Президент рафиқасини жинсий камситганлар суд қилинади

Брижит Макрон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Брижит Макрон
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Франция президентининг рафиқаси Брижит Макронни интернет орқали ҳақорат қилишда айбланаётган ўн киши шу ҳафта Парижда судга тортилмоқда.

Айбланувчилар Макрон хонимнинг жинси ва жинсий ориентацияси ҳақида асосланмаган иддаолар тарқатиш, шунингдек, у билан турмуш ўртоғи Эммануэл Макрон ўртасидаги 24 ёшлик фарқ ҳақида "ҳақоратомуз изоҳлар" қолдиришда айбланмоқда.

Агар уларнинг айби исботланса, икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Француз матбуотининг хабар қилишича, душанба ва сешанба кунлари маҳкама олдига чиқадиган ўн киши орасида сайланган бир амалдор, бир галерея эгаси ва бир ўқитувчи ҳам бор.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ўтган йил икки киши - ўзини мустақил журналист деб атаган Наташа Рей ва интернет орқали фолбинлик билан шуғулланадиган Амандин Руай туҳмат қилишда айбдор топилгандилар.

Улар Франциянинг биринчи хоними ҳеч қачон мавжуд бўлмагани, балки унинг акаси Жан-Мишель Тронё жинсини ўзгартириб, унинг исмини қўллай бошлагани ҳақидаги даъволари суд қилинган эди.

Бироқ апелляция суди Рей ва Руайнинг баёнотлари туҳмат даражасига етмаганини айтиб, оқлаганди.

Брижит Макрон ва унинг акаси ушбу маҳкама қарорига қарши шикоят аризаси топширган.

Брижит Макрон трансгендер аёл деган тушунчага асосланган фитна назарияси унинг эри Эммануэл Макрон 2017-йил президентлик сайловларида илк марта ғалаба қозонганидан бери айланиб юради.

"Оғриқли" иддаолар

Брижит Макроннинг жинси ҳақидаги асоссиз иддаолар сўнгги вақтларда АҚШда ҳам кенг ёйилди.

Улар, кўпинча, ўнг қанот инфлюенсер Кендас Оуэнс томонидан тарғиб қилинади.

Ўтган йил июл ойида Макронлар Оуэнс устидан маҳкамага мурожаат қилишган.

Улар Оуэнсни "ўз иддаосини рад этувчи барча ишончли далилларни инкор этиб, маълум туҳматчилар ва сохта назария тарафдорларига минбар берган"ликда айблашган.

Алоқадор мавзулар
Iqtibos

Сурат манбаси, .

BBC'нинг Fame Under Fire подкастига берган интервюсида Макронларнинг ҳимоячилари Том Клэр Брижит Макрон бу иддаоларни "жуда оғриқли" деб топгани ва улар Франция президенти учун ҳам "чалғитувчи омил"га айланганини айтди.

"Одам далиллар билан ўзингни исботлашга мажбур бўлишинг жуда аламли," - деди у.

Эммануэл Макроннинг айтишича, Оуэнсга қарши судга мурожаат қилиши "ўз шаънини ҳимоя қилиш" билан боғлиқ.

Брижит Макрон турмуш ўртоғи билан у ўқиган мактабда ўқитувчи бўлган вақтда танишган.

Жуфтлик 2007 йилда турмуш қурган. Ўшанда Эммануэл 29 ёшда, Брижит эса 54 ёшда бўлишган.