Курд ПКК жангарилаpи қуролларини қозонда ёқди, энди Туркияда тинчлик бўладими?

Видео тагсўзи, Туркия билан можарони тугатиш томон рамзий қадам сифатида PKK Курдлари қуролларини ёқдилар
    • Author, Ойша Сайин
    • Role, Би-би-си Турк хизмати, Анқара
    • Author, Пол Кирби
    • Role, Европа муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Туркияга қарши 40 йил давомида қуролли курашган ва таъқиқланган Курдистон Ишчилар партияси (PKK) қуролсизланиш жараёнини рамзий маросим билан бошлади.

Тахминан 30 нафар PKK жангчиси – эркак ва аёллар – қуролларини катта қозонга қўйиб, ёқиб юборишди. Шу тарзда, улар бутун ёз давом этиши кутилаётган қуролсизланиш жараёнига расман старт беришди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу маросимни "терроризмдан холи Туркия сари ташланган муҳим қадам" деб атади.

1984 йилда бошланган PKK ва Туркия ўртасидаги қуролли тўқнашувларда тахминан 40 минг киши ҳалок бўлган.

PKK Туркия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Британия томонидан террорчи ташкилот сифатида эътироф этилган.

Қуролсизланиш жараёни нафақат Туркияда, балки Ироқ, Сурия ва Эрондаги вазиятга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Қуролсизланиш қандай бошланди?

Журналистлар ва сиёсатчилардан иборат карвон, жумладан, Туркиянинг курдпараст Демократия партияси аъзолари Ироқ Курдистонидаги Сулаймония шаҳридан 50 км шимоли-ғарбида жойлашган Жасана ғорига олиб борилди.

PKKнинг тўрт нафар юқори лавозимли қўмондони иштирок этган маросимда жангчилар қуролларини қозонга ташлаб, ёқиб юбордилар.

A woman places a gun into a cauldron

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ироқ Курдистонидаги қурол ёқиш маросимида 15 аёл ва 15 эркак жангари қатнашди

PKK баёнотида шундай дейилади: "Биз қуролларимизни ихтиёрий равишда йўқ қилмоқдамиз. Бу яхшилик ва қатъият рамзи бўлган тарихий, демократик қадам."

Ҳафта бошида PKK етакчиси Абдуллоҳ Ўжалон бу жараённи "қуролли тўқнашув босқичидан демократик сиёсат ва ҳуқуқ даврига ихтиёрий ўтиш" деб таърифлади.

Ўжалон 1999 йили қамалганидан бери Истанбул жануби-ғарбидаги Имрали оролида ёлғиз қамоқда сақланаяпти.

Би-би-си Турк хизмати хабар беришича, қуролсизланиш жараёни яқин ойларда Туркия, Ироқ ва Курдистон минтақавий ҳукуматлари ҳамкорлигида ташкил этиладиган махсус пунктларда давом этади.

PKK нима ва нега уруш шунча вақт давом этди?

A supporter holds a flag with the face of Abdullah Ocalan, with his face also on the backdrop behind her

Сурат манбаси, DELIL SOULEIMAN/AFP

Сурат тагсўзи, Тутқунликдаги PKK раҳбари Ўжалонни ҳамон кўплаб Курдлар қўллаб-қуватлайдилар

Бу Туркия билан PKK ўртасидаги тинчлик музокараларига биринчи уриниш эмас. Аммо ҳозирги жараён – 1984 йилда бошланган қуролли курашни тўхтатишга қаратилган энг катта умидли қадам сифатида баҳоланмоқда.

Аввалига марксист ғоялар асосида ташкил этилган Курдистон ишчилар партияси Туркия ҳудудида мустақил Курд давлати тузишни мақсад қилган. 1990-йилларга келиб, PKK мустақиллик ўрнига кенгроқ маданий ва сиёсий автономия талаб қила бошлади. Туркияда Курдлар аҳолининг тахминан 20 фоизини ташкил этади.

Ўжалон 2013 йили оташкесим эълон қилган ва PKK кучларини Туркиядан олиб чиқишга чақирган. 2015 йилда эълон қилинган Долмабаҳче келишуви Курдларга демократик ва тил ҳуқуқлари беришни назарда тутган эди. Аммо ушбу келишув кўп ўтмай бузилди, Диёрбакир каби Курдлар яшовчи шаҳарларда зўравонликлар авж олди.

Туркия ҳаво кучлари шимолий Ироқдаги PKK базаларига зарбалар берди. Шунингдек, Суриядаги Курдлар етакчилигидаги кучларга қарши бир неча ҳарбий амалиётлар ўтказилди.

Анқара ҳукумати PKK қурол ташламагунича музокараларга қайтмаслигини билдирган эди.

Эндиликда бу талаб бажарила бошлади.

PKK нима учун қурол ташлашга қарор қилди?

PKK fighters training in Iraqi Kurdistan

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2015 йили PKK билан мўрт отакшесим эълон қилинган эди

2024 йил октябрида Туркияда миллиятчилик ғояларини илгари сурадиган йирик сиёсий арбоб ва Президент Эрдўғаннинг яқин иттифоқдоши Девлет Баҳчели ҳукуматнинг "террордан холи Туркия" деб аталган янги сиёсий жараёнини бошлаб берди.

У PKKнинг қамоқдаги етакчиси Абдуллоҳ Ўжалонни ташкилотни тарқатишга чақиришга даъват этди. Баҳчелининг таъкидлашича, агар бу амалга ошса, Ўжалонни Имрали оролидаги қамоқдан озод қилиш имконияти туғилиши мумкин.

Шундан сўнг, Туркия ҳукумати PKK билан музокараларни Демократия партияси орқали бошлади. 2025 йил февралида Ўжалоннинг тарихий мурожаати партиянинг икки нафар депутати томонидан ўқиб эшиттирилди – улар қамоқхонага бориб, етакчи билан учрашиб қайтишган эди.

Ўжалон ўз мурожаатида: "Барча гуруҳлар қуролларини ташлаши, PKK эса ўзини тарқатиши лозим," деб баёнот берди.

У PKK аввалига "демократик сиёсий каналлар ёпиқ бўлгани учун" ташкил этилганини айтди. Аммо Баҳчели ва Эрдўғандан келаётган ижобий ишоралар энди курашни тинч сиёсий жараён орқали давом эттириш учун зарур муҳитни яратганини таъкидлади.

Ўжалоннинг чақирувидан сўнг PKK оташкесим эълон қилди ва кейинроқ "тарихий миссияни якунладик" дея баёнот берди. Уларнинг таъкидлашича, энди Курдлар масаласи "фақат ва фақат демократик сиёсат орқали ҳал қилиниши мумкин".

Президент Эрдўған буни "террор деворини бузиш сари тарихий қадам ташлаш имконияти" деб баҳолади ва апрел ойида Курд сиёсатчилар билан учрашди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Ўжалон нега бу даражада муҳим?

Seven men - three sitting and four standing - are in front of a camera looking solemn.

Сурат манбаси, ANF

Сурат тагсўзи, Сурат марказида ўтирган Ўжалон 9 июл куни видео мурожаат эълон қилди

PKK асосчиси Абдуллоҳ Ўжалон кўплаб турклар учун ҳанузгача қаттиқ нафрат уйғотувчи шахс ҳисобланади – у 26 йилдан буён қамоқда ёлғиз сақланишига қарамай, кўплаб курдлар учун у ҳали ҳам муҳим сиёсий рамздир.

"Менимча, у ҳали ҳам катта таъсир кучига эга; у аксар курдлар учун асосий рамз," дейди Нидерландиядаги Вагенинген университети профессори, 41 йиллик тўқнашувлар бўйича мутахассис Йост Йонгерден.

Қуролсизланиш бошланишига икки кун қолганда, Ўжалон сўнгги 20 йил ичида илк бор видеомурожаат билан чиқиш қилди.

Етти дақиқа давомида сўзлаган Ўжалон таъқиқланган гуруҳга мурожаат қилиб: "Мен сиёсат ва ижтимоий тинчлик кучига ишонаман, қурол кучига эмас. Сизларни шу тамойилни амалга оширишга чақираман," деди.

Ўжалон жигарранг Lacoste поло футболкасини кийган эди ва бу қиёфаси сиёсий мазмундан ташқари, ижтимоий тармоқларда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди – ушбу футболкани сотадиган вебсайтларда у тезда танқис бўлиб қолди.

Буёғига нима бўлади?

Turkey's President Erdogan looks at the camera

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Turkey's President Erdogan has denied wanting to continue in office when his term runs out

Энди жараён Туркия парламентига, Анқарага кўчади.

У ерда ҳукуматнинг кейинги қадамларини белгилаш учун махсус комиссия тузилади.

Ёзги таътил яқинлашиб келаётгани сабабли, яқин ойларда аниқ қарорлар қабул қилиниши кутилмаяпти.

Парламент аъзолари комиссия тавсияларини овозга қўяди, сўнгги қарор эса Президент Эрдўған томонидан қабул қилинади.

Абдуллоҳ Ўжалоннинг келгуси тақдири ҳозирча ноаниқ.

Ҳукумат унинг қамоқдаги шароити қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирмоқда.

Аммо унинг эҳтимолий озод этилиши фақат жараённинг кейинги босқичларида муҳокама қилиниши мумкин.

Эрдўған учун бу жараёндан нима наф?

Президент Эрдўған раҳбарлигидаги Адолат ва Тараққиёт партияси (AKP) Туркия конституциясини ўзгартириш устида ишламоқда.

Шу сабаб 2028 йилда унинг Эрдўған президентлик муддати тугаганидан сўнг яна сайловда иштирок этиш имкони бўлиши мумкин, деган тахминлар пайдо бўлган.

AKP ва курдпараст Демократия партияси тинчлик жараёни билан конституциявий ўзгаришлар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини таъкидлаётган бўлса-да, агар Эрдўған бу партия қўлловини олса, у ўзгартишларни амалга ошириш имкониятига анча яқинлашади.

Ҳозирда Эрдўған сўровномаларда асосий рақибидан ортда кетмоқда.

Унинг бош сиёсий рақиби – Истанбул шаҳри ҳокими Икром Имомўғли коррупцияда айбланиб қамоққа олинган (у бу айбловларни рад этади).

Шу билан бирга, сўнгги ҳафтада яна бир неча мухолифатчи шаҳар ҳокимлари ҳам қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.