ЛГБТ ва гейлар танишув сайтлари орқали қандай овланган? Миср Дунё Видео Yangiliklar

ВВС мухбири Аҳмад Шиҳаб-Элдин материал тайёрлагунча бир неча мисрлик билан суҳбатлашди.

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, ВВС мухбири Аҳмад Шиҳаб-Элдин материал тайёрлагунча бир неча мисрлик билан суҳбатлашди.
    • Author, Аҳмад Шиҳаб-Элдин
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Мисрда гомосексуалликка ўта шармандали ҳол сифатида қаралади ва полиция ЛГБТ вакилларини интернет орқали овлаётгани ҳақида анчадан бери миш мишлар бор. BBC News полиция ижтимоий ва танишув тармоқларидан бу йўлда қандай фойдаланаётганини тасдиқловчи далилларни кўрди.

Барча жабрланганлар исмлари ўзгартирилган. Видеони томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мисрда улғайганим учун гомофобия бу жамиятнинг ҳар бир қисмида илдиз отганини яхши биламан. Аммо дўстларнинг менга айтишича, кейинги вақтларда атмосфера янада аёвсизлашган, ЛГБТ вакилларини таъқиб қилиш усуллари эса анча такомиллашган.

Мисрда гомосексуализмга қарши аниқ бир қонун йўқ, аммо "шаҳвоний" жиноятлар ҳақидаги қонунлар ЛГБТ жамоасини жиноятда айблаш учун қўлланмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Полициянинг ҳибслари ҳақидаги транскриптлар полиция ЛГБТ вакилларини топиш учун интернетдан қандай фойдаланаётгани, ҳатто баъзида сохта далиллар уйдираётганини кўрсатади.

Уларда полиция қандай қилиб ўз нишонлари билан ёзишмалар бошлашини ҳам кўриш мумкин.

Миср Ғарбнинг Яқин Шарқдаги стратегик иттифоқчиларидан бири бўлиб, ҳар йили АҚШ ва Европа Иттифоқидан миллиардлаб доллар ёрдам олади. Ҳар йили мамлакатга ярим миллионга яқин британиялик сайёҳ келади ва Буюк Британия Миср полициясини БМТ орқали ўқитади.

Шахсини яширган полициячи ва "WhosHere" танишув иловаси фойдаланувчиси ўртасидаги бир ёзишмада полициячи илова фойдаланувчисига шахсан учрашиш учун босим ўтказаётганга ўхшайди - у кейинчалик ҳибсга олинган.

Полиция: Илгари эркаклар билан ётганмисиз?

Илова фойдаланувчиси: Ҳа

Полиция: Учрашсак нима дейсиз?

Илова фойдаланувчиси: Лекин мен онам ва дадам билан яшайман

Полиция: Қўйсанг чи, азизим, тортинманг, кўчада учрашиб, кейин квартирамга борамиз.

Эълон қилиш учун жуда бепарда бўлган ёзишмалар ҳам бор.

ЛГБТ вакиллари учун Мисрда оммавий жойда ким биландир кўришиш осон эмас, шунинг учун танишув иловалари анча кенг тарқалган усул. Лекин бу каби иловалардан фойдаланишнинг ўзи - жинсий ориентациянгиздан қатъи назар - Мисрда бузуқликка ундаганлик ёки жамоат ахлоқига риоя қилмаганлик учун ҳибсга олиш учун асос бўлиши мумкин.

Нишонга олинаётганлар фақат мисрликлар эмас. Транскриптлардан бирида полициячилар гейларнинг машҳур Grindr танишув иловасида биз Мэтт деб атаган чет эл фуқаросини қандай топгани тасвирланган. Полиция ҳуфияси Мэтт билан гаплашган ва, транскриптга кўра, Мэтт "ўзининг бузуқлигини, бузуқлик билан бепул шуғулланишга тайёрлигини тан олди, ўз фотосуратларини юборди".

Мэттнинг Би-би-сига айтишича, у кейинчалик ҳибсга олиниб, «бузуқлик»да айбланган ва охир-оқибат депортация қилинган.

Юзига маска тақилган мисрлик

Баъзи транскриптларда кўринишича, полиция шунчаки танишув ёки янги дўстлар қидираётган одамларга ҳам пул эвазига жинсий алоқага рози бўлиш учун босим ўтказишга ҳаракат қилган. Мисрдаги ҳуқуқшуносларнинг айтишича, пул таклиф қилинганлигини исботлай олса полиция ишни судга ўтказа олиши мумкин.

Биз транскриптларда учратган шундай жабрланганлардан бири биз Лейт деб атайдиган гей эди. 2018 йил апрель ойида бу замонавий раққосга дўстининг телефон рақамидан қўнғироқ бўлди.

"Салом ишлар қалай?» дейди «дўст» ва учрашиб бирга ичишни таклиф қилади.

Аммо Лейт айтилган жойга борганида, дўсти кўринмади. Бунинг ўрнига уни полиция кутиб олди ва ҳибсга олди.

Бир полициячи сигаретини қўлимга босиб ўчирди, дейди у менга чандиқни кўрсатиб.

"Ҳаётимда биринчи марта ўзимни ўлдириш ҳақида ўйладим", дейди Лейт.

Унинг таъкидлашича, полиция кейинчалик WhosHere иловасида унинг номидан сохта профиль очган ва ишонарли кўриниш учун унинг фотосуратларини ўзгартирган. Унинг айтишича, улар ана шу аккаунт орқали сохта суҳбат уюштиришган ва уни гўё жинсий алоқа таклиф қилгандек қилиб кўрсатиб қўйишган.

Унинг айтишича, фотосуратлар унинг ясалганига далилдир, чунки суратдаги оёқлар уникига ўхшамайди - бир оёғи иккинчисидан каттароқ. Би-би-си фақат полиция файллари нусхаларинигина кўра олди, шунинг учун у бу тафсилотни мустақил равишда текшира олмайди.

Бизга яна уч киши полиция уларни мажбуран айбни бўйнига олдирмоқчи бўлгани ва далилларни сохталаштирганини айтди.

Лейт "бузуқ одат" учун уч ойга қамалди ва апелляция ортидан ҳукм бир ойга туширилди. Унинг сўзларига кўра, полиция уни бошқа гейлар ҳақида хабар беришга мажбур қилишга уринган.

"[Полициячи]: "Агар менга исмларини бермасанг, сен ҳақингда бутун бир ҳикоя уйдираман", деди".

Миср ҳукумати "гомосексуал йиғилишлар" деб аталган нарсаларни бостириш учун онлайн кузатувдан фойдаланишни очиқ эълон қилган.

2020 йилда ички ишлар вазирининг Интернет жинояти ва одам савдоси бўйича собиқ ёрдамчиси Аҳмад Тоҳир "Аҳл Маср" газетасига берган интервьюсида шундай деди: "Биз кўплаб гуруҳий жинсий зиёфатлар, гомосексуал йиғинларни фош қилиш учун виртуал дунёга полицияни жалб қилдик".

Британия Ташқи ишлар вазирлиги ва Тараққиёт идорасининг Би-би-сига айтишича, Британия маблағлари Миср полициясини бу каби ишлар билан шуғулланишга ўргатиш учун ишлатилмаяпти.

Буюк Британия парламенти депутати, ташқи ишлар қўмитаси раиси Алисия Кернс Би-би-си билан суҳбатда ЛГБТ сайёҳларни Миср каби "жинсий ориентацияси сабабли айбловчи" мамлакатлардаги хавф-хатарлардан огоҳлантириш учун кўпроқ иш қилиниши керак деди.

"Мен Миср ҳукуматини жинсий ориентациясига асосланиб, одамларга қарши иш қилишни тўхтатишга чақирган бўлардим".

Миср ҳукумати Би-би-сининг изоҳ сўровига жавоб бермади.

WhosHere иловаси Би-би-си кўриши мумкин бўлган деярли ҳар бир полиция транскриптида тилга олинган.

Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар бизга WhosHere'да ўз фойдаланувчилари, масалан, уларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни сақлашида заифлик борлиги ҳақида гапиришди.

Уларнинг айтишича, WhosHere'нинг маълумотларни тўплаш ва сақлаш усули Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг махфийлик қонунларини бузиши мумкин.

Би-би-си WhosHere билан расман боғланганидан кейингина, дастур ўз созламаларини ўзгартириб, "жинсдошларни қидириш" функциясини олиб ташлади.

WhosHere Би-би-сининг заифликлар бўйича хулосаларига эътироз билдириб, улар пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш бўйича яхши тажрибага эга эканлигини, Мисрдаги ЛГБТ ҳамжамиятига ҳеч қандай махсус хизмат кўрсатмаслигини айтди.

Мисрда полиция ва жиноятчилар ЛГБТ вакилларини қидириш учун фойдаланадиган Grindr иловаси шундай деди: "Биз мисрлик ЛГБТ фаоллари, халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари ва киберхавфсизлик мутахасислари билан минтақадаги фойдаланувчиларга яхшироқ хизмат кўрсатиш учун фаол ишлаяпмиз".

Би-би-си мухбири Аҳмад Шиҳаб Элдин билан суҳбатлашаётган мисрлик

Сурат манбаси, BBC News

Сурат тагсўзи, Би-би-си билан суҳбатлашган барчанинг исми ва шахси ўзгартирлди

Жиноий тўдалар ЛГБТ вакилларини топиш учун полиция билан бир хил тактикадан фойдаланади. Сўнг уларга ҳужум қилишади, уларни таҳқирлашади ва видеони интернетга жойлаш билан таҳдид қилиб, пул ундиришади.

Мен бир неча йил аввал Мисрда тарқалган видео сабабли жабрланган, биз Лайли ва Жамол деб атайдиган икки кишини топишга муваффақ бўлдим. Кадрларда улар калтаклагани, ҳақоратлангани ва ечиниб рақс тушишга мажбурлангани акс этган. Улар ўзларининг тўлиқ исмларини айтишга ва гейликларини тан олишга мажбур бўлишади. Улар менга видео ортида турган Бакар ва Яҳё ЛГБТ жамиятида машҳур эканлигини айтишди.

Биз камида тўртта видеони кўрдик, уларда Бакар ва Яхё видеоларни Whatsapp, YouTube ва Facebook'га юклашдан олдин ЛГБТ вакилларини ҳақоратлаганликлари эшитилган. Ўша видеоларнинг бирида биз Саид деб атайдиган 18 ёшли гей йигит ўзини жинсий хизмат кўрсатувчи деб таништиришга мажбурланган. Кейинчалик нима бўлганини билиш учун у билан учрашдим. У менга судга мурожаат қилишни ўйлаётганини айтди, бироқ унинг адвокати гейлик унга қилинган тажовуздан кўра кўпроқ жиноят сифатида қаралиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Саид ҳозир оиласидан бегоналашган. Унинг айтишича, жиноий гуруҳ унинг оиласига шантаж мақсадида видео юборганида, улар Саид билан алоқани узишган.

"Бўлган воқеадан бери депрессиядан азият чекяпман, видеолар Мисрдаги барча дўстларимга тарқалди. Кўчага чиқмайман, телефон ҳам йўқ.

"Илгари мен ҳақимда ҳеч ким ҳеч нарсани билмас эди".

Бизга бир нечта жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилган ўнлаб шунга ўхшаш ҳужумлар ҳақида хабар беришди. Ҳужумчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида бир нечагина хабар бор, холос.

Суриштирув давомида жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири Яҳёнинг ўзи аслида гей эканлиги ва интернетда ўзининг жинсий қизиқиши ҳақида постлар қўйганини эшитганимда шокка тушдим.

Аммо, эҳтимол, бу унга жиноятида қўл келган - у ўз нишонларининг заиф жойларини билади.

Бизда Яҳёнинг яқинда юз берган ҳужумларга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ ва у ҳужумларга алоқадорлигини рад этади.

Мисрнинг ўзида бу каби масалаларни ёритиш 2017 йилдан бери тақиқланган, ўшанда мамлакатда ОАВни тартибга солиш бўйича Олий Кенгаш ЛГБТ вакилларига оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишини тақиқлаган, гейлар ҳақида "уларнинг ҳатти-ҳаракатлари номақбул эканлигини" таъкидлабгина гапириш мумкин.

Аксарияти қувғинда бўлган ЛГБТ ҳамжамияти тарафдорлари Мисрдаги муаммоларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш керакми ёки парда ортида кўриб чиқилиши керакми, деган масалада иккига бўлинган.

Аммо Лайла, Саид, Жамол ва Лейт сукунатни бузишга қарор қилишди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.