Тоқаев кўмирдан фойдаланишни кенгайтиришга чақирди. Марказий Осиёнинг кўмирдан воз кечиши қийинми? Видео

Сурат манбаси, EPA
Дунёнинг тараққий этган давлатлари кўмирдан воз кечаётган бир вақтда Марказий Осиё мамлакатлари мушкул танлов қаршисида қолаяптилар.
Минтақанинг асосий энергетика қуввати манбаси ҳисобланган сув йил сайин камайиб бораяпти, 2025-2026 йилги қиш мавсумини деярли ҳамма мамлакатлар энергетика тақчиллиги шароитида қарши олаяпти.
Айни пайтда нафақат пойтахт Тошкент, Ўзбекистоннинг аксар аҳоли яшаш масканлари тоза ҳаво муаммосига дуч келдилар, кунлар совиши билан уйларни иситиш нафақат иқтисодий, экологик, балки сиёсий масалага ҳам айланди.
Шундай бир пайтда Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев кўмирдан фойдаланишни кенгайтиришга чақириқ билан чиқди.
Президент Тоқаев бу гапни 17 декабр куни Қозоғистон энергетиклари касб байрами билан ташкил қилинган маросимда айтди.
"Бизнинг мамлакатимиз экспорт салоҳияти катта энергетик давлатга айланмоғи лозим", дея Президент Тоқаевдан иқтибос келтирди "Казинформ" ахборот агентлиги.
"Пировардида бу миллий хавфсизлик масаласидир. Мамлакатнинг энергетик имкониятларидан самарали фойдаланмоқ зарур. Қозоғистон кўмирнинг салмоқли захираларига эга, унинг йиллик қазиб олиш ҳажми 110 миллион тоннадан ошади. Ушбу стратегик устунликдан ўта самарали фойдаланишимиз лозим. Биз кўмир электр станцияларининг самарадорлигини оширадиган "тоза кўмир" замонавий технологияларига ўтишни тезлаштиришимиз керак", деди Қозоғистон президенти.

Сурат манбаси, .
Шу билан бирга Президент Тоқаев Қозоғистон қайта тикиланадиган энергияни кўпайтириш бўйича ютуқларни қўлга киритганини айтди.
"Охирги беш йилда соҳага 2,5 миллиард доллар сармоя киритилди, бунинг натижасида мамлакатнинг ялпи энергетика мувозанатида қайта тикланадиган энергетика улуши 7 фоиздан ошди. Биз тоза энергия ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз", деди Президент Тоқаев.
Қозоғистон президенти ядровий энергияга ўтиш мамлакат энергетикаси келажаги учун ўта муҳимлигини урғулади.
Ҳозирги пайтда Қозоғистон Балхаш кўли соҳилида АЭС барпо этишга киришган.
Президент Тоқаев сўзларига кўра, иккинчи ядровий иншоот Қозоғистоннинг энергетика салоҳиятини салмоқли даражада оширади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тоқаев иқлим бўйича Трамп фикрига қўшилади

Сурат манбаси, Getty Images
Кузатувчилар шу муносабат билан Қозоғистон Президенти Тоқаевнинг АҚШ Президенти Доналд Трампнинг "иқлим саммитлари - қаллоблик" деган фикрига қўшилганини ёдга олдилар.
Шу йил сентябрида orda.kz веб-сайти Тоқаев Дубай ва Бокудаги иқлим саммитларини фирибгарлик деб атагани ҳақида ёзган эди.
"Юз бераётган воқеаларнинг ҳаммаси улкан миқёсли фирибгарликни эслатади. Менинг сўзларимни Бош вазир Ўлжас Бектенов тасдиқлаши мумкин. Шу кунларда БМТ минбаридан АҚШ Презииденти шунга ўхшаш баёнот берди: "Иқлим ўзгариши - дунёда содир этилган энг буюк қаллоблик".
Бир фавқулодда чорадан иккинчисига?

Сурат манбаси, Shahrixon tumani hokimligi matbuot xizmati
Ўзгараётган вазият фавқулодда чоралар кўришни талаб қилаяпти.
Ўзбекистонликлар сиёсатчиларнинг "аномал" сўзини кўп қўллашни бошлаган кунларни яхши эслайдилар.
Уч йил олдин аномал совуқ газни тежашни талаб қилган, ўшанда иссиқхоналарни кўмирга ўтказиш қарор қилинди.
Тошкент шаҳри атрофида мингдан ортиқ иссиқхона кўмирга ўтказилиши режалаштирилди.
Иссиқхона эгалари табиий газдан воз кечиб, кўмирга мослашиш учун қозонхоналарини ўзгартирдилар.
Қозонхоналарга кетадиган ҳаражатларнинг бир қисмини давлат қоплаб бериши хабар қилинди.
Аммо қисқа муддатнинг ичида кўмир ўз сўзини айтди. Тошкент ва вилоятлардаги ҳаво ифлосланиши қиш арафасида мисли кўрилмаган даражага чиқди ва ушбу ҳолат ҳар йили такрорланадиган бўлди.
Ҳукумат иссиқхоналарни кўмир билан иситиш қароридан воз кечишга мажбур бўлди.
Экология вазирлиги муқобил энергияга ўтиш ва филтрлар ўрнатиш таклифи билан чиқди.
Президент Мирзиёев Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқхоналарни узлуксиз табиий газ билан таъминлашга топшириқ берди.
Энди кўмирга мослашган иссиқхона эгалари муқобил йўл топишга ёки филтр ўрнатиш каби яна қўшимча ҳаражатлар қаршисида қолдилар.
Экология вазирлиги бу борада грантлар ажратилишини айтди.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати кўмир қазиб ишлаб чиқаришни 10 миллион тоннага етказиш ниятида эканини хабар қилган.
Кўмирдан яқин орада воз кечиб бўлмайдими?

Сурат манбаси, Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати
17 декабр куни Халқаро Атом агентлиги жаҳонда кўмирдан фойдаланишга бағишланган янги ҳисобот эълон қилди.
Coal 2025 деб номланган ҳисоботга кўра, бугунга келиб дунёда кўмирдан фойдаланиш анча пасайди.
Жаҳонда кўмирга йиллик талаб 8 миллард 805 миллион тоннага етган, бу рекорд даражадаги кўрсаткич.
Энг кўп кўмирдан фойдаланаётган мамлакатлар Ҳиндистон, Хитой ва Индонезия бўлиб қолаяпти.
Хитой дунёнинг энг кўп кўмир истеъмолчиси, ишлаб чиқарувчиси, импортчиси бўлиши билан бир вақтда бошқа муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқаришни ҳам кўпайтириб келаяпти.
Иқлим ўзгаришига ишонмайдиган Президент Трамп маъмурияти яна кўмир ёқишни кўпайтирган, ўтган йилга солиштирганда 37 миллион тонна кўп кўмир ёққан.
Халқаро Атом агентлиги 2030 йилга бориб дунёда кўмир истеъмоли ўзининг қуйи даражасига чиқади деб башорат қилмоқда.
Кўмирдан ҳамон кўп мамлакатларда электр, пўлат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун фойдаланилаяпти.
Европа мамлакатлари кўмирдан фойдаланишни тақиқлаётганлари, Япония ва Жанубий Корея пўлат корхоналари учун Россия кўмиридан воз кечгани оқибатида Россия кўмири нархи тушиб кетган, аммо Марказий Осиё мамлакатлари учун қиммат, сифатли кўмир бўлиб қолаяпти.
Кунлар совиб, Тожикистонда электр узатиш соатлари чеклангани, Тожикистон қўшнилардан электр сотиб олишни бошлагани манзарасида бозорлардаа кўмир нархи ўтган йилга солиштирганда 40 фоиз қимматлагани хабар қилинди.
Тожикистоннинг ўзи ҳам бу йил бир миллион тонна қазиб олган, Қирғизистон кўмири энди тўғри Қирғизистоннинг ўзидан эмас, ўзбекистонлик тадбиркорлардан сотиб олинаётгани учун қимматлашганини айтишади тожикистонликлар.
Ҳозирча дунёдаги кўплаб одамлар ва мамлакатлар учун иқлим муаммосига қараганда қорин тўйғизиш ёки қишдан омон чиқиш долзарброқ бўлиб турипти.












