Қонли январь Қозоғистонни қандай ўзгартирди? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Pavel Pavlov/Anadolu Agency via Getty Images
- Author, Наргиза Рисқулова
- Role, Би-би-си, Олма-ота
- Ўқилиш вақти: 11 дақ
2022 йил бошланиши замонавий Қозоғистон тарихига "Qandy Qantar" - қонли январь сифатида кирди. Газ нархи ошишидан қўзғалган норозилик тезда бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши минглаб намойишларга айланди; тинч намойишларнинг бир қисми тартибсизликларга айланиб, шафқатсизларча бостирилди. Орадан бир йил ўтиб, воқеалар қандай бўлгани ва нима учун шундай бўлгани ҳақида ишонарли изоҳ йўқ ҳамон, аммо ҳамма бир нарсада якдил: январь воқеалари мамлакатнинг сиёсий манзарасини тубдан ўзгартирди ва кўплаб қозоғистонликлар учун «олдин» ва «кейин»га ажратиб айтиладиган муҳим воқеа бўлди.
Янги йилнинг еттинчи куни Мелдехонлар оиласида озиқ-овқат тугай бошлади. Ўшанда Олмаотадаги норозилик намойишлари деярли тўхтаган, телевидение орқали шаҳарда тартиб ўрнатилгани айтилганди. Аммо ҳали ҳам интернет йўқ ва дўконларда фақат нақд пул қабул қилаётганди.
Алоқадор мавзулар:
Ул бул нарса олиб келгани дўконга тўрт бола чиқди - иккита кичиги катталарига эргашди. Улар шаҳарнинг деярли ярмини айланиб чиқишга мажбур бўлишди - қаердандир нон, қаердандир тагликлар топишди. Уйга қайтаётиб, Сейфулин ва Сатпаев кўчалари чорраҳасидан улар Республика майдони - Олмаотанинг бош майдони томон бурилишди. Ўша ерда уларнинг машинасига қарата ўқ уза бошладилар.
Катта ўғил 18 ёшли Айдар ортига ўгирилиб кетмоқчи бўлди, бироқ отишма кучайди. Кейинроқ машинада нақ 20 га яқин ўқ тешиги ҳисобланган.
Жароҳатланган болалар машинадан тушиб, энг яқин шифохонага бир амаллаб етиб боришга муваффақ бўлишди. Ота шифохонага етиб борганида, тўнғич қизи еттита ўқ жароҳати билан реанимацияда ётган эди. Энг кичиги - 4 ёшли Айкоркем аллақачон вафот этган эди.
Ойдос Мелдехон болаларни харид қилишга юбораётганда, ўша куни эрталаб мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев огоҳлантирмасдан ўлдиришни буюрганини билмасди.

Сурат манбаси, ALEXANDR BOGDANOV/AFP via Getty Images
"Хорижда томонларни муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш учун музокара олиб боришга чақиришмоқда. Қандай сафсата. Жиноятчилар, террорчилар билан қандай музокара олиб бориш мумкин?" деганди Токаев ўз мурожаатида.
Январь ойидаги норозилик намойишларининг дастлабки беш кунида расмийлар риторикаси бефарқлик ва ёқилғи нархини қисман пасайтиришдан тортиб, давлат тўнтаришига уриниш ҳақидаги баёнотлар ва айрим шаҳарларда тажовузкор бўлиб кетган намойишларни зўравонлик билан бостиришгача ўзгарди. "Ҳокимият қуламайди!" деди Токаев.
Бундай кескин муносабат Қозоғистонда кўпчиликни ҳайратда қолдирди: Токаев президент бўлган уч йил давомида у ҳеч қачон қаттиққўллик кўрсатмаган. Собиқ дипломат ва ташқи ишлар вазири бўлган Токаев 2019 йилда бўлиб ўтган муддатидан олдин президентлик сайловларида мамлакатни совет давридан бери бошқариб келаётган президент Нурсултон Назарбоевнинг кўмаги билан ғалаба қозонди.
Қозоғистонда кутилмаганда етакчиликни қўлга олган Токаев кўпинча Назарбоевнинг қўғирчоғи сифатида кўрилган, сиёсатшунослар эса уларнинг муносабатларини Владимир Путин ва Дмитрий Медведев тандеми билан солиштирган эди. Президентликдан кетгач, Назарбоев Хавфсизлик Кенгаши ва ҳукмрон партия раҳбари мақомини сақлаб қолди, камига сиёсий дахлсизлик ва «Элбаси» - халқ отаси унвони ҳам бор эди. Токаевнинг президент сифатидаги биринчи қарорларидан бири мамлакат пойтахти Остона номини Нур-Султон деб ўзгартириш бўлганди.

Сурат манбаси, STR/AFP via Getty Images
Аммо 2022 йил январида Токаев мисли кўрилмаган шаклда мустақил ҳаракат қилди - президент ҳукуматни тартибсизликларга йўл қўйганликда айблаб, уни истеъфога чиқарди, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари ва Назарбоевнинг яна бир қанча шерикларини ҳибсга олди. Токаев ёрдам сўраб Москва бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ бўлган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилди. КХШТ Қозоғистонга 3600 га яқин ҳарбий юборди, асосан Россиядан.
13 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинди. Расмий маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда 238 киши, жумладан, 19 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган. Ярадорлар сони, турли маълумотларга кўра, бир неча юздан бир неча минггача боради.
"Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларида бу вазиятда ягона ҳаракат алгоритми, режаси йўқ эди. Чалкашлик бор эди, буни очиқ тан олишим керак. Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари масъулиятни ўз зиммаларига олишдан қўрқишди, - деди Токаев кейинроқ интервьюда. - Яъни, бу ҳақиқий уруш эди, мен масъулиятни ўз зиммамга олишим керак эди."
Айкоркем нафақат намойишчилар ва хавфсизлик кучлари, балки тасодифан майдонга тушиб қолган аёллар, пенсионерлар ва болаларнинг ҳаётига зомин бўлган қонли январь қурбонларининг энг ёши эди. Прокуратура маълумотларига кўра, 20 киши "тасодифан отишма остида қолган". Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу рақамни кам деб ҳисоблашади. Эҳтимол, баъзи қариндошлар бу ҳақда хабар бермасдан ўз яқинларини дафн этган. Январь воқеаларида қанча одам ҳалок бўлди, ҳозир аниқлаш қийин.
"Улар ўлим келтиришди"
Айкоркем отасининг суюклиси эди: у туғилганда Ойдос қирқ ёшда эди. Отаси унга оиланинг барча аъзоларидан энг яхши хислатлар ўтганини, у қайси хонага кирса, уни чароғон қилганини айтади.
Ойдос телефони экранида Айкоркемнинг ўлимидан беш кун олдин, 2 январь куни олинган сўнгги сурати туради. Қизча нафис кўйлакда камера олдида, отаси у суратга тушишни ва рақсга тушишни яхши кўрганини эслайди.

Сурат манбаси, Meldekhan family archive
Олмаотадан 3000 километр ғарбда, бошқа кўплаб қозоғистонликлар сингари Мелдехонлар оиласи ҳам янги йил бешбармоғи ва зайтун таомларини еб бўлган куни одамлар суюлтирилган газ нархини пасайтиришни талаб қилиб кўчаларга чиқди: 1 январдан буён улар икки баравар қимматлаганди.
Намойишлар Жанаўзен шаҳрида бошланди - бу ер барча қозоғистонликларга 2011 йилда нефтчиларнинг оммавий норозилик намойишлари ўтган жой сифатида маълум. Улар ҳам ҳарбийлар томонидан шафқатсизларча бостирилганди, 17 киши ҳалок бўлиб, юзлаб одамлар яраланганди.
2022 йилда, норозилик билдириш бошланганидан икки кун ўтиб, намойишлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларини қамраб олди: одамлар камида 16 та аҳоли пунктида митингларга чиқди.

Сурат манбаси, RUSLAN PRYANIKOV/AFP via Getty Images
Намойишчиларнинг талаблари энди ёқилғи нархини пасайтириш билан чекланиб қолмади. Улар ижтимоий ва иқтисодий адолат, сиёсий ислоҳотлар, иш ҳақи ва пенсияларни ошириш талабларини ҳам билдира бошлади. Намойишчиларнинг ягона якдил талаби Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятдан бутунлай кетиши эди.
Ўша кунлардаги энг машҳур шиор "Чол, кет" бўлди, бу коррупция, қонунбузарлик ва қашшоқликдан чарчаган қозоғистонликлар кайфиятини акс эттирган. Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг йирик ва энг бой давлатдир, аммо KPMG аудит компанияси тадқиқотига кўра, 2019 йилда миллий бойликнинг ярми атиги 162 кишига тегишли бўлган.
Мамлакат ғарбидаги шаҳарлардан ташқари ёйилгач, норозиликлар янада тажовузкорлашди. Олмаотада полиция билан тўқнашувлар бошланди, 5 январга ўтар кечаси намойишчилар машиналарни ёқиб юбора бошлади. 5 январь куни тушдан кейин оломон шаҳар мерияси биноси, собиқ президент қароргоҳи ва бошқа бир қанча биноларга бостириб кирди.

Сурат манбаси, PAVEL MIKHEYEV/Reuters
Расмийлар мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди, мобил алоқа ва интернетни ўчириб қўйди. 6 январь куни КХШТ қўшинлари Қозоғистонга кирди.
Нега норозилик намойишлари шунчалик тез кенгайиб кетди ва қандай қилиб тинч намойиш тартибсизликларга айланди - бу саволга ҳозирча ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди. Айримлар намойишлар ортида Назарбоевга содиқ махсус хизматлар турганини айтса, бошқалар шу йўл билан Токаев ўзидан олдинги раҳбардан қутулганини айтади. Яна айримлар эса Қозоғистонда ҳокимият алмашувидан баъзи ташқи кучлар манфаатдор бўлганлигини айтса, бошқалар уюшган жиноий гуруҳлар намойишлардан фойдаланган дейди.
Аммо ҳамма бир нарсада ҳамфикр: намойишчилар орасида оддий қозоқлар ҳам, дўконларни талон-тарож қилган, маъмурий биноларга бостириб кириб, ўт қўйган пичоқ, таёқ ва ов милтиғи кўтарган одамлар ҳам бор эди. Кўпчилик уларни провокаторлар эди дейди.
Ойдоснинг айтишича, қизи ўлимидан олдин содир бўлаётган воқеалар кўлами ва оқибатларини англамаган. 4 январь куни у ҳатто энг яқин полиция бўлимига бориб, ўз ёрдамини таклиф қилган, бироқ улар унга шунчаки раҳмат айтиб қўйишган.
"Мамлакатда аввал ҳам тартибсизликлар бўлган, одатда улар тезда бостириларди, мен ҳокимиятга тўлиқ ишонардим ва 4-куни телевизорда шаҳар кўчаларида ҳарбийлар ва полициячиларни кўрганимда, шаҳарнинг ўз эгаси бор деб хурсанд бўлдим, - дейди Ойдос. - Улар ўлим келтиришини билмасдим.

Қизи оламдан ўтгандан буён бир йил ичида Ойдос бу воқеани ўнлаб марта айтган бўлса да, ичини ит тирнайди. Мелдехонлар оиласи ҳамон фарзандларини айнан ким отганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Айкоркем вафот этган ва кўплаб ярадорлар даволанаётган шифохонага унинг ўлимидан бир неча кун ўтиб президент Токаев борган. Ойдос унинг олдига кириб, уни қийнаган саволларни берди. "Менинг болаларимнинг айби нима эди? Нега уларни отишди?" Президент ёрдамчидан Ойдоснинг контакт маълумотларини ёзиб қўйишни, иш билан шуғулланиб, сўнг у билан боғланишни сўради, бироқ Мелдехонлар на Токаевнинг ўзидан ва на унинг маъмуриятидан хабар эшитди.
Ўтган бир йил ичида у саволларига жавоб излаб, Токаевнинг ўзига бир неча бора хат ёзибгина қолмай, президент маъмуриятига, Остонага ҳам борган. Январь ойида ўлдирилган ва ҳибсга олинганларнинг кўплаб бошқа қариндошлари ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолишган.
"Ўлганларнинг айбсизлигини исботлаш қийин"
Ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина кекса онаси билан байрамни нишонлаётган эди, фаоллар унга қўнғироқ қилиб, отишма ҳақида гапира бошлашди. Ўша пайтларда Олмаотада интернет йўқ эди.
"Мен бунга ишонмадим, одамлар қўрққандан ваҳима қиляпти, деб ўйладим, чунки бизнинг хавфсизлик кучлари одатда резина ўқлар ва шовқинли гранаталардан фойдаланади, - деб эслайди у. - Аммо бир неча соатдан кейин биз уларни Толдиқўрғонда, Чимкентда ва Қизилўрдада ўлдиришаётганини аниқ билдик."

Сурат манбаси, ALEXANDR BOGDANOV/AFP via Getty Images
Қозоғистон ҳукумати юқори мартабали амалдорлар ва намойишчилар орасидан айбдорларни қидиряпти. Апрель ойи ҳолатига кўра, тартибсизликларга қарши мингдан ортиқ жиноят иши очилган.
Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари, Назарбоевнинг иттифоқчиси Карим Масимовга нисбатан энг катта айблов - давлатга хиёнат айблови қўйилди. Унинг икки ўринбосари ҳам ҳокимиятни эгаллаб олишда айбланиб ҳибсга олинган. Учаласига ҳам қарши тергов ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда, иш материаллари эса сир сақланмоқда. Январь ойида қўмитанинг яна уч аъзоси ўлик ҳолда топилган - ОАВ улар ўз жонига қасд қилганини хабар қилган эди.
Тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганларга нисбатан икки хил жиноят иши очилди: қотиллик факти бўйича ва оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ва/ёки уларда қатнашиш факти бўйича. Шу билан бирга, қотиллик факти бўйича деярли барча ишлар тўхтатилди, дейди Торегожина.
"Биринчи тоифадаги ишлар ўқ тешиб ўтиб кетган ҳолатларга тегишли бўлиб, ким аниқ отганини аниқлашнинг деярли имкони йўқ, бундай ҳолатларда иш тўхтатилади. Иккинчи тоифадаги ҳолатлар, агар ўқ танада қолган бўлса, у ҳолда уни ким отгани, қурол эгасини аниқлаш мумкин бўлади, лекин агар аскар ёки полиция ходими ўқ узган бўлса, бундай ҳолатлар «махфий» деб таснифланади, дея тушунтиради ҳуқуқ ҳимоячиси.
Торегожинанинг фикрича, расмийлар январь воқеалари бўйича ишлар судгача бориши ва ўқ узган аскарлар жазоланишидан манфаатдор эмас. Дастлаб қотиллик деб аталган кўплаб ҳолатлар кейинчалик "ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш" сифатида қайта таснифланган - бу моддага кўра жазо анча юмшоқроқ.
Ҳукумат, ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, жамият билан консенсусга келмоқчи: намойишчиларга қарата ўқ узганларни жазоламаслик, шунингдек, намойишчиларни таъқиб қилишни камайтириш. Бир йил ичида фақат битта қотиллик иши судга келди.

Сурат манбаси, Anadolu Agency via Getty Images
"Жабрланганларнинг кўп қариндошлари полиция билан келишиб, кўрсатмаларини қайтариб олишди, - дейди Торегожина. - Чунки уларнинг ҳеч бири ўғли, укаси ёки амакисининг ўлимидан кейин террорчи сифатида тан олинишини истамайди. Кейин бундай фамилия билан яшаш ҳамма учун оғир бўлади. Марҳумнинг айбсизлигини исботлаш эса қийин».
Январь норозиликлари замонавий Қозоғистон тарихидаги энг оммавий ва энг қонли намойиш бўлди. Бахитжан Торегожина ўз ҳамкасблари билан биргаликда илк кунларданоқ ўлганлар, яраланганлар ва ҳибсга олинганларнинг ҳисобини юритишга ҳаракат қилди. Яқинларини топа олмаган ўнлаб одамлар улардан ёрдам сўраган. Кейинчалик кўнгиллилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Qantar2022 жамоат ҳаракатини туздилар, унда ярадорлар ва ўлганлар ҳақидаги маълумотлар янгиланиб боради.
"Биз авторитар давлатда яшаётганимизни тушунган бўлсак да, содир бўлаётган воқеалардан ҳайратда эдик. Бу худди ХХ асрга қайтишга ўхшарди, 1986 йилда Совет ҳукумати Олмаотада СССРга қарши биринчи оммавий норозилик намойишларини бостирган эди. Ёки Назарбоев 2011 йилда Жанаўзендаги нефтчилар қўзғолонини бостирди, - дейди Торегожина. - Лекин ҳозир январь воқеалари ўша воқеалар ўрганилмагани натижаси экани кўриниб қолди. Ҳокимият жазосиз қолса, қонунсизлик даврий тус олади."
Ўз яқинларини топиш илинжида одамлар қўнғироқ қилиб, ўликхоналар, шифохоналар ва тергов изоляторларини айланишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари қийноқлар ҳақида янги хабарлар ола бошлади.
Касалхона тўшагидан тергов изоляторига
37 ёшли автомобиль устаси Ермек Абдрешев 5 январь куни уйдан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Икки кундан сўнг, комадан уйғониб, ўзини касалхона койкасида кўрди: кўзидан маҳрум бўлган эди.
Шундай қилиб, палатада уни ҳибсга олишди: Ермек ўзини қандай қилиб халат ва шиппакда қурол тираб кўчага олиб чиқишганини эслайди. "Улар қўлларимни боғлашмади, лекин бошимнинг орқа томонида автомат тумшуғини ҳис қилдим. Ҳамшира уларга кўрмаслигимни айтди, лекин улар бунга зинадан йиқилишимга сал қолганда ишонишди шекилли. Ён томондан юрган полиция ходими қўлларимдан ушлаб, тутиб қолди", дейди Ермек.

Ермек олиб кетилган машина вақти-вақти билан янги одамларни юклаш учун тўхтарди ва ўшанда Ермек шиппагини йўқотди. Уни ялангоёқ ҳолда машинадан туширишди; бинога олиб киришди ва бошқалар билан бирга девор бўйлаб тизиб қўйишди. Кейин нима бўлганини ёмон тушдек эслайди.
"У ерда бўлганлардан кимдир устимга камзул ташлади, чунки мен фақат касалхона кўйлагида эдим. Қўриқчи устимдан муздек сув қуйворди. Менга ёрдам бермоқчи бўлган одамга нима бўлди, билмайман. Бизни сўроқ пайтида ҳам, камерада ҳам қийноққа солишди", дейди Ермек.
У ҳибсга олинганининг ўн биринчи кунидагина гаров эвазига озод қилинди, Ермек кўр бўлгани учун шундай қилишганини амин: "Камерада мен очиқчасига уларга халал бердим, менга ҳар доим ёрдамчи керак эди, ҳатто ўзим ҳожатхонага боролмасдим, қоқилиб йиқилардим». Озодликка чиққач, кўриш қобилиятини қисман сақлаб қолган иккинчи кўзи ҳам бутунлай кўрмай қолди.

Сурат манбаси, Ermek Abdreshev
Ермекнинг эслашича, у намойишчилар орасига қўшилганидан бир неча соат ўтиб яраланган. Тинч намойишчилардан ташқари, у провокатор деб атаганларни ҳам кўрди - светофорни уриб, биноларни вайрон қилган ҳарбий кийимдаги одамлар. Унинг айтишича, у бошқа намойишчилар билан бирга «провокаторларни» тинчлантиришга ва ҳайдашга ҳаракат қилган. Аммо расмийлар Ермекни тартибсизликларда қатнашганликда гумон қилди.
Қийноқлар пайтида, Ермекнинг сўзларига кўра, ундан нечта одамни ўлдирганини сўрашган ва сен правокаторлар бошида турганинг учун яралангансан деб айтишган.
Унга нисбатан қўзғатилган иш етти ойдан кейин, жиноят таркиби йўқлиги сабабли ёпилди. Аммо унга нисбатан қийноқлар иши ҳали ҳам очиқ, аммо бу ишда силжиш йўқ.
Расмийлар "ноқонуний тергов усуллари" ва улардан олти киши ўлганини тан олди. Март ойида прокуратура 200 дан ортиқ шикоятни текшираётганини айтди. Ноябрь ойида инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Элвира Азимова маълум қилишича, қийноқларга оид барча ишларнинг 80 фоизи ёпилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Human Rights Watch ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботида таъкидлаганидек, маҳбуслар ўлими учун ҳеч ким жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Сурат манбаси, Abdreshev family archive
Бир йил ўтди, Ермек деярли уйдан чиқмайди, бошқа операцияга тайёрланмоқда. У уйида пайпаслаб ўзига йўл топади, аммо кўзини йўқотганига ўрганолмаяпти. Унинг айтишича, январь ойидан бери у шунчаки "зулматда яшаяпти".
Ермек ҳибсга олинганидан кейин уйига қайтганида, қариндошлари уни танимаган. Онаси кўзида ёш билан унинг 5 январгача ва тергов ҳибсхонасидан кейинги суратларини кўрсатди. Ермекнинг айтишича, оила ҳокимиятдан товон пули олмаган - фақат ногиронлик бўйича нафақа олади холос. Даволаниши учун пул йиғилди.
"Аввалида шокда эдим, доим йиғлардим, - хўрсинди онаси, - у кўркам, келишган йигит эди, оқ кийим кийишни яхши кўрарди, бу унга жуда ярашарди".
Янги Қозоғистонми?
"Негадир, ўша кунларда Олмаота осмони тунд кулранг эди: қуёш йўқ, мовий осмон йўқ. Аввал туман ва тутундан, кейин тутун ва граната портлашларидан".
Олмаоталик рассом Сауле Сулаймонова январь воқеалари ҳақида ўз таассуротларини қора ва қизил полиетилен пакетлардан тўқилган 60 квадрат метрлик канвасда "Олмаота осмони" картинасида изҳор қилди.

Кўргазмага келганларнинг кўпчилиги "Олмаота осмонини" кўриб йиғлардилар, дейди рассом. Баъзилар ғазабланиб, нега бу мавзуни кўтаряпсизлар, дейишди. Бефарқ одамлар деярли йўқ эди.
Қонли январь - бу жамоавий жароҳат, бу ҳақда ҳеч ким гапиришни истамайди, Сауле ишонишича, "Кантаровлар («январчилар» - Би-би-си) ўша кунларда майдонда тасодифан бўлган ҳар қандай одам, намойишчи бўлиши шарт эмас ёки журналист ёки фаол - бу шунчаки ўқ теккан ўткинчи бўлиши ҳам мумкин, яъни ҳар биримиз."
Рассом ўтган йил воқеалари кўпчиликнинг мамлакат ҳақидаги тасаввурларини ўзгартирганига ишонади. "Бирор нарсани ўзгартириш учун таваккал қилишдан қўрқмайдиган оддий қозоғистонликлар бу мамлакатда ўзгаришлар қилиши маълум бўлди. [...] Одамлар ниҳоят жамиятнинг қудратини, нима бўлиши мумкинлигини англаб етди - ҳа, бу хавф, сиз ўз ҳаётингиз билан тўлашингиз мумкин, лекин норозилигингизни билдиришингиз мумкин, - дейди Сауле. -Менимча, теран бир нима содир бўлди ва одамлар осонроқ гапира бошладилар ва бу қурбонликлар, менимча, бежиз кетмади."

Январь воқеаларидан сўнг ўтган бир йил ичида ҳақиқатан ҳам кўп нарса ўзгарганга ўхшайди. Биринчи президент Назарбоевнинг кўплаб ёдгорликлари тартибсизликлар пайтида вайрон бўлган ва тикланмаган. Элбасининг ўзи имтиёзлари ва лавозимларининг кўп қисмини йўқотди - тартибсизликлардан сўнг биринчи марта гапириб, у ўзини оддий нафақахўр деб атади. Қозоғистон пойтахти ўзининг собиқ номи - Остонага қайта ўзгартирилди.
Қосим-Жўмарт Токаев нафақат собиқ хўжайинидан воз кечди, балки конституцияни қайта ёзиш орқали сиёсий ислоҳотларни ҳам бошлади. Йигирмадан ортиқ ўзгартиришлар орасида президентнинг ваколат муддатини биттага қисқартириш, лекин муддатни етти йилга узайтириш бор эди.
Ноябрь ойида Токаев муддатидан олдин сайловлар ўтказди ва осон ғалаба қозонди - ўлдириш учун отишга буйруқ берганидан атиги 10 ой ўтгач.
"Токаев янги Қозоғистонни қураётганини айтади, бироқ сайловлар эски Қозоғистон услубида ўтказилди. Унинг ҳақиқий мухолифи йўқ эди, фақат техник номзодлар, халқда эса ҳақиқий танлов йўқ эди", дейди британиялик журналист Жоанна Лиллис.

"Янги Қозоғистон" учун навбатдаги синов яқин олти ой ичида кутилмоқда: июнь ойига қадар мамлакатда парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак. Ноябрь ойида, 2013 йилдан бери биринчи марта янги партия рўйхатга олинган, аммо Лиллиснинг айтишича, у ҳокимиятга ҳақиқий муқобилга ўхшамаяпти.
"Токаевни ҳақиқатдан ҳам танқид қиладиган ва ҳокимиятни ўз ҳаракатлари учун жавобгарликка тортадиган ҳақиқий мухолифатни кўрмагунимизча, [...] ҳаммаси Назарбоев давридаги эски сиёсатга ўхшаб кетади, фақат репрессия камроқ", дейди Лиллис.
***
Мелдехон оиласи январь ойида қурбон бўлган ва ҳукумат 20 минг долларга яқин товон пули ва Олмаотадаги янги бинодан уч хонали квартира берган кам сонли қурбонлардан бири бўлди.
Ойдос буларнинг барчаси ТВга чиқмаслик ва журналистлар билан гаплашмаслиги учун эканлигига ишонади. Аммо у жим турмаслигини таъкидлайди ва унинг учун энг муҳими, қизининг қандай вафот этгани ҳақидаги ҳақиқатни аниқлашдир. Тергов шуни кўрсатдики, машинага отилган ўқлар ҳарбийлар томонидан отилган, бироқ кейин иш махфийлаштирилди: ҳозир на Ойдос, на унинг адвокати тергов тафсилотлари билан таниша олмайди.

Сурат манбаси, Meldikhan family archive
Айкоркем ўлимидан ярим йил ўтиб, Олмаота шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум рассомлар унинг сурати туширилган деворий расмни - қозоқ миллий либосидаги фотосуратининг оқ-қора вариантини чизишди. Ёнида эса отаси ёзган шеърдан: "Қайси амаки мени отди?" деб ёзиб қўйилган.
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост
Ойдос ва унинг рафиқаси портретдан таъсирланиб, рассомларни топиб, уларга раҳмат айтмоқчи бўлишди. Аммо улар деворга қайтиб борганларида, расмни шаҳар ишчилари бўяб кетишибди.
Энергетика компаниясининг таъкидлашича, улар портретни бўяшга мажбур бўлишган, чунки трансформатор подстанцияларида номувофиқ тасвирларни чизиш тақиқланган ва рассомлар объектнинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирувчи белгилар устидан бўяшган.
Компания вакили ғамларига шерик эканини изҳор этган ҳолда қўшимча қилган: норозилик қонун доирасида билдирилиши керак.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















