Украина уруши - Москвага дронлар ҳужуми: 9 май парадига нима бўлади?

Дрон қолдиқлари Москва Каширское шоссесида турар жой биносига урилган

Сурат манбаси, Yevgeny Messman/TASS

Сурат тагсўзи, Дрон қолдиқлари Москва Каширское шоссесида турар жой биносига урилган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

5 майдан 6 майга ўтар кечаси Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг 100 дан ортиқ дрони уриб туширилди деб хабар қилди. Уч кундан кейин Қизил Майдонда Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парадни ўтказиш мўлжалланган Москва шаҳри ҳокими Собянин 19 дрон уриб туширилгани ҳақида ёзди. Россия Президенти Путиннинг 9 май байрами муносабати билан ўт очишни вақтинча тўхтатиш таклифини Украина Президенти Зеленский рад этган эди.

Шу тунда Россиянинг қатор ҳудудларида ҳаво тревогалари эълон қилинди.

Москвадаги Внуково, Домодедово, Жуковский аэропортлари, яна бир-бирларидан юзлаб километр узоқликдаги Калуга, Саратов, Волгоград, Ярославл, Иваново, Нижний Новгород, Қозон, Нижнекамск қўналғалари ёпилгани ҳақида хабар берди "Росавиация".

Украина дронларидан бирининг қолдиқлари Москва шаҳридаги Каширское шоссе йўлига тушган.

Алоқадор мавзулар

Бу йил 1945 йилдаги немис нацистлари устидан ғалаба қозонилганига 80 йил тўлди.

Йирик сана бўлгани учун Британияда бу байрамни нишонлаш 5 май куни бошлаб юборилди, байрам бир неча кун давом этади.

Қўшниси Украинага уруш бошлаган 2022 йилдан буён Россия Президенти Владимир Путин 9 майдаги Қизил Майдондаги ҳарбий параддан ўзининг дунёда яккаланиб қолмаганини намойиш этиш учун фойдаланиб келади, бунинг учун МДҲга аъзо мамлакатлар президентлари Москвага таклиф қилинадилар.

Бу йил ҳам Путин 9 майда Қизил Майдонда ёнида бошқа президентлар бўлишини хоҳлайди, аммо байрам арафасида бошқа республикалар раҳбарларининг параддаги иштирокига тўсиқ бўлиб кўриниши мумкин бўлган ҳодисалар кузатилди.

2024 йил декабрида Озарбайжон самолёти Грозний аэропортида ҳужумга тутилгани ва Қозоғистонда қулаб инсоний ҳалокатларга етаклагани ортидан Президент Илҳом Алиев Россиядан "инсоний муносабат" кутди, бундай бўлмагач, Бокудаги Россия уйини ёпишга қарор қилинди.

Бунинг ортидан Озарбайжон расмийлари Россия шу йил феврал ойида Озарбайжонга кибер ҳужум уюштирганини аниқлаганларини хабар қилдилар.

Куни-кеча Россия патриархи Кирилл Илҳом Алиев ва рафиқаси Озарбайжон Вице-Президенти Меҳрибон Алиева билан кўришди, Алиева хонимни орден билан табариклади, бу Россия раҳбариятининг Президент Алиевни 9 май парадига келишга кўндириш ҳаракати деб кўрилмоқда.

Апрел ойида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Қозоғистон ерлари ҳақидаги баёноти қозоғистонликларни ғазаблантирди, ушбу баёнот ортидан Президент Путин Президент Тоқаевга қўнғироқ қилиб узрхоҳлик қилишга мажбур бўлгани ҳақида ёзди Марказий Осиё бўйича таниқли таҳлилчи Аркадий Дубнов.

Қирғизистон Ўшида Россия "Рус Уйи"нинг ходимаси қирғизистонликларни Украинага қарши ёллашда айбланиб Қирғиз махсус хизматлари томонидан қўлга олинди.

Сергей Лавровнинг Самарқанддаги рус тили ҳақидаги гапи ўзбекистонликларни ғазаблантирди, яқин йилларда илк бор Россия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, Россиядаги ўзбек мигрантларининг ҳуқуқлари поймол этилаётганидан хавотир изҳор этилди.

Ўзбекистон Президенти Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Раҳмон

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Сурат тагсўзи, Москва Қизил Майдонидаги ҳарбий парадда МДҲга аъзо республикалар президентлари иштирок этадилар

Украина ҳарбийлари Россия ҳудудида

Украина расмийлари бу тунда Россия ҳалокатли ҳаво ҳужумлари уюштирганини хабар қилдилар.

Харкив шаҳрига 20 "Шаҳид" дрони билан ҳужум қилингани, оқибатда икки инсон жароҳатлангани айтилди.

Одесса вилоятидаги Одесса туманига дрон ҳужумида бир инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳақида ёзди вилоят раҳбари.

Россиянинг Украинага тўлақонли босқини бошланганидан кейин Украина Россия ҳудудига бир неча марта дрон ҳужумлари уюштирди.

Бундай ҳужумлардан энг йириги шу йил мартида рўй берган, ўшанда уч киши ҳалок бўлганини хабар қилганди Россия расмийлари.

Айни пайтда Украина ҳарбийлари Россиянинг Курск вилоятига яна қайта бостириб киришга уринганлари хабарлари тарқалмоқда.

Украина бош штаби маълумотига кўра, Киев якшанба куни Курск вилоятидаги Тёткино қишлоғи яқинида дрон қўмондонлик бўлинмасига ҳужум қилган.

Апрел ойида Москва Украина қўшинлари кутилмаганда Россиянинг Украинага чегарадош Курск вилоятига ҳужум қилганидан тўққиз ой ўтиб, бутун ҳудудни назоратга олганини маълум қилганди.

Киев эса ҳали ҳам Курск вилоятида ўз аскарлари фаолият юритаётганини айтади, буни россиялик ҳарбий блоггерлар ҳам тасдиқлаган.

Иқтибос

Сурат манбаси, .