You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Нега фақат секс пайти одам ҳақиқатан озод бўлади – Рустам Александер буни қандай асослади?
- Author, Нина Назарова
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 10 дақ
Рустам Александр тарихчи, "Ёпиқ. Совет Иттифоқида гомосексуаллар ҳаёти" ҳамда "Секс бор эди. Совет Иттифоқининг интим ҳаёти" номли икки илмий-оммабоп китоб муаллифи. Иккала китоб ҳам Individuum нашриётида чоп этилган. Жорий йил май ойида нашриётнинг уч ходими "ЛГБТ тарғиботи" учун экстремизмда айбланиб, уй қамоғига олинган. Би-би-си Александер билан Россиядаги сексофобиянинг янги босқичи ҳақида суҳбатлашди.
Би-би-си: Ҳозир Россияда секс билан боғлиқ вазият қандай?
Рустам Александер: Ҳаммаси "секс" сўзи остида нимани тушунишингизга боғлиқ. Биринчидан, Россияда жинсий саломатлик ва умуман, аниқ жинсий амалиёт қандай аҳволда. Мен тарихчиман, шифокор эмасман, сексни ижтимоий жараёнлар нуқтаи назаридан ўрганаман. Мен давлат [СССРда] ўзининг – замонавий сўз билан айтганда – биополитикасини самарали олиб бориш учун сексдан қандай фойдаланганига эътибор қаратдим.
Ҳозирги вазият ўшандай эмас. Россия жуда катта, жойлардаги вазият Москвадагидан фарқ қилади. Аммо умуман олганда, сексга уятли, гапириш керак бўлмаган нарса сифатида муносабат, секс фақат шахсий механик амалиёт бўлиб, бошқа ижтимоий жараёнларга таъсир кўрсата олмайди, деган фикр катта авлод орасида ҳамон устунлик қилмоқда. Шу маънода совет мероси ҳали-ҳануз тирик.
Ёш авлодга келсак, уларда вазият анча либерал. Хусусан, Facebook ва Instagram ўз-ўзидан сексни "сотади", улар шаҳвонийлаштирган. Буни, албатта, порнография сифатида эмас, балки инсон эркинлигининг бир кўриниши сифатида тарғиб қилишади.
Ҳозир ҳокимиятдаги кекса авлод ёшларга ўзларининг советча қарашларини, сексофобияни сингдиришга фаол равишда ҳаракат қилмоқда. Шоу-бизнесда вазият "хоҳлайсан-у, қўрқасан". Ивлееванинг "яланғоч зиёфати" мисоли шуни кўрсатдики, энди ўзингизни намойишкорона секс-рамз сифатида кўрсатишдан олдин икки марта ўйлаб кўриш керак. Яъни, секс мавзусини аввалгидек ишлатишга уринишмоқда, аммо буни "ватанпарварлар"нинг эътиборини тортмайдиган тарзда қилишга интилишмоқда. Ивлееванинг зиёфати юлдузлар орасида очиқ сексуаллик бўлмаслигини кўрсатди. Башарти шундай бўлса, бу оқибатсиз қолмайди.
Гарчи ҳозир ҳам секс "сотилаётган" бўлса-да, бундан фойда кўришни истайдиганлар ҳам бор. Масалан, яқинда [Россияда] "Айни шу ҳақда" сериали чиқди. Унда ёш шифокор одамларни жинсий билимсизликдан даволаш учун олис ҳудудларга боради. Мен суҳбатлашган актёр айтишича, деярли икки йил давомида ҳуқуқшунослар турли нозик масалаларни келишиб олишган. Улар [секс ҳақида суратга олишни] хоҳлашади, чунки мавзу қизиқарли, лекин қонун билан муаммо бўлмаслиги керак. Бемаъни ва аҳмоқона вазият.
Би-би-си: Сизнингча, нима учун авторитар ҳокимият сексофобияга мойил? Бу фақат Россияга хос хусусиятми ёки бутун дунёда шундайми?
Рустам Александр: Ҳа, деярли ҳамма жойда шундай. Авторитар давлатларда секс – инсон ўзини эркин ҳис қила оладиган ягона соҳа. Демак, бу ерда бошқача фикрлаш тенденциялари пайдо бўлиши мумкин. Гомофобияни олинг: одамлар нафақат жинсий алоқа қилиб фарзанд кўришмайди, балки ўз алоқаларини, ҳамжамиятларини ҳам шакллантиришади. Ҳар қандай, ҳатто демократик жамиятда ҳам ЛГБТни ҳимоя қиладиган ижтимоий институтлар жуда кам бўлгани учун, гомосексуаллар шунчаки яшаб қолиш учун атрофдаги воқеаларга танқидий муносабатда бўлишга мажбур. Уларда ижтимоий вазиятларни салбий сценарийлар асосида текшириш зарурати бор. Бу эса танқидий фикрлашни шакллантиради. Бу хавфли, чунки улар мавжуд тузумни саволга тутишади.
Ҳамма Чайковскийнинг гомосексуал бўлганини айтишдан қўрқади. Аммо жинсий компонент инсонни ҳаракатга ундайдиган энг муҳим нарса. Бу унинг шахсияти, уни бирор иш қилишга мажбур этадиган куч. Шунинг учун ҳар қандай авторитар давлат одамлар ҳақиқатан ҳам тўлиқ эркин бўла оладиган бу назорати заиф соҳа мавжуд бўлишини истамайди.
Би-би-си: Сексофобия ҳар доим гомофобиядан бошланадими ёки бу шарт эмас?
Рустам Александер: Шарт эмас, менимча. Одатда энг кўзга ташланадиган нарсадан бошланади – аёлсифат эркаклар, эркаксифат аёллар. "Бу нимаси, йўқотайлик". Кейин эса майда-чуйда нарсаларга ўтилади – катта зиёфатда пайпоқни нотўғри жойга кийди ва ҳк. Булар арзимас нарсалар, лекин уларни ҳам таъқиқлашади.
Би-би-си: Сизнингча, ҳозир Россияда ахборот олиш, шунингдек, аборт ва контрацепция масалаларида синфий жамият мавжуд деб ҳисоблаш мумкинми?
Рустам Александер: Ҳа, бу нафақат жинсий алоқа, балки ҳаётнинг ўзи билан боғлиқ масала. Мен бу рўйхатга очиқ гомосексуал ҳаёт тарзини юритиш ҳуқуқини ҳам қўшган бўлардим. Ўз муҳитида мойиллигини яширмайдиган кўплаб инсонларни биламан. Улар аслида гей ва лесбиянларга кучли ижтимоий таянч бўла оладиган, жамоат олдида сўзлай оладиган ажойиб нотиқларга айланиши мумкин эди. Бироқ улар аксинча йўлни танлашмоқда. Бу – Россия жамияти ҳаётидаги энг муҳим омиллардан бири. Машҳур шахсларнинг кўплаб фарзандлари гомосексуал, уларнинг маълумотлари танишув иловаларида очиқ-ойдин мавжуд. Ҳа, улар ота-оналарида ноқулайлик ҳиссини уйғотади, лекин ўз хавфсизлигидан чўчишмайди – улар ўзларини имтиёзли ва ҳимояланган деб билишади. Бошқа томондан, камалак нишони тақиб юрган бечора бир қиз жаримага тортилади.
Би-би-си: Постсовет Россиясида жинсий алоқа ҳақида тайёрланган ва ҳукумат томонидан маъқулланган илмий-оммабоп асарларни нашр этишга уринишлар бўлганми?
Рустам Александер: Ҳозир хаёлимга ҳеч нарса келмаяпти – бу, эҳтимол, бу борада муҳим нарса бўлмаганини билдирар. Россияда айрим нашриётлар бу мавзуда китоблар чиқарган, бу борада Игор Кон етакчи эди. Унинг жинсий тарбия, жинсий алоқа, Россия жинсий маданияти ҳақида аниқ, тушунарли ёзилган китоблари бор эди ва улар машҳур бўлган. Телевидениеда ҳам бу мавзулар кўтарилган: Елена Ханга билан "Бу ҳақда" кўрсатуви, "Дом-2". Бизга қанчалик бемаъни туюлмасин, мен "Дом-2"ни кунига бир неча соат давомида жинсий дискурсни эркинлаштирган реалити-шоу деб ҳисоблайман.
Бу борада оммавий маданият давлатдан кўра кўпроқ роль ўйнаган. Давлат ҳанузгача секс ҳақида қандай гапиришни билмайди. Асосий муаммо шуки, россияликларга бундай мавзуни етказиш учун ҳамон Ғарбдан кимдир керак бўлмоқда. 1997 йилда бу ролни Ню-Йоркда яшовчи афро-россиялик Елена Ханга бажарган эди – ўзиники ҳам, бегона ҳам. "Анфиса Чехова билан секс ҳақида" кўрсатувида бошловчи Чехова "Катта шаҳарда секс" филмидаги Керри Брэдшоуга тақлид қилган. "Дом-2" эса аслида хориж форматига асосланган реалити-шоу эди. Бугун эса, Instagram тақиқланган бўлса-да, жинсий тенденцияларни айнан у белгилаб бермоқда. Аммо жинсий тарбия бўйича жиддий давлат қўлланмалари йўқ.
Би-би-си: Россия фуқароларини секс ҳақида ҳеч нарса билмайдиган асрларга қайтишдан айнан интернет асрайди, деб айтиш мумкинми?
Рустам Александер: Албатта. Интернет бўлмаганида, одамлар ҳозир зарур маълумотларни ололмасди. Лекин муаммо шундаки, интернетдаги ҳамма фикр ҳам экспертники эмас. Бундан ташқари, куч ва ҳокимият билан боғлиқ масалалар ҳам мавжуд: икки миллион обуначиси бор блогер жамият манфаатини эмас, ўз фойдасини кўзлаши мумкин. Улар орасида академик ёки илмий жамоаларда қабул қилинган ҳамкасблар тақризи – peer-review – мавжуд эмас. Яъни, уларнинг контенти бошқа мутахассислар томонидан баҳоланмайди. Бу масалада истеъмолчи ўз виждони билан ёлғиз қолади. Нормал давлатларда эса бу соҳаларда фаолият юритадиган, давлат томонидан нашр этилган ва тизимли ёндашувга асосланган китоблар ишончлироқ бўлади.
Интернет, айниқса Instagram, бу борада катта рол ўйнайди. Эсингизда бўлса, Instagram дастлаб оддий, беозор расмлар платформаси сифатида бошланган эди. Бугун эса у тўлиқ жинсийлаштириш майдонига айланган. Алгоритмлар чиройли тана намойиш этилган контентни томоша қилганингизни пайқаса, кейинги тавсиялар фақат шу турдаги контентга айланади. Ҳатто порно сайтларга кириш ҳам шарт эмас. Мен танлов ва қарор эркинлигини қўллаб-қувватлайман, лекин бундай жинсийлаштириш одамларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Порнографияга қарамлик, реал ҳаётда секснинг имконсизлиги – чунки мия фақат экран орқали қўзғалаётган бўлади – бу жиддий муаммо. Аммо бу бошқа мавзу. Бу ҳамма нарсани тақиқлаш керак дегани эмас. Ахборот йўқлигидан кўра, борлиги афзал.
Би-би-си: Мен айнан шуни сўрамоқчи эдим – Ғарб матбуотида порнография ўсмирларда секс ҳақида нотўғри тасаввурлар шакллантираётгани ҳақида ёзишмоқда.
Рустам Александер: Афсуски, бу ҳақиқат. Инсон табиати шундайки, бирор нарса юзага келгач, унинг оқибатлари ҳақида ўйлашга вақт кетади. Порнография ва Instagram'нинг порнографиялашуви муаммоси нимада? Йигирма йил олдин порнографик фильмни кўриш учун уйга бориб, чанг босган жавондан видеокассетани олиб, видеомагнитофонга қўйиш керак эди. Унга исталган вақтда ва жойда кира олмас эдик. Бугун эса бундай контентга сонияларда кириш мумкин. Бу эса ақлий саломатлик билан боғлиқ муаммолар, ёлғон умидлар ва нотўғри тасаввурларни келтириб чиқаради. Агар порнография турли сценарийларни кўрсатса, оддий позадаги секснинг кимга кераги бор? Мен тез-тез твиттерда порнографияни кўрган эркакларнинг жуфтидан ҳам айнан шундай хатти-ҳаракатларни кутиши ҳақидаги мунозараларни кўраман. Бу сценарийлар ўзига хос тарзда зарарсиз бўлиши мумкин, аммо мияда аввал порнографик тасвир пайдо бўлади, кейин эса жуфт.
Ғарбда айрим шифокорлар порнографиянинг ҳеч қандай салбий оқибати йўқ, бу борадаги хавотирлар беҳуда, деб ҳисоблашади. Бошқа шифокорлар эса, аксинча, порнографиясиз жинсий алоқа қила олмайдиган эркаклар уларга мурожаат қилаётганини айтишмоқда. Порнография кўпинча реал сексга қараганда кучлироқ қўзғатувчи воситага айланади. Аммо бу аллақачон қарамлик шаклига ўтган ҳолат. Яна қайд этаман: мен бу масалани чуқур таҳлил қила оладиган сексолог эмасман.
Аслида, бу жараёнлар Россия шароитида қандай кечаётганини ўрганиш жуда қизиқ бўлар эди. Аммо бу мавзуни муҳокама қилишда танқидий, очиқ ва фақат илмий асосланган, тизимли, конструктив ёндашув зарур. Бу билан давлат думасидаги депутат эмас, Совет меросидан чиққан кишилар эмас, балки соҳага оид билим ва малакага эга мутахассис шуғулланиши керак.
Аввало Россияда руҳий саломатлик муаммоларини чуқур тушуниш керак. Аввал уни тан олиш, у ҳақида очиқ гапира бошлаш, сўнгра порнографиянинг бунга қандай таъсири борлигини ўрганиш лозим.
Би-би-си: Демак, технологик тараққиёт совет даври билан қиёслашга ҳали имкон бермас даражада олдинга кетганми?
Рустам Александер: Биз яшаётган дунё мутлақо бошқача. Россия, ҳозирги вазиятга қарамай, барибир очиқ мамлакат бўлиб қолмоқда – унга келишади, ундан кетишади. Бу интернет мавжуд бўлган, глобал жараёнларга барибир қўшилган мамлакат. Жамият ўша даврдагидек эзилган эмас.
Совет Иттифоқи билан қиёслаш фақат ҳукумат ташаббуслари доирасида мумкин. Ҳукумат кўпроқ туғилишни истайди, гендер ролларини қатъий белгиламоқчи: эркак – жангчи, аёл – уй бекаси ва туғувчи. Гомосексуал хатти-ҳаракатлар ва туғиш билан якунланмайдиган барча жинсий хулқлар таъқиб остида. Жинсий тарбия борасидаги ташаббусларнинг йўқлиги, амалдорларнинг иккиюзламачилиги, ОИВ муаммосига нисбатан лоқайдлик – буларнинг барчаси Совет даврини эслатади.
Ёки, масалан, 2018-йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати пайтида рус эркаклари рус аёлларнинг бразилиялик, колумбиялик ёки европалик эркакларга эътибор қаратганидан ғазабга минди. Бу менга 1957 йилдаги фестивал воқеаларини эслатади: ўшанда ҳам совет эркаклари қизларнинг чет элликлар билан алоқаларига нисбатан жаҳл билан муносабат қилган ва уларни жазолашга уринган – сабаби оддий: чет элликлар қизиқроқ ва ўзига қараганроқ эди.
Би-би-си: Қачон Совет давридаги гомосексуаллик ва жинсийлик мавзуларига ихтисослашишга қарор қилдингиз? Қаерда таҳсил олгансиз, қаерликсиз?
Рустам Александер: Мен Россияда туғилганман, Москвадаги жуда яхши олийгоҳда ўқиганман – ҳозир у жойнинг номини тилга олишни истамайман. Сўнгра Австралиядаги Мелбурн университетида докторлик диссертациясини ёқладим.
Би-би-си: Тарих бўйича таҳсил олганмисиз?
Рустам Александер: Йўқ, халқаро муносабатлар бўйича ўқиганман. 2010-йиллар бошларида Австралияда стипендия олиб, Совет тарихи билан шуғуллана бошладим. Фақат мактаб дарсликларидаги фактлар эмас, тенденциялар, инсоний нуқтаи назардан муҳим ва қизиқарли бўлган мавзулар мени жалб қилди.
Кўпчилик учун тарих бу – элита, подшолар, сарой, статистика. Аммо бу ёндашувда инсоннинг шахсий ҳаёти, давлат сиёсатига шахсий муносабати акс этмайди. Бу – Россияда инсон қадри қанчалик паст эканини кўрсатади. Ёки давлат бундай тадқиқотларни истамаслигини. Унинг эътибори давлат даражасидаги воқеаларга қаратилган, одамларнинг реал ҳаётига эса эътиборсиз. Ғарбда эса, аксинча, шахсий ҳаёт сиёсий аҳамиятга эга – кўпчилик тарихни айнан оддий инсонлар ҳаёти орқали ҳикоя қилади.
Шу боисдан ҳам "Ёпиқ. Совет Иттифоқида гомосексуаллар ҳаёти" китоби қизиқиш уйғотди – у фактлар эмас, одамлар ҳақида. "Секс бор эди" китобида ҳам айнан шу ёндашув сақланган. Албатта, баъзи жиҳатларни давлат сиёсати контекстисиз тушуниб бўлмайди.
Гомосексуаллик мавзуси – бу худди идиш-товоқ дўконидаги филдек: Ғарбда яшаб, Россияга қарасангиз, бу мавзу барча жойда кўзга ташланади, лекин ҳеч ким у ҳақида очиқ гапирмайди. Яширин ва тақиқланган нарсалар эса ҳеч қачон соғлом кўринмайди.
Россия тарихшунослигида ҳали ҳам ёритилмаган муҳим мавзулар кўп. Масалан, мени руҳий саломатлик, антидепрессантлар тарихи, уларнинг Россия жамиятига кириб келиш жараёни қизиқтиради.
Мен гомосексуаллик мавзусидан уялмайман. Аммо тушунаманки, агар бугун ўзимни гомосексуаллик тарихи мутахассиси сифатида танитсам, бу Россия контекстида устунлик эмас, тамға бўлиб қолади. Мен эса аллақачон фикри ўзгарган, бу мавзудан чарчаган одамлар билан ҳам алоқа ўрнатмоқчиман. Улар билан нафақат гомосексуаллик тарихи, балки Россия бугун дуч келаётган воқеаларга бевосита таъсир қилувчи бошқа муҳим тарихий мавзулар ҳақида ҳам суҳбат қуриш мумкин.
Умуман олганда, агар Россияда ижобий ўзгаришлар юз берса, "ЛГБТ" атамасини бутунлай янгилашга тўғри келади. Чунки бу сўз ҳозир шунчалик заҳарли ва салбий маъно касб этганки, ЛГБТ жамоаси ҳақида сўз юритиш учун бошқа атама керак бўлади. Қанақа бўлиши номаълум – балки "квир" ёки яна бошқа бир сўз, лекин бу алоҳида муаммо, бошқа масала.
Би-би-си: Китобларингиз ҳозир Россияда сотиладими?
Рустам Александер: "Секс бор эди" китоби сотилмоқда, ҳатто яхши сотилмоқда. Ҳеч ким унга қарши чиққандек эмас. Аммо "Ёпиқ" китоби сотувда йўқ.
Би-би-си: Китобларингизда тасвирланган оддий инсонлар тарихини қандай топгансиз?
Рустам Александер: Аввало архивлар орқали. Шунингдек, инглиз тилида жуда кўп илмий адабиётлар бор – уларда баъзан мен ҳикоя қилган воқеаларнинг қисқача эслатиб ўтилганини кўраман. Аммо улар атиги икки-уч жумла билан чекланади, фақат ҳавола берилади. Шунда ўйлайман: бу қадар ажойиб ва мураккаб воқеани шунчалик юзаки тилга олиш жуда ачинарли. Шунинг учун бориб, ўша ҳужжатни ўзим топаман, ўрганаман ва рус ўқувчисига тақдим этаман.
Муаммо шундаки, кўпчилик тарихчилар, очиқ айтаман, қизиқарли ёзишни истамайди. Буни ўзлари ҳам тан олади: улар гуманитар фанлар ҳаддан ортиқ мураккаб атамалар билан тўлиб-тошганини таъкидлашади. Илмни имкон қадар оммага яқин, демократик ва тушунарли қилиш керак.
Шахсан мен зерикарли китобларни ёқтирмайман – уларни узоқдан сезаман. Ҳа, илмий асар ёзаётганимда бундай манбалар билан ишлайман, лекин бундан роҳат олмайман. Бундай китоб ётоқхонамдаги столда ётмайди, уйқу олдидан ўқилмайди. Идеалда эса, кечқурун ўқиладиган китоб қизиқарли, билим берувчи ва танқидий фикрлашга ундовчи бўлиши керак.
"Секс бор эди" – мукаммал китоб эмас, лекин унда одамни фикрлашга ундайдиган, "наҳотки шундай бўлган бўлса?" деган саволни туғдирадиган куч бор. Ҳа, бўлган. Мен учун энг муҳим вазифа – Россия ва бошқа мамлакатларда китоб жавонларида, биринчидан, ўқилиши мароқли, иккинчидан, "пастдан юқорига" ёндашувига асосланган тарихий асарларнинг кўпайишига ҳисса қўшиш.
Би-би-си: Сизнинг услубингиз ҳақида сўрамоқчи эдим. Сиз манбалардаги фактларни саҳна ва диалогларга айлантирасиз. Тушунишимча, "анъанавий тарихчилар" бундай қилмайди.
Рустам Александер: Ўзимни қандай аташни билмайман – балки панк-тарихчиман. Аммо мен фақат тарихий манбаларга таянаман. Ҳеч нарсани ўйлаб топмайман. Ахир Совет даврида ҳеч ким жинсий ҳаёти ҳақидаги кечинмаларини ёзиб қолдирмаган. Тўғри, шундай қилганлар ҳам бўлган, лекин улар, одатда, элита вакиллари эди. Ишчилар, деҳқонлар эса бу ҳақда шунчаки ёзишга журъат эта олмасди.
Шу сабабли, уларнинг ҳаётини тушуниш учун тарихий реконструкция, яъни тарихни соғлом ва жиддий англашга асосланган методни қисман қўллаш зарур, деб ҳисоблайман. Оддий қилиб айтганда, воқеаларнинг бошланиши ва якуни асл манбага асосланади, ўртасидаги баъзи тафсилотлар эса муҳим тарихий контекст доирасида тикланади. Бу реконструкция воқеликнинг умумий манзарасини ўзгартириб юбормайди, лекин ўқувчини ўзига тортади.
Шу билан бирга, бу усулни суиистеъмол қилмасликка ҳаракат қиламан. Масалан, "Секс бор эди" китобида бу ёндашувни минимал даражада ишлатганман ва уни қаерда қўллаганимни ўқувчига дарҳол билдиришни лозим топганман.
"Анъанавий тарихчилар" бир жумла ёзиб, ҳавола беришади, ўз фикрини баён қилишади – тамом. Мен ҳам буни уддалайман, ва соф илмий ишларимда айнан шундай қиламан. Аммо рус тилида ёзган китобларим илмий-оммабоп жанрга мансуб. Бу ерда, айрим ҳолларда, ўқувчига бироз яқинроқ бўлиш, уни жалб этиш керак, чунки мен ўқувчини ўйлайман.