Афғонистондан Ўзбекистонга ўнлаб самолёт, вертолёт, юзлаб ҳарбий ўтмаганми? O'zbekiston Afg'oniston yangiliklar

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий баёнотини ўзи рад қилиб чиқди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари kun.uz га ҳозирча бу мавзуда қўшимча маълумот берилиши кутилмаётганини маълум қилди.

Расмий раддияда айтилишича, "Бош прокуратуранинг Telegram-каналида чоп этилган баёнот ҳам охиригача аниқлаштирилмай, мутасадди идораларнинг расмий текширилган маълумотларига таянмаган ҳолда чиқарилган".

"Шу боис, Бош прокуратуранинг Telegram-каналига маълумотларни жойлаштириш учун масъул бўлган тармоқ ходимлари шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур баёнот учун расман узр сўрашмоқда".

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ҳар икки расмий баёноти ҳам кеча, 16 август куни устма-уст эълон қилинган.

Дастлабки расмий баёнотда 14-15 август кунлари Афғонистондан 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та ҳарбий вертолётнинг Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтгани маълум қилинган.

Уларнинг бортида жами 585 нафар афғон ҳарбийси бўлгани айтилган.

Худди шу жараёнда икки давлат самолётининг тўқнашиб кетиб, Шеробод туманига қулаб тушгани ҳақида ҳам сўз борган.

Шеробод Ўзбекистоннинг Афғонистонга бевосита чегарадош жанубий Сурхондарё вилоятида жойлашган.

Дастлабки расмий баёнотда, яна шунингдек, худди ўша куни 158 нафар афғон фуқароси ва қуролланган ҳарбийларининг ҳам Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишгани ҳақида ҳам айтиб ўтилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Бош прокурорининг шахсан ўзи томонидан жиноят иши қўзғатилгани билдирилганди.

Бош прокуратуранинг раддияси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбийлари Сурхондарёга қўнган ва ичида афғон ҳарбийлари бўлган иккита вертолётни кўздан кечираётгани акс этган видеоёзув пайдо бўлганига оид хабарлар ортидан бўй кўрсатган.

Бундан аввал эса, Шеробод туманида Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари белгиларига эга самолёт номаълум сабабларга кўра қулаб тушгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон ҳаво кучларига тегишли самолётнинг Сурхондарёда қулаб тушганини тасдиқлагани айтилган.

Хабарларда вазирликнинг, "Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олингани"ни қайд этгани ҳақида ҳам ёзилганди.

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси

14 август куни эса, Толибон Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрини ҳам босиб олган.

Мозори Шариф жангарилар Афғонистон шимолида эгаллаб олган сўнгги икки шаҳардан бири бўлган.

Шаҳар Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятининг марказидир.

Интернет нашрининг 16 август кунги хабаридан маълум бўлишича, kun.uz бирламчи ахборотдаги айнан қайси маълумотлар хато бўлганига изоҳ сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланган.

У нашрга "берилган маълумотларнинг ҳаммаси хато бўлгани"ни билдирган.

"Воқеалар аслида қандай бўлгани ҳақида текширилган ва тўғри маълумот бериладими, деган саволга жавобан Ҳаёт Шамсутдинов ҳозирча бу мавзуда қўшимча маълумот берилиши кутилмаётганини маълум қилди", - деб ёзмоқда kun.uz.

Толибон Афғонистонда ўзининг Исломий Амирлигини ўрнатиши билан кечган чорак асрча вақт мобайнида ҳам Ўзбекистондан бунга ўхшаш хабар олинмагани ҳам бор гап.

Худди шу манзарада Сурхондарё ҳокимининг Афғонистон билан чегарадош маҳаллалар аҳолиси билан учрашгани маълум бўлган.

Хабарларга кўра, Тўра Боболов хавотирга ўрин йўқлигини, "Термиз-Ҳайратон" кўприги ҳудудида вазият барқарорлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон ва Афғонистонни худди шу кўприк боғлаб туради.

Мозори Шариф Толибон қўлига ўтган соатларда Ҳайратон кўпригида Ўзбекистонга ўтиш илинжида бўлган катта сондаги афғон ҳарбийлари тўпланганига оид видеотасвирлар ҳам чиқиб кетганди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.

Вазирлик худди шу куни Афғонистон Қуролли Кучларининг 84 ҳарбийси Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганини маълум қилган.

Уларнинг ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўлга олинганини билдирган.

Чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмагани ва 3 нафари тиббий ёрдамга муҳтож бўлганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва "Термиз-Ҳайратон" кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бораётганини ҳам билдириб ўтганди.

Афғонистонники билани Ўзбекистоннинг энг қисқа ташқи чегараси экани айтилади.

Ўзбекистон Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган июнь ойидаёқ ўз чегарасини бир томонлама ёпган.

Расмий Тошкент ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Илк расмий баёнот - 16 август

Ўзбекистон мулозимлари кўра, Афғонистондан бир неча ҳарбий самолётлар ва вертолётлар ноқонуний Ўзбекистон ҳудудига ўтган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг баёноти:

2021 йил 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтган, ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган, Афғонистон Ислом Республикасининг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолётлари мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилган.

Жорий йил 15 август куни Қарши шаҳридаги "Хонобод" аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистон Ислом Республикасининг 3 та "ЭМБРАЙЕР-314" русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та "МИГ-29" русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олинган.

Лекин кузатув давомида "ЭМБРАЙЕР-314" ва "МИГ-29" русумли самолётлар тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган.

Шу куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари дарё орқали Термиз тумани ҳудудига Ўзбекистон Республикаси чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтишган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон ҳаво кучларига тегишли самолётнинг Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаганини тасдиқлаганди.

Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-сайти хабар қилишича, Интернетда самолёт қисми ва камида бир жароҳатланган инсон акс этган фото ва видеолар тарқалган.

gazeta.uzнинг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи Термиздаги шифохонага ётқизилганлигини тасдиқлаган.

Уларнинг самолётдан парашютда сакраганлари айтилган.

"Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олинган", дея билдирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.

Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари Афғонистон самолёти қулаши ҳолати бўйича суриштирув ишларини бошлагани, бу суриштирув натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги самолётда нечта одам бўлганини очиқламаган.

gazeta.uz хабар қилишича, 14 август куни уч Афғон аскари Термиздаги шифохонага ётқизилган

"Катта эҳтимол билан, гап Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида хабар берган уч ярадор афғон аскари ҳақида кетмоқда", деб ёзади веб-сайт.

"Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик ҳарбий хизматчининг касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бу афғон самолёт билан қулаши боғлиқми ёки йўқми, маълум эмас", деб хабар берди gazeta.uz.

14 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 84 нафар Афғонистон ҳарбийси Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишгани ҳақида хабар тарқатди.

Ташқи ишлар вазирлиги Афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун Афғон томони билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинган.

15 август куни Толибон пойтахт Кобулни қўлига олганини эълон қилди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Тожикистонга қочгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тожикистон расмийлари эса Афғонистон президенти Тожикистонда эканини рад этиб чиқдилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek