Қозоғистон: Имом эҳсон дастурхонлари таом рўйхатини тузди, Ўзбекистондачи?

Атирау вилояти бош имоми Батиржан Мансуров инсон вафот этганидан сўнг ёзиладиган турли эҳсон, садақа дастурхонларидаги таомларнинг қатъий рўйхатини тақдим қилди. Имомга кўра, одамлар жаноза дастурхонига турли ортиқча нарсаларни тортиқ қилиб исрофга йўл қўймоқда.
Мой город хабар порталининг ёзишича, эҳсон дастурхонида 7 хил таом кўрсатилган.
Энди атираулик мусулмонлар садақа маросимида бўғирсоқ, 7 дона чалпак, тариқ талқони, қаймоқ, сарёғ, хурмо, туршак-майиз ва иссиқ овқат (гуруч) тақдим қилиши мумкин.
"Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У исрофгарларни яхши кўрмайди", дея Қуръондан иқтибос келтирган имом.
Имом томонидан кўрсатилган ва эҳсон дастурхонларида қўйилиши керак бўлган таомлар мажбурий эмас, балки тарғибот маъносида бўлиши мумкин.
"Бундан эълонларни тарқатишга тарқатишга мажбур бўляпмиз. Чунки атирауиликлар сўнгги вақтларда жаноза маросимларини ортиқча дабдаба билан ўтказишмоқда", деган Батиржан Мансуров.

Сурат манбаси, MOy gorod
Бу мавзу вилоят ҳокимияти жамоатчилик кенгашида ҳам муҳокама қилинган. Йиғилганлар эҳсон дастурхони ёзилган столлар овқат кўплигидан синишига бир баҳя қолаяпти, дея фикр билдиришган.
Имомнинг таклифини проваслав руҳонийси Михаил Соколов ҳам қўллаб қувватлаган.
Эҳсон дастурхонларида нималар қўйилиши мумкинлигига Қозоғистоннинг турли бошқа вилоятидаги имомлар 2017 йилда ҳам иттифоқ қилган эди.
Ўша йилнинг апрель ойида чиқарилган фатвода эҳсон менюси ва таъзия маросимига қанча пул сарфланиши кераклиги айтилган.
Бироқ ўша вақтдаги дастурхонга қўйиладиган таомлар рўйхати Атирау имоминикидан фарқ қилган ва бойроқ бўлган.
Ўша йили тузилган дастурхон рўйхатида қозоқча пиширилган гўшт, қурут, талқон, бўғирсоқ, нон, майиз, конфет ва печеньелар бўлган.
Бир маросим учун ёзилган дастурхонга кўпи билан 450 доллар сарфлаш тавсия қилинган.
Шунча пулга масжид қошидаги ошхонада бу каби маросимларни ўтказиш мумкинлиги ҳам таклиф қилинган.
Бироқ ушбу тавсия ва таклифлар кутилган натижани бермаганлиги айтилади.
2018 йилнинг феврал ойида имомлар инсон камбағал бўлса, яқинини дафн қилиш маросимларига банкдан кредит олишга, ёки қарзга ботишга мажбур эмаслигини эслатган.
Ўзбекистонда ҳам имомлар жаноза маросимлари ёки марҳумни эслаш учун қилинадиган 40, 52, 100, йиллик, пайшанбалик, якшанбалик ва бошқа маросимларнинг шариатда йўқлигини эслатиб келишади.
"Борди-ю маҳалла ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу айни гуноҳдир.
Ҳозирги вақтда мусибатхонада бир эмас, бир неча марталаб эҳсонлар қилинмоқда. Бу маросимлар баъзи бир оилалар учун, хусусан ҳозирги бозор иқтисодига ўтиш даврида яна ҳам оғирроқ кечаётгани ҳаммага яхши маълум", - дейилади уламолар кенгаши раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг 2015 йилда қилган мурожаатида.
Бироқ ёзувчи Тоҳир Маликка кўра, айрим имомлар меҳробдан бу каби одатларнинг бидъатлигини айтиб, ўзлари унда иштирок этиши бу гапи чақириқларни қуруқ гап бўлиб қолишига сабаб бўляпти.
"Жумъа намозидаги маъизасида «йигирма», «йил оши» бидъат эканини айтишиб, орадан ярим соат ўтмай, намоздан сўнг «Аҳли жамоа, тарқалиб кетманг, фалончиникида йил оши», деб эълон қилиб, ўзи йўл бошлайдиганлар ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам қадрли имомларимизнинг ваъзлари қуруқ гап бўлиб қоляпти", деган Тоҳир Малик "Бидъат ва хурофот" мақоласида.
Буюк маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан 104 йил олдин "Бизни кемургувчи иллатлар" мақоласида одамларнинг тўй ва аза учун топганини сарфлаётганини куюниб ёзган.
"Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элтиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқга ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар", деган у.
Тўй ва азалардаги исрофгарчиликни фақат тақиқлаш йўли билан тўхтатиш самарали эмас ёки умуман инсоннинг ўзи топган пулларини ўзи истаганча сарф қилиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши лозим, деювчи тоифа ҳам бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












