Янги Ковид тўлқини: Қозоғистон Хитойга бормасликка чақирмоқда. Ўзбекистон-чи? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Хитойдан келган авиа йўловчи

Сурат манбаси, EPA

Хитой "ноль Ковид" сиёсатини бекор қилиб, фуқаролари чет элга чиқишни бошлагани халқаро ташкилотлар ва мамлакатларни хавотирлантирмоқда, Қозоғистон ўз фуқароларини Хитойга сафар қилмасликка чақирди.

Дунёнинг кўп мамлакатлари Хитойдан келган сайёҳларни мажбурий тестдан ўтказиш тартибини жорий қилди, бу эса Хитой ҳукуматини ғазаблантирди: Хитой ҳукумати бошқа мамлакатларни Ковид вазиятини сиёсийлаштираётганликда айблади.

Алоқадор мавзулар:

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Хитой ҳукуматини Ковид ўлимлари ва шифохонага ётқизиш билан боғлиқ аниқ рақамларни тақдим этмаётганликда айблади, бунга жавобан, Хитой Ташки ишлар вазирлиги ЖССТни "холис ва илмий" бўлишга чақириб чиқди.

Ҳиндистон ҳукумати чет элдан келаётан инсонлар текшириб кўрилганда Ковид-19нинг 11 та субвариантини аниқлагани ҳақида хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, ҳозир дунёда Ковид-19нинг юзлаб варианти айланиб юрипти, бироқ шулардан атиги бир нечаси кузатиб борилаяпти ва даволаш уддасидан чиқилган.

Ҳиндистон ҳукумати хабар қилишича, 24 декабрдан 3 январгача мамлакатга кириб келган 19227 йўловчи Ковид тестидан ўтказилган.

Шулардан қўлида негатив Ковид тести сертификати бўлган 124 кишида позитив натижа аниқланган.

Ҳиндистон ҳукумати Хитой, Ҳонгконг, Япония, Жанубий Корея ва Сингапурдан келганларни мажбурий негатив Ковид тести гувоҳномасини талаб қилиш тартибини йўлга қўйган.

4 январь куни Европа Иттифоқи барча аъзо мамлакатлардан Хитойдан келадиган йўловчилардан негатив Ковид тестини талаб қилиш тавсияси билан чиқди.

Қозоғистон Соғликни сақлаш вазирлиги Хитойда коронавирус юқтириш ҳолатлари кескин кўпайиб кетаётганлигини инобатга олиб Қозоғистон фуқароларига Хитойга сафар қилмасликни маслаҳат берди.

Бироқ, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, вазирлик Қозоғистон "бизнинг мамлакатимизга кириб келаётган Хитой фуқаролари учун талабларни қаттиқлаштириш ва чекловчи чораларни жорий этишни режаламаяпти".

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусни юқтириш ҳолатлари 2022 йил декабрида 2022 йил ноябрига солиштирганда 2,3 баравар кўпайгани қайд этилган.

Бундан олдин Хитой ҳукумати ўз фуқароларига нисбатан қаттиқ Ковид талабини жорий этадиган мамлакатларга нисбатан жавобий чоралар кўриш билан огоҳлантирган эди.

Хитой Ковид вазияти ҳақидаги хабарлар Ўзбекистондаги айрим шифокорлар ва одамларни ҳам хавотирга солган, чунки Хитой яқин ва савдо-сотиқ, борди-келди кўп.

Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги ўзининг Телеграм каналида Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг сўнгги баёнотини эълон қилди, унда ЖССТ дунёда коронавируснинг янги тўлқини бошланиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, "омикрон" штаммининг янги XBB.1.5 субварианти 29 мамлакатда рўйхатга олинди. Қолаверса, у бир неча ҳафта ичида АҚШда доминант версияга айланди. Ҳозир янги мутация Европа мамлакатларида ҳам кенг тарқалмоқда.

"Биз ўсиш суръатларидан ташвишдамиз, — дейди ЖССТ эксперти Мария Ван Керхове. — Чунки ҳозиргача маълум вариантлар орасида XBB.1.5 нинг юқувчанлиги юқори. Хавотирли жиҳати, у дунёда коронавирус пандемиясининг янги тўлқинига сабаб бўлиши мумкин".

Ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус ҳам 2022 йил охирида аниқланган мазкур мутация ҳақида тўхталар экан, у "омикрон" BА.2 версиясининг рекомбинанти эканлигини таъкидлади.

"Дунё бўйлаб касалланишнинг янги тўлқини кутилмоқда, — дейди у. — Аммо бу ўлим кўрсаткичлари ошишига олиб келмаслигига ишонамиз. Чунки биз ўтган даврда мазкур вирусга қарши курашиш борасида етарли тажриба тўпладик".

Шундан келиб чиқиб, мутахассислар СOVID-19га қарши бустер дозада эмланиш энг тўғри чора эканлигини таъкидламоқда, дея маслаҳат беради Ўзбекистон ССВ.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek