Эркакликни кучайтирамиз: Рус православ черкови Америкаликларни ўзига тортмоқда

- Author, Люси Эш
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
"Кўпчилик мендан сўрайди: "Мусо ота, эркаклигимни кўтариш учун нима қилишим керак?"
Бу руҳоний YouTube видеосида серқувват эркакликни тарғиб қилмоқда.
У тор жинси шим кийиш, оёқларни чалиштириш, дазмол ишлатиш, қошларни тартибга солиш ва ҳатто шўрва ичишни аёлларга хос деб масхара қилади.
Бақувват жуссали, беш фарзанднинг отаси Мусо Макферсоннинг оғир метал мусиқаси остида оғир атлетика билан шуғулланаётганини кўрсатувчи бошқа видеолар ҳам бор.
У протестант оиласида тарбияланган ва бир пайтлар том ёпувчи бўлиб ишлаган, аммо ҳозирда Техаснинг Жоржтаун шаҳрида Россиядан ташқаридаги Рус Православ Черкови (РПЧ) руҳонийси бўлиб ишлайди. Бу черков Москвадаги асосий черковнинг бир тармоғи ҳисобланади.
Бош идораси Нью-Йоркда жойлашган РПЧ глобал тармоғи сўнгги пайтларда АҚШнинг турли ҳудудларида асосан бошқа динлардан ўтган одамлар ҳисобига кенгайиб бормоқда.
Сўнгги олти ой ичида Мусо ота Остиндан шимолроқда жойлашган ўзининг Биби Марям черковида 75 нафар янги издошни чўқинтиришга тайёрлади.
"Хотиним билан 20 йил олдин православликни қабул қилганимизда, биз уни энг яхши сақланадиган сир деб атардик, чунки одамлар унинг нима эканлигини билишмасди," дейди у.
"Аммо сўнгги бир ярим йил ичида жамоатимиз уч баравар кўпайди."

Мусо отанинг черковидаги якшанба литургияси пайтида йигирма-ўттиз ёшлардаги эркаклар кўплиги мени ҳайратга солди. Улар ибодатхонанинг орқа қисмида ибодат қилиб, чўқинишарди. Замонавий Америкадаги ҳаётдан безган ёш йигитларни милодий IV асрига бориб тақаладиган анъаналарга эга бу дин ўзига жалб қилаётгандек эди.
Дастурий таъминот муҳандиси Теодор менга орзусидаги иши ва севимли хотини борлигини, аммо ичида бўшлиқ ҳис қилганини айтди. Унинг фикрича, жамият эркакларга нисбатан "жуда шафқатсиз", уларга доим нотўғри йўлдаликларини уқтирмоқда. У эркакларни оила боқувчиси бўлгани ва хотини уй бекаси бўлгани учун қоралаш керак эмас дейди.
"Бизга бундай муносабат жуда зарарли деб уқтиришади, – дейди Теодор. – Аслида бундай бўлмаслиги керак."
Мен учратган деярли барча янги диндорлар ўз фарзандларини уйда ўқитишни афзал кўришади. Бунинг қисман сабаби улар аёллар карьерага эмас, оилаларига кўпроқ эътибор беришлари керак деб ҳисоблашларидир.
Ҳюстон шимолидаги Спринг шаҳридан бўлган РПЧ бош руҳонийси Жон Уайтфорднинг айтишича, уйда таълим бериш диний таълимни таъминлайди, "болаларингизни ҳимоя қилади", "трансгендерлик ёки ойнинг 57 та жинси каби" мавзулардан нари бўлишга ёрдам беради.

Американинг евангелист мега-черковларидаги миллионлаб диндорлар билан таққослаганда, православ насронийларининг сони жуда оз – аҳолининг атиги бир фоизини ташкил қилади. Бу Россия, Украина, Шарқий Европа ва Грецияда тарқалган Шарқий православлик, шунингдек, Яқин Шарқ ва Африкадаги ориентал православликни ўз ичига олади.
1917 йилдаги Россия инқилобидан қочган руҳонийлар томонидан асос солинган РПЧни кўпчилик АҚШдаги энг консерватив православ мазҳаб деб ҳисоблайди. Бу кичик диний жамоа овози баланд бўлиб, содир бўлаётган воқеалар, айниқса Президент Доналд Трампнинг Москвага юз бурганидан кейинги кенг қамровли сиёсий ўзгаришларни акс эттиради.
Янги диндорлар сони қанчалик ўсганини аниқлаш қийин, аммо Pew тадқиқот маркази маълумотларига кўра, православ насронийларнинг 64 фоизи эркаклар бўлиб, бу 2007 йилдаги 46 фоиздан юқоридир.
773 та янги диндор ҳақидаги кичикроқ тадқиқот бу тенденцияни тасдиқлайди. Сўнгги қўшилганларнинг аксарияти эркаклар, кўпчилик пандемия уларни янги эътиқод излашга ундаганини айтади. Бу сўровнома Америкадаги Православ Черковидан (АПЧ) олинган. АПЧ XVIII аср охирида Аляскада рус роҳиблари томонидан ташкил этилган ва ҳозирда АҚШ, Канада ва Мексикада ўзларини рус православлари деб ҳисоблайдиган 700 дан ортиқ черков, миссия, жамоа, монастирь ва муассасаларга эга.
Шарқий православ насронийлиги тарихи ва тафаккурини ўрганувчи профессор Скотт Кенворти ўзининг Цинциннатидаги АПЧ черкови "одамларга тўлалигини" айтади.
У 24 йилдан бери бир черковга қатнаб келади ва Ковид карантинига қадар жамоат аъзолари сони ўзгармаганини айтади. Ўшандан бери янги қизиқувчилар ва чўқинишга тайёргарлик кўраётганлар оқими тўхтамаяпти.
"Бу фақат менинг черковим ёки Техасдаги бир нечта жойда содир бўлаётган ҳодиса эмас, – дейди профессор Кенворти, – бу, албатта, кенгроқ миқёсдаги ҳодиса."
Янги диндорлар тўлқинида рақамли макон муҳим роль ўйнайди. Мусо отанинг интернетда кўп издошлари бор – у Instagram саҳифасида хотинининг ҳомиладорлик тести ижобий чиққан суратни жойлаштириб, олтинчи фарзанди туғилишини эълон қилганида 6000 та лайк олди.
Бироқ православ руҳонийлари ва асосан эркаклар бўлган издошларининг ўнлаб бошқа подкастлар ва видеолар ҳам мавжуд.
Мусо ота ўз жамоасига Худога хизмат қилишнинг икки усули борлигини айтади – роҳиб ёки роҳиба бўлиш ёки турмуш қуриш. Иккинчи йўлни танлаганлар ҳомиладорликдан сақланишдан воз кечишлари ва иложи борича кўпроқ фарзанд кўришлари керак.
"Менга черков тарихида туғилишни назорат қилишнинг бирор турини маъқуллаган авлиёни кўрсатинг," дейди Мусо ота. Мастурбацияга келсак, руҳоний уни "ачинарли ва эркакка муносиб эмас" деб қоралайди.
Мусо ота православликни "маскулинлик эмас, балки шунчаки нормаллик" дейди, "Ғарбда эса ҳамма нарса жуда аёллашиб кетган". Унинг фикрича, баъзи протестант черковлари асосан аёлларга мўлжалланган.
"Мен Тейлор Свифтнинг концертига ўхшаган ибодатларга боришни истамайман, – дейди у. – "Ибодат қўшиқлари сўзларига эътибор беринг, ҳаммаси ҳиссиёт – бу эркакларга хос эмас."
Элисса Белетич Дэвис, собиқ протестант, ҳозир Остиндаги юнон православ черковига мансуб, якшанба мактаби ўқитувчиси ва шахсий подкаст юритади. Унинг айтишича, кўплаб янги муқтадийлар "уокка қарши гуруҳ"га мансуб бўлиб, баъзан ўзларининг янги эътиқодлари ҳақида ғалати тасаввурларда юришади - айниқса рус черковидагилар.
"Улар буни ҳарбий, қатъий, интизомли, эркакларга хос, авторитар дин деб билишади, – дейди Элисса. – Бу жуда кулгили. Гўё қадимги америкалик пуританлар ва уларнинг ғалати урф-одатлари қайта юзага чиқаётгандек."

Сурат манбаси, Buck Johnson
Бак Жонсон 25 йил давомида ўт ўчирувчи бўлиб ишлаган ва Counterflow подкастини олиб боради.
Унинг айтишича, у дастлаб маҳаллий рус православ черковига киришга қўрққан, чунки у бошқача кўринар, танаси татуировка билан қопланганди," аммо уни қучоқ очиб кутиб олишган экан. У, шунингдек, черков бутун ковид карантини давомида очиқ бўлганидан мутаассир бўлган.
У Локҳартдаги уйида иккита улкан телевизор экрани қаршисидаги диванда ўтириб, янги эътиқоди дунёқарашини ўзгартираётганини айтади.
"Американинг Россияга нисбатан салбий қарашлари мени ташвишга солмоқда," дейди Бак. У "анъанавий" оммавий ахборот воситалари Украина уруши ҳақида нотўғри маълумот бераётганини айтади.
"Менимча, Америкада Совуқ урушни бошдан кечирган катта авлод бор, – дейди Бак, – нима учунлигини унчалик тушунмайман, улар Россияни ёмонлашади."
Москвадаги Рус черкови раҳбари патриарх Кирилл Украинага бостириб киришни қатъий қўллаб-қувватлаб, уни Муқаддас уруш деб атади ва унинг қурбонларига ҳеч қандай ачиниш билдирмади. Мен архиерей ота Жон Уайтфорддан кўпчилик урушқоқ деб ҳисоблайдиган Россиянинг олий руҳонийси ҳақида сўраганимда, у патриархнинг сўзлари нотўғри талқин қилинганини таъкидлади.
Путиннинг Муқаддас Китоб оятларидан иқтибос келтираётгани, Москвадаги Халоскор Масиҳ черковида ибодат пайтида қўлида шам ушлаб тургани, Епифания маросимида музли сувга шўнғиш учун чўмилиш кийимларини ечгани акс этган кадрлар ва фотосуратлар мухлислар эътиборини тортганга ўхшайди. Баъзилар – Америкада ва бошқа мамлакатларда – Россияни ҳақиқий насронийликнинг сўнгги қўрғони деб билишади.

Қарийб ўн йил муқаддам православликни қабул қилган яна бир киши, руҳонийга айланган техаслик Жозеф Глисон ота Америкадан рафиқаси ва саккиз фарзанди билан Москвадан тўрт соатлик йўл наридаги Борисоглебский қишлоғига кўчиб ўтди.
"Россияда бир жинслилар никоҳига рухсат берилмаган, бу уйда фарзандларингизни ўқитишингиз мумкин бўлган жой ва, албатта, менга бу ерда православ христианлигининг минг йиллик тарихи ёқади," дейди у россиялик видео бошловчига.
Бу пахмоқ соқолли техаслик консерваторларни Россияга кўчиб ўтишга ундовчи ҳаракатнинг олдинги сафида турибди. Ўтган йил августида Путин Ғарб либерализмидан қочганлар учун тезкор "умумий қадриятлар" визасини жорий қилди.
Техасга қайтгач, Бакнинг айтишича, у ва унинг ҳаммаслаклари америкача истеъмолчиликдан воз кечишмоқда.
"Биз анъаналар, оилага муҳаббат, жамоага муҳаббат, қўшниларга муҳаббат каби узоқ муддатли қадриятлар ҳақида ўйлаяпмиз," дейди Бак.
"Менимча, православлик бизга тўғри келади, айниқса, Техасда."












