Туркиянинг “қаттиққўл” президенти коррупцияга қарши курашаётганини, рақиблар эса мухолифлар овози ўчирилаётганини айтади

- Author, Орла Герин
- Role, Бош халқаро мухбир
- Reporting from, Istanbul
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
2025 йил 23 апрел куни Туркиянинг энг йирик шаҳри 13 сония давомида 6,2 магнитудали зилзиладан силкинди. Зарба шунчалик кучли бўлдики, Истанбулда 151 киши таҳликадан уйларидан ташқарига сакраган. Жароҳатланганлар бўлди, аммо ўлим ҳолатлари қайд этилмади.
Бироқ шаҳар мэри Экрем Имамўғли – 2019 йилда илк бор раҳбарликка сайланган – ўз шаҳрига ёрдам қўлини чўза олмади.
У шаҳарнинг ғарбий чеккасидаги Силиври туманида, қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада панжара ортида эди – буни қарангки, зилзиланинг эпицентрига яқин жойда.
Имамўғлига бир қатор коррупция айбловлари қўйилган, ўзи уларни қатъий рад этади. Унинг ўз таъбири билан айтганда, «Кафкача айбловлар».
Унинг тарафдорлари фикрича, мэрнинг «ҳақиқий айби» фақатгина Туркия раҳбари Ражаб Таййиб Эрдўғанга 2028 йилга белгиланган президентлик сайловларида энг катта таҳдид бўлганидир.
Зилзила куни у билан бирга бўлган Мармара қамоқхонасидаги кўпгина бошқа маҳбуслар ҳам Эрдўғаннинг 22 йиллик ҳукмронлиги даврида унга қарши чиққанлари учун озодликдан маҳрум қилинганлар эди. Уларнинг айримлари шунчаки тинч намойишчилар бўлган.
Ҳали ҳам кўпчилик бу жойни Силиври деб атайди. У ҳақда мухолифлар йўқотиладиган жой сифатида халқ орасида кенг тарқалган ибора бор: «Силиври ҳозир совуқ».
Танқидчилар таъкидлашича, Эрдўған дастлаб Ғарбга юзланган ислоҳотчи бўлган, аммо кейинги йилларда у замонавий султонга айланиб, инсон ҳуқуқларини топтади, норозиликларни бостирди ва судларни қуролга айлантирди.

Сурат манбаси, YASIN AKGUL/AFP via Getty Images
Бу ойда қамоқдаги шаҳар мэри, унинг Республикачи халқ партияси (CHP) етакчилари, тажрибали адвокатлар ва талабалар алоҳида ишлар бўйича суд олдида турибди.
«Эрдўған Туркияни Россия услубидаги автократияга айлантириш йўлида улкан қадам ташлади», дейди Вашингтондаги Яқин Шарқ институти (MEI) катта тадқиқотчиси, туркиялик Гонул Тол.
«Унинг кўзлаган мақсади – сайлов қутиси аҳамиятсиз бўлган Туркия… рақибларини у ўзи танлайдиган Туркия».
Ўтган октябрдан бери CHP билан боғлиқ 500 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.
Прокурорлар мэр ва унинг ҳамкорларини пора олиш, тендерларни сохталаштириш, товламачилик ва терроризм билан алоқада айбламоқда.

Сурат манбаси, Ozan Guzelce/ dia images via Getty Images
Бироқ марказчи ва секуляр йўналишдаги CHP ушбу ҳибсларни сиёсий сабабларга асосланган ва мухолифат овозини ўчиришга қаратилган деб ҳисоблайди. Партия барча айбловларни рад этмоқда.
Айримлар савол қўймоқда: Туркия демократияси очиқдан-очиқ ҳужум остида қолган бир пайтда, халқаро ҳамжамият нега жим? Эҳтимол, Эрдўғаннинг Россия, Украина, Сурия ва НАТО билан бўлган кўп қиррали алоқалари Европа етакчиларини у билан жанжаллашишдан тиймоқдами?
АҚШ президенти Доналд Трампнинг инсон ҳуқуқларига кўз юмиши Эрдўғанга кенг йўл очиб бермоқдами?
"Адолат чегараларини бузиш"
Март ойида юзлаб полиция унинг уйини ўраб олганида, ҳибсга олиш арафасидаги мэр Имамўғли хотиржам бўйинбоғини боғлаб, тарафдорларига мўлжалланган ижтимоий тармоқ видеосини ёзиб олишда давом этган эди.
"Биз катта зулмга дуч келдик, – деди у. – Лекин… мен бош эгмайман".
У мустаҳкам ва жасур эди – ва «Эрдўған учун ҳалокатли таҳдид», дейди АҚШдаги Вашингтон институтидаги Туркия тадқиқот дастури директори Сонер Жагаптай.
«У харизматик, одамларга яқин, Эрдўғандек консерватив, бироқ шу билан бирга секуляр. У кўп жиҳатдан жозибали номзод».
Аммо панжара ортида унинг таъсири анча чекланган.

Сурат манбаси, Burak Kara/Getty Images
Унинг ҳибсга олиниши айнан CHP – Туркиянинг энг йирик мухолифат партияси уни президентликка номзод сифатида кўрсатиш арафасида содир бўлди. (Қамоққа олинганидан кейин ҳам партия уни номзод қилди.)
Имамўғлини қамаш мамлакатда сўнгги ўн йилдан зиёд вақт ичидаги энг йирик ҳукуматга қарши намойишларга сабаб бўлди. Асосан ёшлар – «Эрдўған авлоди» ва бошқа етакчини кўрмаганлар кўчаларга оқиб чиқишди.
«Кўпчиликнинг тоқати битди, – деди Истанбуллик 21 ёшли йигит. – Улар адолат чегараларини бузди».
Яна бири эса буни «демократиямизга бевосита ҳужум» деб баҳолади.
Ҳукумат кўпинча тинч ўтган намойишларни тақиқлади, аммо тўхтата олмади.
Истанбулдаги тартибсизликлар римликлар қурган акведук ёнида кечди. Эрдўғаннинг полиция қўшинлари арклар остида дубинка, кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқлар билан сафланди.

Сурат манбаси, YASIN AKGUL/AFP
Кўплаб халқаро нашрлар биринчи саҳифага қўйган сурат эса қуйидаги эди: полиция қалампирли газ билан ҳужум қилмоқда, ягона намойишчи – анъанавий сўфий кийимида газ ниқоби таққан «айланаётган дарвеш».
Суратга олганидан бир неча соат ўтиб, AFP ахборот агентлиги фотомухбири Ёсин Оқгул уйида ҳибсга олинди, қўллари ҳали ҳам кўз ёш чиқарувчи газдан ачишиб турганди. Бир нечта етакчи фотожурналистлар ҳам ушланди.
Намойишлардан сўнг тахминан 2 минг киши, кўпи тонг олди рейдларда қўлга олинди. Улардан 800 дан ортиғи "рухсатсиз намойишларда иштирок этганлик"да айбланди.
Ҳозир Туркияда ҳибсга олиниш "энг осон иш", дейди Гонул Тол. «Фақат битта твитни ёқтириш ёки Facebook'да Эрдўғанни танқид қилган постга лайк босишнинг ўзи кифоя».
22 ёшли талабa намойишчи Эсила Айя эса Туркия раҳбарини диктатор деб атаган плакат кўтаргани учун ҳибсга олинди. (Президентни ҳақорат қилиш Туркияда жиноят ҳисобланади.) Агар айблов тасдиқланса, у тўрт йилгача қамалиши мумкин.

Сурат манбаси, YASIN AKGUL/AFP via Getty Images
Ҳибслар давом этмоқда
Истанбулдаги Сабанжи университети сиёсатшунослик бўйича доцент Берк Эсен фикрича, кўплаб турклар ҳозир ўзини совуқ муҳитда ҳис қилмоқда. У мамлакатда «сиёсат, фуқаролик жамияти, академия ва ОАВда мухолифатга нисбатан кучли босим ва зўравонлик» мавжудлигини таъкидлайди.
Бироқ у Туркия «ҳали тўлиқ автократия эмас… ҳали ҳам норозилик учун оз бўлса-да, жой бор», дея қўшимча қилади.
Шунга қарамай, ҳибслар тўхтамаяпти. CHP'нинг 100 дан ортиқ аъзоси ҳали ҳам қамоқда қолмоқда.
Президент айтишича, CHP «коррупция ботқоғида» қолган, унинг тармоқлари «саккизоёқ қўлларидек Туркиянинг бошқа ҳудудлари ва хорижга узанган».
Бироқ Human Rights Watch вакили Эмма Синклер-Вебб бошқа «саккизоёқ»ни кўради – бу ҳукуматнинг ўзи.
Унинг айтишича, ҳукуматнинг «жуда кўп ва узун қўллари бор, улар ҳамма жойга чўзилади». «Танқидчилар ва мухолифатга қарши ҳужум қилиш – ҳукуматнинг аниқ мақсади. Адлия тизимига ишонч бутунлай йўқолган, у тобора сиёсий қурол сифатида кўрилмоқда, ҳибслар эса мухолиф овозларни ўчириш учун ишлатилмоқда».

Сурат манбаси, Ugur Yildirim/ dia images via Getty Images
«Прокурорлар ва судьялар ҳамиша "тепадан кўрсатма" кутмоқда», дейди у.
Ҳукумат эса адлия тизими мустақил ва холис эканини таъкидлайди.
"У қаттиққўл – жуда зукко"
Истанбул мэри Силиврида қамоқда қолар экан, халқаро ҳамжамиятнинг эътибори бошқа йўналишларга қаратилган – асосан Ғазодаги Исроил уруши ва Украинадаги Россия урушига.
Бу эса таҳлилчилар фикрича, президент Эрдўғанга устунлик бермоқда.
У Владимир Путин, Владимир Зеленский ва Доналд Трамп билан нисбатан яхши муносабатларга эга.
«Бу ҳолатда бўлган кўп етакчиларни эслай олмайман, – дейди Берк Эсен. – Менимча, у халқаро майдонда ўзини келишувчи, қўл сиқадиган ва музокара қила оладиган сиёсатчи сифатида кўрсатишни ёқтиради».

Сурат манбаси, Alex Wong/Getty Images
Эрдўған айрим муваффақиятларга ҳам эришди – масалан, 2022 йил июлида Россия босқинидан кейин беш ой тўхтаб қолган Украина ғалла экспортларини Қора денгиз орқали қайта йўлга қўйишда воситачилик қилди. Шу йил у Киев ва Москва вакилларини 2022 йилдан бери илк бор юзма-юз музокаралар учун қабул қилди.
«Ҳар ким унинг Россия ва Украинадаги ролини мақтаяпти, – дейди доктор Тол. – Ғарб етакчилари уни Европа мудофаасини қуришда асосий шахс сифатида кўрмоқда. Трамп эса унинг ички сиёсатига умуман эътибор бермайди. Шу сабабли Эрдўған ўзини эркин ҳис қилмоқда».
Унинг айтишича, Трампнинг Оқ уйга қайтиши «минтақавий автократлар ўзини кучли ҳис қиладиган халқаро муҳитни яратди».
Вашингтон институтидан доктор Жагаптай фикрича, Трамп ички сиёсатга кўпроқ эътибор қаратгани учун Эрдўған ҳозир кенгроқ ҳаракат имкониятига эга. Уларнинг муносабатлари «Трампнинг илк президентлик давридан бери шаклланган алоҳида риштага эга».
«Мен уни ҳурмат қиламан, у ҳам мени ҳурмат қилади, – деган эди Трамп Эрдўған ҳақида. – У қаттиққўл ва жуда зукко».

Эрдўғаннинг геосиёсий жойлашуви ҳам қулай – Туркия ҳудуди қисман Осиёда, қисман Европада жойлашган, икки қитъани боғловчи кўприк.
Унинг қўлида бошқа кучли карталар ҳам бор – хусусан, қўшни Суриядаги таъсири. У ерда ғолиб томонни қўллаб-қувватлаб, 2023 йил декабрида президент Башар Асадни ағдарган исломчи исёнчиларга ёрдам берди.
Шунингдек, у НАТОдаги ягона мусулмон давлат раҳбари, алянсдаги энг йирик иккинчи армия ва 85,6 миллион аҳолига эга мамлакат етакчиси. Бу ердаги воқеалар ҳам Шарқ, ҳам Ғарб учун муҳим аҳамиятга эга.
«Эрдўған даврида Туркия ўзининг кўп қиррали жиҳатларини жуда самарали қўллаяпти, – дейди доктор Жагаптай. – Сурияни барқарорлаштириш ҳақида бўладими ёки Украинада урушдан кейинги ҳолат ҳақида бўладими ЕИ билан муносабатларда Туркия ўрта қудрат сифатида яхши ўйнаяпти…»
Сайлов қутиси дахлсизлиги
Эрдўған қудрат соҳиби – унга майдон берилган, аммо ҳад бор, деб ҳисоблайди айрим таҳлилчилар.
У қилмайдиган иш – навбатдаги президентлик сайловларини бекор қилиш, дейди Истанбулдаги Қодир Ҳас университети тарих ва халқаро муносабатлар профессори Ўнур Исчи.
«Тарихан турк халқи сайлов қутисининг дахлсизлигига жуда ҳассос ва уни чеклашга уриниш жиддий оқибатларга олиб келади», дейди у.
Туркияда сайловлар одатда ўша куни эркин ўтади, аммо ундан олдинги жараёнлар мутлақо адолатли эмас.
Ўйин майдони текис эмас: асосий ОАВнинг кўпчилиги ҳукумат тарафдори. Ҳукуматни қўлламайдиганлар эса қаттиқ босимга учрайди.

Сурат манбаси, Burak Kara/Getty Images
2023 йилдаги охирги сайловда Эрдўған озгина фарқ билан, мухолифат номзоди Кемал Киличдарўғлига қарши 52,18% овоз тўплаб ғалаба қозонди.
Яқинда ўтказилган сўровлар унинг келгуси сайловда Имомўғлидан ютқазиши мумкинлигини кўрсатган. Аммо шаҳар мэри ҳали ҳам қамоқда, бир нечта суд ишларига тортилган ва мухолифат эҳтимол бошқа номзод чиқаришга мажбур бўлади.
71 ёшли, икки муддатлик президент сифатида Эрдўған қайта номзод бўлишга ҳақли эмас, аммо бу масалани муддатидан олдин сайлов чақириш ёки янги конституция қабул қилиш орқали ҳал қилиши мумкин.
«Қайта сайланишга ёки яна лавозимга тушишга қизиқишим йўқ», деган эди у май ойида.
Бироқ сиёсатшунос Эсен бунга ишонмайди: «У тирик экан, президентликка яна номзод бўлади».

Сурат манбаси, KEMAL ASLAN/AFP via Getty Images
Замонавий Туркияда энг узоқ ҳукмронлик қилган раҳбар сифатида Эрдўғаннинг садоқатли тарафдорлари кўп. Кўплаб консерватив сайловчилар унинг Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) орқали мамлакатни ривожлантиргани ва дунёвий республикада исломни қўллагани учун миннатдор.
Сайловлар олдидан президент тарафдорлари йиғилишида бу садоқат яққол намоён бўлган.
Тарафдорлардан бири – Айша Ўздўған етакчисининг ҳар бир сўзини эшитиш учун ёнбошида хасса эрта келган.
«Эрдўған мен учун ҳамма нарса, – дейди у кенг табассум билан. – Илгари шифохоналарга етиб боролмасдик, ҳозир транспорт бор. У йўлларни яхшилади, масжидлар қурди».
Аммо унинг Туркия демократиясига таъсири ҳақида-чи?
«Демократия жиддий зарар кўрган, аммо ўлмаган, – дейди Синклер-Вебб. – Демократия ҳали ҳам жонли, демократик тамойиллар ва сайловларга боғланган ҳолда яшаяпти».
«Мухолифат ҳам жуда чидамли», қўшиб қўяди у.
Сонер Жагаптай эса донар кебаб сотувчиси кесаётган айланма сихдаги гўштни мисол келтиради.
«Мен учун бу Эрдўған давридаги Туркия демократиясига ўхшайди. У охирги 20 йилда уни оз-оздан кесиб оз қолдирди».
Бироқ у қўшимча қилади: «Эрдўған давридан олинган сабоқ шуки – демократияни йўқотиш узоқ вақт олади».
Биз президентнинг коммуникация идорасига расмий изоҳ учун мурожаат қилдик, аммо жавоб олмадик.
Бироқ БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига тақдим этилган ҳисоботида Туркия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб этишда қатъий турди… ва қонунчиликда халқаро стандартларга мослашиш йўлида саъй-ҳаракатларни давом эттирди», деб маълум қилди.
Ҳисоботда яна шундай дейилади: мамлакат «фуқаролик жамияти, жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун қулай шароит яратиш учун ҳеч қандай чора кўрмади».
Бироқ бу гаплар Силиври қамоқхонаси камераларида жонсиз янграйди.













