Россия-Ўзбекистон: Мигрантлар жўнатадиган пулга ўлпон солишмоқчи – бу амалга ошадиган таклифми ва ундан энг кўп зарар кимга бўлади?

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россияда меҳнат муҳожирлари ўз ватанига юборадиган пул ўтказмаларига бож жорий этиш таклифи кўриб чиқилиши хабар қилинди. BBC суҳбатдошлари бу ташаббус амалга ошган ҳолда, ундан ким кўпроқ зарар кўришини таҳлил қилиб берди.

Мигрантлар пул ўтказмаларига ўлпон солиш ташаббуси 'Адолатли Россия – Ҳақиқат учунʼ партияси етакчиси Сергей Миронов томонидан илгари сурилган.

Миграцияга оид сиёсатни янада қаттиқлаштиришга қаратилган ташаббуслари билан танилган Миронов пул "ташқарига чиқиб кетаётгани"дан хавотир билдирган.

BBC'га гапирган иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг сўзларига кўра, бу таклифнинг амалга ошиш эҳтимоли юқори эмас.

Мигрантлар ҳуқуқлари фаоли Ботиржон Шермуҳаммад эса, меҳнат муҳожирлари ўзи шундоқ ҳам турли тўлов-солиқлар билан Россия иқтисодиётига катта фойда келтирмоқда, дейди.

Шунингдек, у ташаббус амалга оширилган тақдирда, Россия бундан ютмаслигини ҳам таъкидлайди.

Миронов нимани таклиф қилмоқда?

Россия парламенти вакили биргина ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мигрантлар ўтган 2024 йилда ўз юртларига $14 миллиарддан зиёд пул юборганини тилга олган.

Ўзининг Telegramʼдаги каналида қолдирган постида у мигрантларнинг "жуда катта қисми ҳеч қандай солиқ тўламаслиги"ни даъво қилган.

"2021 йилда ҳукуматда пул ўтказмаларига қўшимча комиссия жорий этиш масаласи муҳокама қилинган эди, бироқ Молия вазирлиги бу ишни чўзиб юборди. Россия фуқаролари учун тарифлар, акцизлар ва йиғимларни ошириш ҳақида гап кетса, амалдорларимиз дарҳол ҳаракатга тушади, лекин чет элликларга тегишли масала бўлса, бирдан сусткашлик қилишни бошлашади", шикоят қилган сиёсий партия етакчиси.

Миронов "кўпчилиги солиқ тўламайдиган мигрантлар"дан бюджетга тушум олиб келиш йўлида улар ўз ватанига юбораётган пул ўтказмаларига 3 фоизлик бож солиш заруриятини илгари сурган.

"… агар 3% бож жорий этилса, фақат икки давлат – Қирғизистон ва Ўзбекистонга жўнатилган пул ўтказмаларидан давлат ғазнасига 45 миллиард рублдан ортиқ маблағ тушган бўларди. Бизга бундай пул керак эмасми? Қонунчилик ташаббусини тайёрлаб, Давлат Думаси муҳокамасига киритамиз", деган у.

"Солиқ тўламайди, дегани бекор гап"

BBC'га гапирган иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг сўзларига кўра, Мироновнинг ташаббуси "на Россиянинг, на бутун дунёнинг қонунларига тўғри келмайди".

"Чунки одамлар ойлик олганда, ҳамма солиқлар тўланган бўлади. Миронов мигрантлар солиқ тўламаяпти, деяпти. Солиқларнинг тўланиши бу энди россиялик иш берувчиларнинг мажбурияти. Бизнинг ўзбекистонликлар менга солиқ тўламасдан ойлик бер, демайдику? Шунинг учун Мироновнинг солиқ тўламайди, дегани бўлмаган гап".

Иқтисодчи, шунингдек, меҳнат муҳожирлари пул ўтказган вақт шундоқ ҳам салмоқли тўловларга тортилишини таъкидлайди.

"Пулни ўтказган вақтда Россия банклари 2-3 фоизлаб жуда яхши комиссия олади. Масалан, Золотая Корона $1,000 ўтказилса, тахминан, $40 комиссия пули олади. Умуман олганда, банклар яхши даромад қилишяпти. Энди бу Мироновнинг бир популистча гапи. Ўйлашимча, бунга Силуанов [Антон Силуанов, Россия молия вазири – таҳр.] ҳам, Набиуллина [Элвира Набиуллина, Россия Марказий банки раиси – таҳр.] ҳам кўнмайди".

BBC'нинг бошқа бир суҳбатдоши – Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад меҳнат мигрантлари шундоқ ҳам Россия бюджети тушумларига салмоқли ҳисса қўшишини тилга олади.

"Аввало Россия иқтисодиёти муҳожирлардан арзон ишчи кучи сифатида фойда кўряпти. Бошқа томондан эса улар Россияда ишлаб топганининг камида 40 фоизини ўша ерда яшаш харажатлари учун сарфлайдилар".

Мигрантлар ҳуқуқлари фаоли ҳам Мироновнинг мигрантларнинг катта қисми солиқ тўламайди қабилидаги фикрига қўшилмаслигини билдиради.

"Яқинда Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой катта интервью берди. Унга кўра, Россияда ҳозирги кунда 6,3 миллион чет фуқаролари мавжуд. Улардан 670 минги ноқонуний муҳожирлар. Бу дегани уларнинг жуда катта қисми Россияда қонуний бўлиб турибди. Охирги пайтда ноқонуний муҳожирлар сони анча камайди".

Шермуҳаммад, шунингдек, меҳнат фаолияти давомида мигрантлар салмоқли тўловларга тортилиши ҳақида гапиради.

"Биринчидан, патент орқали ҳали ишламасдан, даромад қилмасдан олдиндан мажбурий тўлов оляпти. Патент миқдори регионлардаги ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланган. Бу дегани баҳодирларимиз, камида, ўртача Россия фуқароси сифатида олдиндан ҳар ой пул тўлаяпти".

"Иккинчидан, қўшимча 13 фоиз даромад солиғи тўлаяпти. Яъни улар икки бор даромад солиғи тўлаяпти. Чунки патент амалда аванс ўлароқ олдиндан тўланадиган даромад солиғи. Давлат 13 фоизлик даромад солиғини қайтариб бериши керак, лекин унинг шартлари осон эмас. Шу сабаб муҳожирларимизнинг асосий қисми икки карра даромад солиғи тўлаяпти. Яна иш берувчи муҳожирлар ҳақидан, адашмасам, 23-24 фоизини пенсияга беради. Муҳожирларимизнинг кўп қисми бу пенсия пулини ҳам ололмайди", қўшимча қилади Ботиржон Шермуҳаммад.

Бу ташаббус қанчалик амалга ошиши мумкин?

Буниси ҳали номаълум, аммо "Адолатли Россия" етакчиси бу масала қонун лойиҳаси ташаббуси ўлароқ Давлат Думасида кўриб чиқилишини билдирган.

Россияда ўтган бир йил давомида бир қатор аксил мигрант ташаббуслар илгари сурилган ва улардан салмоқли қисми амалга кўчган.

Масалан, 5 февралдан ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишнинг махсус тартиби, мамлакатга киришдаги қонунбузарликлар учун жарималар, ноқонуний меҳнат муҳожирларга хизмат кўрсатиш каби янги чекловлар кучга кирган.

Бундан ташқари 4 февраль куни Давлат Думасига малакаси паст мигрантлар билан меҳнат шартномасини бир йилдан узоқроқ муддатга тузишни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилган.

Аммо Сергей Мироновнинг пул ўтказмаларига 3 фоизлик ўлпон солиш таклифи – охирги вақтда Россияда "сиёсий урф"га айлангандек, етарлича қўллаб-қувватлашга эришган бўлсада – ўзига хос баҳсни ҳам юзага келтирган.

Танқидчилар Россияда малакали ишчи кучи тақчиллиги кузатилаётган бир вазиятда, бу ташаббуснинг узоқ муддатли салбий иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Биринчи навбатда, бож ноқонуний йўллар орқали пул ўтказмалари оқими ортиб кетишига олиб келишидан хавотирлар илгари сурилган.

BBC билан гаплашган Ботиржон Шермуҳаммад ҳам ўхшаш фикрни ўртага ташлайди.

"Нафақат ноқонуний йўллар орқали пул ўтказиш кўпаяди, балки криптовалюта кўринишида пул юбориши ҳам ортиши мумкин. Баъзи мигрантлар шу усулдан фойдаланяпти. Бу эса Россия давлати назорат қила олмайдиган пул ўтказиш йўллари кўпайишига олиб келиши мумкин, бундан эса Россия иқтисодиёти фақат ютқазади".

Шу билан бирга Россия матбуотида кўзга кўринган муносабатларда ўзи шундоқ ҳам кўпчилиги арзон маошга ишлаётган меҳнат муҳожирларига молиявий юк ортиши уларнинг Россияда ишлашга бўлган қизиқишини камайтириши ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби муҳим соҳаларда ишчи кучи танқислигини кучайтириши мумкинлиги ҳам тилга олинаётгани кўзга ташланади.

Февраль ойи бошида Россия Фанлар академияси қошидаги Иқтисодий прогнозлаштириш институти ўтказган тадқиқот натижалари эълон қилинган – унда 2022 йилдан бери Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлардан Россияга келаётган меҳнат мигрантлари оқими қарийб ярмига камайгани, бу эса мамлакатдаги меҳнат самарадорлиги истиқболи бўйича хавотирни юзага келтираётгани ҳақида сўз боради.

"Ҳозир шундоқ ҳам кўп миқдордаги мигрантлар биздан чиқиб кетяпти – бу биринчи тўлқинга имтиҳонлар жорий этилиши сабаб бўлди. Имтиҳонларни эса кўпчилик топширмаяпти. Хорижликларга 30 апрелга қадар қонуний мигрантга айланиш имконияти берилган – агар буни қилишмаса, иккинчи тўлқин бошланади. Бож эса мигрантларнинг Россиядан кетишга ундайдиган учинчи омилга айланади", огоҳлантирган "Трудовой мигрант" нашри муҳаррири Зокир Сариев Россия маҳаллий матбуотига берган интервьюсида.