"Толибон учун жонимни ҳам беришга тайёр эдим" - Толиблардан кўнгли қолган афғон

Сурат манбаси, Maiwand Banayee
- Author, Садаф Ғаяси
- Role, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Майванд Банойининг ҳаёти ҳозир бошқаларники каби, оддий.
45 ёшли Банойи ҳозир қандли диабетга чалинганларни қўллаб-қувватлаш бўйича Миллий соғлиқни сақлаш хизматида ишлаб, магистратура учун ўқимоқда. Бунгача уни Британиянинг Ковентри шаҳридаги маҳаллий спорт залида тош кўтараётганини кўришингиз мумкин эди.
Бироқ унинг Англиянинг Мидлендларидаги қулай ҳаёти 1990-йиллардан тубдан фарқ қилади. Ўшанда у "ягона орзуси Толибон учун курашиб шаҳид бўлиш", ҳатто худкушлик миссиясида иштирок этишга ҳам тайёр бўлганини айтади.
Ўзининг таъкидлашича, у охир-оқибат Толибоннинг кескин жиҳодий ғояларидан узоқлашган ва "Жаннат васвасаси: Толибон жангчиси ҳаётидан қочиш" номли китоб ёзган. У мазкур китоб орқали бошқаларнинг радикаллашувига йўл қўймасликка умид қиларди.
Китобида у шон-шараф ваъдасига қандай алданганини, жаннатга йўл фақат "соф ислом жамияти" қуриш учун курашиб ўлиш деб ишонганини тушунтиради.
Ҳозир у Толибон ҳокимиятга қайтгач, "Афғонистонда диний мактаблар тез кўпайиши" болаларнинг янги авлодини экстремизмга дучор қилаётганидан хавотирда.
1980 йилда Афғонистонда туғилган Майванд Банойи пуштун оиласида кенжа ўғил эди. Истеъфодаги армия офицери бўлган отаси унга 1880 йилдаги иккинчи инглиз-афғон уруши – "Майванд жанги"да инглизлар устидан қозонилган афғон ғалабаси шарафига Майванд деб исм қўйганди.
"Мен юмшоқ ва таъсирчан бола эдим, бу отамга ёқмасди. Қўшни болалар мени камситарди, отам ва катта акам эса қаршилик кўрсатмаганимни ёқтиришмасди," деб эслайди у.
Аммо 1994 йилда, 14 ёшида Банойи Покистондаги Шамшато қочқинлар лагерида жиҳодчилар таъсирида радикаллашганини айтади. У афғон фуқаролар уруши туфайли баъзи ака-укалари билан Кобулдан қочган эди. Ота-онаси кейинчалик уларга келиб қўшилганди.

Сурат манбаси, Maiwand Banayee
Майванднинг эслашича, лагердаги ҳаёт оғир эди, уйдаги қулайликлар кам, диний тарғибот кучли эди. Унинг айтишича, кун тонгда Қуръон тиловати билан бошланиб, кейин мадрасада дарслар ва масжиддаги ваъзлар билан давом этарди.
Мадрасада у муллалар асосан бир мавзу – шаҳидлик ҳақида кўп ваъз ўқиганини эслайди.
"Бизга дунё кофир ва худосиз бўлиб қолганини, фақат шаҳидликкина инсонни жаннатга олиб боришини айтишарди, – дейди у. – Экстремизм учун шароит жуда қулай эди."
Унинг фикрича, Афғонистондагилардан кўра сиёсийроқ ва экстремистроқ бўлган Покистон муллалари, мусулмонлар қийинчиликлар босиб кетмаслиги учун ғалаба қозониши кераклигини айтишганини эслайди.
"Улар сени ўлдиришга ва ўзингни қурбон қилишга тайёрларди," дейди у ва кўп ўтмай, бу ўлимга бўлган иштиёқ уни қамраб олганини қўшимча қилади.
Унинг ёзишича, муллалар охират ҳаётини эротик тасвирлаб, "Ер юзидаги аёллардан миллион марта гўзал", "катта кўкракли, оппоқ баданли, нозик лабли... ва ҳар бир жинсий алоқадан сўнг яна бокира бўлиб қоладиган" гўзал ҳурларни ваъда қилишган.
Бу ваъдалар ўсмирларга кучли психологик таъсир кўрсатганини таъкидлайди у.
"Биз оч, қашшоқ, жинсий истаклари бостирилган ва заиф эдик. Бу ваъдалар биз учун умид каби эди," дейди у.
"Мен бу эътиқодларни ўзимга сингдирган эдим. Охират яхшироқ эканига ва уни истаётганимга ўзимни ишонтирган эдим."

Сурат манбаси, Maiwand Banayee
Ўзининг айтишича, у Шамшатода ўзини тобора заиф ва ожиз ҳис қилган. Лагер 1983 йилда совет босқинидан қочган афғон қочқинларини жойлаштириш учун ташкил этилган эди.
У ерда Гулбиддин Ҳикматёр бошчилигидаги исломий Ҳизб-э-Исломий гуруҳи ҳукмронлик қиларди.
Йиллар давомида Ҳикматёр ва афғон мужоҳидларининг бошқа раҳбарлари совет кучларига қаршилик кўрсатиш учун одамни ёллаш мақсадида мадрасалардан фойдаланган. Бунинг учун АҚШдан маблағ олишган.
Аммо 1989 йилда советлар кетиб, Афғонистон фуқаролар урушига киргандан сўнг ҳам, Ҳикматёрнинг Шамшатодаги таъсири сақланиб қолди.
У ерда бир неча йил ўтгач, 1996 йилда Банойи лагерни тарк этиб, Кобулга қайтганини айтади. У ерда Толибон пайдо бўлиб, Афғонистоннинг кўп қисмини, шу жумладан, пойтахтни ҳам назорат остига олган эди. Толиблар Покистонда унга ўргатилганларга мос келадиган шариат қонунларининг қатъий талқинини жорий этди.
Биринчи ҳокимияти даврида толиблар ТВ, мусиқа ва кинони тақиқлади, қизларни мактабга киритмади, аёлларни бутун танани ёпиб турадиган бурқа кийишга ва эркакларни соқол ўстиришга мажбурлади. Шунингдек, Толибон қотилларни оммавий қатл қилишни жорий этди ва ўғриларни қўлини кесиб ташлаш орқали жазолади.
Банойининг айтишича, у Толибонга қўшилган ва жанг қилмаган бўлса-да, уларнинг тарғиботини ёйган ҳамда Толибон қонунларини жорий этишга ёрдам берган, доим қурол олиб юрган.
"Бутун умрим давомида эркаклигимга шубҳа қилиб, жасур кўриниш истагини ичимга ютиб яшардим, – дейди у. – Энди елкамда қурол кўтариб юрганимда, дунёни оёқ остимда ҳис қилдим. Ҳар куни улкан шойи салла ўраб, қуролимни олиб, гўё ер юзининг эгасидек қишлоқни айланиб юрардим."
Bizga dunyo kofir va xudosiz bo‘lib qolganini, faqat shahidlikkina insonni jannatga olib borishini aytishardi - ekstremizm uchun sharoit juda qulay edi.
У бир куни уйга келганида ота-онаси оқ-қора телевизор сотиб олганини, опалари эса уни томоша қилаётганини кўрганини эслайди.
"Телевизорни синдириб, отам билан жанжаллашдим, – дейди у. – Менга ақлдан озганим, ҳаддан ошганимни айтишди. Улар нега телевизорга бунчалик қарши эканлигимни тушунишмасди.
Мен мадрасада муллалардан дарс олган йигит эдим. Улар оналарингиз, сингилларингиз телевизорда соқолсиз эркакларни кўрса, уларга кўнгил қўйиб, бирга ётгиси келиб қолади, деб ўргатишарди.
Банойининг айтишича, у Советларга қарши курашган ва ҳозирда Афғонистон шимолида Толибонга қаршилик кўрсатаётган мужоҳидларнинг собиқ қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуд аскарларига қарши жанг қилиш чақириғини кутган. Кейинчалик Масъуд 2001 йилда Нью-Йоркдаги 11 сентябрь ҳужумларидан икки кун олдин Ал-Қоиданинг худкуш гуруҳи томонидан ўлдирилган.
"Ягона орзум шимолга бориб, шаҳид бўлиш эди," дейди у.
Аммо Толибон сафида бир неча ой бўлгач, Банойи ўзи танлаган йўлни шубҳа остига ола бошлаган. У баъзи битирувчилари шарофати билан "Жиҳод университети" деб ном олган Дорул Улум Ҳаққония мадрасасига ўқишга кириш умидида Покистонга қайтган, аммо бўш ўринлар йўқ эди.
Кўнгли чўкиб, 1997 йилда Афғонистонга қайтади. Кобулга йўл олаётиб, унга кучли таъсир қилган бир воқеа юз берганини эслайди.
Унинг айтишича, намоз ўқиганидан сўнг кўп ўтмай, толиблар уни тўхтатиб, яна намоз ўқишни буюрган.
Мен уларга ҳозиргина намоз ўқиганимни айтдим, лекин уларга барибир эди. Улар бўйсунмасам, калтаклаш билан қўрқитишди. Бу ноҳақлик ва ҳурматсизлик бўлиб туюлди. 17 ёшда эдим, ғурурим топталган эди. «Толибонни шунчалик яхши кўрсам-да, улар менга шундай муносабатда бўлишяптими?» деб ўйладим.
У яна, Кобулдаги Ғози стадионида оммавий қатлларни кўрганини эслайди. Бу стадион дастлаб спорт ва оммавий тадбирлар учун қурилган бўлиб, толиблар ундан тез-тез жазолаш ва қатллар учун фойдаланган.
"Қўлларни кесишди. Кўзларимни юмдим. Кейин кимнидир укасининг қотилини отиб ўлдиришга мажбур қилишди", – деб эслайди у. Ўшанда менда шубҳа пайдо бўлди: «Агар бу одамлар мусулмон бўлса, нега бунчалик шафқатсиз булар?"

Сурат манбаси, Stefan Smith/AFP via Getty Images
Кейинги бир неча йил Покистон ва Афғонистон ўртасида сарсонликда ўтди. У асосан диний мактабларда ўқиганини, ғишт қуйганини ва сабзавот сотганини айтади. Шамшатода у Покистон полицияси ва муллаваччалар ўртасида тез-тез тўқнашувлар бўлганини эслайди.
Охир-оқибат, ўзининг айтишича, у 2001 йилда лагерга полиция бостириб кириши ва ҳибсга олиниши ҳақидаги миш-мишлардан қўрққани туфайли у ердан кетган. У Россия ва Дубай орқали саёҳат қилиб, сўнг Буюк Британияга йўл олган. Унинг айтишича, 2002 йилда бошпана учун аризаси рад этилган.
У Кардиффдаги боғларда ва жамоат телефон будкаларида тунаб қолганини айтади. Бир куни кечаси у яшаётган уйга иммиграция полицияси келганини, аммо у каравот тагига яшириниб, ҳибсга олинишдан қутулганини эслайди.
Икки йилдан сўнг, 2004 йилда Банойи Ирландияга кетган, у ерда ҳам унинг бошпана сўрови рад этилган.
Лекин у ерда бўлганида бир ирландиялик аёл билан танишиб қолган – севишиб, турмуш қуришган.
Ирландиялик билан турмуш қуриш кимгадир автоматик равишда Ирландияда яшаш ҳуқуқини бермайди – ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилади. Банойига қолишга рухсат берилган ва кейинчалик у Ирландия фуқароси бўлган.
2023 йилда у Ковентрига кўчиб ўтган, ҳозир ҳам шу ерда яшайди ва Миллий соғлиқни сақлаш хизматида диабет ремиссияси бўйича мураббий бўлиб ишлайди. У рафиқаси билан икки йил олдин ажрашган, аммо уларнинг 17 ёшли қизи ҳали мактабда ўқийди.
"У мен билан фахрланади, ҳамма нарсани билади," дейди у қизи ҳақида.

Сурат манбаси, Terence White/AFP via Getty Images
Унинг айтишича, радикалликдан воз кечиш жуда аста-секин рўй берган. "Мафкуранинг ўрнашиши учун вақт керак бўлганидек, бундай фикрлашдан чиқиш ҳам бир лаҳзада содир бўладиган нарса эмас," деб қўшимча қилади у.
Банойи буни "узоқ, секин ечилиш" деб таърифлайди.
"Ҳар бир шубҳа кичик бир ёриқ эди, – деб эслайди у. Улар аста-секин мени ичдан бўшатиб ташлади."
У ўтмиши бугунги ҳаётига таъсир қилишини ҳис қилади ва ўсмирликдаги шаҳидлик орзуси ҳозир уни таъқиб қиладиган даҳшатли тушга айланган.
"Бу бошқа дунё эди, икки бутунлай бошқа маданият ўртасида йўл топиш қийин эди."
"Фарқ мени собиқ хотиним билан ажратиб қўйди. Ўтмишда бошдан кечирганларингиз доим ҳозирингиз ва келажагингизга таъсир қилади."
Аммо Банойи ўз ҳаёти янада баттарроқ бўлиши ҳам мумкинлигини тушунади, Афғонистонда таниган одамларининг кўпчилиги ҳали ҳам экстремистик доираларда эканлигини айтади.
"Диний мактабдаги баъзи синфдошларим ўзини портлатувчи террорчига айланиб, ўзини ва бошқаларни ўлдирди. Мен ўзгардим, улар ўзгаришмади," дейди у ва қайсидир маънода уларни минтақадаги исломий жангарилар нишонга олган ва фойдаланган қурбонлар сифатида кўришини айтади.
У Афғонистонга сўнгги марта 2019 йилда борган эди, аммо китобида келтирилган танқидий фикрлари туфайли, Толибон қайта ҳокимиятга келгач, у ерга яна бориш ўзи учун жуда хавфли бўлиб қолганини ўйлайди.
Радикаллашув хавфи остидаги ёшларга унинг маслаҳати: ҳамма нарсага шубҳа билан қаранг.
"Мен ҳаётда маъно ва руҳоният излаётган эдим ва буларнинг барчасини ўша йўлда топдим," дейди у. Унинг айтишича, у турли хил афсоналарни ўзлаштирган: шаҳиднинг жасади чиримайди, чаёнлар фақат коммунистларни чақади, қушлар мусулмонларни келаётган бомбардимончи самолётлар ҳақида огоҳлантиради, деб ишонган.












