Нега тожикистонлик эркаклар экстремистлашмоқда?

QAbriston

Сурат манбаси, EPA

Тожикистон пойтахти Душанбе яқинидаги Маҳмадшой-Поён қишлоғидаги уйнинг бетон деворида икки табақали металл дарвоза турибди. Би-би-си етиб келганида дарвоза қулф экан.

Муҳаммадсобир Файзов шу ерда вояга етган. У март ойида Москвадаги Крокус Сити Холлга қилинган ва камида 144 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужумда айбланган тўрт нафар тожикистонликдан биридир.

Прокурорлар айтишича, ўша пайтда 19 ёшли Файзов бинога ўт қўйишдан олдин концертга келган томошабинларни пичоқлаб, уларга ўқ узган гуруҳда бўлган.

Эрон ва Истанбулдаги сўнгги ҳужумларда айбланаётганлар ва Европада террор ҳужумларини режалаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинганлар орасида тожикистонликлар ҳам бор.

Мутахассислар айтишича, ёш тожик фуқаролар Москвадаги ҳужум ортида турганини даъво қилаётган "Исломий давлат" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси бўлмиш Исломий давлат -Хуросон (ИД-Х)га жалб қилинмоқда. Лекин нима учун?

Файзовнинг оиласи биз келганимизда ОАВ билан гаплашишни истамади. Унинг онаси Тожикистон полициясига сўроққа чақирилган.

Унинг акаларидан бири кенжа фарзанд бўлган Файзов икки йил аввал Россияга кетгани ва Москва шимоли-шарқидаги Тейково шаҳрида сартарош бўлиб ишлаганини айтди.

У диндор эмаслигини айтади. Унинг бувиси бу ишлардан ҳайрон бўлиб, унинг футбол фанати эканлигини қўшимча қилади.

Масжидда имом Саидраҳмон Ҳабибовнинг тан олишича, у диндорга ҳам ўхшамасди.

Бу оила маҳаллий аҳолига яхши таниш: Файзовнинг отаси маҳаллий мактабда рус тилидан дарс берган, онаси эса кутубхоначи бўлган.

xarita

Мактаб директори Абдулазиз Абдусамадовнинг айтишича, у математикани яхши кўрар, шифокор бўлишни орзу қиларди.

"Мактабни тугатгандан кейин у кўп ўзгармаганди, унинг бундай иш қилганига ишониб бўлмайди", дейди у.

32 ёшли Далержон Мирзаев айбланаётган тўрт нафардан яна бири. У турмуш ўртоғи ва тўрт фарзанди билан Душанбе яқинидаги яна бир қишлоқ - Галахонда яшаган. "У ҳатто товуқ сўёлмасди, чумолига ҳам озор бермаган", дейди онаси Гулракат.

Ўн йил давомида Мирзаев йилига олти ой Россияда ишлаган, яқинда Новосибирскда такси ҳайдаган, дейди Би-би-сига унинг оиласи.

Унинг акаси Равшанжон ҳам экстремизмда айбланмоқда. Оиланинг айтишича, 2016 йил охиридан бери, у ҳам Россияга кетганидан бир неча ой ўтиб, дом-дараксиз кетган.

Тожикистон расмийлари у Суриядаги "Исломий давлат" сафида жанг қилиш учун кетганини даъво қилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, у 2020 йилда ўлдирилган.

Москвадаги ҳужум иши бўйича яна икки айбланувчи - 30 ёшли Саидакрам Ражабализода ва 25 ёшли Фаридуни Шамсидин ҳам Душанбе яқинида яшаган.

Ражабализода 18 ёшидан бери Россиядаги қурилишларда ишлаган. Унинг амакиси Би-би-сига айтишича, иммиграция қоидаларини бузгани учун унга беш йилгача мамлакатга кириш тақиқланган ва фақат январь ойида қайтиб келган.

Шамсидиннинг яқин қариндошлари Би-би-си билан гаплашишни исташмади, бироқ қишлоғидаги одамлар бизга иш излаш учун Россияга боришдан олдин новвойхонада ишлаганини айтишди.

iqtibos

Қариндошларининг айтишича, у ноҳақ айбланиб қамоқда ўтирган. Маҳаллий аҳоли айтишича, у жинсий зўравонлик учун қамалган.

Тўрт киши судга келганида, Мирзаев ва Ражабализоднинг кўзлари қорайиб кетган, Шамсидиннинг юзи қаттиқ шишиб кетган эди.

Файзов ногиронлар аравачасида, афтидан, ҳушига келмаган, катетер қопчаси кўриниб турарди. Унинг кўзлари юмилган эди, лекин улардан бири яраланган ёки ўйиб олинган кўринарди.

Шафқатсиз терговлар акс этган видеолар кейинроқ Telegram'да эълон қилинди. Улардан бирида Ражабализода қулоғининг бир қисми кесиб, оғзига тиқилгани, фотосуратда эса Шамсидин электр токи билан қийноққа солингани кўрсатилган.

Ўғиллари Ироқ ва Сурияда ИД сафига қўшилган тожикистонлик оилалар кўпинча: "У яхши бола эди, диндор эмасди ва ҳеч қачон муаммо чиқармаган" дейишади", дейди Техас А&М университетининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Эдвард Лемон.

Унинг фикрича, иқтисодий, сиёсий ва тарихий омиллар тожикистонлик ёшларни экстремистик гуруҳлар даъватига суяксиз қилиб қўйган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон сўнгги нутқида ижтимоий тармоқлардаги "экстремистик тарғибот" сўнгги ўн йил ичида ИД ва бошқа қуролли гуруҳлар сафига қўшилаётган ёшлар сони кўпайишига олиб келганини айтди.

Бу вақт ичида мингдан ортиқ Тожикистон фуқаролари хорижий давлатлардаги қуролли тўқнашувларда қатнашиб ҳалок бўлган, яна минглаб фуқаролар бедарак йўқолган, дейди у.

ИД 2014 йилда Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудларини эгаллаб олди ва ўзининг шафқатсизлиги, жумладан, қирғин, одам ўғирлаш ва бошкесарлик кабилар билан машҳур бўлди.

2019 йилдаги мағлубиятдан сўнг ИД-Хуросон янги ёлланганларни жалб қила бошлади. Хуросон ҳозирги Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиёнинг бир қисмини қамраб олган қадимий ҳудудни билдиради.

Ёш тожикистонликларга таъсир қилувчи омиллардан бири бу мамлакатнинг расмий дини сифатида эътироф этилган ва тожикистонликларнинг катта қисми мусулмон бўлишига қарамай, исломнинг қатъий тартибга солингани бўлиши мумкин.

1992 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Ислом Уйғониш партияси (ИУП) бошчилигидаги мухолифат ва Раҳмон бошчилигидаги ҳукумат ўртасида шафқатсиз фуқаролар уруши бошланди.

gumonlanuvchilar

Сурат манбаси, Reuters

1997 йилдаги тинчлик келишувидан кейин у президент бўлиб қолди, лекин ИУП тобора кучайиб бораётган босим ва маргиналлашув остида қолди. Ҳукумат уни 2015 йилда террорчи ташкилот деб эълон қилди.

Бугунги кунда Исломнинг сиёсий шакллари бутунлай тақиқланган. Давлат масжидларидаги имомлар маошларини ва жума хутбаларини тўғридан-тўғри ҳукуматдан олади.

Кўп йиллар давомида, соқол қўйиш каби норасмий равишда тақиқланганидан кейин май ойида ҳижоб ўраш расман тақиқланди.

Ҳукумат, шунингдек, 2006 йилни "Орий цивилизацияси йили" деб эълон қилиб, тожикларнинг исломгача бўлган аждодлари тасвирланган плакатлар билан кўчаларни безатди. Президентнинг ўзи фамилиясини русча «Раҳмонов»дан тожикча «Раҳмон»га ўзгартирди.

2015 йилда жаноб Лемон ўз мақоласида ҳукуматнинг "динга бўлган репрессияси" "кўпроқ фуқароларни радикал гуруҳлар қўлига топшириб юборишга хизмат қилди" деган хулосага келганди.

Унинг айтишича, тожик исломий жангарилари таржимаи ҳоли ўрганилганда "бегоналик, маргиналлашув ва заифлик уларни Сурия ва Ироққа кетишга қизиқтиргани" аниқланди.

Бугунги кунда кўплаб тожикистонлик ёшлар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мустақил, сиёсийлашган ва кўпинча радикал даъватларни давлат назоратидаги Ислом ёки орий тарихидан кўра жозибадорроқ деб билади.

Тожикистондаги исломий блогерлар миллионлаб ўқувчига эга ва улар ҳиссий масалалар, жумладан, Ғазо сектори, Исроил ва ХАМАС ўртасидаги урушни муҳокама қилишади.

Уларнинг энг радикаллари президент Раҳмонни "дин душмани" деб атайди.

Қашшоқлик ҳам омиллардан бридир. Крокус Сити айбланувчиларининг тўрттаси ҳам уйга юбориладиган пулга қарам оилаларини боқишган.

Тожикистон Марказий Осиёдаги энг қашшоқ давлат бўлиб, юз минглаб тожикистонликлар Россияга иш излаб кетади, кўпинча рўйхатдан ўтмасдан, оғир меҳнат шароитларига чидаб ишлайди.

Ёшлар елкасига оғир юк тушади ва кўплаб меҳнат муҳожирлари таскин топиш учун динга мурожаат қилади, дейди жаноб Лемон.

Бу уларни экстремистик даъватлар олдида ҳимоясиз қолдиради.

Март ойида ИД ўзининг тарғибот-ташвиқот журнали - "Хуросон овози"нинг биринчи тожикча версиясини Telegram'да чоп этди.

"Сиз шаҳид бўлишни хоҳлайсизми?" деб сўрайди у.

Журнал президент Раҳмонни «шайтон» (иблис) деб атаган ва унинг "худосиз тузуми"ни "исломга хиёнат" дея танқид қилган.

Расмлардан бирида Раҳмон Россиянинг қўғирчоғи сифатида тасвирланган, у ҳам Афғонистон, Чеченистон ва Суриядаги урушларда бегуноҳ мусулмонларни ўлдиришда айбланган.

Жаноб Лемон ва унинг ҳамкасблари Тожикистондан "Исломий давлат"га ёлланганлар ҳақида маълумотлар тўплайди.

Уларнинг аксарияти Россияда ёлланган ва кейин чет элдаги базаларга жўнатилган меҳнат муҳожирлари, аммо улар орасида ўрта тоифадаги эркаклар, тиббиёт талабалари ва ҳукумат амалдорларининг фарзандлари ҳам бор.

Улар кўпинча Афғонистонда бўлишади. Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти огоҳлантиришича, Афғонистон шимоли, Тожикистон билан чегара яқинида экстремистларни тайёрлаш лагерлари тармоғи кучайган.

Тожикистонликларнинг катта қисми мусулмонлар, аммо ҳижоб таъқиқланган ва соқол қўйиш қатъиян ман этилади.

23 июнь куни Россия Доғистонида икки черков ва синагогга қилинган ҳужумларда исломий экстремистлар айбдорми, деган тахминларни урчитди.

Лекин ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Россия расмийларига кўра, беш нафар ҳужумчи, жумладан, Доғистоннинг Сергокалинский тумани раҳбарининг уч нафар қариндоши ўлдирилган.

Бироқ, хавотирлар Россиядан ташқарида кучаймоқда. Крокус ҳужумидан кейин ИД-Х Лондон, Мадрид, Париж ва Рим фотосуратларига қараган одам акс этган расмни чоп этди. "Москвадан кейин ким бор?" деб ёзилган унда.

Ўтган июль ойида Германия ва Голландия агентлари Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан бўлган бир неча эркакни ҳужумларни режалаштирганликда гумон қилиб ҳибсга олган эди. Декабрь ойида Германияда Тожикистон фуқароси янги йил арафасида Кёльн соборига ҳужум уюштиришни режалаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Москвадаги терактдан сўнг Франция террор таҳдиди даражасини «истисноли» даражага кўтарди ва 45 га яқин давлатдан хавфсизлик бўйича мутахассисларни Париж Олимпиадасида хавфсизликни таъминлашга ёрдам беришга чақирди.

НАТОнинг Европадаги собиқ олий қўмондони, адмирал Жеймс Ставридис Крокусга қилинган ҳужумни "дунёга огоҳлик қўнғироғи" деб таърифлаб, бу хавфга қарши курашиш учун АҚШни Россия, Хитой ва ҳатто Афғонистондаги «Толибон» ҳаракати билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Аммо Украинадаги уруш бу ҳамкорлик эҳтимолини камайтиради, камига Москва Крокус Сити Холлга ҳужум Киев томонидан уюштирилганлигини таъкидламоқда.

Тўрт нафар тожикистонлик айбланувчи биринчи марта судга келтирилганидан сўнг, май ойида яна камера қаршисига чиқди.

Уларнинг барчаси ҳужум Украинада режалаштирилганини айтди, бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қийноқлар мавжудлигини ҳисобга олиб, уларнинг кўрсатмаларини ишончли деб ҳисобламаслик керак, дейди.

Тожикистон ташқи ишлар вазири, шунингдек, ҳибсга олинганларга нисбатан муносабат ва унинг мамлакати ва фуқаролари ҳақида "салбий таассурот" яратилаётганидан хавотир билдирди, дея хабар беради минтақавий ОАВ.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Пресков улар қийноққа солингани ҳақидаги саволга изоҳ беришдан бош тортди.

Уларнинг суд муддати ҳали белгиланмаган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002