Қозоғистон: Назарбоевни умрбод лавозимларидан маҳрум этиш учун овоз берилди Qozog'iston Dunyo Yangiliklar

Нурсултон Назарбоев

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси Мажлис биринчи президент Нурсултон Назарбоевда бўлган умрбод лавозимлар - "Элбоши" деган мақом, Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон Халқлари Ассамблеяси раҳбарларидан маҳрум этиш ҳақидаги конституцион қонунларга ўзгартириш киритди.

Энди бу лавозимларни Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг ўзи эгаллайди.

Қуйи палатанинг ушбу қарорларини энди Сенат маъқуллаши керак бўлади.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда тартибсизликларга айланиб кетган намойишлардан сўнг илк марта 18 январда кўриниш берди.

Ёзиб олинган тарзда тақдим қилинган видео мурожаатда у ҳеч қаерга кетмагани ва Қозоғистон пойтахтида эканлигини айтди.

"Мен 2019 йили ўз ваколатимни Президент Қосим-Жомарт Тоқаевга топширганман. Ўшандан бери пенсионер ҳисобланаман. Айни дамда Қозоғистон пойтахтида дам оляпман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ", деди Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистондаги қонли ҳодисалар мамлакат элитаси ўртасидаги ҳокимият учун кураш деган иддаолар ўртага чиқди.

Бундай хабарларга муносабат билдирган Назарбоев, "элита ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик ва келишмовчилик йўқ, бу борадаги миш-мишлар асоссиз", деб айтди.

Назарбоев президент Тоқаев томонидан қабул қилинган халқнинг фаровонлигини оширишга қаратилган янги ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Аммо Қозоғистонда бўлаётган сўнгги ўзгаришлар Назарбоевнинг элита ўртасида кураш кетмаяпти, деган гапларини шубҳа остига қўяди.

Назарбоев сўнгги мурожаатида айтганидек 2019 йилдан бери нафақада эмас. У 2019 йил истеъфога чиққач, Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши раиси лавозимини ўзида сақлаб қолди.

Ушбу лавозимдан намойишлар тартибсизликларга айлангач, шу йилнинг 5 январида олингани ёки ўз ихтиёри билан кетгани айтилди.

Назарбоев қариндошларининг истеъфоси. Улар қаерда ва Қозоғистонда нима бўляпти?

17 январь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг яна икки оила аъзоси "ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди". Элбоши ҳукмронлик қилган вақти ва президентликдан кетгач, Назарбоевнинг қариндошлари йирик ширкатлар ва давлат идораларида юқори лавозимларда ишлади.

Январдаги намойишлардан сўнг Назарбоевлар оиласи бирин-кетин ўз лавозимларидан айрилмоқда. Би-би-си мамлакатдаги сўнгги ўзгаришларни бир жойга тўплади.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 30 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарди. 2019 йили истеъфога чиққач ва ўзида Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимини сақлаб қолди.

Расман у ушбу лавозимда бир умр қолиши мумкин эди. Аммо 5 январь куни у лавозимидан озод қилингани маълум бўлди. Яна бир версия бўйича, у ўз ихтиёри билан бўшаган. Энди Хавфсизлик Кенгашини Президент Тоқаев бошқармоқда.

11 январь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда "ўта даромадли ширкатлар ва ниҳоятда бой одамлар қатлами" борлигини айтди. Энди улар "Қозоғистон халқига" деб номланган хайрияга жамғармасига пул ўтказиб, қозоқ халқига "ҳаққини бериши керак", деди.

Назарбоевнинг фарзандлари ва уларнинг ҳамкорлари

Дариға Назарбоева Қозоғистон биринчи президентининг тўнғич қизи. 2014 йилдан бошлаб мамлакат парламентида фаолият юритади.

2019 йилдан бошлаб парламентнинг юқори палатасини бошқарди. 2020 йилнинг май ойида Тоқаев унинг сенаторлик ваколатларини муддатидан олдин тўхтатди.

Кейинроқ Дариғани қуйи палатага депутат қилиб сайлашди.

Бироқ 12 январдан бери у парламент йиғилишларида кўринмаяпти. Матбуот хизмати Дариға коронавирус билан оғриб, даволаниш таътилида эканлигини айтди.

Қозоғистондаги бир неча ОАВ маълумотларига кўра, Назарбоева 2020 йилдан бери Қайрат Шарипбаев билан яшайди.

Шарипбаев ўша йили "Казахгаз" ширкати бошқарув раиси бўлган. У шу йил 15 январь куни лавозимидан озод қилинди.

Элбошининг ўртанча қизи Динара Кулибаева тадбиркорлик ва жамоат ишлари билан шуғулланади.

Унинг эри Тимур Кулибаев Forbes нашрининг Қозоғистондаги энг таъсирли тадбиркорлар рейтингида биринчи ўринда туради.

Сўнгги саккиз йилда у "Атамекен" тадбиркорлар миллий палатасини бошқарди. 17 январь куни ташкилот Кулибаев "ўз ихтиёри билан" лавозимни бўшатганини айтди. Ҳозирча у Қозоғистон Олимпия қўмитаси раҳбари лавозимини сақлаб қолмоқда.

Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева жамоатчилик фаолияти билан шуғулланади ва санъат соҳасида ишлайди. Алиянинг эри Димаш Досанов тўйдан сўнг нефть маҳсулотларини ташиш билан шуғулланувчи "КазТрансОйл" компаниясини бошқарди. 2021 йилнинг 15 январь куни лавозимидан айрилди.

Қариндош ва яқинлар

Самат Абишев Нурсултон Назарбоевнинг жияни бўлади. У Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (МХҚ) раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Тоқаев уни 17 январь куни истеъфога чиқарди.

Карим Масимов Назарбоевнинг ишончли одамларидан ҳисобланади. Улар кўп йиллар бирга ишлашган. Назарбоев кетиши арафасида Масимов Қозоғистон МХҚ раиси этиб тайинланди. Мамлакатда намойишлар бошланганидан 4 ўтиб. 6 январ куни у давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди.

Унинг укаси Нурлан Масимов сўнгги вақтгача Павлодар вилояти полиция бошлиғи сифатида ишлади. 17 январб куни унинг истеъфога чиққани айтилди.

Улар ҳозир қаерда?

Нурсултон Назарбоевнинг фарзандлари қаерда эканлиги ҳозирча номаълум. Улар декабр ойи сўнггидан бошлаб жамоатчиликка кўринмади. Вакилларининг айтишича, Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Олма-Отада. Аммо бунинг тасдиғи йўқ.

Назарбоевнинг кенжа қизи намойишлар ҳақида Инстаграмда бир нечта пост жойлади. Интернет фойдаланувчилари аккаунт эгаси Бирлашган Араб Амирлигида эканлигини аниқлади.

Инстаграм хизмати ускунанинг жойини автоматик тарзда аниқлайди ва уни "Аккаунт ҳақида маълумот" бўлимида кўрсатади.

Шундан сўнг Алия Назарбоева ўзининг Facebook ва Instgram лардаги саҳифаларини ўчириб ташлади.

Дариға ва Алия Назарбоевалар олдин Лондонда уй олгани маълум бўлганди.

Дариға ва ўғли Нуралига тегишли мулк 2019 йилда 100 миллион доллардан ошиқ нархга баҳоланган.

Telegraph маълумотларига кўра. Алиянинг уйи 10 миллион доллардан қимматроқ бўлган.

У яна Дубайда ҳам 14 миллион долларга кўчмас мулк сотиб олгани айтилади.

Бир версияга кўра, Динара Кулибаева ва эри Тимур Кулибаев Қирғизистонга кетган бўлиши мумкин.

kg24 сайти Flightradar24 сайтига таяниб 6 январь куни Бишкекка иккита хусусий самолёт учиб келганини ва улар Назарбоевлар оиласига тегишли эканлигини ёзди.

Bellingcat суриштирув гуруҳи намойишлар бошланганидан икки ўтиб, 4 январь куни Олма-Отадан Женевага учган Bombardier Challenger 604 хусусий учоғини кузатди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek