Ўзбекистон ва Британия: Доимий яшаш ҳуқуқи учун 10 йил кутишга тўғри келади – Британия миграция қоидаларини кескин ўзгартирмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер мамлакатдаги мигрантлар сонини қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида эълон қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур чоралар Британиянинг миграция тизимини "назоратли ва адолатли" қилади.
Расмийлар 2020 йил январидан — мамлакат Европа Иттифоқидан чиққандан буён мигрантлар сони кескин ошганидан хавотирда. Бунинг учун улар олдинги консерватив ҳукуматни айблаб, радикал таклифни илгари суришмоқда: Британияга келган кўпчилик учун доимий яшаш ҳуқуқини олиш муддати ҳозирги 5 йилдан 10 йилгача узайтирилади.
Доимий яшаш ҳуқуқи учун икки баробар кўпроқ кутиш
Кир Стармер таклиф қилган энг муҳим ўзгаришлардан бири — доимий яшаш ҳуқуқи учун кутиш муддатининг икки баробарга оширилиши.
Ҳозирда аксарият миграция йўллари орқали мамлакатда 5 йил доимий яшаб ва ишлаб, доимий яшаш ҳуқуқи — **ILR (Indefinite Leave to Remain)** олиш мумкин. Янги таклифга кўра, бу муддат 10 йилгача узайтирилади, ва бу кўпчилик келганлар учун амал қилади.
Айрим истиснолар ҳам бўлади, агар мигрант мамлакат иқтисодиётига муҳим ҳисса қўшганини исботлай олса бунча кутмайди. Бу нимани англатиши, ҳозирча аниқ эмас, аммо бу юқори даромад, мунтазам солиқ тўловлари ёки стратегик соҳаларда ишлаётганларни англатиши мумкин.
Доимий яшаш ҳуқуқини олишнинг энг кўп тарқалган йўли — меҳнат визаси орқали. Бунга эришиш учун мигрант Британияда чет элликларни ишга ёллаш лицензиясига эга бўлган компаниядан таклиф олиши керак. Шунингдек, инглиз тилини камида B1 (ўртача) даражасида билиш ва соғлиқни сақлаш хизматлари учун тўловларни амалга ошириш зарур.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Бу турдаги виза мигрантни маълум бир иш берувчига боғлаб қўяди. Агар ишни ўзгартирмоқчи бўлса, яна лицензияга эга янги компания топиши ва улар виза расмийлаштириш учун харажат қилишга тайёр бўлиши керак. Бу эса мигрантнинг мақоми иш берувчига тўлиқ боғлиқ бўлишини англатади. Масалан, агар ишдан бўшатилса, мамлакатда қолиш ҳуқуқи ҳам йўқолади.
Фақатгина 5 йил ишлагандан сўнггина шахс ILR олишга ариза топшириши мумкин — бу Британия фуқаролигини олишдаги энг муҳим босқич. Фуқароликка эса ILR олгандан кейин 1 йил ўтиб мурожаат қилиш мумкин.
Ҳукуматнинг қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақидаги "Оқ китоб"ида бу ўзгаришлар "prospectively", яъни фақат келажак учун қўлланилиши айтилган. Аммо бу атама айни дамда Британияда бўлиб, доимий яшаш ҳуқуқига инталаётганларга қандай таъсир қилади — аниқ эмас.
Янада юқори даромад талаб қилинади
Бир қатор ўзгаришлар ишчи визаси олишга тааллуқли бўлади. Янги аризачилар "A-level" га тенглаштирилган таълим эмас, балки олий маълумотга эга бўлиши шарт қилинади. Ҳозирда эса баъзи мутахассисликлар учун A-level даражаси кифоя қилади.
Масалан, Британияда ҳамшира бўлиб ишлаш учун олий маълумот талаб қилинади. Аммо баъзи мамлакатларда ҳамширалик учун коллеж даражасидаги маълумот етарли. Ҳозирча бундай маълумотга эга шахс, агар Британия таълим тизимига мос даражани тасдиқлай олса, виза олиши мумкин — чунки бу касб эгалари камёб ҳисобланади.
Яна бир ўзгариш — иш визаси учун энг кам маош талабини орттириш ҳақида.
2024 йил апрелидан бошлаб, минимал маош талаблари оширилган — аввал бир йилда 26 минг фунт топиш етарли бўлса, энди 38 700 фунт йиллик даромад талаб қилинади. Янги режаларда бу чегара яна оширилиши мумкин, лекин ҳозирча аниқ рақамлар йўқ.
Талабалар учун оғир, Гарвард битирувчилари учун осон
Ҳукумат "юқори малака эгалари визаси" (high potential individual visa) учун имкониятларни кенгайтирмоқчи. Бу янги виза тури бўлиб, Гарвард каби етакчи университетларнинг ақлли ва мақсадли битирувчиларини Британияга жалб қилишни кўзлайди. Унга эга бўлганлар, иш таклифи бўлмаса ҳам, бакалавр ёки магистратурани тамомлагандан сўнг 2 йил Британияда ишлаш ва яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Кейин эса бошқа турдаги меҳнат визасига ўтиши мумкин. Бу каби университетлар рўйхати икки баробарга оширилиши ваъда қилинмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Бироқ Британия университетларини битирган чет эллик талабалар учун талаблар қийинлашади. Улар ҳозиргидек 2 йил эмас, фақат 1,5 йил мамлакатда қолишлари мумкин бўлади.
Ҳозирда бакалавриат, магистратура ёки PhDни битирган чет элликлар "битирувчи визаси"га мурожаат қилиб, ҳар қандай ташкилотда ишлаши мумкин.
Бу — уларга ўз соҳасида иш топиш ёки бизнес очиш имконини беради. Агар бунга эришилмаса, визаси тугаганидан кейин кетиши керак бўлади. Лейбористлар бу муддатни 6 ойга қисқартиришни таклиф қилмоқда.
Бунинг ортида нима ётибди?
Бош вазир Кир Стармернинг таъкидлашича, ҳукумат тоза миграцияни — яъни келганлар ва кетганлар сони орасидаги фарқни — қисқартиришни хоҳлайди. Аммо Стармер аниқ бир рақам келтирмади, шу боис ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш қийин.
Британияда 2023 йилмисли кўрилмаган даражада юқори миграция қайд этилди, қолганлар 906 мингниташкил қилди. Бу кўрсаткич Брексит ва пандемиядан олдин 200-300 минг атрофида эди. Рақамлар 2024 йилда камайган, лекин сезиларли даражада эмас.
Сўровномаларга кўра, британияликларнинг кўпчилиги миграция даражасини жуда юқори деб ҳисоблайди. 2023 йилда сўровда қатнашганларнинг 69% ҳукуматнинг бу соҳадаги фаолиятидан норози бўлган.
Кир Стармер юқори миграция даражаси Британиянинг соғлиқни сақлаш тизими, уй-жой бозори ва бошқа соҳаларга босимни ошираётганини таъкидлайди. Гарчи мигрантлар мамлакат иқтисодига катта ҳисса қўшса-да, ҳукумат хорижлик ишчи кучидан боғлиқликни камайтириб, маҳаллий аҳоли учун касбий тайёргарликни оширишни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, миграцияга қарши бўлган "Reform UK" партиясининг маҳаллий сайловлардаги муваффақияти ҳам ҳукуматга босимни кучайтирди. Бу ҳам миграция сиёсатини қаттиқлаштиришга туртки бўлган омиллардан бири бўлди.












