You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дунё, янгиликлар, Қозоғистон: Ўйнашмагин арбоб билан...
Қозоғистонлик фаол бўш плакат кўтариб тургани учун ҳибсга олинди
Ёш фаол Аслан Сагутдинов кучишлатар тизимларнинг намойишларга бўлган муносабатини текшириш мақсадида мамлакат ғарбидаги Ўрал шаҳри маҳаллий ҳокимияти биносининг қаршисида ҳеч нарса ёзилмаган бўм-бўш плакат кўтариб турди. Бироқ полиция барибир уни ўз машинасига босиб олиб кетган.
24 яшар фаол танишларининг биридан бутун жараённи тасвирга туширишни сўраган. У полиция келгунга қадар маҳаллий матбуот вакилларига ҳеч қандай норозилик намойишида иштирок этмаётгани ва бақир-чақир қилмаётгани, нияти фақатгина полициянинг бундай ҳолатга нисбатан қандай муносабат билдиришини билиш холос эканини таъкидлаган.
Орадан бироз вақт ўтиб, полиция пайдо бўлган ва йигитни машина ичига тортқилаган. Видеода фаолнинг ўзининг нега ҳибсга олинаётгани борасида берган саволига полиция «Буни кейинроқ ҳал қиламиз,» дея жавоб қайтарганини эшитиш мумкин.
Биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг март ойида истеъфога чиқишидан бери Қозоғистонда кичик кўча намойишлари тўлқини кузатилмоқда. Пойтахт номининг ўзгартирилиши ортидан норозилик билдира бошлаган қозоғистонликлар, айни вақтда, июнь ойида ўтиши режалаштирилган президентлик сайловини бойкот қилишга уринмоқда. Пайдо бўлаётган тасвирларда полиция ва кучишлатар тизимлар намойишларни қаттиққўллик билан бостиришга уринаётгани кўринади.
Покистондаги сўфийлар ибодатхонаси ташқарисида портлаш юз берди
Портлаш Жанубий Осиёдаги энг қадимийлардан бўлмиш Дата Дарбар сўфийлар ибодатхонаси ташқарисида юз берган. Лаҳор шаҳрида жойлашган Дата Дарбар қадамжосини ҳар йили юз минглаб одамлар зиёрат қилади.
Ҳозирга қадар фожиа оқибатида беш нафар инсоннинг ҳалок бўлгани аниқланган. Расмийларга кўра, ҳужум ташкилотчилари полиция машинасини нишонга олишга уринган. Ҳеч бир гуруҳ портлаш учун масъулиятни ўз бўйнига олмаган.
Исломий тасаввуфнинг шакли бўлмиш сўфийлик издошлари ўлароқ аксар покистонликлар яқин йилларда бир неча бор жангарилар ҳужумига учраган. 2010 йилда айнан Дата Дарбарда юз берган икки портлаш оқибатида ўнлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмган эди.
Ушбу хунрезлик қон тўкилиши ёқланмайдиган Рамазон ойида содир этилгани аҳамиятга моликдир.
Эрон уранни бойитиш жараёнини қайта бошлаш билан таҳдид қилди
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний расмий Теҳроннинг мамлакат ядровий дастури бўйича 2015 йилда эришилган халқаро битимнинг асосий бандларига ортиқ амал қилмаслигини эълон қилди. Бундан бир йил аввал президент Доналд Трамп АҚШнинг ушбу битимдан чиқишини маълум қилган эди.
Эрон ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси - АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия - ҳамда Германия томонидан имзоланган битим Теҳроннинг ядровий дастурини тизгинлаб туриш эвазига мамлакатга нисбатан жорий этилган санкцияларни юмшатишни кўзда тутар эди.
Бироқ, битимдан чиққандан сўнг, АҚШ Эронга нисбатан янги санкциялар пакетини жорий этган ва ўтган бир йил ичида мамлакатдаги иқтисодий вазият анчайин оғирлашган.
Айни вақтда президент Руҳоний бундан буён бойитилган уран захиралари Эроннинг ўзида қолишини таъкидлаган ва 60 кун ичида юқори даражада уранни бойитиш жараёнини қайта бошлаш билан таҳдид қилган.
Ўтган яқин вақт ичида АҚШ ва Эрон муносабатлари сезиларли совуқлашгани кузатилмоқда. Хусусан, АҚШ Эрон нефтини импорт қилаётган айрим давлатларга нисбатан санкциялар жорий қилган ва Эрон Исломий Инқилоб Ҳимоячилари Корпусини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.
Шунингдек, шу ҳафта бошида президент Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон АҚШ қуролли кучларига қарашли авиаташувчи кема ва бомбардимончи бўлинманинг Эронни чўчитиш мақсадида Форс Кўрфазига киритилишини эълон қилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek