71,1 фоиз: Қозоғистонликлар АЭС референдумида овоз берди. Ўзбекистонда нима гап?

Сурат манбаси, Akorda
5,5 миллион қозоғистонлик мамлакатда АЭС қурилишини ёқлаб овоз берди. Референдумдан аввал эса матбуот ва ижтимоий тармоқда "атом пропагандаси" олиб борилди, қарши фикрдагилар ҳибсга олинди.
6 октябрь куни Қозоғистонда ҳам мамлакат, ҳам Марказий Осиёдаги биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди.
7 октябрь куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилди.
Маълум қилинишича, референдумда иштирок этган 7,8 миллион қозоғистонликнинг 5,5 миллиони ёки 71,1 фоиз қисми АЭС қурилишини ёқлаб овоз берган.
Референдумда қозоғистонликлардан фақат бир савол сўралган: "Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?".
Референдумга уч кун қолганда - 3 октябрь куни мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев АЭС қурилишини очиқ-ойдин ёқлаб чиққан, акс ҳолда, "Қозоғистон тараққиётдан ортда қолиб кетиши"ни таъкидлаган.
Ҳукумат матбуотда ҳам, ижтимоий тармоқда ҳам АЭС қурилишини ёқлаш тарғиб этилган ташвиқот кампанияси олиб боргани кўзга ташланган.
"Бошқа муқобил мавжуд эмас"
Қозоғистон Энергетика вазирлиги 2035 йилга бориб мамлакатда электр энергия тақчиллиги юзага келишини прогноз қилмоқда.
Вазирлик истеъмол йилдан йилга ошаётгани, ҳозирда мавжуд энерго манбалар эса аҳолини тўлиқ миқёсда энергия билан таъминлаб бера олмаслигини ҳам таъкидлаган.

Сурат манбаси, Ruslan Pryanikov / AFP
Мамлакат энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг сўзларига кўра, "атом электр станциясидан бошқа муқобил мавжуд эмас".
"Газ ресурсларимиз чекланганидан кенг миқёсдаги газ генерациясини йўлга қўйиш имконимиз мавжуд эмас. Табиий-иқлимий шароитларга боғлиқлиги сабаб қайта тикланувчи манбалар ҳам генерациянинг асосий манбаси ўлароқ хизмат қила олмайди.
Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, фақат атом электр станциясининг қурилишигина эскираётган қувватнинг ўрнини қоплаш ва Қозоғистоннинг энергетик мустақиллигини таъминлашда тўғри қарор бўла олади", деган Саткалиев.
Қозоғистондаги илк АЭСни қуриш учун Олма-ота вилоятидаги Балхаш кўли қирғоғига яқин майдон асосий номзод ўлароқ танлаб олинган.
Мутахассисларнинг дастлабки ҳисобига кўра, АЭСнинг қуввати 2,8 ГВт бўлмоғи лозим.
Ҳозирда Қозоғистон ўзининг катта қувватли реакторларини таклиф этган тўрт давлат - Хитой, Жанубий Корея, Франция ва Россия технологияларини кўриб чиқмоқда.
АЭС лойиҳасини амалга ошириш вазифаси топширилган "Қозоғистон атом электр станциялари" компанияси раҳбари Тимур Жантикиннинг сўзларига кўра, станциясини қурувчи хорижий пудратчини танлаш жараёни Халқаро атом энергияси ташкилоти (МАГАТE) шафелигида ўтказилади.
Станциянинг қозоғистонликлар учун қанчага тушиши ҳозирга қадар аниқ эмас, аммо дастлабки ҳисоб-китобларда $10 миллиарддан $12 миллиардга қадар сумма тилга олинган.
"АЭС керек емес"

Сурат манбаси, Ruslan Pryanikov / AFP
Экологик ҳуқуқлар бўйича юрист ва "АЭС керек емес" [АЭС керак эмас] гуруҳи аъзоси Вадим Ни қозоғистонлик экофаоллар радиоактив чиқиндилар ҳамда эҳтимолий авариялар билан боғлиқ хатардан кўпроқ ташвишда эканини таъкидлайди.
"Балхаш - мамлакатимиздаги стратегик аҳамиятга эга сув ҳавзаларидан бири. Айтиш лозим, биз Оролни аллақачон йўқотиб бўлдик. Каспий ҳам жонсиз денгизга айланиб бормоқда. Реакторни совитиш учун сув олиш муаммоси мавжуд. Муҳим сув ҳавзаларимиздан буткул айрилишимиз мумкин", сўзлайди у.
Ни, шунингдек, кўплаб қозоғистонликлар электр энергияси нархи ошиб кетиши эҳтимолидан ҳам ташвишда эканини қўшимча қилади.
"АЭСни қуриш учун кредит олишга тўғри келади. Бу эса атом энергияси қимматлашишига олиб келади. Ҳозирги кўмир ва газга ишлайдиган станциялардан олинаётган энергиядан анча қимматроқ. Муқобил энергия манбаларидан олинадиган электр энергиясини қиммат бўлишинику, айтмаса ҳам бўлади", таъкидлайди у.
Ҳибслар, жарималар ва "атом пропагандаси"
Референдум арафасида Қозоғистон бўйлаб 20 нафар фаол ҳибсга олинган.
Олма-отада АЭС қурилишига қарши чиқиши ортидан қўлга олинган 12 фаолнинг 6 нафари мамлакатдан ташқарига чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилган.
Ташаббусга қаршилик кўрсатган фаолларга нисбатан оммавий намойишлар ташкиллаш айби тиркалган.

Сурат манбаси, НЕХабар / Telegram channel
Қозоқ ҳукумати АЭС ҳақида кўчада сўровнома ўтказган "Урал ҳафталиги" газетаси бош муҳаррири Тамара Еслямовани 110 минг тенге ($229) миқдорида жаримага тортган ҳам.
Суд журналист аёл "ноқонуний сўровнома" ўтказган, дея топган.
Бошқа томондан эса ҳам давлатга тегишли, ҳам хусусий матбуотда "атом пропагандаси" олиб борилгани кўзга ташланган.
Вазиятни кузатган маҳаллий мустақил "Власт" нашри журналистлари АЭС қурилиши масаласи бир томонлама ёритилгани, фақат ушбу ташаббус тарафдорларидан иқтибослар келтирилганини қайд этган.
Нашр журналистлари таниқли блогерлар иштирокида профессионал тарзда тасвирга олинган ва монтаж қилинган тарғибот роликлари тарқатилгани ҳақида ёзган.
Бундай роликларнинг кўпчилигида "Қозоғистоннинг инқирозли келажаги" тасвирлангани кўринади.
Масалан, роликларнинг бирида ўқувчилар дарс пайти қалин кийимларда синфхонада ўтиргани, улардан бири эса шамлар ёқилган нимқоронғи хонадаги ток печкани ишлатиш учун генераторга уланган велосипед педалини тепаётганини кўриш мумкин.
Ўзбекистонда нима гап?

Шу йил май ойи охирида кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича Россия билан шартнома имзолаган Ўзбекистон ўзининг АЭС лойиҳаси бўйича Қозоғистондан кўра анча ёпиқ ҳаракат олиб бораётгани кўзга ташланмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам - худди Қозоғистон каби - йилдан йилга ортиб бораётган электр энергиясига бўлган талабни қондириш учун қўшимча генерация керак экани ва буни АЭС қурмасдан амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлайди.
Бир вақтнинг ўзида, ўзбек расмийлари мамлакатда АЭС қуриш бўйича Қозоғистондаги каби референдум ўтказиш нияти йўқлигини билвосита маълум қилган ҳам.
"Суверен давлат ўлароқ референдум ўтказиш ёки ўтказмаслик - бу Қозоғистоннинг ҳуқуқи. Бу Ўзбекистонга ҳам тааллуқли. Конституциямизга кўра, бундай масалалар бўйича референдум ўтказишга зарурият йўқ. Аммо биз, табиийки, жойларда жамоатчилик эшитувлари ўтказамиз", деган эди "Ўзатом" раҳбари маслаҳатчиси Қосим Тўхтахунов июнь ойида.
Бироқ ҳозирга қадар бундай жамоатчилик эшитувлари ўтказилмаган.
Кам қувватли бўлиши айтилганига қарамай, май охиридаги АЭС қурилиши ҳақидаги хабар ўзбекистонлик кўплаб фаоллар томонидан норозиликлар ила қарши олинган эди.
Шунга қарамай, мамлакат энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳукумат яқин келажакда катта реакторли АЭС қуришни режалаётганини маълум қилган.
"Биз 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришмоқчимиз, АЭСсиз бунинг иложи йўқ. Америка ўз дастурини қайта тиклади. Ўзи дунёдаги энг кўп реактор Америкада — 99 та.
Европа, Корея, Япония ўз дастурини қайта бошлади. Бутун дунё қиляпти", деган Мирзамаҳмудов октябрь бошида "Лолазор" подкастида қилган чиқишида.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон ўзининг Россия лойиҳаси асосида Жиззахдаги Тузкон кўли ёнида қурилиши кутилаётган илк АЭСини келгуси беш йил ичида ишга туширмоқчи.
Умумий қуввати 330 МВт бўлиши айтилган олти реакторли АЭС 2032 йилдан сўнггина тўлиқ ишга туширилиши билдирилган.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















