Россия 2024 йил Украинада қандай қилиб рекорд даражада талафот кўрди?

тайёргарлик

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

    • Author, Олга Ившина
    • Role, BBC Rus xizmati
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўтган йил Россия кучлари учун Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери энг ҳалокатли йил бўлди: камида 45 287 киши ҳалок бўлди.

Бу босқиннинг биринчи йилига нисбатан деярли уч баравар кўп, урушнинг энг узоқ ва ҳалокатли жанги Бахмутда 2023 йилги йўқотишлардан сезиларли даражада ортиқ.

Уруш бошида асосий ҳудудлар учун жанглардаги йўқотишлар тўлқинсимон содир бўлган бўлса, 2024 йилда фронт чизиғи олдинга силжиган сари қурбонлар сони ой сайин кўпайиб борди. Бундан Россия Украинанинг босиб олинган ҳар бир квадрат километр ҳудуди учун камида 27 одамини йўқотган деб тахмин қилиш мумкин.

Би-би-си Рус хизмати "Медиазона" мустақил нашри ва кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда Россия қабристонлари, ҳарбий ёдгорликлар ва таъзияномаларнинг очиқ манба маълумотларини таҳлил қилди.

Ҳозиргача биз Украинага кенг кўламли босқин пайтида ҳалок бўлган 106 745 нафар рус аскари исмини аниқладик.

Ҳақиқий сон, шубҳасиз, анча юқори. Ҳарбий экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, бизнинг рақамимиз ўлимларнинг 45 фоизидан 65 фоизигача қисмини қамраб олиши мумкин, бу эса ҳақиқий рақам 164 223 дан 237 211 кишигача дегани.

2024 йил 20 февраль Россия қўшинлари учун ўша йилдаги энг ҳалокатли кун бўлди.

Украинанинг узоқ масофага учувчи тўртта HIMARS ракетаси босиб олинган Донецкдаги Волноваха шаҳри яқинидаги полигонга урилганда, 36-мотоўқчи бригада таркибида бўлган Алдар Байиров, Игор Бабич ва Охунжон Рустамов ҳалок бўлди.

Уларга медаль топшириш маросимига сафланиш буюрилган эди. Олтмиш беш нафар ҳарбий хизматчи, жумладан, уларнинг қўмондони полковник Мусаев ҳам ҳалок бўлди. Яна ўнлаб аскар яраланди.

Шарқий Сибирдаги Бурятиядан бўлган 22 ёшли Байиров озиқ-овқат санитарияси бўйича мутахассисликка ўқиган, аммо муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва кейинчалик профессионал аскар бўлиш учун шартнома имзолаган.

2022 йил февраль ойида у Украинага жанг қилгани жўнаб кетди ва 2022 йил март ойида ўз бригадасининг Киевга юриши пайтида Бородянка учун жангда қатнашди. Шаҳар деярли бутунлай вайрон қилинди. Украина манбалари айтишича, тинч аҳолини қатл этишда россиялик ҳарбийлар иштирок этган.

Алдар Байров (чап), Охунжон Рустамов (ўртада) ва Игор Бабич ўтган йил, 20 февралдаги ҳужумда ҳалок бўлишган

Сурат манбаси, Family Handout

Сурат тагсўзи, Алдар Байров (чап), Охунжон Рустамов (ўртада) ва Игор Бабич ўтган йил, 20 февралдаги ҳужумда ҳалок бўлишган

31 ёшли Охунжон Рустамов Сибирдаги Чита шаҳридан бўлиб, махсус кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, пайвандчи бўлиб ишлаган. У 2022 йил октябрь ойидаги қисман сафарбарлик пайтида чақирилган.

Рустамовдан фарқли ўлароқ, 32 ёшли Игор Бабич урушга кўнгилли бўлиб борган. У 2023 йил апрелига қадар серебрал фалажи ташхиси қўйилган катталар ва болалар билан ишлаб, уларга жисмоний даволанишда ёрдам берган.

Биздаги маълумотларга кўра, ўша куни жами 201 нафар рус аскари ҳалок бўлган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Полигондаги зарбадан бир неча соат ўтгач, ўша пайтдаги Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Владимир Путин билан учрашиб, унга фронт чизиғидаги ҳарбий ютуқлар ҳақида маълумот берган.

Бироқ, полигонга ҳужум ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади, Мудофаа вазирлигининг кундалик ҳисоботларида ҳам бу воқеа тилга олинмади.

Охунжон Рустамовнинг қариндоши уруш даврида оиласининг уч нафар яқин аъзосини дафн этганини айтади: "2022 йил декабрида турмуш ўртоғим вафот этди. 2024 йил 10 февралида чўқинтирган отам. 20 февралда эса ўгай укам. Бир жанозадан иккинчисига бордик."

Таҳлилларимизда аскарлар ўлимининг аниқ саналарига аҳамият бердик. Агар у аниқланмаса, дафн санаси ёки ўлим ҳақида хабар берилган санадан фойдаландик.

Урушнинг дастлабки икки йили – 2022 ва 2023 йилларда Россиянинг йўқотишлари тўлқинсимон кўринишда бўлди: кўп қурбон берган оғир жанглар нисбатан тинч даврлар билан алмашиб турди.

Масалан, 2023 йилда қурбонларнинг аксарияти январь-март ойларига тўғри келди, ўшанда Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги Вухледар ва Бахмут шаҳарларини эгаллашга уринган.

Кенг кўламли босқиннинг биринчи йилида, ҳисоб-китобларимизга кўра, Россия камида 17 890 аскарини йўқотди. Бу рақамга Россиянинг босиб олинган Украина шарқидаги икки прокси кучларидаги йўқотишлар киритилмаган.

2023 йилда бу сон 37 633 тага етди.

2024 йилда қурбонлар сонида сезиларли пасайиш кузатилмади. Авдиивка ва Роботине учун бўлган қонли жанглар Покровск ва Торецк томон ҳужумлар кучайишига олиб келди.

2024 йил август ойида украиналик ҳарбийлар чегарадан ўтиб, Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирганида россиялик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлди. Фақатгина 6 августдан 13 августгача 1 226 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлди.

Бироқ, энг катта умумий йўқотишлар 2024 йил сентябрь-ноябрь ойларида Россиянинг шарққа секин силжиши пайтида содир бўлди, деб таъкидлади АҚШнинг етакчи ҳарбий таҳлилчиси Майкл Кофман.

"Тактикада кичик пиёда ўт очар гуруҳларидан фойдаланган ҳолда тарқоқ ҳужум гуруҳлари билан такрорий ҳужумларга урғу берилди, бу эса эгалланган ҳудудга нисбатан умумий йўқотишларни оширди," дея тушунтирди у.

Деярли икки йиллик шиддатли жанглардан сўнг, Россия қўшинлари 2024 йил 1 октябрда Донецкдаги Вуҳледар логистика марказини эгаллади.

Америка Урушни Ўрганиш Институти (ISW) ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил сентябридан ноябригача Россия қўшинлари Украинанинг 2356 квадрат километрини босиб олган.

Шунда ҳам фронтдаги Украина қўшинлари букилмади.

Бу ҳужум эвазига камида 11 678 нафар рус ҳарбийси ҳалок бўлди.

Амалда йўқотишлар сони бундан ҳам юқорироқ бўлиши мумкин. Биз фақат номлари оммавий таъзияномаларда келтирилган ва ўлим ёки дафн саналари шу даврга тўғри келган аскарлар ва зобитларни ҳисобга олдик.

Умуман олганда, ISW маълумотларига кўра, 2024 йилда Россия 4168 квадрат километр ҳудудни босиб олган.

Агар 2024 йилда тасдиқланган 45 287 та ўлим умумий соннинг тахминан 40 фоизини ташкил этади деб ҳисобласак, ўтган йилги умумий ҳалокат сони 112 мингга яқин бўлади.

Бу шуни англатадики, босиб олинган ҳар бир квадрат километр учун 27 нафар рус аскари ҳалок бўлган, бунда ярадорлар ҳисобга олинмаган.

Йўқотишлар аскарликка олишни қандай ўзгартирмоқда

Россия ўзининг заифлашган қўшинларини тўлдириш йўлларини топди.

"Россиянинг аскарликка олиши ҳам 2024 йилнинг иккинчи ярмида кўпайди ва йўқотишлардан ошиб кетди, бу эса Москвага қўшимча ҳарбий тузилмалар ташкил этишга имкон берди," дейди Майкл Кофман.

Россиянинг учта минтақасида янги шартнома имзолаган аскарларга бир марталик тўловлар оширилди. Кўнгилли аскарларнинг маошлари аксарият ҳудудлардаги ўртача иш ҳақидан 5-7 баравар юқори.

Шунингдек, 2024 йилда қонунда рухсат берилганидек, жиноий жавобгарликдан қочиш учун рўйхатдан ўтганларни ҳам кўнгиллилар қаторига киритамиз.

Кўнгиллилар бизнинг ҳисоб-китобларимизда энг тез ўсиб бораётган қурбонлар тоифасига айланди, улар биз аниқлаган ўлганларнинг тўртдан бир қисмини ташкил қилади.

2023-2024 йилларда Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган минглаб кўнгиллилар фронтга 10-14 кундан кейин жўнатилган. Бундай қисқа тайёргарлик уларнинг омон қолиш имкониятларини кескин камайтирган, дейди мутахассислар.

Энг кўп қурбонлар Россиянинг Бошқирдистон республикасида қайд этилган – 4836 киши вафот этган. Уларнинг аксарияти қишлоқлардан бўлиб, 38 фоизи ҳарбий тажрибасиз жангга кирган.

Уфа шаҳрида Россия армияси билан шартнома учун бир марталик тўлов минтақадаги ўртача иш ҳақи – 67 575 рублнинг (800$) 34 баробарини ташкил қилади.

Очиқ манбалардан олинган маълумотлар асосида ўлимни ҳисоблаш ҳар доим нуқсонли бўлади.

Чунки ўтган ойларда ҳалок бўлган кўп сонли аскарларнинг жасадлари ҳали ҳам жанг майдонида қолган бўлиши мумкин ва уларни олиб чиқиш хизматдаги аскарларга хавф туғдиради.

Агар ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари таркибида Украинага қарши жанг қилганларни ҳам қўшсак, Россия қўшинларининг ҳақиқий йўқотишлари сони сезиларли даражада ошади.

Таъзияномалар ва йўқолган жангчиларни қидириш бўйича хабарларга қаралса, 2024 йил сентябригача 21 мингдан 23,5 минггача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Шунда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг умумий сони 185 мингдан 260,7 минг нафаргача етади.