You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
«Ўйин тугади»: Соловьёвнинг Марказий Осиёга таҳдиди қандай акс-садо бермоқда?
- Author, Davron Hotam
- Role, BBC muxbiri
- Reporting from, Qirg'iziston
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Россиялик таниқли ташвиқотчи Владимир Соловьёвнинг Марказий Осиёда «махсус ҳарбий операциялар» ўтказиш имконияти ҳақидаги баёноти минтақа давлатларидаги сиёсатшунослар ва жамоат фаоллари ҳамжамиятида кескин акс-садо берди. Аксар сиёсатшунослар бу риторикани «янги мустамлакачилик» белгиси ва суверен давлатлар мустақиллигига тўғридан-тўғри таҳдид деб баҳоламоқдалар.
Соловьёв ўз кўрсатувида: «Ўйин тугади. Халқаро ҳуқуқни, халқаро тартибни тан олмаймиз... Нега биз таъсир доирамиздаги бошқа ўчоқларда ҳам махсус ҳарбий операция бошлай олмаймиз?» деб сўради.
Ўзбекистонлик профессор, сиёсий фанлар доктори Шерзодхон Қудратхўжа буни «тормози йўқ ташвиқот» ва «мустамлакачилик тили» деб баҳолайди: «Бизнинг Осиё» формуласи — тасодиф эмас, бу давлатларни мустақил субъект эмас, балки объект сифатида кўрадиган, чегараларни тўсиқ деб ҳисоблайдиган тилдир».
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
«Бу шахсий қараш эмас, Кремлнинг туб мақсадидир»
Қирғизистонлик жамоат фаоли ва профессор Венера Сайпидин Соловьёвнинг чиқишини глобал геосиёсий хавфсизлик тизими емирилаётган бир пайтдаги ўта хавотирли сигнал деб ҳисоблайди.
«Геосиёсатда халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмайдиган сиёсий-ҳарбий юришлар кучайиб, дунёни хавфли ҳолатга тушириб қўйган бир пайтда, Соловьёвнинг бу очиқ баёноти жуда ўринсиз ва тажовузкор бўлди. Бу ҳолат Марказий Осиё ва Арманистон фуқароларининг норозилигига сабаб бўлиши табиий», — дейди у.
Венера Сайпидиннинг таъкидлашича, бу риторика 2014 йилдан бери давом этаётган сиёсий чизиқнинг узвий давомидир. Аммо, унга кўра, «халқаро тартибга тупурдик» қабилидаги гаплар ва «тезкор ҳаракатлар» орқали таъсир доирасини белгилашга чақириқ неоколониализмнинг яққол намунасидир.
«Аслида, Соловьёвнинг бу чиқиши унинг кўп йиллардан бери, аниқроғи 2014 йилдан бери давом этиб келаётган риторикасининг узвий давоми. Бироқ, унинг «халқаро ҳуқуқни, халқаро тартибни тан олмаймиз» дегани ҳаддан ошган баёнот бўлди. Унинг «тезкор» ҳаракатларга ўтиш орқали «таъсир доирамизни белгилаб олайлик» деган фикри неоколониализмнинг акс-садосига ўхшайди. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларининг суверенитетига шубҳа туғдиради ва хавф солади. Соловьёв Кремлнинг «жарчиси» эканини ҳисобга олсак, буни шунчаки бир журналистнинг шахсий қараши эмас, балки Россиянинг туб мақсадлари деб қабул қилишга асос бор», - дейди у.
Соловьёв нима деган эди?
«Соловьёв LIVE» кўрсатувида таниқли бошловчи Россия учун Венесуэла эмас, балки Арманистон ва Марказий Осиё устидан назоратни сақлаб қолиш устувор эканини очиқ айтди:
«Ўйин тугади. Халқаро ҳуқуқни, халқаро тартибни тан олмаймиз. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлаш зарур бўлган бўлса, нега биз таъсир доирамиздаги бошқа ўчоқларда ҳам худди шундай қилолмаймиз? Балки таъсир доирамиз қаерда эканини очиқ айтишимиз керакдир? Шунда ҳаммаси тушунарли бўлади», — деди у.
Арманистоннинг кескин реакцияси ва Марказий Осиёнинг сукути
Арманистон ушбу баёнотга биринчилардан бўлиб муносабат билдириб, 12 январь куни Еревандаги Россия элчиси Сергей Копиркинни чақиртирди ва норозилик нотасини топширди.
«Унга давлат телеканали дастури эфирида қилинган баёнотларга нисбатан чуқур норозилик ифодаланган норозилик нотаси топширилди. Ушбу баёнотлар Арманистон Республикаси суверенитетига қабул қилиб бўлмайдиган тажовуз, адоват кўриниши экани ва Арманистон билан Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий принципларини қўпол равишда бузиши алоҳида таъкидланди», — деб билдирди Арманистон ТИВ матбуот котиби Ани Бадалян.
Марказий Осиё расмийлари ҳозирча Соловьёвнинг бу баёнотига ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Дипломатик реакция: Заруратми ёки беҳуда вақт сарфи?
«Россиялик журналист Соловьёв айтган сўзлар бўйича, аслида, бизнинг ТИВ реакция билдириши керак. Керак бўлса, уни персона нон-грата деб эълон қилиш лозим. Чунки бу шахсий канал эмас, у федерал каналда шу гапларни айтяпти», — деди Қирғизистон парламентининг депутати Дастан Бекешев.
Қирғизистонлик сиёсатшунос Эмилбек Жўраев эса эҳтиёткорликка чақиради: «Биз ўзимизнинг рус давлати билан муносабатимизни оқиллик билан, эҳтиёткорлик билан бир мезонга солиб олишимиз зарур. Россияни ҳам албатта хавф ва хатар манбаи сифатида кўришимиз керак».
Таниқли қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев вазиятни Украина мисоли билан қиёслади: «Нима бўлган тақдирда ҳам... Марказий Осиё давлатлари ғафлатда қолмаслиги керак. Ҳозир халқаро ҳуқуқ инқирозга юз тутмоқда. Ядро қуролига эга бўлмаган бирор давлат ўзини хавфсиз ҳис қилолмайди. Буни Украина мисоли кўрсатди».
Соловьёвнинг баёноти Арманистон ва Марказий Осиёдаги қандай сиёсий воқеаларга тўғри келди?
Декабрь ойида Европа Иттифоқи Арманистонга ташқи таъсирларга қарши туриш учун 15 миллион доллар ажратишни ваъда қилган эди. 2024 йилдан бошлаб Ереван Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилмоқда ва бу Кремлнинг кескин норозилигига сабаб бўляпти.
Марказий Осиё ҳам сўнгги вақтларда АҚШ билан алоқаларни жонлантирди. 2025 йилнинг ноябрида Доналд Трамп минтақадаги барча етакчиларни қабул қилди. Янги йил бошланиши билан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев яқин орада АҚШ Президенти билан қайта учрашиши маълум бўлди.
Марказий Осиёнинг аксарият таҳлилчилари Соловьёвнинг оғзи билан айтилаётган бу каби шов-шувли баёнотлар Москванинг минтақадаги таъсирини янада камайтириши мумкин, демоқдалар.
Масалан, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров Соловьёвни «рус шовинисти» деб атаб, бундай баёнотлар стратегик шерикликка путур етказиши ҳақида огоҳлантирди.
Қирғизистонлик сиёсий социология тадқиқотчиси Канат Хасанов эса бундай риториканинг нафақат минтақа, балки Россиянинг ўзи учун ҳам зарарли эканини айтади.
«„Таъсир доиралари“ ҳақида куч ишлатиш оҳангида гапириш шериклик тушунчасини бўйсундириш мантиқи билан, таъсирни эса назорат билан алмаштиради. Замонавий халқаро муносабатларда бундай ёндашув давлат позициясини кучайтирмайди, аксинча, ҳатто содиқ шерикларни ҳам узоқлаштириб, унинг стратегик заифлашувига олиб келади», — деб ёзади Канат Хасанов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари ҳеч қачон ҳарбий таҳдид манбаи бўлмаган, аксинча, ўн йиллар давомида кўпвекторлилик ва мувозанат модели орқали барқарорликни таъминлаб келмоқда. Бундай баёнотлар эса миллионлаб инсонларнинг қадр-қимматига тегиб, тарихий хотирада узоқ вақт сақланиб қолувчи салбий оқибатларга сабаб бўлади.