Нурсултон Назарбоевни судга бердилар

Сурат манбаси, Reuters
Қозоғистон Олий Суди собиқ президент Нурсултон Назарбоевга қарши киритилган даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортган, бунинг сабаби жаноб Назарбоевда жиноий таъқибдан президентлик дахлсизлик мавжудлиги билдирилди.
Назарбоевга қарши Қозоғистон ватандоши Қайргелди Смагулов даъво иши қўзғатган, у Назарбоевнинг барча актив ва мулкларини давлат фойдасига ундириш талабини илгари сурган.
"Олий Суд Кассация коллегияси даъво ишини кўриб чиқмасликка қарор қилди. Чунки Қозоғистон конституциясида президентлар ва собиқ президентларнинг дахлсизлиги кафолатланган. Шунингдек, "Қозоғистон Президенти тўғрисидаги қонун"га биноан, давлат раҳбари катта хиёнат ишларидан ташқари президент ваколатларининг ижроси билан боғлиқ амаллар учун жавобгар бўлолмайди", дея тушунтириш берди Қозоғистон Олий Суди.
Алоқадор мавзулар:
- Назарбоевни умрбод лавозимларидан маҳрум этиш учун овоз берилди
- Назарбоевнинг қудратли жияни МХҚдан олинди, Қозоғистон зўравонликларида экстремистларнинг қўли борми? Видео
- Қозоғистон: Назарбоев қурган тизим, уни оиласи ва коррупция бугунги воқеаларга сабабчими?
- Марказий Осиё: қудратда энг узоқ қолаётган ким? (Видео) 2019 йил
Ушбу суд иши Қайргелди Смагуловнинг собиқ президентнинг мол-мулкини мусодара қилиш мақсадидаги учинчи суд иши бўлди.
Бундан олдин Остона шаҳридаги туманлараро ва ундан кейин шаҳар суди даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортган эди.
Нурсултон Назарбоев собиқ совет республикалари орасида энг узоқ ҳукмронлик қилган президентлардан бири бўлган.
У Қозоғистонни 1989 йилдан 2019 йилгача бошқарди.
30 йиллик бошқарув

Сурат манбаси, AFP/Getty Images
Ҳозир 84 ёшда бўлган Нурсултон Назарбоев 1989 йил 22 июнида Қозоғистон Коммунистик партиясининг Бош котиби сифатида фаолият бошлаган.
1990 йил апрелида Қозоғистон парламенти аъзолари орасида овоз беришга қўйилган муқобилсиз сайловда Қозоғистон Президенти этиб сайланди.
1991 йил 1 декабрида Қозоғистонда ташкил этилган илк умумхалқ президентлик сайловида Назарбоев аксар овозларни тўплаб ғалаба қозонди.
1991 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон мустақиллиги эълон қилинди.
1995 йили мамлакатда референдум ўтказилди, референдум натижаларига мувофиқ Нурсултон Назарбоевнинг президентлик муддати 2000 йилгача узайтирилди.
1999 йилнинг 10 январида ўтказилган президентлик сайловида Назарбоевнинг 79 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани эълон қилинади.

Сурат манбаси, .
Халқаро ташкилотлар Қозоғистондаги сайловларнинг демократик талабларга жавоб бермаслигини эътироф этдилар.
2005 йил 4 декабридаги сайловда Нурсултон Назарбоев 91 фоиз тўплагани эълон қилинди.
2010 йили Нурсултон Назарбоевга "Элбоши" расмий мақоми берилди.
2011 йил Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга қарор қилинади.
3 апрелдаги муддатидан олдинги сайловда Назарбоев 95 фоиз овоз билан тўртинчи марта президентликка сайланди.
2015 йил 26 апрелида ҳам фурсатидан олдин президентлик сайлови ўтказилиб, жаноб Назарбоев 97,75 фоиз тўплагани хабар қилинди.
2019 йил 20 мартида 79 ёшли Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатини ўз ихтиёрига кўра топшириши ҳақида фармон имзолади.
Президентлик ваколатлари Қозоғистон Сенати раиси Қасим-Жомарт Тоқаевга топширилди.
2019 йил 9 июндаги президентлик сайловида Қасим-Жомарт Тоқаев 70 фоиздан зиёд овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинди.
Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши раҳбари лавозимини сақлаб қолди.
2022 йил январидаги қонли ҳодисалар ва шарафли мақомлардан мосуволик

Сурат манбаси, Reuters
2022 йил январида Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи кўтарилганидан норозиликлар келиб чиқди.
Протестлар тобора кенгайиб, мамлакатнинг тобора кўп шаҳарларига ёйилди, намойишларда "Элбоши кет!" талаблари янгради.
Боиси, Тоқаев расман президент бўлса-да, аксар қозоғистонликлар мамлакатни ҳамон Назарбоев бошқараяпти деб ишонар эдилар.
Намойишчилар ҳукумат биноларига бостириб кирдилар, полиция билан тўқнашувлар рўй берди, ҳуқуқ-тартибот органлари одамларга қарши ўқотар қуролларни қўллашига тўғри келди.
Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотининг аъзоси бўлгани учун Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ОДКБдан қўшин киритишни илтимос қилди.
Бир неча кун ОДКБ қўшинлари Қозоғистон йирик шаҳарларига киритилди.
Қозоғистон ҳукумати 2022 йилги қонли январ ҳодисалари пайти 238 инсон ҳалок бўлди, улар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор дейди.
Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қурбонлар сони анча кўп дейдилар.
Қозоғистон ҳукумати намойишчиларга қарши ўт очилганини рад этади, Бош прокуратура 90 дан ортиқ одам давлат биноларига қуролли ҳужумлар пайти ўлдирилган дейди.
Ўшанда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда "ўта даромадли ширкатлар ва ниҳоятда бой одамлар қатлами" бор деб айтди.
Қонли ҳодисалар давлатнинг юқори мансабларини эгаллаган Назарбоев яқинлари ва уларга қарши бўлганларнинг ҳокимият учун кураши деган фаразлар илгари сурилди.
Элбоши ҳукмронлик қилган вақти ва президентликдан кетгач Назарбоевнинг қариндошлари йирик ширкатлар ва давлат идораларида юқори лавозимларда ишлади.
Халққаро телевизион мурожаат қилган Нурсултон Назарбоев "элита ўртасида кураш кетмаяпти" деди.
Январ ҳодисаларидан кейин Назарбоевлар оиласи бирин-кетин ўз лавозимларидан айрилдилар.
Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишев Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (МХҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан истеъфога чиқарилди.
Карим Масимов Назарбоевнинг ишончли одамларидан ҳисобланади. Улар кўп йиллар бирга ишлашган. Назарбоев кетиши арафасида Масимов Қозоғистон МХҚ раиси этиб тайинланди. Мамлакатда намойишлар бошланганидан 4 ўтиб Масмиов давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди.
2024 йил январида Қозоғистон суди Карим Масимов ва унинг ўринбосарларини "Давлатга хиёнат", "Ҳокимиятни куч билан босиб олиш" каби жиноий бандларда айбдор деб топди, Масимовни 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Назарбоевнинг жияни Самат Абишевга 8 йиллик шартли жазо белгиланди.
2022 йил январ ҳодисаларидан кейин пойтахт Нурсултон шаҳрининг номи яна Остонага ўзгартирилди.
Назарбоев "Элбоши" мақомидан маҳрум этилди.
Президент Тоқаев пулдорлар "Қозоғистон халқига" деб номланган хайрияга пулларини ўтказиб, қозоқ халқига "ҳаққини бериши" керак деди.
Ўшандан буён Назарбоев яқинларининг давлат ғазнасига пул ўтказганлари хабар қилинмоқда.
54 ёшли жияни Қайрат Сатибалди 2022 йил сентябрида 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Лекин у Қозоғистоннинг ўзидаги, Москва, Дубай, Туркия ва Франциядаги уйлари, автомобиллари, виллаларини Қозоғистон давлати фойдасига топширишга рози бўлди.
2024 йил августида Қайрат Сатибалди қамоқ жазосининг қолгани шартли жазога алмаштирилгани, у моддий зарарни тўла қоплагани хабар қилинди.
Қайрат Сатибалдининг Қозоғистон фойдасига қайтарган бойликлари 1,6 миллиард долларга баҳоланган.
Элбоши элита ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик ва келишмовчилик йўқлигини ҳамда бу борадаги миш-мишлар асоссиз эканлигини таъкидлади.
Назарбоев президент Тоқаев томонидан қабул қилинган халқнинг фаровонлигини оширишга қаратилган янги ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Аммо Қозоғистонда бўлаётган сўнгги ўзгаришлар Назарбоевнинг элита ўртасида кураш кетмаяпти, деган гапларини шубҳа остига қўяди.
Назарбоев сўнгги мурожаатида айтганидек 2019 йилдан бери нафақада эмас. У 2019 йил истеъфога чиққач Қозоғистон хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ўзида сақлаб қолди.
Ушбу лавозимдан намойишлар тартибсизликларга айлангач, 5 январ куни олингани ёки ўз ихтиёри билан кетгани айтилади.
Назарбоев қариндошлари истеъфоси. Улар қаерда ва Қозоғистонда нима бўляпти?
17 январ куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг яна икки оила аъзоси "ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди". Элбоши ҳукмронлик қилган вақти ва президентликдан кетгач Назарбоевнинг қариндошлари йирик ширкатлар ва давлат идораларида юқори лавозимларда ишлади.
Январдаги намойишлардан сўнг Назарбоевлар оиласи бирин-кетин ўз лавозимларидан айрилмоқда. Би-би-си мамлакатдаги сўнгги ўзгаришларни бир жойга тўплади.
Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 30 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарди. 2019 йили истеъфога чиққач ва ўзида Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимини сақлаб қолди.
Расман у ушбу лавозимда бир умр қолиши мумкин эди. Аммо 5 январ куни у лавозимидан озод қилингани маълум бўлди. Яна бир версия бўйича, у ўз ихтиёри билан бўшаган. Энди Хавфсизлик кенгашини Президент Тоқаев бошқармоқда.
11 январ куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда "ўта даромадли ширкатлар ва ниҳоятда бой одамлар қатлами" борлигини айтди. Энди улар "Қозоғистон халқига" деб номланган хайрияга жамғармасига пул ўтказиб, қозоқ халқига "ҳаққини бериши" керак деган.
Назарбоевнинг фарзандлари ва уларнинг ҳамкорлари
Дариға Назарбоева Қозоғистон биринчи президентининг тўнғич қизи. 2014 йилдан бошлаб мамлакат парламентида фаолият юритади.
2019 йилдан бошлаб парламентнинг юқори палатасини бошқарди. 2020 йилнинг май ойида Тоқаев унинг сенаторлик ваколатларини муддатидан олдин тўхтатди.
Кейинроқ Дариғани қуйи палатага депутат қилиб сайлашди.
Бироқ 12 январдан бери у парламент йиғилишларида кўринмаяпти. Матбуот хизмати Дариға коронавирус билан оғриб, даволаниш таътилида эканлигини айтди.
Қозоғистондаги бир неча ОАВ маълумотларига кўра, Назарбоева 2020 йилдан бери Қайрат Шарипбаев билан яшайди.
Шарипбаев ўша йили "Казахгаз" ширкати бошқарув раиси бўлган. У 15 январ куни лавозимидан озод қилинди.
Элбошининг ўртанча қизи Динара Кулибаева тадбиркорлик ва жамоат ишлари билан шуғулланади.
Унинг эри Тимур Кулибаев Forbes нашрининг Қозоғистондаги энг таъсирли тадбиркорлар рейтингида биринчи ўринда туради.
Сўнгги 8 йилда у "Атамекен" тадбиркорлар миллий палатасини бошқарди. 17 январ куни ташкилот Кулибаев "ўз ихтиёри билан" лавозимни бўшатганини айтди. Ҳозирча у Қозоғистон Олимпия қўмитаси раҳбари лавозимини сақлаб қолмоқда.
Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева жамоатчилик фаолияти билан шуғулланади ва санъат соҳасида ишлайди. Алиянинг эри Димаш Досанов тўйдан сўнг нефт маҳсулотларини ташиш билан шуғулланувчи "КазТрансОйл" компаниясини бошқарди. 2021 йилнинг 15 январ куни лавозимидан айрилди.
Қариндош ва яқинлар
Самат Абишев Нурсултон Назарбоевнинг жияни бўлади. У Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (МХҚ) раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Тоқаев уни 17 январ куни истеъфога чиқарди.
Карим Масимов Назарбоевнинг ишончли одамларидан ҳисобланади. Улар кўп йиллар бирга ишлашган. Назарбоев кетиши арафасида Масимов Қозоғистон МХҚ раиси этиб тайинланди. Мамлакатда намойишлар бошланганидан 4 ўтиб. 6 январ куни у давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди.
Унинг укаси Нурлан Масимов сўнгги вақтгача Павладор вилояти полиция бошлиғи сифатида ишлади. 17 январ куни унинг истеъфога чиққани айтилди.
Улар ҳозир қаерда?
Нурсултон Назарбоевнинг фарзандлари қаерда эканлиги ҳозирча номаълум. Улар декабр ойи сўнггидан бошлаб жамоатчиликка кўринмади. Вакилларининг айтишича, Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Олма-отада. Аммо бунинг тасдиғи йўқ.
Назарбоевнинг кенжа қизи намойишлар ҳақида Инстаграмда бир нечта пост жойлади. Интернет фойдаланувчилари аккаунт эгаси Бирлашган Араб Амирлигида эканлигини аниқлади.
Инстаграм хизмати ускунанинг жойини автоматик тарзда аниқлайди ва уни "Аккаунт ҳақида маълумот" бўлимида кўрсатади.
Шундан сўнг Алия Назарбоева ўзининг Facebook ва Instgram лардаги саҳифаларини ўчириб ташлади.
Дариға ва Алия Назарбоевалар олдин Лондонда уй олгани маълум бўлганди.
Дариға ва ўғли Нуралига тегишли мулк 2019 йилда 100 миллион доллардан ошиқ нархга баҳоланган.
Telegraph маълумотларига кўра. Алиянинг уйи 10 миллион доллардан қимматроқ бўлган.
У яна Дубайда ҳам 14 миллион долларга кўчмас мулк сотиб олгани айтилади.
Бир версияга кўра, Динара Кулибаева ва эри Тимур Кулибаев Қирғизистонга кетган бўлиши мумкин.
kg24 сайти Flightradar24 таяниб 6 январ куни Бишкекка иккита хусусий самолёт учиб келганини ва улар Назарбоевлар оиласига тегишли эканлигини ёзди.
Bellingcat суриштирув гуруҳи намойишлар бошланганидан икки ўтиб, 4 январ куни Олма отадан Женевага учган Bombardier Challenger 604 хусусий учоғини кузатди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















