АҚШ Шинжон-Уйғур бўлгасида ишланган Хитой товарлари экспортига тўсиқ қўймоқчи

АҚШ тарафи Хитойнинг Шинжон-Уйғур бўлгасида ишлаб чиқиладиган муҳим товарлар экспортига тўсиқ қўймоқчи.

Бош сабаб - кўп маҳсулотлар мусулмон уйғурларнинг мажбурий меҳнати ортидан яратилаётгани.

Таклиф этилаётган тақиқ сирасида пахта ва памилдори бор.

Бу икки маҳсулот Хитойнинг энг муҳим экспорт товарларидир.

Президент Трамп маъмурияти Шинжондаги мусулмон уйғурларнинг аҳволи боис Хитойга босим ўтказишга интилиб келмоқда.

Сўнгги йиллари Хитой Шинжон-Уйғур бўлгасида хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Бир миллионга яқин мусулмон бирон маҳкамасиз лагерларга ташланган.

Хитой уларни ўқув-машғулот марказлари, деб атайди ва мусулмонларни "қайта тарбиялаш" чоралари бўлгинчилик ҳамда террорга қарши кураш учун муҳим, деб айтади.

Нима қилинмоқда?

АҚШ Божхона ва Чегара қўмитаси ҳозирда махсус қонуний меъёрларни ишлаб чиқмоқда.

Унга кўра, агар бирон маҳсулотни ишлаб чиқаришда мажбурий меҳнат қўлланган деган гумон бўлса, ана шу товар келиши биланоқ уни тутиб қолиш мумкин бўлади.

Буйруқсиз ушлаб туриш, деб аталадиган ушбу қонун лойиҳаси инсон савдоси, бола меҳнати ва инсон ҳуқуқларини топтайдиган бошқа ҳолатларни ҳам назарда тутади.

Жорий йил бошида АҚШ вакиллари Хитойдаги Шинжон-Уйғур бўлгасида ишлаб чиқилаётган барча маҳсулотлар мажбурий меҳнат натижасидир, деб айтишганди.

Шу боис АҚШ раҳбарияти Хитойдан Шинжонда ишлаб чиқилган товарлар мажбурий меҳнат ортидан яратилмаган, деган сертификат талаб қилиши керак, деб сўралмоқда.

Аксар мусулмон уйғурлар ташланган лагерлар юзасидан АҚШ ва Хитой бир неча бор тўқнашганлар.

Пекин бу жамлоқлар хавфсизлик учун муҳим, деб такрорлайди.

Айни пайтда, пахта ва памилдори етиштириш жараёнида аксар уйғурларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётганига АҚШ вакиллари ишонишларини ва бу борада далиллари борлигини урғулайдилар.

Таклиф этилаётган тақиқ АҚШдаги савдо, кийим-кечак саноати ва озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларга ҳам таъсир этади.

Хитой дунёдаги пахтанинг 20% ёки бешдан бир қисмини ишлаб чиқаради.

Маҳсулотнинг аксар қисми Шинжонда етиштирилади.

Жорий ҳафта АҚШдаги Дисней студияси ҳам "Мулан" болалар фильмини Шинжон-Уйғур бўлгасида суратга олгани учун танқидга тутилди.

Мулан ролини ижро этган актриса Гонконгдаги намойишчиларга қарши чораларни қўллагани боис, шундоқ ҳам бойкот чақириқларига юз тутаётган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek