You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус, Тожикистон: чекловлар олиб ташланаётир, жарима ва жазолардан хавотирлик
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
20 июндан бошлаб Тожикистонда яна бир чеклов юмшатилди - мамлакатда кўп кишилик тўйлар ўтказишга рухсат берилди. Бундан олдин ҳам тўй ўтказиш учун бутунлай тақиқ йўқ эди. Лекин тўйда иштирок этувчи кишиларнинг 15 нафардан ошмаслиги қатъий белгилаб қўйилган эди.
Айни шу чеклов боис Тожикистонда тўйлар тўхтаб қолганди. Бугундан бошлаб тўйлар 100 нафар киши иштирокида ўтказилиши мумкин. Лекин тўй эгаси одатда бир куни ўтказилиши шарт бўлган тўй маросимларидан фақат биттасини танлаб олиши мумкин. У ё меҳмонларга ош беришни, ё никоҳ базмини танлайди. Одатда Тожикистонда ош маросимига 200 нафар, никоҳ базмига эса, 150 нафар меҳмон таклиф қилиш мумкин эди. Тўйда қатнашаётганлар сони бундан ортса, тўй эгаси жаримага тортиларди.
15 июндан бошлаб эса, Тожикистонда буюм бозорлари, кафе каби овқатланиш жойлари, гўзаллик кошоналари фаолиятига рухсат берилганди. Ўтган ҳафтада футбол бўйича Тожикистон биринчилиги ўйинлари ҳам давом эттирила бошланди. Лекин худди тўй ўтказиш каби чеклов олиб ташланган бошқа жойларда ҳам санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя этиш таъкидланган.
Янги қўшимчалар нима учун зарур?
Тожикистон Парламентининг қуйи палатаси пандемия пайтида санитария-гигиена қоидаларини бузганлик учун мамлакат Жиноят кодексига киритиладиган қўшимчаларни маъқуллаган. Бу лойиҳа Тожикистон Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилган эди. Қўшимчалардан бири жамоатчилик жойларида тиббий ниқобсиз юрганлар учун жарима солишни кўзда тутади. Унга кўра ниқобсиз юрган кишилар 116 сомонийдан 290 сомонийгача (бу 11, 6 дан 29 АҚШ долларига тўғри келади) жаримага тортилишлари мумкин. Хавфли юқумли касаллик, жумладан коронавирусни тарқатганлар икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин. Агар бу жиноят такрорланса, жазо муддати беш йилдан 10 йилгача кўпайтирилиши назарда тутилган. Жиноят кодексига киритиладиган қўшимчаларга мувофиқ оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда коронавирус ва бошқа юқумли касалликлар ҳақида ноаниқ ва ёлғон ахборот тарқатган жисмоний шахслар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кичик миқдорига қараганда 10 баравардан 20 бараваргача (580дан 1160 сомоний - 58-116 АҚШ доллари) жаримага тортилади. Ҳуқуқий шахслар эса, ноаниқ ва ёлғон ахборот тарқатиш учун энг кам меҳнат ҳақининг 150-200 ( 8,7 - 11, 6 минг сомоний - 800,7- 1100,6 АҚШ доллари) бараваригача жарима тўлашларига тўғри келади.
Бу жазога тортишлар Жиноят кодексига киритиладиган янги қўшимчаларни мамлакат Парламентининг Олий палатаси маъқуллагач ва ундан сўнг Тожикистон Президенти имзолагандан кейин кучга кириши мумкин. Мазкур қўшимчаларнинг қабул қилиниши зарурияти ҳақида гапирар экан, Тожикистон Парламенти қуйи палатаси депутати Равшан Ражабзода чекловлар бекор қилиниб, жамоатчилик жойларида иш бошлангач, санитария-эпидемиология меъёрларини бажармаслик жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги билан изоҳлаган. Ниқоб билан юриш тартибини бузганлик учун жарима тортишни қўллаш ташаббускори бўлган мазкур депутат ҳукуматнинг «Ховар» ахборот агентлиги билан суҳбатда май ойида Тожикистонда коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун қарама-қарши фикрлар пайдо бўлганлигини, ҳатто тўлиқ карантин жорий этиш борасида гапирилганини айтган.
«Аҳолининг асосий кўпчилиги зарур эҳтиёт чоралари кўра бошлади, ёши улуғ инсонлар иҳоталанишни афзал кўришди, балоғатга етмаган болалар кўчага кам чиқа бошлашди», дейди Равшан Ражабзода. Лекин унинг айтишича, касаллик камайиб, чекловлар юмшатилиши, тақиқларнинг маълум қисми бекор қилиниши боис айрим одамлар санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилишга масъулиятсизлик билан ёндаша бошлашган.
«Жамоатчиликда маълум хотиржамлик бошланган. Агар ҳозир одамлар зарур қоидаларга риоя қилишмаса, ҳукуматнинг бунгача кўрган барча чора-тадбирлари иш бермай қолиши, биз коронавируснинг қайтадан авж олишига гувоҳ бўлишимиз, у олдингисидан кучлироқ бўлиши мумкин», деган депутат Равшан Ражабзода.
COVID-19 олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича Республика штаби эса Тожикистонда коронавируснинг қайтадан авж олмаслиги учун одамларни ниқоб тақишга, ижтимоий масофа сақлашга, қўл бериб кўришмасликка чақирган.
Кимга ишониш мумкин?
Айни бир пайтда мамлакат Жиноят кодексига киритилиши мўлжалланаётган янги қўшимчалар жамоатчилик орасида хавотирлик уйғотган. Журналистика бўйича таҳлилчилар янги қўшимчалар пандемия борасида тўғри маълумотлар тарқатишни чеклашини, расмий хабарларга қараганда бошқача хабарлар беришга жазм этаётган оз сонли журналистларнинг ҳам оғзини ёпиши мумкинлигини айтишган. Уларга кўра ноаниқ ва ёлғон хабарлар тарқатгани учун жазога тортишлар ички тақиқни янада кучайтириши, расмий идоралардан маълумот олишни янада мураккаблаштириши мумкин.
Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоевга кўра, янги қўшимчалар киритишдан мақсад журналистлар фаолиятини чеклаш бўлиб, уни амалга ошириш демократик мамлакатга тўғри келмайди. У медиа ташкилотлар Парламентнинг юқори палатаси ва мамлакат Президентига «Тожикистон Оммавий ахборот воситалари ва журналистларига нисбатан бундай репрессив чоралар» қабул қилмасликни сўраб мурожаат тайёрлашаётганини айтган.
«Ҳимоя» ҳуқуқий ширкати бошлиғи Наврўз Одинаев қўшимчалар шошилинч тайёрланганлиги боис, камчиликлари борлиги ва Парламентнинг Олий палатаси уни қўлламаслигига умид қилаётганлигини айтган. Унинг сўзларига қараганда, Тожикистон қонунчилигига киритиладиган қўшимчалар оммавий тарзда нашр этилгандан сўнг бир ойдан сўнггина кучга кириши мумкин.
Тожикистонда етакчи нашр ва сайтлардан бўлган «Азия-плюс» ташкилотчиси ва бош муҳаррири Умед Бобохонов «Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ҳам ноаниқ ва ёлғон хабар тарқатганлиги учун қонунга кўра жавоб беришармикан», деган савол қўяди. У агар бу қонун олдинроқ, Тожикистонда расмий равишда пандемия тан олинмагандан илгари кучга кирганда давлат кимни - мамлакатда коронавирус йўқ деб турган вазирликними ё ижтимоий тармоқларда Тожикистонда пандемия тарқалганлиги борасида бонг урган журналистларни жазога тортардими, дея савол ташлайди.
«Жазолар ҳақида гапиришдан олдин мен Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг улар айтаётган коронавирусдан вафот этган кишиларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилишини таклиф этган бўлардим. Агар шундай қилинса, аллақачон кимни жаримага тортиш маълум бўларди-қоларди. Акс ҳолда, айтилаётган қонун лойиҳаси тожик жамияти учун ғамхўрлик эмас, балки журналистлар ва оддий одамлар оғзини юмиш учун уринишга ўхшаб қолади», деб ёзган таниқли журналист.
Таҳлилчи Абдумалик Қодиров фикрича, янги қўшимчалар шаффофлик бор ва ҳисобот бериб туриладиган мамлакат учун мувофиқдир. У мамлакат Президентининг аҳолига коронавирус ҳақида тўғри хабар тарқатиш, ҳеч нарсани яширмаслик ҳақидаги таъкидини эслатади. Лекин бу чорловга ҳамон итоат этмаётганликларини таъкидлайди. «Қайси хабарга ишониш мумкин? Одамларнинг ўзлари тўплаган, вафот этганларнинг аниқ кимлиги кўрсатилган хабарларигами, ё вазирлик бераётган «абстракт» маълумотларгами», дейди таҳлилчи.
Қиёслаш нималарни кўрсатади?
Журналистлар Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Раиси Ёдгор Файзовнинг Помирда коронавирус борасидаги вазият борасида айтган сўзларини мисол келтириб, мамлакатда COVID-19 курбонларининг расман келтирилаётган сонини савол остига олишмоқда. Ёдгор Файзов мухтор вилоятда коронавирусга чалиниш пасайганини айтар экан, 7-июнгача Бадахшонда бу юқумли касалликдан 22 киши вафот этганини айтган. Вилоятда карантинга олинган 1506 кишидан 1132 нафари, яъни 75 фоизи соғайиб кетган.
20-июннинг кечки пайтида Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги берган маълумотларга қараганда эса, кейинги кунда 61 кишида коронавирус аниқланиб, уларнинг умумий сони 5399 нафарга етган. Бир киши вафот этган ва бу рақам 52 нафарга етган. Кейинги бир кунда 64 киши, умуман 3894 нафар киши соғайган. Ҳозир 116 нафар киши даволанмоқда.
« Бу икки маълумот қиёсланганда, савол туғилиши табиий. Нима, Тожикистонда энг оз аҳоли яшайдиган Бадахшонда коронавирусга чалинганлар мамлакатда энг кўпми? Ҳатто икки ҳафта кейинги маълумотга солиштирилганда ҳам, бу деярли учдан бир ҳиссага тўғри келяпти. Ё коронавирус туфайли ўлим ҳолларини олсак. Наҳотки, Бадахшонда 22 киши вафот этиб, мамлакатнинг қолган минтақаларида коронавирусдан ўлим ҳоллари бундан фақатгина 8 киши кўп бўлса? Кимга ишонайлик? Вазирлик маълумотларигами, ё вилоят Раиси Ёдгор Файзовгами?», дейди кимлигини ошкор этишни истамаган журналист.
Айни бир пайтда Тожикистонда расман пандемия пасайгани айтилаётган вақтда, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедролс Гебрейесусга кўра жаҳонда коронавирус бўйича вазият ёмонлашган. ЖССТнинг Тожикистондаги янги вакиди Бахтигул Карриева эса, ҳали Тожикистонда коронавируснинг авж нуқтасидан ўтилмаганини айтган. Мутахассисларга кўра, Тожикистонда коронавирус бўйича минтақалар бўйича баҳолашнинг оммага етказилмаслиги муаммолар келтириб чиқаради. Бошқа кўпгина мамлакатларда вафот этганларнинг турар-жойи, жинси, ёши, баъзан ҳатто олдин қайси касаллар билан оғригани кўрсатилади. Ҳали бундан ўн кун олдин БМТнинг Тожикистондаги гуруҳи мамлакатда 1700 нафардан ортиқрок тиббиёт ходими коронавирус юқтирганини билдирганди. Мазкур гуруҳ ҳисоботида ёзилишича тиббиёт ходимлари умумий касалланганларнинг 36 фоизини ташкил этади Жумладан, 619 нафар врач ва 548 нафар ҳамшира. Бу рақамлар билан Тожикистонда коронавирусга чалинишнинг умумий рақами солиштирилса, яна жавобини аниқлаштириш зарур бўлган савол туғилади.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Жамолиддин Абдуллозода эса, қон босими, қанд касаллиги, юрак-қон томирлари, семизлик каби хасталиклар билан оғриган одамлар коронавирусга чалиниб вафот этганларида, ўлим сабаблари уларнинг олдинги сурункали беморликлари боис эканликларини айтганди. Бундан коронавирус боис карантинда бўлиб вафот этганларнинг ўлим сабабига унинг олдинги касали ташхиси қўйилаётганини пайқаб олиш мумкин, деди маҳаллий таҳлилчи. «Бир ҳафтада карантинда ётган менинг икки қариндошим вафот этди. Иккови ҳам олтмиш ёшдан ошган. Икковининг ҳам ўлим сабаби бошқача кўрсатилди. Агар шундай бўлса, улар нега одатдагидай тупроққа топширилмади?», деди Зафаробод туманидаги Меҳнатобод шаҳарчасида яшайдиган киши.
Коррупция авж олмасмикин?
Айни бир пайтда эса, Тожикистонда пандемия муносабати билан эълон қилинган чекловлар ҳафта сайин юмшатилишда давом этмоқда. Йирик бозорлар очилиб, футбол ўйинлари ўтказила бошлангандан сўнг, энди карнай-сурнайлар тўйга чорлай бошлади. Фақат театр ва кинотеатрларда томоша кўрсатишга ижозат берилган эмас, болалар боғчалари, масжидлар ёпиқлигича турибди.
Балки ҳали расмий равишда жаримага тортишлар қўлланилмаётгани учунми, ё одамлар карантинга олинган беморхоналар олдингидек оддий беморлар учун очилганини кўрганлари боисми, жамоат жойларида оддий санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилмаётганлар кўпаймоқда. Хўжанд яқинида йирик «Сомон» ва аҳоли орасида «Атуш» номи билан машҳур бозорлар ишлай бошлагач, одамлар оддий эҳтиёткорликни ҳам унутишди. Масалан, Атуш» бозорида асосий кириш жойида бозорга келаётганлар ҳарорати ўлчаниб, кафтларига антисептик сепилмоқда. Иккинчи кириш жойида эса, кириш-чиқиш бемалол. Енгил карантин вақтида фаолиятини бутунлай тўхтатмаган «Баракат» қурилиш ашёлари, хўжалик моллари ва оёқ кийимлари улгуржи бозори эса, янада гавжумлашиб кетди. Бозорларда эса ниқобсиз юрганларни, ижтимоий масофа - 2 метрга эмас, ҳатто 20 сантиметрга ҳам риоя қилинмаслик ҳолларини кўриш мумкин.
Хўжандлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси шундай ёзув қолдирган: «Тунги ўнларда Гулбаҳор маҳалласидаги «Оазис» магазинига кирдим. Харидорлар кўп, улар орасида ниқобсизлар оз эмас. Мен магазин маъмуридан нега ниқобсизларни киритяпсиз, деб сўрадим. У кираверишда ходимларидан бири турганлигини ва магазинга келаётганларни назорат қилишини айтди. У ходим билан гаплашдим. Ходим магазин маъмуриятидан ниқобсизларни киритаверинглар, савдо бўлсин, деган буйруқ борлигини айтди».
«Ҳозирча ниқобсиз юриб олайлик, жарима қиладиган бўлишса, тақиб оламиз», деди «Сомон» бозорига харид қилиш учун келган йигит. «Лекин ўшанда ҳам ниқобсиз юрадиганлар бўлаверади. Чунки ГАИлар ҳайдовчилардан жарима ўрнига чўнтакларига олишгандайин, коронавирус тартибларини назорат қилувчиларнинг нафси йўқ дейсизми. Ҳа, айтгандайин «маршрутка»ларда қандай қилиб икки метр масофа бўлиши мумкин?», деди бу йигит.
Таҳлилчилар ҳам, юқумли касалликлар бўйича янги қўшимчалар фақатгина сўз эркинлигига қарши бўлибгина қолмасдан, коррупцияни ҳам авж олдиришини таъкидлашмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek