Қозоғистон ўликларни суд қилмоқда Dunyo Yangiliklar

Қуролланган Қозоғистон хавфсизлик кучлари ходимлари ёндирилган ва ағдарилган енгил автомобиль олдида

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Айсимбат Тоқоева
    • Role, Би-би-си

Қозоғистон 2022 йил январь ойида бўлиб ўтган кенг кўламли намойишлар қатнашчиларини ҳамон таъқиб қилмоқда. Ҳатто жабрланганлар - тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувлар пайтида ҳалок бўлганларга нисбатан ҳам жиноят ишлари қўзғатилган. Жорий йил ёзида Олмаота ва Тараз судлари бир нечта шов-шувли ишларни кўриб чиқди - уларда 9 нафар марҳум айбдор деб топилди ва фақат биттаси оқланди. Халқ бу судларни "арвоҳлар судлари" деб атамоқда.

34 ёшли Шингис Тастанбеков 2021 йил декабрь ойида Қозоғистоннинг Абай вилоятидаги қишлоқда қурилаётган уйга эшик сотиб олиш учун ишлагани Олмаотага келган. У ота-онаси учун уй қуришни, кейин эса уйланиб, оилали бўлишни орзу қилган.

5 январь куни эрталаб соат 7 да унинг қариндошлари унга ҳол-аҳвол сўраш учун қўнғироқ қилишди: хабарларда Олмаотадаги тинч митинглар қандай қилиб катта норозилик намойишлари ва тартибсизликларга айлангани ҳақида гапирилаётган эди.

Алоқадор мавзулар:

Шингис қариндошларини ишонтиришга уринди, шаҳарда хавфли ҳеч нарса содир бўлмаётганини айтди.

"У иродали, эл-юртини севадиган йигит эди. Онам ундан ҳеч қаерга бормасликни илтимос қилганди. [Телефон орқали] қичқириқлар, шовқинлар, ҳуштаклар эшитилди. Унинг айтишича, ҳеч қандай даҳшатли нарса юз бермаяпти ва одамлар оломон бўлиб, мадҳия куйламоқда. 5 куни эрталаб соат 10 дан кейин у билан боғлана олмадик", дейди синглиси Шинар Тастанбекова.

Шингисни қидириб, оила Олмаотадаги барча қариндошларига қўнғироқ қилишди. 10 январь куни кечқурун унинг синглисига ҳуқуқ-тартибот органларидан қўнғироқ қилишган ва жасад шахсини аниқламоқчи эканликларини айтишган.

Тастанбекованинг таъкидлашича, унинг акаси погромлар ва давлат муассасаларига ҳужумда иштирок этмаган. Унинг сўзларига кўра, Шингис намойишчиларни қўллаб-қувватлаш ва шу орқали "халқ орзу-умидларини ҳокимиятга етказиш" учун тинч намойишга чиққан. Аммо расмийлар буни бошқача кўрди.

Мустақил Қозоғистон тарихидаги энг йирик норозилик намойишлари

2022 йил 2 январь куни Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен нефть шаҳарчасида газ нархи ошишига қарши тинч митинглар бошланди. Қозоғистонликлар ўз ерларида қазиб олинадиган ёқилғи икки баробар қимматлашганидан норози эди.

Кейинги кунларда митинглар мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалди. Энди намойишчилар бошқа муаммоларни ҳам кўтара бошладилар.

5 январга ўтар кечаси тинч намойишлар ҳукуматга қарши ҳаракат ва погромларга айланди - Қозоғистоннинг бир қанча шаҳарларида давлат муассасаларини эгаллаб олишга уринишлар бўлди. Олмаота тартибсизликлар ва талон-тарожлар марказига айланди, бу вақт давомида ҳокимлик, президент қароргоҳи, полиция бўлими бинолари ёқиб юборилди, халқаро аэропорт эгаллаб олинди.

Намойишларнинг дастлабки кунларида Қозоғистон хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли гранаталар ва резина ўқлардан фойдаланди. Бироқ 5 январь куни Олмаотадаги Республика майдони ва унга туташ президент қароргоҳида отишма бошланди. Намойишчилар айтишича, оломон орасида қуролли гуруҳлар пайдо бўлиб, тартибсизликлар чиқарган, биноларни эгаллаб олган.

Олмаота шаҳрининг ўт қўйиб юборилган ҳокимлик биноси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Олма-ота шаҳрининг ўт қўйиб юборилган ҳокимлик биноси

Эртаси куни бутун мамлакат бўйлаб "антитеррор операцияси" бошланди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев хавфсизлик кучларига "жиноятчилар ва қотилларни" огоҳлантирмасдан отиб ўлдиришни буюрди. Айни вақтда ҳарбийлар Олмаотага етиб келган ва, гувоҳлар айтишича, намойишчилар ва ҳатто оддий ўткинчиларга қарата ўқ узган.

Умуман олганда, расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар вақтида 238 киши ҳалок бўлган, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари қурбонлар сони кўплигини айтадилар. Расмийлар хавфсизлик кучлари тинч аҳолига қарата ўқ узганини тан олмайди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг Олмаота ва бошқа шаҳарларида давлат муассасалари, президент қароргоҳи, дўконлар ва бошқа биноларга уюштирилган қуролли ҳужумларда 92 киши ўлган. Тергов бошқа жабрланувчиларнинг ўлими ҳолатларини ҳозирча ошкор қилмаган.

Минглаб жиноят ишлари

Январь воқеалари натижасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан беш мингдан ортиқ жиноят иши қўзғатилиб, 1200 дан ортиқ шахс судланган.

Шу билан бирга, оммавий тартибсизликлар ва терроризм бўйича ишлар ҳатто ўлганларга нисбатан ҳам очилган - 34 ёшли Шингис Тастанбеков Олмаотада худди шундай ишда айбланувчига айланди.

Шингис Тастанбековнинг оилавий архивдан олинган фото сурати

Сурат манбаси, Тастанбеков оилавий архиви

Расмийларга кўра, у тартибсизликларда иштирок этган ва иш бўйича яна тўрт нафар айбланувчи - улар ҳам намойишлар пайтида ҳалок бўлган - давлат муассасалари - президент қароргоҳи ва шаҳар маъмуриятига ҳужум қилган. Жорий йил июнь ойида апелляция суди айблов ҳукмини ўз кучида қолдирди. Ҳеч қандай жазо йўқ эди - "айбланувчиларнинг ўлими муносабати билан".

Тастанбековлар оиласи адвокати Жақсилиқ Долда Шингиснинг айбсизлигини таъкидлаб, ишни сиёсий деб ҳисоблайди.

У иш бўйича тергов жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликларни тилга олади - масалан, айбдорлик исботи сифатида Тастанбеков оломон орасида тургани тасвирланган видео парчаси кўрсатилган.

"Жиноят-процессуал кодекси меъёрларига кўра, улар бизга босқичма-босқич ва эпизод бўйича эмас, балки бутун видеони кўрсатишлари керак. Видеолар таҳрирланган - улар узилган, маълумотлар тўлиқ эмас. Агар бу воқеани тўлиқ кўрсатганларида, эҳтимол Тастанбековнинг уйига кетаётганини кўрган бўлардик. Ишга ўзлари учун фойдали бўлган парчани бириктирдилар. Ҳаммаси нотўғри", дейди Долда.

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, тергов Тастанбековнинг шахсини аниқлаш ва кадрлардаги айнан у эканини исботлаш учун фотоэкспертиза ўтказмаган.

"Ушбу видеоларда унинг бирор нарса билан қуроллангани ёки ҳатто қуруқ қўллари билан бинолар ва полицияга ҳужум қилгани тасвирланган бирорта ҳам парча йўқ. Жиноят кодексининг 272-моддасига (оммавий тартибсизликлар) кўра, уни оқлаш мумкин эди", деб ҳисоблайди адвокат.

Унинг қўшимча қилишича, иш бошида унинг мижози ҳам террорчилик ва давлат муассасаларига ҳужум қилишда айбланган, бироқ тергов далиллар йўқлиги сабабли бу айбловларни олиб ташлаган.

Марҳумнинг опаси Шинар Тастанбекова акасининг иши бўйича маълумотлар бир-бирига зид эканлигини таъкидлайди.

Йўлни тўсиб олган Қозоғистон хавфсизлик кучлари ходимлари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Норозилик намойишлари 13 январга бориб бостирилди

"У 5 январ куни президент қароргоҳида [Олмаотадаги] ўлдирилган, дейишади. Бошқа [материалларда] унинг жасади 7 январь куни бутунлай бошқа жойда: Сатпаев кўчасидаги савдо уйи ёнидан топилгани ҳақида ёзишади. Суд буни инобатга олмайди, ҳаммаси ёлғон кўрсатмаларга асосланган", дейди Шинар.

Унинг айтишича, терговчи уларнинг оиласи билан "савдолашиб", айбига иқрор бўлишга имзо чекишни таклиф қилган, бироқ рад жавобидан кейин у таҳдид қилишга ўтган.

"Судга қадар тергов якунлангани эълон қилинганда, улар қариндошларига Тастанбеков оммавий тартибсизликлар иштирокчиси эканлиги ҳақида тилхат ёзишни таклиф қилишган. Кейин одам ўлими муносабати билан бу иш тўхтатиларди. Улар "Агар рад қилсангиз, ишни судга олиб чиқамиз" деб айтишган", дейди адвокат.

Қариндошлари унинг айби исботланмагани ва у қонунга хилоф иш қилмаганини айтиб, тилхат ёзишдан бош тортган.

Би-би-си Қозоғистон Бош прокуратурасига изоҳ бериш учун сўров юборган ва жавобни кутмоқда.

Намойишчиларга ким ўқ узди?

2022 йил январь ойида Шингис Тастанбеков вафоти муносабати билан Олмаота Ички ишлар департаменти қотиллик моддаси бўйича терговга қадар текширув бошлаган эди. Бироқ адвокат Жақсилиқ Долданинг айтишича, материаллар Бош прокуратурага юборилган ва якунда оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик ишига у ҳам тиркаб қўйилган.

Икки иш - қотиллик ва оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ҳақидаги иш қўшилгач, Тастанбековнинг ўлими факти текширилмади. "Бу қотиллик иши автоматик тарзда ёпилди. Бу ердаги асосий қонунбузарлик шундаки, расмийлар [Тастанбеков] қачон, қаерда ва нимадан вафот этганини текшириб кўрмаганлар", дейди Долда.

Адвокат таъкидлашича, жасадни биринчи кўздан кечириш чоғида полиция баённомада Шингиснинг танасида ўқ тешиб ўтган жароҳат ва болдир қисмида куйиш излари борлигини кўрсатган.

"Аммо суд-тиббий экспертиза хулосасида куйиш белгиси бўлмаган ҳолда ўқдан жароҳат олгани ёзилган. Мен судгача масалани кўтариб, қандай куйиш эканлигини текширишни сўрадим. Балки қийноқлар пайтида ўлдирилгандир? 7 январь куни ҳамма ҳибсга олиниб, кетма-кет қийноққа солинган. Судья бунга муносабат билдирмади. Энди биз [қотиллик бўйича] ишни қайта очолмаяпмиз, чунки у апелляция инстанциясида кўриб чиқилган", дейди адвокат.

Олмаота яшовчиси бўлган эркакнинг автомобилига келиб теккан ўқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Олма-ота яшовчиси бўлган эркакнинг автомобилига келиб теккан ўқ

Қозоғистон Бош прокуратураси ҳуқуқ-тартибот идоралари тартибсизликлар бўйича ҳибсга олинганларнинг бир қисмини қийноққа солганини тан олди. Мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучлари томонидан қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 203 та жиноий иш очилган.

Долда Тастанбековни тепада турган одам отган, деб тахмин қилмоқда, чунки ўқнинг траекторияси юқоридан пастга бўлган - ўқ кўкрак қафасидан ўтиб, елка кураги остидан чиқиб кетган. Бу иш бўйича бошқа судланувчиларнинг ўлими фактлари ҳам ўрганилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, қурбонларнинг аксарияти ўқ жароҳатларидан вафот этган. Бироқ намойишчиларга аниқ ким ўқ узгани ҳозирча номаълум, чунки ўлим фактлари бўйича тегишли текширув ўтказилмаган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам бу ҳақда гапириб, Қозоғистонни январь воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирмоқда.

2022 йил январь ойи охирида президент Касим-Жомарт Тоқаев терговга халқаро экспертларни жалб этишга ҳожат йўқлигини - маҳаллий телеканалга берган интервьюсида "ўзимиз ҳал қила оламиз", деди.

Бироқ, "Власт" ёзганидек, 2023 йил июнига келиб, ўлимда айбланган бор-йўғи 12 киши судланган эди. Ўлими тергов қилинганлар орасида Қозоғистон Миллий университети ректорининг ўғли ҳам бор.

Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, 40 дан ортиқ ўлим ҳолатлари тўхтатилган ёки махфийлаштирилган. Шу билан бирга, август ойи бошида Чимкент суди фарзандларига қарата ўқ узган ва бунга буйруқ берганларни жазолаш талаби билан ҳокимликка борган икки нафар маҳаллий аҳолига 10 суткагача қамоқ жазоси тайинлаган эди.

"Уларда исбот йўқ"

Шингис Тастанбеков Олмаотадаги оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбдор деб топилган олти кишидан биридир. Яна икки нафари Қизилўрдада, етти нафари эса Таразда судланган.

Таразда ота-оналар ҳам фарзандларининг ўлдирилиши ҳақидаги расмий версияга ишонмаяпти, дейди журналист ва суд кузатувчиси Есдаулет Қизирбекули.

"Суд бошиданоқ терговчилар томонида эди. Суд ҳимоячининг ўлдирилганларга нисбатан сохта далил келтирилгани ҳақидаги важларини инобатга олмади. [Терговда] ҳеч қандай аниқ далил йўқ эди. Аммо суд марҳумни айбдор деб топди", дейди Қизирбекули.

Апелляция шикояти давомида вилоят суди шунга қарамай ўлдирилган беш нафардан бири, 18 ёшли Нурсултон Куатбоевни айбсиз деб топди. Тергов изоляторида ёпиқ эшиклар ортида ҳукм ўқилди - шундан сўнг судьялар айбланувчиларнинг қариндошларига тушунтириш бермасдан бинолардан "қочиб кетишди".

Ўтган йил октябрь ойида 17 ёшли Андрей Опушиев ҳам оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, ўлимидан сўнг судланган эди. Опушиев ҳам ўқ жароҳатидан ҳалок бўлган - орқадан отилган ўқ кўкрагини тешиб ўтган. Бундан ташқари, ўсмирнинг жағи, тишлари, бармоқлари ва чап оёғи синган. Марҳумнинг оиласи ҳуқуқ-тартибот идораларини унинг қотиллик ҳолатларини ўрганишга ундай олмади.

Шингис Тастанбековнинг онаси ва жияни билан бирга тушган оилавий фото сурати

Сурат манбаси, Tастанбеков оилавий архиви

Сурат тагсўзи, Шингис Тастанбеков онаси ва жияни билан

Қозоғистон қонунчилигига кўра, дейди адвокат Жақсилиқ Долда, оқланган тақдирда оммавий тартибсизликларда айбланаётганларнинг оилаларига давлат товон пули тўлаши керак.

"Менимча, давлат ана шунинг олдини олиш учун уларнинг барчасини ҳукм қилишни талаб қилмоқда. Тастанбеков биноларга ҳужум қилмаган, хавфсизлик кучлари билан тўқнашмаган. Уларда бунга далиллар йўқ. У шунчаки намойишчилар орасида юрган ва шунинг учун судланган эди", дейди Долда.

Марҳумнинг синглиси Шинар Тастабенкова акасининг ўлдирилишида Қозоғистон расмийлари айбдор, деб ҳисоблайди.

"У жуда ҳалол, меҳрибон, самимий эди, - деб эслайди Шинар акаси. - Шингис бизнинг қалъамиз эди, у юлдуздек порлади, афсуски, тез ўчди. Бу дард билан умримиз охиригача яшаймиз, ота-онам йиғласа, ўзимга жой тополмайман. Улар суянчиқсиз қолишди".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002