Янгиликлар. Россия: Путин ва ЛГБТ инсонлар ўртасидаги муносабатнинг асл сабаби нима? Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Андрей Козенко
- Role, Би-би-си
Individuum нашриёти Мельбурн университетида тарихчи ва файласуф Рустам Александрнинг "Закрытые" номли китобини чоп этди. У Совет Иттифоқида - Сталиндан то Ельцингача бўлган даврда гейлар қандай таъқиб қилингани тарихи ҳақидадир. Бу китоб нима учун замонавий Россия "бошқаларга ўхшамайдиган"лар яшашига боп жой эмаслигига жавоб беради.
Алоқадор мавзулар:
Жосуслар
Рустам Александр тарихчи сифатида совет тиббиётини, жумладан, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро муносабатлари қандай бўлгани ўрганади. СССРда «гомосексуализм» ҳам касаллик, ҳам жиноят деб қаралгани боис, тарихчи ҳодисани бир бутун очиб бериш учун етарли миқдордаги ҳужжатларни ўрганиб чиқди.
Чор Россияси жиноят кодексида бир жинсли муносабатларни тақиқловчи модда бор эди, лекин у амалда ишламаган. 1917 йилги инқилобдан кейин большевиклар янги жиноят кодексини қабул қилди, унда 1930-йилларга қадар бундай тақиқ йўқ эди. Александрнинг фикрича, бунинг бир қисми эркин севгига бўлган талаб билан боғлиқ эди, 1920-йилларда бу ғоянинг анчагина тарафдорлари бор эди. Муаллифнинг фикрича, яна бир қисман сабаби улар бу ҳақда унутиб, кўпроқ глобал ишлар билан шуғулланишган.
"Гомосексуализм" 1930-йилларда жиноятга айланди. Ажабланарлиси шундаки, бу унинг бузуқлик ёки насл қолдиришга тўсиқ бўлиши билан ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Гап шундаки, гомосексуаллар жосус сифатида ёлланиши қулай бўлган, яъни жинсий ориентациясини жамоатчиликка ошкор қилиш билан қўрқитиб, улардан фойдаланиш мумкин эди. Жосуслик манияси бўлган Сталин ҳужжатга дарҳол имзо чекди.
Шундай қилиб, "Гомосексуализм" моддаси заррача жамоатчилик муҳокамасисиз жиноят кодексида пайдо бўлди. Унинг биринчи қисмида бир жинсли муносабатларга жазо белгиланганди - беш йилгача қамоқ. Иккинчи қисм - саккиз йилгача, агар бир жинсли ҳаракат мажбурлаш остида содир этилса. СССР парчалангунча ушбу модда матни ўзгармади.

Сурат манбаси, INDIVIDUUM
Шуни таъкидлаш керакки, бу ерда гап фақат эркаклар ўртасидаги жинсий муносабат ҳақида кетяпти. Совет ҳукумати аёлларнинг гомосексуализмига бефарқ эди, эҳтимол аёл гомосексуаллар мавжудлиги ҳақида ўйламашмаган.
Гомосексуал эркаклар Ягода даврида ҳам, Ежов даврида ҳам (мавжуд тарихий далиллар унинг ўзи бисексуал бўлганлигини кўрсатади) ва Берия даврида ҳам таъқиб қилинган.
Александр бу тарихни бир бутун шаклда оддий одамларнинг шахсий гувоҳликлари орқали сўзлаб беради. Улардан баъзилари шунчаки фаол равишда майдонларда ва жамоат ҳожатхоналарида партнер излаган (уй-жой ва коммунал квартираларнинг етишмаслиги шароитида биргаликдаги ҳаёт ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмасди), кимлардир ҳатто ўз ҳуқуқлари учун курашишга ҳам ҳаракат қилган. Масалан, Москвада ишлаган Шотландиялик журналист Сталинга катта мактуб ёзган ва унда гомосексуал яхши коммунист бўлиши мумкинлигини ва бўлиши кераклигини исботлашга уринган. Сталин бу мактуб тепасига шундай ёзган: "Архивга. Аҳмоқ ва бузуқ".
Хўрланганлар
Сталиннинг ўлимидан кейин вазият ўзгарди. Жосуслар унутилди, лекин гомосексуализмга жуда ҳақоратли хусусиятдек қарала бошлади. Қамалиб чиққан жуда кўп совет фуқаролари "зона"да зеклар томонидан зўрланган маҳкумларга нима бўлишини жуда яхши билишган. Ҳеч ким улар билан идиш-товоғини ҳам баҳам кўрмаган.

Сурат манбаси, SERGEI ILNITSKY/TASS
СССРда вазият юмшади, аммо гомосексуалларни таъқиб қилиш давом этди. Агар жиноят моддасининг ўзини енгиллатишга, жазони беш йилдан уч йилгача қисқартиришга уриниш бўлганда, ҳатто шунга ҳам катта инсоний қадам сифатида қараш мумкин эди - амалда, муқаддам судланмаган шахс шартли қамалиши ва у тюрмага тушишдан омон қолиши мумкин эди.
Бундан ташқари, ҳуқуқ назариётчилари бир жинсли алоқалар ўзаро розилик асосида содир бўлганда уларни исботлаш жуда қийин эканлигини яхши билишган - кимнингдир чақуви керак бўларди. 1960-1970 йилларда гомосексуализм нафақат Ғарб мамлакатларида, балки социалистик блокнинг бир қатор мамлакатларида ҳам жиноят бўлмай қолганига қарамай, бу моддадан бутунлай воз кечиш СССР учун жуда жасоратли қадам бўлар эди.
Александр советлар гомосексуализмни қандай даволашга уринганликлари ҳақида ҳикоя қилади. Аёлларда либидони бутунлай йўқ қиладиган транквилизаторни қўллашган. Кейин унинг дозаси камайтирилган, шу билан бирга гетеросексуал муносабатларнинг афзалликлари ҳақида психотерапевтик машғулотлар ўтказилган. Эркакларда - психотерапия ва гипноз орқали, бунда Ғарб журналларидан йиртиб олинган эротик фотосуратлар кўрсатилган.
Шу билан бирга, шифокорларнинг ўзлари ҳам икки ўт орасида эди: Гиппократ қасамёдига кўра, улар беморнинг сирини очиб бера олмайдилар. Қонунга кўра, улар жиноят ҳақида полицияга хабар беришлари шарт.
Касалланганлар

Сурат манбаси, TASS
1980-йилларда Совет Иттифоқида қайта қуриш бошланганида, миллионлаб одамлар аста-секин бошқача яшаш мумкинлигини англай бошладилар. Шу аснода гомосексуаллар янада кўпроқ таъқиб қилинди - СССРда ОИТС ҳақида била бошлашди.
2022 йилда "Украина биолабораториялари" ҳақида руслар тарқатаётган хабарларни ўқиганда, 1980 йилларда КГБ ОИТС Америка лабораторияларида пайдо бўлган деган дезинформацияни фаол равишда тарқатганини эслаш жуда қизиқ бўлса керак. Уларнинг назарида «гомосексуаллар» ОИТСни тарқатишди. Шундай қилиб, уларнинг жиноий таъқибига қўрқув ва тажовуз ҳам қўшилди.
Шунга қарамай, 1980-йиллардаги глобал ўзгаришлар гомосексуалларга ҳам таъсир қилди. Совет матбуотида биринчи марта бу ҳақда гомосексуалларнинг ўзлари (ҳатто анонимликни сўраган бўлсалар ҳам), шифокорлар, мутахассислар иштирокида муҳокамалар эълон қилинди. Биринчи марта гомосексуализм аслида жинсий алоқада эмас, балки одамларнинг ўз жинсдошларига бўлган севгиси, муносабатларни ўрнатиш истагида намоён бўлади деган фикр билдирилди. Ва шундан кейингина бу муносабатларнинг бир қисми сифатида жинсий алоқа қўшилиши мумкин эди.
Бироқ, деб ёзади Рустам Александр, бундай муҳокамалар кам бўлган. 1990-йилларнинг биринчи ярмида Борис Ельцин "гомосексуализм"ни жиноий таъқиб қилишни бекор қилди. Сталин даврида у қандай қилиб жимгина ва мунозарасиз жиноятга айлантирилган бўлса, бекор қилиниши ҳам шундай бўлди. Стигматизация, гомофобия, гапиришни истамаслик, ҳар нарсани ўз номи билан атай олмаслик бугунги кунгача сақланиб қолган.
Тақиқланганлар
2022 йил 5 декабрда Президент Владимир Путин "ЛГБТ ташвиқоти"ни тақиқловчи қонунни имзолади. Илгари фақат вояга етмаганлар орасида тақиқланган эди. Қонун матни шу қадар ноаниқки, ҳар қандай гап ёки ҳаракатни айблов учун асос қилиш мумкин. Бир неча кун олдин фаоллар гомосексуализмни гўё тарғиб қилувчи китобларни қандай йўқ қилаётгани ҳақида гапирган эдик.
Рустам Александр ёзади: "Бу китобдан мақсад можаро чиқариш, бу мавзуни "тарғиб қилиш" эмас, балки совет жамиятидаги гомосексуал одамлар учун объектив воқелик қандай бўлганини кўрсатишдир».
Individuum нашриёти, шунингдек, "Закрытых"нинг жанри нобадиий эканлигини, ҳеч қандай тарғибот кўзланмаганлигини ва бу аниқ вазиятдаги ўтмиш воқеаларининг баёни эканлигини айтади.
Китоб рус тилида 5000 нусхада чиқди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












