Ўзбекистон: Док-1 Макс’нинг катта партияси назоратга олинди, чегарада 26 килограмм наркотик ташлаб кетилди ва Шуҳрат Ғаниев қандай лавозимга ўтди? — янгиликлар

Сурат манбаси, Skrinshot/Apteka.uz
"Ҳибсга олинган" Док-1 Макс
Декабрь ойида Ўзбекистонга келтирилган Док-1 Макс дорисининг салкам 60 минг қутиси қатъий назорат остига олинган.
ЎзАнинг Божхона қўмитаси маълумотига таяниб ёзишича, камида 19 гўдакнинг ўлимига сабабчи кўрилаётган мазкур дорининг бундан аввал келтирилган иккита партияси ҳам қўмита омборида ушлаб турилибди.
"Божхона органлари томонидан салбий ҳолатлар кузатилган илк кунларданоқ дори воситасини эркин муомалага чиқармаслик бўйича барча чоралар кўрилган", дейилади ЎзА хабарида.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон ССВ: "Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди... " Бу даҳшатли воқеа фақат Самарқандда юз берганми?, видео
- Ўзбекистон: Док-1 Макс’даги хавфли модда миқдори маълум бўлди, Абдулла Ориповнинг синглиси портлашдан вафот этди ва қочоқ “Вагнер”чилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бормиди? - yangiliklar
- "Ўлим сиропини "фош қилган шифокор ишдан олинди, ижтимоий тармоқдагилар норози - айрим фаоллар: Президент муносабат билдирсин - Янгиликлар
22 декабрь куни Док-1 Макс, ойнинг сўнггида эса ушбу препаратни ишлаб чиқарган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли барча дори воситалари савдоси Ўзбекистонда вақтинча тўхтатилган эди.
Улар орасида ўзбекистонликлар орасида оммалашган Нолгрипп, Травамакс, Цинепар кид лайт, Амбронол каби препаратлар борлигини кўриш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Инаётов 2 январь куни мамлакатдаги дорихоналарга кўрсатма хат йўллаб, Док-1 Макс'ни Ўзбекистонга импорт қилган Quramax дистрибютор-компанияси томонидан 2022 йилдан олиб кирилган барча дори воситаларини сотишни тўхтатишни буюрган.
"Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан "Док-1 Макс" ҳамда "Амбронал" дори воситаларининг чуқурлаштирилган сифат назорати ўтказиш натижаларига кўра, норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлик аниқланган. Мазкур дори воситаларининг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диетиленгликоль моддалари мавжудлиги аниқланди", дейилади вазирнинг хатида.
ССВ кўрсатмасидан кўп ўтмай, дори-дармонларни излашга ихтисослашган сайтларда ушбу препаратлар сотуви тақиқлангани тўғрисида эслатмалар пайдо бўлган.
Бундан аввал Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ҳиндистон томонига Док-1 Макс препаратидаги этиленгликоль моддаси миқдори белгиланган нормадан 300 баравар юқори эканини билдиргани маълум бўлган эди.
Декабрь ойида йигирмага яқин боланинг умрига зомин бўлишда гумонланиб, бутун мамлакатни ларзага солган Док-1 Макс фожиаси янги йилда ҳам давом этмоқда.
4 январь куни тарқалган хабарда бу препарат Сирдарёда ҳам 7 болага ножўя таъсир қилгани, уларнинг 3 нафари жонлантириш бўлимида қолаётгани айтилади.
Ғаниев янги лавозимга ўтди

Сурат манбаси, Daryo.uz
Шуҳрат Ғаниев президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди.
Фарғона вилояти ҳокими ўлароқ фаолият олиб борган вақтда жамоатчиликнинг эътиборига тушган Ғаниев 2020 йилнинг сентябридан бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
30 декабрь куни ҳукуматнинг тўлиқ янги таркиби эълон қилинган ва бир қатор жамоатчилик фаоллари рўйхатда Шуҳрат Ғаниевнинг йўқлигига эътибор қаратган эди.
Ташлаб кетилган наркотик

Сурат манбаси, Tezkor tasvirdan kadr/DXX
Ўзбек-тожик чегарасида 26 килограммдан зиёдроқ наркотик модда номаълум шахслар томонидан ташлаб кетилган.
ДХХнинг хабар қилишича, Самарқанднинг Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи давлат чегараси яқинида қолдириб кетилган гиёҳванд моддалар 20 килограмм 3 грамм опий ва 6 килограмм 5 грамм гашишдан иборат бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари айни вақтда ушбу наркотик модда эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани айтилмоқда.
Замҳоким бозорда калтакланди

Сурат манбаси, Skrinshot/Ijtimoiy tarmoq
Қамаши тумани ҳокими ўринбосари Низомиддин Мўминовни бозордаги савдогарлар калтаклаган.
Қашқадарё вилоят ИИБнинг маълум қилишича, ҳолат замҳоким 2 январь куни тумандаги "Файз" деҳқон бозори ҳудудида ушбу озор раҳбари билан биргаликда ободонлаштириш ишларига бош-қош бўлаётган вақти содир бўлган.
Вилоят ИИБ замҳоким ва бозорқўм иштирокидаги жанжал бозордаги уч нафар савдогар томонидан "ҳеч бир сабабсиз" чиқарилгани ва жанжал вақтида фуқаролар Мўминовни бир неча бориб уриб, бозор раҳбарининг машинасига зарар етказганини таъкидлаган.
"Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми "г" банди (безорилик, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади расмий хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














