Қозоғистон парламенти болаларга "ЛГБТ тарғиботи"ни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Сурат манбаси, Reuters
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Қозоғистон парламенти (Мажлис) 12 ноябр куни ОАВ ва интернетда "ЛГБТ тарғиботи"ни тақиқловчи қонунни бир овозда қабул қилди. Қонунни бузганларга жарима солинади, такрор бузганлар эса 10 кунгача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
"Болаларни соғлиги ва ривожига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш мақсадида, педофилия ва ноанъанавий жинсий ориентацияни тарғиб этувчи маълумотларни жамоат жойларда, шунингдек, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва онлайн платформалар орқали тарқатишни чекловчи меъёрлар белгиланди", дейилади ҳужжатда.
Ўзгаришлар тўққизта қонунга таъсир қилади. Тақиқни бузиш энг кам ойлик иш ҳақининг 40 бараваригача жарима(2025 йилда тахминан 157 минг тенге ёки 260 евро) ёки 10 кунгача қамоқ жазосига олиб келади.
Қозоғистон Маданият вазири ўринбосари Евгений Кочетовнинг айтишича, ноанъанавий муносабатларни тарғиб қилувчи" материалларга 18+ белгиси қўйилиши шарт. Қонунга зид мазмун блокланади.
Кочетовга кўра, бу талаблар ҳозирча асосан материал тарқатувчиларга нисбатан қўлланилади. Агар вояга етмаганлар 18+ белгиси бор филмга кирса, ота-оналар эмас, балки театр маъмурияти жаримага тортилади.
"Масалан, агар улар [эркаклар] паркда қўл ушлашиб юрса — бу тарғибот ҳисобланмайди. Бу уларнинг шахсий иши ва бунга шубҳа йўқ", - дейди депутат Елнур Бейсенбаев.
2024 йил апрел ойида Мажлис депутатлари дастлаб "ЛГБТ тарғиботи"ни тақиқлаш ташаббуси билан чиқиб, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш киритишни таклиф қилган эдилар. Кейинроқ улар бу тарғибот учун жиноий жавобгарлик жорий этиш ва уни миллатлараро, ижтимоий ёки диний адоват қўзғатишга тенглаштиришни таклиф қилишди.
Мажлис депутатлари "ЛГБТ тарғиботи"ни тақиқлаш масаласини муҳокама қила бошлаганларида E-Petition.kz порталида "Биз Қозоғистон Республикасида очиқ ва яширин ЛГБТ тарғиботига қаршимиз" номли петиция пайдо бўлди. Бу мамлакатда ҳукумат кўриб чиқиши учун зарур бўлган 50 минг имзони тўплаган учинчи петиция бўлди.
Маданият ва ахборот вазирлиги петициядаги талабларнинг бир қисмини — яъни "ўсмирлар ва болаларни жинсий муносабатлар тарғиботидан ҳимоя қилиш" қисмини қўллаб-қувватлади.
Натижада тақиқ архив ишларига оид қонун лойиҳасига ўзгартиш сифатида тақдим қилинди.
Анъанавий қадриятлар
Masalan, agar ular [erkaklar] parkda qo‘l ushlashib yursa — bu targ‘ibot hisoblanmaydi. Bu ularning shaxsiy ishi va bunga shubha yo‘q.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев сўнгги ойларда бир неча бор "анъанавий қадриятларни" ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақида бир неча бор гапирди. Мажлис қонунни қабул қилишидан бир кун олдин ва Москвага ташрифи арафасида Тоқаев "Российская газета"да икки давлат ўртасидаги дўстлик ҳақида мақола ёзди.
"Бизни анъанавий қадриятларга умумий муносабат, замонавий ҳаётнинг долзарб масалаларига муштарак қарашлар ва қардош халқлар фаровонлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги иш бирлаштиради", - деб ёзди Тоқаев.
Россияда вояга етмаганлар орасида "ЛГБТ тарғиботи"ни тақиқловчи қонун дастлаб 2011 йил Санкт-Петербургда, кейин эса 2013 йилда федерал даражада жорий этилди. 2023 йилда Россия ҳукумати "халқаро ЛГБТ ҳаракати"ни экстремистик деб эълон қилди.
2025 йил июлига келиб, Human Rights Watch ташкилоти "халқаро ЛГБТ ҳаракатида иштирок этиш" ёки шу ҳаракат билан боғлиқ рамзларни намойиш қилгани учун 100 дан ортиқ айбловчи ҳукмларни қайд этди.
Россиядан кейин Венгрия 2021 йилда, Грузия эса 2024 йилда "ЛГБТ тарғиботи"ни тақиқлади.
Қозоғистонда ЛГБТК+
Гомосексуаллик Қозоғистонда амалда 1997 йилда, расман эса 1998 йилда жиноят деб ҳисобланмай қўйган. 2003 йилдан бери трансгендерлар расмий ҳужжатларда ўз жинсини ўзгартириши мумкин.
2021 йилда Лос-Анжелесдаги Калифорния университети қошидаги Уилямс институтининг ҳуқуқ мактаби жамиятда ЛГБТК+ қабул қилиниши бўйича Қозоғистонни 175 мамлакат ичида 154-ўринга қўйган. Мамлакат Ўзбекистон, Россия ва Афғонистондан ҳам пастда кўрсатилган.
Дунё бўйлаб жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ўрганувчи Equaldex онлайн платформасининг ёзишича, "сўнгги сўровномалар натижаларига кўра, Қозоғистонда ЛГБТК+ ҳуқуқларига нисбатан кучли қаршилик кузатилади".
Қозоғистондаги "ЛГБТ тарғиботи"га оид қонунни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи кўплаб ташкилотлар танқид қилию чиқди.
Human Rights Watch депутатларни қонун лойиҳасини рад этишга чақирди. Нодавлат ташкилот фикрича, таклиф этилган тузатишлар инсоннинг асосий ҳуқуқларини бузади ва Қозоғистондаги ЛГБТК+ жамоаси учун хавфни кучайтиради.
Халқаро лесбиян, гей, бисексуал, транс ва интерсекс шахслар уюшмаси (ILGA-Europe), Жаҳон қийноқларга қарши ташкилоти ва TGEU (Транс Европа ва Марказий Осиё)лар қонунга қарши қўшма баёнот билан чиқди.
Қозоғистоннинг Queer.kz ташкилоти Мажлис қарорини қуйидагича изоҳлади:
"Хат ёзишда давом этамиз! Бизнинг ташкилот инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ҳамкорларимиз билан бирга ишлашда давом этади!"












