You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон президенти: "Танк, учоқ ва аскарлар сони билан ғалаба қиламиз деганлар адашади"
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 январ куни Хавфсизлик Кенгашининг ҳарбий хавфсизлик ва мудофаани мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида қилган нутқида ҳозирги кундаги хавф ва эҳтимолларнинг ўзгариши манзарасида мамлакат Ҳарбий Доктринаси ва Миллий Хавфсизлик Концепциясини қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.
Жаноб Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва хавфсизликни таъминлаш тизимларида шу вақтгача амалга оширилган ислоҳот ва муваффақиятларни санаб ўтиб, ҳозирда минтақада турли можароларнинг кенгаяётгани, қурол пойгаси суръатлари ошаётгани, инсоний қадриятлар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатияга ҳурмат пасайиши манзарасида мамлакат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида устувор йўналишларга ўзгача ёндошув кераклиги ҳақида гапирган.
Ана шу жараёнлар манзарасида «тинчлик ва барқарорлик энг олий қадриятларга айланиб бораётгани»ни урғуланган.
Бу қадриятларни таъминлаш йўлида мамлакатдаги ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб беришга тайёр туриш мақсадида" проактив иш режими"га ўтиши шартлиги ҳам айтилган.
"Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда", деди Ўзбекистон президенти.
Янги Мудофаа Доктринаси ва Хавфсизлик Концепцияси нимани англатади?
Жаноб Мирзиёев 1997 йили қабул қилинган Мудофаа Доктринаси ва Миллий Хавфсизлик Концепциясини қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи юзга келганлигини ҳам айтди.
Ўзбекистон президентига кўра, бу янги Мудофаа Доктринаси мамлакатга ҳар қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик мавқеини сақлаб қолиш, кўп йўналишли дипломатияга таяниш, юқори технологияларга асосланган стратегияларни ривожлантириш, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорликни таъминлаши зарур.
Баъзи кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон президентининг Мудофаа Доктринаси ва Миллий Хавфсизлик Концепциясини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги нутқи Ўзбекистон Қуролли Кучларига асос солинган кунни нишонлаш арафасида қилинган бўлса-да, яқинда Россиялик таниқли ташвиқотчи Владимир Соловьёвнинг Марказий Осиёда "махсус ҳарбий операциялар" ўтказиш имконияти ҳақидаги баёноти манзарасида алоҳида маъно касб этаётгани эътиборга моликдир.
Владимир Соловьёв ўз кўрсатувида: "Ўйин тугади. Халқаро ҳуқуқни, халқаро тартибни тан олмаймиз... Нега биз таъсир доирамиздаги яна бошқа минтақаларда ҳам ҳам махсус ҳарбий операция бошлай олмаймиз?", дея савол ташлаганди.
Унинг бу изҳороти минтақа давлатларидаги сиёсатшунослар ва жамоат фаоллари ҳамжамиятида кескин акс-садо берди. Аксар сиёсатшунослар бу изҳоротдаги оҳангни "янги мустамлакачилик" белгиси ва суверен давлатлар мустақиллигига тўғридан-тўғри таҳдид деб баҳолашган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ўзбекистон Қуролли Кучларининг келажак вазифалари
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони ҳам бўлган президент Шавкат Мирзиёев келажак учун ҳарбий соҳада амалга оширилиши керак бўлган энг муҳим вазифаларни ҳам белгилаб берган.
"Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш – бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак", деди Ўзбекистон Президенти.
Унга кўра, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилади.
Муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларнинг жамиятда ўз ўрниларини топиш, уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги ҳам қайд этилди.
Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.
Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишни бошлашади.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контракт тизими доирасида ўқишга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилиши ҳам маълум қилинган.
Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилиши айтилган.