NASA 2030 йилгача Ойда ядровий реактор қурмоқчи

Сурат манбаси, NASA
- Author, Жоржина Раннард
- Role, Илм-фан мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
АҚШнинг космик агентлиги NASA 2030 йилга қадар Ойда ядровий реактор қуриш режаларини тезлатмоқчи, деб хабар бермоқда АҚШ медиаси.
Бу лойиҳа Ойда инсонлар доимий яшаши учун база қуриш бўйича АҚШ катта режаларининг бир қисмидир.
Politico нашрига кўра, NASAнинг муваққат раҳбари Хитой ва Россиянинг ўхшаш ташаббусларини тилга олиб, бу икки давлат келгусида Ойда "кириб бўлмас ҳудуд" эълон қилиши мумкинлигини айтган.
Бироқ NASA бюджети яқинда кескин қисқаргани ва техник тўсиқлар туфайли, режа амалга ошишига шубҳалар бор. Айрим олимлар эса бу ҳаракатларга илм эмас, балки геосиёсий рақобат туртки бераётганидан хавотирда.
АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Япония ҳозирда Ойни фаол тадқиқ этаяптилар, айримлари инсон яшайдиган доимий манзилгоҳлар қуришга ҳам бел боғлаган.
New York Times ёзишича, АҚШ Транспорт вазири ва Президент Доналд Трамп томонидан NASA раҳбарлигига вақтинча тайинланган Шон Даффи агентликка йўллаган мактубида шундай деб ёзган:
"Ойдаги келажак иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш, Марсда юқори қувватли энергия ишлаб чиқариш ва фазода миллий хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш учун NASA тезкор ҳаракат қилиши шарт."
Даффи хусусий компаниялардан камида 100 киловатт қувват ишлаб чиқарадиган реактор лойиҳаси таклифини сўраган. Солиштириш учун: Ердаги оддий шамол турбинаси 2-3 мегаватт энергия ишлаб чиқаради.
Ядровий энергия ягона йўлми?

Сурат манбаси, CNSA/CLEP
Ойда ядровий реактор қуриш ғояси янги эмас. 2022 йилда NASA учта компанияга реактор лойиҳаси учун 5 миллион долларлик шартнома берган. Бу йил май ойида эса Хитой ва Россия 2035 йилга қадар Ойда автоматлаштирилган ядро станцияси қуриш ниятини эълон қилди.
Олимлар ядровий энергияни доимий электр таъминотини таъминлашнинг энг яхши, ҳатто ягона йўли, деб ҳисоблайди. Ойда бир "кун" Ердаги тўрт ҳафтага тенг: икки ҳафта узлуксиз қуёш, кейинги икки ҳафта эса тўлиқ қоронғилик. Бу қуёш энергиясидан фойдаланишни жуда қийинлаштиради.
Саррей университетидан доктор Сунгву Лим шундай дейди:
"Кичик экипаж учун уй-жой қуриш ҳам мегаватт миқёсида қувват талаб қилади. Қуёш панеллари ва батареялар бундай талабни ишончли қоплай олмайди. Ядровий энергия – нафақат мақбул, балки муқаррар зарурат."
Ланкастер университети профессори Лайонел Уилсоннинг фикрича, етарли маблағ бўлса, 2030 йилга қадар Ойда реактор ўрнатиш техник жиҳатдан мумкин.
"Асосий масала – шунгача Ойда зарур инфратузилмани яратиш учун етарли миқдорда 'Артемида' парвозларини амалга оширишда," дейди у, NASA'нинг инсонлар ва ускуналарни Ойга юбориш кўзда тутилган "Артемида" дастурини назарда тутиб.
Бироқ, хавфсизлик масалалари ҳам йўқ эмас.
"Радиоактив материални Ер атмосфераси орқали учириш муайян хавфлар туғдиради. Бу учун махсус лицензия талаб этилади, аммо бу ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо эмас," деб таъкидлайди Опен Университетнинг сайёравий фанлар бўйича мутахассиси доктор Симён Барбер.
Даффининг ташаббуси кутилмаган бўлди, айниқса, Трамп маъмурияти 2026 йил учун NASA бюджетига 24% қисқариш эълон қилганидан сўнг. Бу қисқариш Марсдан намуналар олиб келиш каби йирик илмий дастурларнинг ҳам бошига тушган.

Сурат манбаси, .
Айрим олимлар бу ҳаракатни халқаро "Ой пойгаси"да сиёсий рақобатнинг янги босқичи сифатида кўраяптилар.
Доктор Симён Барбернинг айтишича, "Биз илк космик пойга давридаги каби рақобатга қайтаётгандекмиз. Илмий жиҳатдан бу бироз ҳафсалани пир қилади. Агар фақат бор эътибор миллий манфаат ва ҳудудий даъволарга йўналтирилса, бош мақсадимиз – Қуёш тизими ва унинг ортидаги оламни ўрганиш эътибордан четда қолади."
Даффининг Хитой ва Россия ҳақидаги "кириб бўлмас ҳудуд" гаплари, эҳтимол, 2020 йилда имзоланган "Артемида келишувлари"га ишора қилади.
2020 йилда етти давлат Ой юзасидаги ҳамкорлик принципларини белгилайдиган келишувни имзолагандилар.
Ушбу "Артемида келишувлари"да мамлакатлар Ойда қурган иншоотлар ва олиб бораётган ишлар атрофида "хавфсизлик зоналари"ни белгилаш тартиби ҳам назарда тутилган.
"Агар Ойда ядровий реактор ёки ҳар қандай турдаги база қурсангиз, шу жиҳозларингиз турган ҳудуд атрофида хавфсизлик зонасини эълон қилишингиз мумкин," дейди доктор Барбер.
"Айримлар учун бу деярли шундай туюлади: 'Биз Ойнинг шу қисмини эгалладик, шу ерда ишлаймиз ва сиз бу ерга кира олмайсиз," деб изоҳлайди у.
Доктор Барбернинг таъкидлашича, инсонлар фойдаланиши учун Ойда ядровий реактор ўрнатишдан олдин ҳал этилиши керак бўлган бир қатор тўсиқлар бор.
NASA'нинг "Артемида-3" миссияси 2027 йилда инсонларни Ой юзасига юборишни режалаштирган, аммо лойиҳа бир қатор кечикишлар ва молиявий ноаниқликларга дуч келган.
"Агар сизда база учун ядровий энергия бўлса-да, лекин одамлар ва ускуналарни у ерга етказиш имкони бўлмаса, унда бундай лойиҳа амалда беҳуда иш," дейди у.
"Ҳозирги режалар эса бир бутун ва уйғун дастурдек кўринмаяпти," дея хулоса қилади Барбер.












