Афғонистон: Ўзбеклар яшовчи туман мадрасасида портлаш талабаларни ўлдирди Dunyo Yangiliklar

Афғонистон шимолидаги асосан ўзбеклар яшовчи Саманган вилоятида мадраса портлаши оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида Толибон хабар бермоқда.

Портлаш Саманган вилоятининг Ойбек туманида юз берган. Толибон Ички ишлар вазирлиги воизининг Би-би-сига айтишича, кўп одамлар жароҳат олди.

Нобуд бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Бир касалхона раҳбарияти AFP агентлигига 16 киши ўлганини айтган.

Ҳозирча ҳеч қандай гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олгани йўқ.

Портлаш одамлар намозни ўқиб чиқаётган вақтида юз берган. Шифокорнинг айтишича, қурбонларнинг аксари - мадраса талабалари.

"Уларнинг бари болалар ва оддий одамлар", - дейди AFPга гапирган шифокор.

Ички ишлар вазирлиги воизи Абдул Нафи Таккир Толибон хавфсизлик кучлари ҳужумни тергов қилишаётгани ва уни амалга оширганлар жазоланишини айтди.

Афғонистон ўтган йили Толибон назоратига ўтганидан бери ўнлаб портлашлар юз берди. Уларнинг аксарини ўзини Исломий давлат дея атовчи гуруҳнинг афғон қаноти уюштирган.

Ушбу гуруҳ Толибон ҳукуматини тан олмайди ва уни кофирлар билан ҳамкорлик қилишда айблаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek