Аҳолиси қариётган Хитой ҳар бир чақалоққа 1 500 доллар таклиф қилмоқда

аёл

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Осмонд Чиа
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Хитойда ҳукумат туғилишлар сонини ошириш мақсадида 3 ёшга тўлмаган ҳар бир бола учун ота-оналарга йилига 3 600 юан (500 доллар) тўлашни таклиф қилмоқда. Бу мамлакат миқёсидаги биринчи бевосита субсидия дастури ҳисобланади.

Ҳатто ҳукмрон Коммунистик партия қарийб ўн йил олдин баҳсли "бир бола" сиёсатини бекор қилганига қарамай, сўнгги йилларда Хитойда туғилишлар сони кескин пасайиб бормоқда.

Давлат ОАВнинг хабар беришича, бу ёрдам тахминан 20 миллион оилани бола парвариши билан боғлиқ харажатларни қоплашда ёрдам беради.

Алоқадор мавзулар:

Дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланган Хитой демографик инқирозга юз тутаркан, бир қатор вилоятлар одамларни кўпроқ фарзанд кўришга ундаш мақсадида турли тўлов дастурларини аллақачон бошлаб юборган.

Getty Images
Xitoyda 1 bolani

17 yoshgacha tarbiyalash o‘rtacha

  • 75 700 dollarga tushadi

    YuWa aholi tadqiqot instituti Batafsil: bbc.com/uzbek

    Душанба куни эълон қилинган бу янги дастур доирасида ҳар бир бола учун жами 10 800 юангача (1,5 минг доллар) маблағ ажратилади.

    Пекиндаги CCTV давлат телевидениесининг маълум қилишича, мазкур сиёсат 2025 йил бошидан орқа сана асосида амалга жорий қилинади.

    2022–2024 йиллар оралиғида туғилган болалари бор оилалар ҳам қисман субсидия олиш учун ариза топширишлари мумкин.

    Бу қарор Хитойдаги туғилиш кўрсаткичини ошириш мақсадида маҳаллий ҳукуматлар томонидан олиб борилаётган ҳаракатлар мантиқий давоми ҳисобланади.

    Жорий йил март ойида Хитойнинг шимолида жойлашган Ҳуҳҳот шаҳри камида уч нафар фарзанди бор оилаларга ҳар бир бола учун 100 000 юангача тўлашни бошлади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

    Шунингдек, Пекиннинг шимоли-шарқидаги Шэнян шаҳрида учинчи фарзанди 3 ёшга тўлмаган оилаларга ойига 500 юан субсидия ажратилади.

    Ўтган ҳафтада эса Пекин маҳаллий ҳокимиятларга мактабгача таълимни бепул қилиш режаларини ишлаб чиқишни тавсия қилди.

    Хитойда бола тарбиялаш нисбий ҳисобда жаҳонда энг қимматлардан бири ҳисобланади. Хитойда жойлашган YuWa аҳоли тадқиқот институтининг таҳлилига кўра, болани 17 ёшгача тарбиялаш ўртача 75 700 долларга тушади.

    Жорий йилнинг январ ойида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Хитой аҳолиси учинчи йил қатораси пасайган.

    Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, 2024 йилда мамлакатда 9,54 миллион чақалоқ дунёга келган. Бу 2023 йилга нисбатан озгина ўсишни англатади, аммо умумий аҳоли сони камайишда давом этган.

    1,4 миллиард аҳолиси бор мамлакат тез қариб ҳам бормоқда. Бу Пекиннинг демографик инқироз хавотирини янада орттиради.