Марсда ҳаёт: Сайёрадан топилган ғалати тошлар унда ҳаёт бўлганига ишорами?

Марсда топилган ғайриодатий тошлар

Сурат манбаси, NASA/JPL

Сурат тагсўзи, Тошлар леопард танасидагига ўхшаш доғлар билан қопланган.
    • Author, Ребекка Морел
    • Role, Илм фан масалалари бўйича муҳаррир
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Марсда топилган ғайриодатий тошларда Қизил сайёрада ўтмишда ҳаёт мавжуд бўлгани эҳтимолини кўрсатувчи энг қизиқарли далиллар бор.

NASA'нинг "Perseverance" марскезари чангли дарё ўзанида топган қумтошларда "қоплон доғлари" ва "кўкнор уруғлари" деб номланган ғалати белгилар бор.

Олимлар фикрича, бу белгиларда кимёвий реакциялар натижасида ҳосил бўлган минераллар бор. Бу минераллар эса қадимги Марс микроблари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Минераллар табиий геологик жараёнлар натижасида ҳам пайдо бўлган бўлиши мумкин, аммо NASA матбуот анжуманида бу хусусиятлар ҳаётнинг ҳозиргача топилган энг аниқ белгилари бўлиши эҳтимолини таъкидлади.

Топилмалар NASA'нинг "эҳтимолий биосигнатуралар" деб атайдиган мезонларига жавоб берадиган даражададир.

Бу шуни англатадики, уларнинг биологик манбаси борлигини аниқлаш учун қўшимча текширувлар зарур.

Лондон Империал коллежи сайёрашунос олими ва Nature журналида чоп этилган тадқиқот муаллифларидан бири профессор Санжив Гупта шундай дейди: "Бизда илгари бундай нарса бўлмаган, шунинг учун менимча, бу жуда муҳим."

"Биз тоғ жинсларида шундай белгиларни топдикки, агар уларни Ерда кўрганингизда, буни микробли жараён билан изоҳлашингиз мумкин эди. Демак, биз ҳаёт топдик демоқчи эмасмиз, балки бу бизга ҳақиқатан ҳам ниманидир тадқиқ қилиш учун асос беради, демоқчимиз."

NASA'нинг Илмий миссия директорати бўйича ёрдамчи маъмури доктор Никола Фокс матбуот анжуманида шундай деди: "Бу худди қазиб олинган фоссилларни [тошга айланган биоқолдиқларни] кўргандек гап. Эҳтимол, бу овқат қолдиғи бўлгандир, балки бу ҳазм бўлган овқатдир ва биз айнан шуни кўряпмиз."

Алоқадор мавзулар
Perseverance қизиқарли тошлардан намуналар тўплади.

Сурат манбаси, NASA/JPL

Сурат тагсўзи, Perseverance қизиқарли тошлардан намуналар тўплади.

Минераллар микроблар ҳосил қилганлигини тўлиқ тасдиқлашнинг ягона йўли – тоғ жинсларини таҳлил қилиш учун Ерга қайтаришдир.

NASA ва Европа фазо агентлиги Марс намунасини олиб келишни таклиф қилган, аммо унинг келажаги жуда ноаниқ. АҚШ космик агентлигининг илмий тадқиқотлар бюджети президент Трампнинг 2026-йилги бюджетида таклиф қилинган улкан қисқартиришларга тушган ва намунани олиб келиш миссияси бекор қилиниши кутилаётган лойиҳалардан биридир.

Бугунги кунда Марс совуқ ва қурғоқчил чўл. Аммо миллиардлаб йиллар олдин унда қалин атмосфера ва сув бўлгани ҳақида далиллар бор, бу уни ўтмишдаги ҳаётни излаш учун истиқболли жойга айлантирган.

2021 йилда Марс юзасига қўнган "Perseverance" марскезари биологик изларни қидириш учун юборилган. У сўнгги тўрт йил давомида бир вақтлар дарё оқиб кирган қадимий кўл бўлган Жезеро кратери деб номланган ҳудудни ўрганиб чиқди.

Марскезар ўтган йили "Ёрқин фаришта формацияси" деб номланган ҳудудда дарё ўйган каньон тубида қоплон холли қояларни топди. Уларнинг ёши тахминан 3,5 миллиард йил бўлиб, лойдан ҳосил бўлган майда донали лой тош деб аталадиган тоғ жинсидир.

"Биз бу тоғ жинсларида қандайдир қизиқарли кимёвий жараён содир бўлганини дарҳол англадик," дейди Нью-Йоркдаги Стони Брук университетидан Жоэл Хуровитз. У ҳам "Perseverance" миссияси олими ва мақоланинг етакчи муаллифидир.

Марскезар борт лабораториясида тоғ жинсларидаги минералларни таҳлил қилиш учун бир нечта асбоблардан фойдаланган. Кейин бу маълумотлар олимлар ўрганиши учун Ерга узатилган.

"Бизнинг фикримизча, топганларимиз кўл тубига чўккан балчиқда содир бўлган кимёвий реакциялар далилидир. Бу кимёвий реакциялар балчиқнинг ўзи ва органик моддалар ўртасида содир бўлганга ўхшайди ва бу икки таркибий қисм янги минералларни ҳосил қилиш учун реакцияга киришган," деб тушунтирди доктор Хуровитз.

Ердаги шу каби шароитларда минералларни ҳосил қилувчи кимёвий реакцияларни одатда микроблар амалга оширади.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Бу хусусиятлар бу тоғ жинсларида қандай пайдо бўлганини тушунтириш мумкин бўлган сабаблардан бири," деди доктор Хуровитз. "Бу биз ҳозиргача дуч келган энг ишончли потенциал биосигнатурани аниқлашдек туюлади."

Олимлар, шунингдек, минераллар микробларсиз қандай пайдо бўлиши мумкинлигини ўрганиб чиқди ва кимёвий реакциялар ортида табиий геологик жараёнлар ҳам ётиши мумкин деган хулосага келди.

Бироқ, бундай жараёнлар юқори ҳарорат талаб қилади, аммо тошлар қиздирилганга ўхшамаяпти.

"Биз биологик бўлмаган бундай жараён осон бўлмаслигини аниқладик, лекин уларни бутунлай бўлмаган дея олмаймиз," деди доктор Хуровитз.

"Perseverance" Марсни ўрганаётганда намуналар тўплади – жумладан, «Ёрқин фаришта формацияси»да топилган тошларни ҳам. Улар канистраларда сақланган ва Марс юзасида уларни олиб келиши мумкин бўлган миссияни кутиш учун жойлаштирилади.

NASA'нинг бундай уриниш бўйича режалари бюджетни қисқартириш хавфи туфайли муаллақ қолмоқда. Аммо Хитой ҳам 2028 йилда ишга туширилиши мумкин бўлган намуна олиб келиш миссиясини амалга оширмоқда.

Қарор муҳокама қилинаётган бўлса-да, олимлар қўлқоп кийган ҳолда бу тошларга тегинишга ошиқмоқда.

"Биз бу намуналарни Ерда кўришимиз керак," дейди профессор Гупта.

"Менимча, кўпчилик олимлар бу тоғ жинсларини Ерда кўришни ва текширишни хоҳлайди. Бу олиб келиш учун энг муҳим намуналаримиздан биридир."