You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дунё, янгиликлар: Шереметьево авиаҳалокати ҳақида нималар маълум?
Россияда ёниб кетган самолёт бўйича текширувлар бошланди. «Аэрофлот» авиакомпаниясига қарашли Sukhoi Superjet 100 авилайнерининг кеча - 5 май куни Москвадаги Шереметьево аэропортида фавқулодда қўнишни амалга ошириши оқибатида келиб чиққан ёнғин 41 инсонни ҳаётдан олиб кетган эди.
Москва-Мурманск рейсини амалга ошираётган самолёт ҳавога кўтарилгандан ярим соатча вақт ўтиб, қайта Шереметьево аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган. Кузатув камералари туширган тасвирлар ўрганилгандан сўнг самолётнинг ҳавода эмас, балки қўниш вақтида юзага келган зарба ортидан ёниб кетгани маълум бўлган.
Россия Тергов Қўмитасининг маълум қилишича, айни дамда юз берган фалокатнинг турли талқинлари кўриб чиқилмоқда. Улар орасида учувчилар, диспетчерлар ва самолётнинг техник ҳолатига жавобгар бошқа масъул шахсларнинг малакаси етарли бўлмагани; ҳаво кемасининг техник жиҳатдан соз эмаслиги; ҳамда ёмон об-ҳаво ҳолати каби тахминлар мавжуд.
Расмийлар самолётга тегишли икки қора қутининг топилгани ва текширувга юборилганини хабар қилган. Қора қути маълумотларини ўрганишга икки ҳафтадан бир ойга қадар вақт кетиши айтилмоқда.
Бир вақтнинг ўзида ёниб кетган самолёт йўловчилари авиалайнерга чақмоқ келиб урилганига гувоҳ бўлганликлари ҳақида сўзлаган. Бошқа маълумотларга кўра, учувчилар ер билан алоқа узилиб қолганидан сўнг қайта қўнишга мажбур бўлган.
Россия Меҳнат вазирлиги фожиада ҳалок бўлган оила боқувчилари яқинларига 1 миллион рубль ($15,350)дан товон пули ажратилишини маълум қилган.
АҚШ Эронни чўчитиш мақсадида Форс Кўрфазига ҳарбий куч олиб келмоқда
Президент Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон тарқатган баёнотда маълум қилинишича, АҚШ Эронга «аниқ ва яққол хабар» жўнатиш мақсадида Форс Кўрфазига ўзининг USS Abraham Lincoln авиаташувчи кемаси ва бомбардимончи бўлинмани олиб келмоқда.
Реутерс агентлигига кўра, Эрон ва унга билвосита алоқадор кучлар минтақада жойлашган америкалик ҳарбийларга ҳужумлар уюштиришга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида пайдо бўлган маълумот ортидан Вашингтон шундай қарорга келган.
Жаноб Болтон Қўшма Штатларнинг Эрон билан уруш юзага келишини истамаслиги, аммо АҚШ ёки унинг иттифоқчилари манфаатларига нисбатан солинган таҳдидга шиддатли жавоб қайтарилишини таъкидлаган.
Ўтган бир йил ичида АҚШ ва Эрон муносабатлари сезиларли кескинлашган. Бир ой муқаддам АҚШ Эрон Исломий Инқилоб Ҳимоячилари Корпусини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган эди.
Шунингдек, АҚШ санкциялари оқибатида Эрон иқтисодиётида турғунлик юзага келиб, миллий валюта бўлмиш риялнинг қадри кескин тушиб кетган ва йиллик инфляция даражаси тўрт баробарга ортган.
Британия матбуоти: Бош вазир Брексит бўйича иккинчи референдумга тайёрланмоқда
Daily Telegraph газетасининг ёзишича, мамлакат Бош вазири Тереза Мей ҳукумати Брексит бўйича қайта референдум ўтказиш имкониятларини махфий равишда муҳокама қилмоқда.
Мақолада келтирилган фикрларга кўра, агар Мей хоним томонидан илгари сурилган Брексит режасини парламент яна тасдиқламаса, у ҳолда, ҳаммасини Британия халқи ҳал қилишига тўғри келади.
Бироқ оммавий референдум энг сўнгги чора ўлароқ қўлланиши мумкин, дейилади мақолада.
Мабодо ҳукумат ва парламент референдум ўтказиш заруриятини тан олса, у ҳолда фуқароларга уч кўринишдаги танлов берилиши мумкин: шартнома асосида Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш, бирор шартномасиз Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш ва Европа Иттифоқидан чиқиш ғоясидан бутунлай воз кечиш.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek