Мушукча, никоҳ узуги, копток, марҳумлар хати: Ғазоликлар урушда нималарни асрашди?

"Бико" исмли тўтиқуш, эски футбол тўпи, олтин узук ва мактабдош дўстнинг юракчалар билан безатилган мактублари.
Булар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги оташкесим битимидан сўнг тўхтаган икки йиллик уруш давомида сарсон бўлган фаластинликлар ўзлари билан олиб юрган нарсаларнинг бир қисми, холос.
Ғазода одамлар эски жойларига қайтмоқдалар.
Қайтган кўпчилик фақат вайроналарни топаяпти, бир пайтлар қадрли бўлган буюмлар эса вайроналар остида кўмилиб ётибди.
Би-би-си одамлар билан суҳбатлашди.
Улар уруш давомида ўзлари учун қадрли бўлган, ҳиссий аҳамиятга эга ёки бир қарашда оддий туюлган буюмлар ҳақида, уларни йўқотмаслик учун қилган хатарли ишлари тўғрисида сўзлаб беришди.
Менинг жониворларим
Ярин Абу Нажа, 44 ёш

Мен учун уй жониворларим қалбимнинг бир парчаси. Қаерга борсам, улар мен билан бирга. Уларга худди ўз боламга қарагандек қарайман.
Уйим вайрон бўлгани сабабли ҳозир ўғлим билан онамнинг квартирасида яшаяпман. У жиддий зарар кўрган, лекин аҳволимиз бошқаларникидан тузукроқ. Уруш давомида бир неча марта кўчишга мажбур бўлдим, ҳатто бир неча кун, токи айрим яхши инсонлар бизга чодир бермагунича кўчада бошпанасиз қолдим. Бу уруш бизни хўрлади, синдирди.
Менинг тошбақаларим ва Бико исмли халқали тўтиқушим бор. У билан гаплашсам, менга жавоб қайтаради. Мен билан бирга жилмаяди. Мушугим Лука эса, мен йиғласам, бирга қўшилиб йиғлайди. Уни Лука деб атадим, чунки уни тасодифан кўчада, ҳашаротлар қоплаган бир аҳволда топиб олгандим.
Сўнгги кўчишда, танклар бизгача келганда, бошқа бир оиланинг уйига бордим, аммо улар жониворларимдан безовта бўлишди. Шунинг учун, эвакуация буйруғи берилган ва танклар бўлишига қарамай, онамнинг квартирасига қайтдим. Буйруқ бекор қилингунча у ерда ёлғиз ўзим қолдим.
Қушлар учун қафас жойдан жойга кўчавергандан уриниб, синиб қолган. Яроқсиз, лекин алмаштирадиган нарса йўқ, топганимда ҳам жуда қимматга тушарди. Жониворларимга озуқа топишда ҳам қийналяпман.
Лекин мен қушларимга, тошбақаларимга ва мушугимга ҳеч қандай зарар етказмайман. Улар менинг қалбим, фарзандларим, улар мени тушунишади. Бомбалаш тўхтаганидан улар учун хурсандман.
Мактублар ва дўстлик билакмунчоқлари
Далия Аҳмад Бадр, 15 ёш

Дўстларимдан келган хатлар ва билакмунчоқларни кичик бир қутичада сақлаб юрардим. Улар мен учун қадрли, дўстларимдан қолган ёдгорлик, уларнинг баъзилари урушда шаҳид бўлган.
Хатлар бошланғич мактабни тугатаётган кезларимиз ёзилган. Улар доим мен билан бирга бўлишларини ва мени эслаб юришларини айтишган.
Урушда хафа ёки маҳзун онларимда, шу хатларни ўқир, улардан умид, далда топардим. Буларни ёзган қизни эслаб, унинг ҳақига дуо қиламан ва соғинаман.
Хатлардан бири шаҳид бўлган дўстимдан. У менга мени яхши кўришини, бундан кейин ҳам шундай бўлишини, мен унинг энг яқин дўсти эканлигимни, мен билан учрашган кун унинг учун мактабдаги энг бахтли кун бўлганини ва уни унутмаслигимни сўраб ёзган эди.

Лаядан Далияга мактуб
Сени яхши кўраман, сени ҳамиша яхши кўраман, сен менинг энг яхши дўстимсан. Сени учратган куним мактабдаги энг яхши кунимдир. Тилагим, мени ҳаётинг бўйи унутма. Бу мактуб сенга бўлган муҳаббатим изҳори учун жуда қисқа. Сен мудом юрагимдасан."

Бир гал кўчиш пайтида қутини йўқотиб қўйдим. Уни сумкалардан излай бошладим, тополмагач, ўзимни ҳамма нарсадан айрилгандек ҳис қилдим. Топгунимча тинмай қидирдим ва ўшандан бери қаерга борсам, уни доим қўлимда ёки сумкамда олиб юраман.
Бу уйимиз йўқ бўлгандан кейин мен билан қолган ягона нарса. Ягона хотирам шу.

Сурат манбаси, .
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат
Аҳмад Зидан, 52 ёш

Буюмларингни ташиш учун ҳам пул бўлмай, бир жойдан бошқасига кўчиб юриш ҳам одамнинг хўрлигини келтиради. Биз бундай ҳаётга – чодирларда яшашга ўрганмаганмиз.
Мен ишлаган тиш даволаш маркази вайрон бўлди, ўғлим энди мактабга бора олмайди, қизимнинг университети йўқ қилинди.
Ҳамон ўзим билан БМТнинг оилавий рўйхатга олиш гувоҳномамни олиб юраман, у менга фаластинлик қочқин сифатидаги ҳуқуқларимни эслатади. Болалигимдан бери ота-онам поликлиникага ёки овқат олгани борганимизда бу гувоҳномаларини ўзлари билан олишларини кўриб катта бўлганман.
Мен учун бу жуда муҳим, гарчи энди амалда аҳамиятсиз бўлса ҳам – у менга на овқат, на бошқа нарса беради. Бу менинг ва болаларимнинг шахсияти. Бу менинг бор-йўғим. Уни жуда қадрлайман. Ҳаётимнинг ҳар бир даврида бу гувоҳнома мен билан бўлган. Уни ҳеч қачон ташлаб кетмайман.
Менинг футбол тўпим
Аркан ал-Тарабин, 22 ёш

Биз футболга ошно оила сифатида танилганмиз – барчамиз футболни жон-дилимиздан севамиз. Бутун ҳаётимиз унинг атрофида кечади. Уруш бошланиши билан бари тўхтаб қолди – энди ўйинларни томоша қилмаймиз, ўйнаш учун жой қидирганимизда эса, майдонча учун вайроналарни тозалашга мажбурмиз.
Урушнинг икки йили давомида футбол тўпимизни олиб юрдик. Ҳатто кўчирилганимизда ҳам уни ўзимиз билан олиб юриб, ёнимизга қўйиб ухлаганмиз.
Футбол барча қувватингизни чиқаради – салбий ҳисларни ҳайдайди.
Юқори нархлар туфайли Ғазода футбол тўплари камёб бўлиб қолди, шунинг учун бизда фақат битта тўп бор. Бир сафар кўчирилганимизда уни унутиб қолдиргандик. Бориб, олиб келиш учун ҳаётимизни хавф остига қўйдик.
Бир амаллаб ўша ягона тўп билан машғулотларимизни давом эттиряпмиз.
Мобил телефоним
Моамен Абу Дуаба, 23 ёш

Телефоним уруш давомида доим ўзим билан олиб юрган энг муҳим нарса. Усиз яшай олмасдим. У орқали алоқада бўлиб тураман.
Ғазодан ташқаридаги акам менга қўнғироқ қилади, шунинг учун телефонни доим қўлимда тутаман. Урушнинг кўп қисмида Ғазонинг бошқа ҳудудида бўлган бошқа бир акамдан ҳам шу орқали хабар олиб турардим.
Янгиликларни ҳам телефон орқали кузатиб бораман. Ҳозир бакалаврлик даражасини олиш учун ўқияпман, телефоним орқали таълим оламан.
"Телефонимни йўқотиш ўлимга тенг"
Урушнинг биринчи кунидан бошлаб ҳозирга қадар бомбалашларни суратга олиш учун ҳам ундан кўп фойдаландим. Ташқи дунёдаги одамлар кўриши ва чет элдаги қариндошларимиз биз билан ва атрофимизда нима бўлаётганини билиши учун лавҳаларни жойлаштираман.
Телефонимсиз бу ерда яшай олмасдим. Бизни қандай топишни ҳеч ким билмай қоларди. Уни йўқотиш ҳамма нарсани йўқотиш билан баробар – биз учун ўлимга тенгдир.
Марҳум акамнинг соати
Ҳуссам Алдин Абу ал-Ула, 26 ёш

Акамнинг соати, браслети ва кўзойнакларини ўзим билан олиб юрибман.
У уруш бошида Исроил кучлари томонидан ўлдирилди, шунинг учун ҳозир фақат онам билан қолдик. Отам мен бир, акам икки ёшда эканида вафот этган.
Булар ундан қолган ягона хотираларим. Улар менга, ҳатто кўчиб юрган пайтларимда ҳам, у доим мен билан биргадек ҳис беради.
Биз икки танда бир жон эдик. Доим бирга эдик – уйда ҳам, ташқарида ҳам, касал онамизга ғамхўрлик қилардик. Энди ҳамма масъулият менинг зиммамда. Акамнинг ўлимидан сўнг онамнинг соғлиғи ёмонлашди, мен ҳам жароҳатландим, шунинг учун унга ғамхўрлик қилиш қийинлашди.
Охирги марта кўчирилганимизда, Исроил кучлари эвакуация буйруғини берганда, мен бинони акамнинг нарсаларисиз тарк этдим. Вазият жуда хавфли эди. Кўп ўқ отиларди. Мен уларни олиш учун қайтиб бордим.
Уларни муҳим ҳужжатлар билан бирга халтада сақлайман. Уларни тақишни хоҳламайман, чунки бузилиши ёки йўқолишидан қўрқаман, шунинг учун одатда яшириб қўяман.
Никоҳ узугим
Насаим Самиҳ Тафеш, 25 ёш

Уруш бошланганида оилам Ғазо шаҳрида яшарди. Эрим бомбаларда шаҳид бўлди. У ёнидан ўтаётган бино нишонга олинганди.
Мен жанубдаги Хон Юнусга кўчирилган эдим. Саратон касаллигига чалинган ўғлим билан тез ёрдам машинасида келдим.
Эрим оила боқувчиси эди. У вафот этгандан кейин баъзида хайрия олардик, лекин бизни чиндан қўллаб-қувватлайдиган ҳеч ким йўқ эди.
Унинг ўлимидан сўнг кичик квартирамиз вайрон бўлди.
Доим ўзим билан олиб юрадиган ягона нарса – никоҳ узугим. Урушда қандай қийинчиликлар бўлмасин, уни ўзим билан олиб юрардим, чунки у эримни эслатиб туради, болаларимдан ташқари ундан қолган ягона ёдгорлик.
Қаерга бормай, уни тақиб юраман ва ҳатто молиявий қийинчиликларга дуч келганимизда ҳам уни сақлаб қолдим.
Сув идишлари
Хамис Абу Амир, 37 ёш

Кўчиш фақат машаққат. Бир жойдан бошқа жойга кўчиш, буюмларни у ёқдан бу ёққа ташиш, араваларни ижарага олиш, машиналарга юк ортиш, ҳолдан тойдирадиган жараён. Чодирда яшаш одамни таҳқирлайди. Ёзда жуда иссиқ, қишда эса жуда совуқ.
Мен учун энг қадрли нарсалар – сув идишларим. Улар ҳаёт асоси – уларсиз аҳволимиз танг.
Икки йил давомида бир неча марта кўчганимизда ҳам ўша идишларни олиб юрдим. Уларни асраб-авайладим, зарарланмаслиги учун болаларимга кўтартирмадим, лекин шунда ҳам тўртта идишдан фақат иккитаси омон қолди.
Уларсиз сув олиб келолмаймиз, сув ичолмаймиз. Бутилкадаги сув камёб бўлгани учун идишлар ичиш ва овқат пишириш учун ягона восита.












