Тожикистон: афғон қочқинлари учун жамлоқ қурилади - дунё, янгиликлар Afg'oniston Tojikiston Tolibon

Толибон ҳокимиятга келганидан кейин кўплаб афғонлар қўшни мамлакатларга, хусусан, Эронга ҳам қочиб ўтдилар(2021 йил 16 августида Афғон Эрон чегарасида олинган фото)

Сурат манбаси, IRCS via EPA

Сурат тагсўзи, Толибон ҳокимиятга келганидан кейин кўплаб афғонлар қўшни мамлакатларга, хусусан, Эронга ҳам қочиб ўтдилар(2021 йил 16 августида Афғон Эрон чегарасида олинган фото)
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида Афғонистондан қочиб ўтиши кутилаётган қочқинларга жамлоқ қурилиши учун қулай мавзе танланмоқда. Мазкур жамлоқ Европа Иттифоқи кўмаги билан қурилади.

Айни бир пайтда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Душанбеда жорий сентябр ойида бўлиб ўтган Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) йиғилишида мавқеини билдирар экан, бу ташкилотга кирувчи мамлакатлар ҳудудида афғон қочқинлари ва хориж ҳарбий базаларини жойлаштириб бўлмаслиги борасида фикр билдирган эди.

Ўзбекистон Ҳукумати эса, Толибондан бош олиб қочган афғон қочқинларини ортга қайтариб юборган эди.

Россия расмийларига кўра, инсонпарварлик мақсадларига мувофиқ Марказий Осиё мамлакатларида афғон қочқинларини жойлаштириш мумкин.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко бу борада сўзлар экан, айни бир пайтда афғон қочқинларига жой бериш ё бермасликни минтақа мамлакатларининг ўзлари ҳал қилади, деган.

У бу мамлакатларга афғон қочқинлари билан бирга террорчилар ҳам қўшилиб келиши мумкинлиги, шунинг учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари бу масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашаётганликларини таъкидлади.

Жамлоқ қаерда қурилади?

Афғон қочқинлари учун жамлоқни Афғонистон билан чегарадош Шамсиддин Шоҳин (собиқ Шўрообод) тумани ҳудудида қуриш мўлжалланмоқда. Бунинг учта мавзе кўрсатилган. Ҳозирча энг қулайроқ деб Хирмонжо деб аталадиган жой кўрилмоқда.

Бу туман эса Хатлон вилояти ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Дарвоз тумани кесишган ерда жойлашган.

Собиқ Шўрообод тумани Афғонистон билан қўриқланиши мураккаб чегарада жойлашган.

У Тожикистонга Афғонистондан энг кўп гиёҳванд модда олиб ўтиладиган макон сифатида кўрилади.

Чегарани кесиб ўтган афғон контрабандачилари билан бир неча марта одам талафотига олиб келган отишмалар бўлиб ўтган.

Афғонистондан гиёҳванд модда олиб ўтувчилар тожикистонлик шерикларининг кариндошларини қарз бадалига деб гаровга олиб кетган ҳоллари бўлган.

Расмийларнинг айтишларича, Европа Иттифоқи элчиси Хатлонга бориб, мувофиқ жойни танлаганидан сўнг, жамлоқ қурилишига киришилади.

Олдинроқ Европа Иттифоқи Тожикистондаги афғон қочқинлари учун 150 минг Евро миқдорида кўмак ажратилишини билдирганди.

Мазкур Иттифоқ бундан ўн кун олдин Афғонистон билан чегарадош Хатлон ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида 5 минг нафаргача афғон қочқини жойлаштирилганини маълум қилган эди.

Европа Иттифоқи БМТ маълумотларига суянган ҳолда жорий йил охирига бориб, Тожикистонга Афғонистондан қочиб ўтадиган кишилар сони 50 минг нафарга етиши мумкинлигини билдирганди.

Энг узун ва заиф чегара

Марказий Осиёдаги Афғонистон билан чегарадош уч давлат - Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон орасида тожик-афғон чегараси энг узун ва қўриқлаш қийин, заиф ҳисобланади. Унинг умумий узунлиги 1400 километрдан иборат.

Икки мамлакат чегарасини кўпроқ Панж дарёси ажратиб туради. Лекин ўтиш қийин бўлган тоғли ерларда ҳам чегара анчагина узун.

Толиблар Афғонистон шимолига ҳужум бошлагач, у ердан айниқса Тожикистонга қочиб ўтаётган кишилар сони кўпайди. Минглаб қочқинлар орасида оддий фуқаролар билан бирга ҳарбийлар ҳам бор эди.

Айни пайтда Тоғли Бадахшондан келаётган хабарларга кўра, бу ерга қочиб ўтган афғонлар ортга қайтарилмокда.

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раиси Ёдгор Файзов қочқинлар қайтариб юборилишини рад этмаган.

У чиндан ҳам 33 нафар афғонистонлик ўз юртига қайтариб юборилганини айтган. Лекин уларнинг Канада ё Америкага кетиш мақсадида Тожикистонга ўтганликларини айтишган.

Қочқинлар Кобулдан ва ҳозирда нотинч Панжшер водийсидан бўлишган.

Ёдгор Файзовнинг айтишича қочқинларни учинчи мамлакатга жўнатиш жараёнига боғлиқ бирон-бир ҳужжат-кўрсатма йўқлиги учун афғонлар ўз юртларига қайтарилган.

Афғонларга мазкур ҳужжат ишлаб чиқилгунча Тожикистонда қолишса, қочкин мақомини олишларига тўғри келиши ва кейинчалик учинчи мамлакатга кетиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишлари тушунтирилган.

Буни тушунган қочқинлар Афғонистонга қайтишга рози бўлишган.

Уларни Афғонистонга қайтаришдан олдин чегарада турган толиблар билан қочқинлар хавфсизлигига кафолат бериш борасида музокаралар олиб борилган.

Ёдгор Файзов бу борада айтар экан, айни бир пайтда қочқинлардан ҳаёти аниқ хавф остида бўлгани учун давлат хизматчилари, Аҳмадшоҳ Масъуднинг қариндошлари ва ҳарбийларнинг Тожикистонда қолишганини билдирган.

Айни бир пайтда "Азия-Плюс" ахборот агентлигининг расмийларга суяниб хабар қилишича, ҳозирда чегарани қўриқлаётган толиблар ҳеч кимнинг Тожикистонга ўтишига йўл қўймаётир.

Жумладан, Султон-Ишкошим мавзеида толиблар Тожикистонга ўтаётган 300 нафарга яқин кишининг чегарани кесиб ўтишига йўл қўйишмаган.

"Афғон бозори"

Кузатувчиларнинг айтишларича, толиблар биринчи марта қудратга келишганда ҳам, минглаб афғонлар Тожикистонга қочиб ўтишган.

2001-йилда, АҚШ Афғонистонга бостириб киришидан олдинроқ Тожикистонга қочиб келган қочқинлар орасида фақат тожиклар эмас, балки ўзбеклар, туркманлар ва ҳазоралар ҳам бор эди.

Тожикистонда ўшанда афғон қочқинларининг тинч-осойишта яшашлари учун имконият яратилди.

Жумладан, уларнинг ишлашлари, айниқса савдо-сотиқ қилишлари учун имконият яратилди. Душанбе ва Хўжанд бозорларида афғонларнинг савдо расталари пайдо бўлди.

Афғонистонлик туркман Тоҳир Хўжандда «афғон бозори» деб олган савдо масканида эмас, шаҳардаги энг машҳур «Пайшанбе» бозорида озиқ-овқат билан савдо қиларди.

«Толибон қишлоқларимизга бостириб киргач, биз чегаранинг нариёғидаги Туркманистонга қочиб ўтдик. Лекин сал олдинроқ жаҳон туркманлари анжуманида ҳар бир туркманни ҳимоя қиламиз, деб сўзлаган Туркманбоши Сапармурод Ниёзов бизга Туркманистондан чиқиб кетиш учун 24 соат вақт берди. Жонимизни гаровга қўйиб, Афғонистонга қайтдик. Кейин мана кўриб турибсизлар, Тожикистонга келдик. Бола-чақани боқиб турибмиз,» - деган эди Тожикистонга келиб қолиши сабабларини изоҳлар экан Тоҳир.

Лекин у йилларда ҳали Тожикистоннинг ўзида ҳам иқтисодий аҳвол яхши эмас эди. Аҳолининг 80 фоизига яқини камбағаллик даражасида ҳаёт кечирарди.

Канадага кетиш имконияти туғилганда, Тоҳир оиласи билан биринчилар қаторида уммон ортидаги бой мамлакатга йўл олди.

Лекин ҳалигача Тожикистонда ўша йиллари Афғонистондан келиб қолган қочқинлар яшашмоқда. Уларнинг болалари Тожикистонда улғайишди, таълим олишди.

Хўжанддаги «Афғон бозори» ҳозир бошқача номланган бўлса-да, лекин хўжандликлар ўша эски ном билан аташади. Бозорда ҳалигача савдо қилаётган афғонлар бор. Улар кўпроқ совун, шампун каби гигиена товарлари сотишади.

«Мен Хўжандга келганимда, икки яшар бола эканман. Шу ерда ўқидим, улғайдим. Хўжандлик бўп кетдим. Лекин Афғонистондаги воқеаларни эшитиб, кечалари уйқум қочиб кетади.Урушдан, ўлимдан, хўрликдан жонини олиб қочаётган шўрлик ваатандошларимнинг кўкрагидан итаришмасин, деб Худога нола қиламан,» - деди сотувчи афғон йигит.

- Биз инсонпарвар мамлакатда яшаймиз. Юртимизда фуқаролар уруши кечган йилларда Афғонистон камида етти юз минг нафар юртдошимизга бошпана берганлигини ҳам унутганимиз йўқ. Мана, қўшни мамлакатлар орасида биринчи бўлиб бизда афғонлар учун бошпана-жамлоқ қурилар экан. Агар Афғонистондан қочиб келган кишиларга озиқ-овқат зарур бўлса, ёрдам беришга тайёрман, - деди аслида Помирнинг Шуғнон туманида туғилган, ҳозирда Душанбеда яшаётган тадбиркор Аъламшо.

Инклюзив ҳукумат - асосий ечимми?

Қўшни Ўзбекистон «Толибон» бошқариши кутилаётган Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтар экан, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон қўшни мамлакатда инклюзив ҳукумат тузилиши шартлигини қайта-қайта таъкидламоқда.

У бу ҳукумат таркибида пуштунлар билан бирга албатта тожиклар, ўзбеклар ва Афғонистондаги бошқа миллатлар вакиллари бўлиши зарурлигини айтмоқда.

Афғонистондаги тожиклар аҳолининг 45 фоизигача ташкил этиши айтилади.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)нинг жорий ойда Душанбеда бўлиб ўтган махсус йиғилишида сўзлар экан, Афғонистондаги фалокатли вазиятнинг Марказий Осиё минтақасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишини таъкидлади.

У толибларнинг олдинги бошқа сиёсий кучлар ва этник гуруҳларнинг кенг иштирокидаги инклюзив ҳукумат тузиш ваъдасини бажаришмагани ва ўрта асрлардаги шариат қонунлари асосида исломий амирлик тузишни эълон қилганликларини айтар экан, бу кейинги икки-уч йил орасида Афғонистонда экстремистик мафкуранинг кучайишини англатади, деди ".

«Бизнинг кўз ўнгимизда Афғонистон халқаро террорчилик ўчоғига айланмоқда. Тожикистон Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва устуворлик тикланишини қўллаб-қувватлайди ва ўзининг шу мавқеида қолади», деди Эмомали Раҳмон.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳам Нью-Йоркда бўлиб ўтган Афғонистон халқлари хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган олий даражадаги музокарада қатнашар экан, инклюзив ҳукумат тузиш шартлигини таъкидлади.

У бу ҳукумат мамлакатдаги бошка халқлар, айниқса тожиклар иштирокида тузилиши зарурлигини урғулади.

Шунингдек, Сирожиддин Муҳриддин Афғонистон халқига тезда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида фикр билдирди.

Айни бир пайтда Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош мамлакатларида афғон қочқинларига турлича муносабат билдирилишида Россия Президенти Владимир Путиннинг огоҳлантиришлари ҳам таъсир этмоқда.

Президент Путин Афғонистондан қочқинлар номи билан террорчилар суқилиб киришлари ва улар Россия ҳудудига ҳам ўтишлари мумкинлигини айтган эди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Афғонистон тез орада озиқ-овқат инқирозига юз тутиши мумкинлигини айтар экан, бу КХШТ аъзолари бўлган давлатлар учун хатар туғдириши ва унинг олдини олиш учун биринчи навбатда Тожикистон чегараларини мустаҳкамлаш зарурлигини айтганди.

Айни бир пайтда Покистон Бош вазири Имрон Хон Эмомали Раҳмон билан музокаралардан сўнг «Толибон» ҳаракати раҳбарлари билан Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш борасида музокаралар бошлаганини билдирган.

Унинг айтишича, бу ҳукуматга пуштунлар билан бирга Афғонистондаги бошқа барча халқлар, тожиклар, ўзбеклар, ҳазоралар киришлари зарурлиги фикрини илгари сурган.

Имрон Хон айни шундай ҳукумат Афғонистонда қирқ йиллик урушга чек қўйиши ва минтақа манфаатларига жавоб бериши мумкинлигини айтган.

Лекин кузатувчиларга кўра толибларнинг ҳозирги ўз мухолифларини қувғинга олиш, аёллар ҳуқуқларини чеклаш каби сиёсати давом этар экан, Афғонистонда осойишталикнинг ҳукм суришини яқин вақтларда кутмаслик зарур.

Уларга кўра бу сиёсат тинч-осойишта ҳаёт излаб Ватандан бош олиб кетадиган қочқинлар сонини тобора кўпайтираверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek