Иссиқкўлда Лас-Вегас: Қирғизистон қиморхоналарни қонунийлаштирмоқда. Нега?

Сурат манбаси, Universal Images Group via Getty Images
- Author, Наргиза Рискулова
- Role, Би-би-си, Бишкек
Қирғизистон парламенти мамлакатда қимор ўйинлари фаолияти тақиқланганидан 10 йил ўтиб, қиморхоналарни легаллаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Президент Садир Жапаров қонунни имзолади. Уларга кириш фақат хорижликлар учун очиқ бўлиши, казинолар эса фақат Иссиқкўл вилояти курортидаги махсус ажратилган ҳудудда ишлай олиши тахмин қилинмоқда.
Расмийлар бюджетни шу тарзда тўлдиришга умид қилмоқдалар - аммо казинода қимор ўйини сайёҳлар билангина чекланиб қолмаслигидан хавотирлар бор.
Мамлакат расмийларининг режасига кўра, сайёҳлар ўйин зонасига чартер рейслар орқали олиб келинади, уларни Иссиқкўл соҳилида жойлашган Тамчи халқаро аэропорти қабул қилади. Унинг яқинида "қимор бизнесини юритиш учун рухсатномага эга еттита меҳмонхона ва кўнгилочар марказ" қуриш режаланган, хорижлик ўйинчилар эса ўйин зонасига визасиз келишлари мумкин бўлади.
Қирғизистонда 2012 йилдан бери казино фаолияти, 2015 йилдан эса букмекерлар ва лотереялар фаолияти тақиқланган. Ўз мол-мулки ва жамғармаларини исроф қилган одамларнинг яқинларининг кўплаб норозиликларидан сўнг мамлакат расмийлари бундай қарорга келишга мажбур бўлганди. Қимор ўйинларининг баъзи қурбонлари уй-жойсиз ҳам қолганлар.
Қонун лойиҳасига қаршилар бошқа давлатлар, жумладан, Россия ва Қозоғистон фуқаролигини олган 600 минг қирғизистонлик муҳожирлардан ҳам хавотирда. Кўпинча улар дам олиш учун Қирғизистонга учиб келишади.
Бироқ "Қимор ўйингоҳлари тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаси муаллифлари депутатлар Бактибек Турусбеков ва Дастан Жумабековнинг эслатишича, тақиқ туфайли мамлакат бюджети ҳар йили 600 миллион сўм (7 миллион долларга яқин), иқтисодиёт эса 11 минг иш ўрни йўқотган. Парламент аъзолари Қирғизистон аҳолиси казинода ўйнай олмаслигини, сайёҳларга пулларини сарфлашда ёрдам бериш кераклигини таъкидламоқда.
"Иқтисодиётимизнинг аҳволини кўриб турибсиз. Заводлар қуриш учун кўп вақт кетади. Буларнинг барчасини ҳисобга олиб, биз шундай қонун лойиҳасини таклиф қилдик, - дея тушунтиради Турусбеков. - Биз биламизки, Қирғизистон Республикасига келаётган сайёҳларнинг деярли 90 фоизи Иссиқкўлга боради. Энди биз уларнинг пулларини бизда қолдиришига ҳаракат қилишимиз керак".
Янги президентнинг эски муаммолари
Қонун лойиҳасига кўра, янги ўйин муассасаларидаги барча иш ўринларининг камида ярмини маҳаллий аҳоли банд қилиши керак. Инвесторлар ўз ишларидан олинган фойданинг 60 фоизини, давлат эса 40 фоизини олади деб тахмин қилинади.

Сурат манбаси, EPA
Лойиҳа муаллифларининг фикрича, янги даромадлар коронавирус пандемияси туфайли иқтисодиётининг барча тармоқлари катта зарар кўрган Қирғизистон иқтисодиётига ёрдам беради. 2020 йил якунига кўра, мамлакат бюджетида сўнгги 26 йил ичида кузатилмаган 8,6 фоизлик камомад шаклланди, давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 68 фоизгача ўсди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, аҳоли даромадларининг камайиши ва ишсизликнинг ўсиши туфайли мамлакат аҳолисининг 31 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди.
Қирғизистоннинг иқтисодий муаммоларини 2020 йил октябрдаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг кутилмаганда ҳокимият тепасига келган мамлакатнинг янги президенти Садир Жапаров ҳал қилиши керак. Январь ойида Жапаров муддатидан олдин президентлик сайловларида ғалаба қозонди ва март бошида у референдумда конституцияни ўзгартириб, ваколатларини кучайтирди ва амалда ижро ҳокимиятини ўз қўлида тўплади.
Жапаров қимор зонаси тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайди ва ҳатто мамлакатнинг барча ҳудудларида шунга ўхшаш муассасалар очишни таклиф қилади.
"Иқтисодиётнинг ҳозирги аҳволини ўзингиз кўриб турибсиз, биз бюджетни тўлдириш учун ҳар қандай йўлдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз, - деди президент маҳаллий «Пирамида» телеканалига берган интервьюсида. - Казино ёрдами билан биз бир ўқ билан икки қуённи урамиз. Биринчидан, муассаса очиш учун қиммат лицензия, масалан "Олти йил олдин у бир ярим миллион доллар эди. Иккинчидан, ҳар бир қимор столи ва машинаси солиққа тортилади. Бундан ташқари, лицензиялар бўлади ва улар фақат беш юлдузли меҳмонхона очиши мумкин бўлганларга берилади.
Жапаров, шунингдек, агар Қирғизистон аҳолиси қимор ўйинларига киришга рухсат берса, бундай казинолар эгалари лицензиядан маҳрум қилинишига ваъда берди.
ТАСС агентлиги маълумотларига кўра, коронавирус пандемиясидан аввал Иссиқкўлга ҳар йили миллионга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрган.
Ҳамма ютқазган
Аммо баъзи иқтисодчиларнинг фикрича, казиноларни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўпроқ таҳлил ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганишни талаб қилади. "Краснодар ўлкасида қимор ўйинларидан бюджетга тушумнинг 0,1 фоизи тўғри келади, лекин, албатта, у билан боғлиқ тармоқлар, жумладан, туризм ҳам бор, - дейди иқтисодчи Жунус Ганиев, - Аммо Иссиқкўлда мавсум атиги уч ой давом этади. Йилнинг бошқа вақтларида бу муассасалар нима қилади? Сектор жиноятчилик даражасига қандай таъсир қилади?"

Сурат манбаси, EPA
Бундан ташқари, қимор бизнесининг ўтмишдаги тажрибасига асосланиб, баъзилар маҳаллий аҳоли учун казиноларни тақиқлаш иш беришига ишонмайди. 2012 йилда қимор ўйинларини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири, депутат Бахит Жетигенов ҳали ҳам казинога қарши.
"Бундай ташаббус ортида жуда бадавлат одамлар турибди, қонун лойиҳасини таклиф қилганлар эса уларнинг қўғирчоқлари, - дея ишонтирмоқда Жетигенов. - Лекин фуқароларимизни киритмасликка кафолат йўқ. Унда Иссиқкўлга ҳам афюн экайлик, у ерда каноп яхши ўсади. Келинг, кўлимизни шундай ҳудудга айлантирайлик. Менимча, бундай ташаббуслар ҳеч кимга фойда келтирмайди".
Уйинларига қарамлик, шунингдек, лудомания номи билан ҳам танилган, кўплаб давлатларда, шу жумладан, Америка Қўшма Штатларида руҳий касаллик сифатида таснифланади. Америка Психиатрия Ассоциацияси маълумотларига кўра, бу мамлакатнинг катта ёшли аҳолисининг ўртача 2-3 фоизи ундан азият чекади.
«Сезим» инқироз маркази директори Бибисора Рисқулова 2012-2015 йилларда қимор ўйинлари қурбонлари унга тез-тез мурожаат қилгани ҳақида гапирди.
"Қирғизистон амалда Лас-Вегасга айланганда, бизнинг инқироз марказимизга мурожаат қилганлар сони сезиларли даражада ошди. Кўпинча ажралишларга казинолар сабаб бўлади, - дейди Рисқулова. - Ягона уйидан, ўз хотинидан айрилганлар ҳам бўлган. Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва қимор ўйинлари деярли даволаб бўлмас касалликлардир. Ҳозирда ҳам яширин казинолар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Мавжудларини ёпа олмасак, нега Иссиқкўлда янгиларини очишимиз керак?"
Бу Жапаров ҳукумати таклиф қилган биринчи баҳсли қонун лойиҳаси эмас. Бунгача президент ўғирланган маблағлар давлат ғазнасига қайтарилса, жиноий жазодан озод этилиши мумкин бўлган коррупционерлар учун иқтисодий амнистия эълон қилган эди.
Жапаров шунингдек, Жиноят кодексига ўзгартиш киритишни таклиф қилди, унга кўра «иқтисодиёт» ("Ноқонуний тадбиркорлик", "Солиқ тўлашдан бўйин товлаш", «Контрабанда», "Пора бериш", «Коррупция» ва ҳк.) бўйича ўтган шахслар қамоқдан озод этилиши мумкин, башарти тергов изоляторидаги ушбу шахс тергов билан ҳамкорлик қилган ва етказилган зарарни тўлаган бўлса.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














