You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Долзарб муаммони кўтаришми ё ирқчилик? Россияда аксилмигрант кайфияти янада кучаймоқда
Шу кунларда Россиядаги телевизион канал ва оммавий ахборот воситалари Россия жамияти яқин орада рўпара келадиган катта таҳдид муаммоси мухокамасига "зўр беришни" бошлади: мамлакат тиббиёт муассасаларида ишлаётган шифокор ва тиббиёт ходимларининг аксарини Марказий осиёликлар ташкил этаяпти.
"Ҳар қандай поликлиника сайтига кириб врачларнинг фамилиясига қарашнинг ўзи етарли", деб ёзди Хакасия Республикасида фаолият юритадиган веб-сайтлардан бири.
"Мигрантлар мамлакатимизда бутун бошли соҳаларни эгаллаб олаяпти", деб огоҳлантирди яна бир эксперт.
Эълон қилинаётган мақолаларда мигрантлар Россиядаги медицина тизими бағрикенглигини суистеъмол қилаётганлари, россиялик солиқ тўловчилар мигрантларнинг бепул даволаниши харажатини бўйниларига "кўтараётганлари" ҳақида мушоҳада юритади ватанпарвар журналистлар.
Россия демографик инқирозга дуч келаётган мамлакат.
2021 йилги аҳоли сонини рўйхатга олишда 147 миллиондан ортиқ одам расман россиялик экани қайд этилган.
Расмий маълумотларга кўра, бугунга келиб Россия аҳолисининг сони 143 миллионни ташкил этади.
Мамлакат раҳбарияти демографик қийинчиликни мигрантлар эвазига ҳал этиш ниятида эканини тан олган.
Аммо 2022 йил февралида Россия қўшниси Украинага қарши бошлаган уруш, сўнг Москва яқинидаги Крокус Сити савдо марказига қуролли ҳужум ортидан Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан Россияга ишлашга борган мигрантларнинг аксари ватанига қайтишга мажбур бўлдилар, муҳожирларни оммавий "овлаш", оммавий депортация ҳолатлари кўпайди.
Россия расмийлари тарқатган маълумотларга кўра, 2024 йили Россиядан чиқариб юборилган чет элликларнинг сони 2023 йилдагига нисбатан икки баравар ортган, уларнинг сони 87000 дан ортиқ кишини ташкил қилган.
Энг кўп депортация қилинганлар Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Беларус фуқаролари бўлганлар.
Шу кеча-кундузда Нижний Новгород расмийлари ўтган йили 760 мигрант мажбурий чиқариб юборилганини хабар қилдилар.
Ўтган йил мобайнида Россия парламенти мигрантларга қарши қаратилган бир неча янги қонунларни қабул қилди.
Россия президенти алоҳида фармон чиқарди, унга кўра, 1 апрелгача Россияда юрган ноқонуний мигрантларнинг ўз мақомини қонунийлаштириб олишлари учун муҳлат берилди.
Яқинда россиялик сиёсатчи Сергей Миронов Россияда ишлаб пул топаётган меҳнат муҳожирлари ўз ватанига юборадиган пул ўтказмаларига бож жорий этиш таклифи кўриб чиқилиши ҳақида хабар қилди.