати мутлоқо яхши, мутлоқо дўстона ва мутлоқо қардошона", деган у.

Россия футбол иттифоқи Тожикистон футбол федерациясига сентябр, октябр ёки ноябрдаги миллий термалар учун ажратилган вақтда ўртоқлик ўйини ўйнашни таклиф қилиб расмий мактуб юборган.

Бироқ Тожикистон томони ушбу саналарда белгиланган бошқа ўйинлар борлигини айтиб, Россияга рад жавобини берган.

Ушбу рад жавоби ижтимоий тармоқларда акс-садо келтириб чиқарган.

Тожикистон Футбол федерацияси Россия билан келажакда, балки келаси йили ўртоқлик ўйини ўйнаши мумкинлигини билдирган.

Россия билан ўртоқлик ўйини ўйнашга олдинроқ Покистон ҳам рад жавобини бергани маълум бўлган.

Айни дамда Россия термасининг ноябрда ўйнаши учун тасдиқланган рақиби йўқ, бироқ Туркманистон билан 15 ноябр куни ўйин ўтказиш борасида дастлабки келишуви борлиги айтилмоқда.

Россия Украинага бостириб киргач Ғарб давлатлари Россия спортчиларини турли мусобақалардан четлатди. Шу жумладан, Россияга ФИФА ва УЕФА томонидан ҳам ҳар қандай футбол мусобақаларида иштирок этиш тақиқланган.

Қирғизистонда мозорларга мақбара қуриш тақиқланади

qabr

Қирғизистон президенти Мусулмонлар диний идорасига мусулмонларнинг қабрларига иншоот қуришни тақиқлашни топширди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент фармони билан Қирғизистон Мусулмонлар диний идорасига мусулмонлар қабристонларида ҳайкаллар, ёдгорликлар ва тош, гранит, мармар, металл ёки ушбу материаллар қўшилмасидан ясалган ёдгорликларни ўрнатишни тақиқловчи фатво чиқариш тавсия этилди. Фақат тарихий ва маданий аҳамиятга эга дафнлар бундан мустасно.

"Шариат бўйича мусулмонга қимматбаҳо тошларни қўйиш ва қабрга суратлар ўрнатиш, уни темир панжаралар билан ўраб қўйиш, цемент ва бетон ишлатиш ман этилади. Бундай урф-одатлар марҳумга ёрдам бермайди. Аксинча, куйдирилган материаллардан фойдаланиш ва қабр устига том қўйиш марҳумнинг руҳини азоблайди", деганди Жапаров июль ойидаги "Қабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Президент қирғизистонликларни қабристонларда металл ва тошдан ёдгорликлар ўрнатишни тўхтатишга чақирди.

"Баъзи сиёсатчиларнинг гапи мени қизиқтирмайди. Марҳумларни ёдга олиш учун ҳар куни уйда Қуръон ўқиш мумкин ёки, ҳатто узоқда бўлсангиз ҳам, уларни эслаб дуо қилиш мумкин. Бу етарли. Шунда марҳумлар шод бўладилар. Металл ёдгорликлар ёки икки қаватли мақбаралар ўрнатиш бизнинг анъанамиз эмас", - деган Жапаров.

Унга кўра, қабр ёдгорликлари ва тўсиқлар ёғоч материаллардан ясалиши ва баландлиги 0,7 метрдан ошмаслиги керак. Президентнинг фикрича, бундай чоралар ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002