Ташиевнинг ишдан олиниши: Қирғизистон сиёсатида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Қамчибек Ташиев
Сурат тагсўзи, Қамчибек Ташиевнинг кутилмаган истеъфоси нафақат Бишкекда, балки Тошкентда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевнинг кутилмаган истеъфоси нафақат Бишкекда, балки Тошкентда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ушбу сиёсий ўзгариш минтақа хавфсизлиги ва икки давлат муносабатлари учун янги давр бошланиши сифатида талқин қилинмоқда.

Хўш, Қамчибек Ташиев аслида ким эди ва унинг кетиши Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатини қандай ўзгартириши мумкин?

«Икки дўст» тандемининг интиҳоси

Қамчибек Ташиев ва Президент Садир Жапаров
Сурат тагсўзи, 57 ёшли Қамчибек Ташиев шунчаки махсус хизмат раҳбари эмас, балки сўнгги беш йил давомида Қирғизистонни Президент Садир Жапаров билан тенг ҳуқуқли бошқариб келган «икки дўст» тандемининг ярми эди.

57 ёшли Қамчибек Ташиев шунчаки махсус хизмат раҳбари эмас, балки сўнгги беш йил давомида Қирғизистонни Президент Садир Жапаров билан тенг ҳуқуқли бошқариб келган «икки дўст» тандемининг ярми эди.

Ташиев 2020 йилдаги Октябр воқеаларида ҳал қилувчи рол ўйнаган: айнан у Жапаровни қамоқдан озод қилиш учун омма олдида туриб, ўша пайтдаги президент Сооронбай Жээнбековни қонсиз истеъфога чиқишга мажбур қилган. Шундан сўнг у МХДҚ раиси ва Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари сифатида мамлакатдаги энг қудратли сиёсий фигурага айланди.

«Халқ генерали» ва минтақавий хавфсизлик

 Қамчибек Ташиев

Ташиевнинг таъсири расмий лавозимларидан анча кенгроқ бўлган. У Қирғизистонда «халқ генерали» деб аталса-да, унинг номи бир қатор зиддиятли воқеалар билан боғланади. Хусусан, у Тожикистон билан чегара низоларини ҳал қилишда марказий рол ўйнаган, шунингдек, МДҲ миқёсидаги йирик жиноий авторитет Қамчи Кўлбаевнинг ўлими билан якунланган амалиётга раҳбарлик қилган.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ташиевнинг кетиши қўшни давлатлар билан муносабатлар учун ижобий ҳодиса бўлиши мумкин:

«Жапаров-Ташиев иккилигида Ташиев анча агрессивроқ, миллатчироқ ва кескинроқ сиёсатчи эди. Бу Қирғизистоннинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатида жуда сезиларди. Агар Жапаров вазмин сиёсатчи бўлса, Ташиев куч ишлатишга мойил этатист (яъни, барча муаммоларни давлатнинг 'қаттиқ қўли' ва назорати билан ҳал қилиш тарафдори) эди».

Ўзбекистонликларни бу воқеанинг иқтисодий жиҳати ҳам бефарқ қолдирмайди. Қирғизистон — Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериги бўлиб, ҳар қандай сиёсий беқарорлик ушбу алоқалар ва чегарадаги миграция оқимига таъсир этиши муқаррар.

«Энди Қирғизистонда сиёсий парокандалик бироз кучаяди. Табиийки, норози Ташиев вазиятни чайқашга ҳам уриниб кўриши мумкин. Бу — биз учун ҳам ёмон янгилик», — деб огоҳлантиради Камолиддин Раббимов. Бироқ эксперт Жапаров ҳам тажрибали сиёсатчи эканини ва Ташиевга «ўзини олдириб қўймаслигини» таъкидлайди.

Сиёсий фитна ва «75 кишининг хати»

Ko'zi rasmda bekitilgan uch kishi

Сурат манбаси, Rasmiy

Ташиевнинг истеъфоси шунчаки кадрлар алмашинуви эмас, балки Бишкекда кучайган яширин сиёсий кураш ва легитимлик борасидаги баҳсларнинг маҳсули экани ойдинлашмоқда. Воқеалар ривожини 9 февраль куни Президент Жапаров ва спикер Тургунбековга йўлланган 75 нафар таниқли шахснинг мурожаати тезлаштириб юборди.

Хатга имзо чекканлар орасида Қирғизистон Қаҳрамонлари Миталип Мамитов, Кубат Осмонбетов, собиқ бош вазирлар Турсунбек Чинғишев, Жантўра Сатибалдиев, Муҳаммедкалий Абилгазиев ва Қубатбек Боронов каби оғир вазнли сиёсатчилар бор.

Мурожаат эгаларининг фикрича, амалдаги ҳокимият фаолиятининг биринчи босқичи мантиқан якунига етган ва мамлакатга «янгиланган ишонч мандати» зарур. Улар ўз талабларини иккита асосий омил билан асослашмоқда.

Уларга кўра Садир Жапаров 2021 йилда эски Конституция бўйича сайланган, бироқ ҳозирда мамлакат янги Бош қонун билан ишламоқда. Бу эса президентнинг ваколат муддати борасида жамиятда турли ҳуқуқий баҳсларни келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, хат муаллифлари муддатидан олдин сайлов ўтказиш орқали келажакдаги эҳтимолий бўлинишлар ва Конституциявий судга мурожаатларнинг олдини олишни таклиф қилишган.

Ташаббусчи гуруҳ раҳбари Бекболот Талгарбеков Би-Би-Сига берган интервьюсида хавотирларини шундай тушунтирган:

"Жамиятда баҳслар кучайиб бормоқда. Кимдир президентнинг муддати тугади деса, бошқаси яна бир йили бор демоқда. Бизга ҳозир барқарорлик ва тинчлик керак. Агар ҳокимият ташаббусни ўз қўлига олиб, сайловларни июнь-июль ойларига белгиласа, бу баҳслар барҳам топарди."

Президентнинг кескин жавоби: «Фитна ниқоби»

Бироқ расмий Бишкек бу таклифни «демократик ташаббус» эмас, балки давлат тузилмалари орасига нифоқ солишга уриниш сифатида қабул қилди. Президент Жапаров Ташиевни ишдан бўшатиш қарорини айнан «давлат идоралари ўртасида бўлинишга йўл қўймаслик ва бирликни мустаҳкамлаш» истаги билан изоҳлади.

Президент матбуот котиби Аскат Алагозовнинг аниқлик киритишича, гап Ташиевнинг шахси ҳақида эмас, балки унинг номидан фойдаланиб «ўйин» қилганлар ҳақида кетмоқда:

"Бекболот Талгарбеков ва Эмилбек Узақбаев каби шахслар Қамчибек Ташиевнинг номини ниқоб қилиб олиб, Жогорку Кенеш депутатлари ва зиёлиларга қўнғироқ қилишган. Уларни "Генерал томонга ўтинглар, мана бунга қўл қўйинглар" деб турли ҳаракатларга ундашган. Бу билан улар давлат масъуллари орасида носоғлом муҳит яратилишига сабаб бўлишди."

Натижада, 11 февраль куни Ички ишлар вазирлиги «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиб, Талгарбеков ва унинг бир неча ҳамроҳларини ҳибсга олди. Шу тариқа, «75 кишининг хати» Қирғизистондаги энг қудратли тандемнинг парчаланишига ва янги сиёсий тозалашлар тўлқинига туртки бўлган «сиёсий мина»га айланди.

«Қўш ҳокимият» ва МХДҚдаги қўрқув муҳити

Эдил Байсалов

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Эдил Байсалов

Вазирлар маҳкамаси етакчисининг ўринбосари Эдил Байсалов ҳам ўзининг Фейсбук саҳифасида Қирғизистондаги сўнгги сиёсий воқеалар ва Қамчибек Ташиевнинг хизматдан бўшатилиши бўйича ўз фикрларини билдирди.

У сўнгги беш йил давомида Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев ҳамкорлиги давлат бошқарувининг ўта мустаҳкам модели бўлиб келганини алоҳида қайд этиб, президент Садир Жапаров шу вақт мобайнида давлат аҳамиятига молик бирор бир муҳим қарорни Қамчибек Ташиев билан маслаҳатлашмасдан қабул қилмаган деб, ёзди.

«Бу онгли равишда танланган жамоавий масъулият модели эди. Тан олиш керак, ушбу бошқарув усули кўплаб ички ва ташқи кузатувчиларни ҳайратда қолдириб, шу йиллар давомида ўз барқарорлигини сақлаб қолди».

Эдил Байсаловга кўра, мазкур тандем муҳим қарорларни биргаликда қабул қилиш орқали юртда тинчликни таъминлаган. Бироқ сўнгги ойларда бу мувозанатга ташқаридан зарба берилди. У давлат ҳокимияти фақат бир марказдан бошқарилиши шартлигини ва «қўш ҳокимият» деган тушунчага асло йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Унинг фикрича, Ташиев президентни қўллаб-қувватлашини, унинг навбатдаги сайловда номзод сифатида кўрсатилишига розилигини ва амалдаги давлат раҳбарининг ислоҳотларни давом эттиришга конституциявий ҳуқуқи борлигини доимо очиқ билдириб келган. Бироқ сўнгги пайтларда айрим «масъулиятсиз элементлар» ва «сиёсий банкротлар» генералнинг номидан фойдаланиб, шахсий манфаатлари йўлида фитна уюштира бошлашган.

«Бу шахслар гўё ҳокимият алмашиши ҳақида қарор қабул қилинганидек яширин қарама-қаршилик муҳитини яратишди. Натижада жамиятда "қўш ҳокимият" борлиги, сайловларни муддатидан олдин ўтказиш кераклиги ва амалдаги ҳукуматнинг легитимлиги борасида шубҳали гап-сўзлар тарқалди. Айнан мана шу фитначиларнинг амбициялари Жапаров ва Ташиев ўртасига совуқчилик туширди, бу эса давлат бутунлигига хавф сола бошлади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак», — деди Байсалов.

Шунингдек, у давлат бошқарувида, хусусан, махсус хизмат тизимида пайдо бўлган номутаносибликни ҳам тан олди:

"Етилган сиёсий жамият сифатида биз ҳозир энг муҳим давлат масалаларини муҳокама қилишни икки кишининг шахсий муносабатларига боғлаб қўймаслигимиз керак. Қўшимча қилишим мумкинки, сўнгги йилларда ҳукуматда ҳам, жойларда ҳам давлат бошқаруви тизимида муайян дисбаланс (номутаносиблик) пайдо бўлганини очиқ тан олишимиз керак деб ҳисоблайман. Давлат хавфсизлик органларида айрим функцияларнинг ҳаддан ташқари тўпланиб қолгани ушбу тузилмаларнинг баъзи вакиллари ўзларини қонун қуроли эмас, балки тартиб учун кураш ниқоби остида ўз ваколатларидан чиқиб кетишларига ва жамиятда қўрқув, таъқиб муҳити яратилишига олиб келди. Бу мавзу фуқаролик жамияти, тадбиркорлик тузилмалари ва ёшларимиз томонидан асосли танқидларга сабаб бўлмоқда".

Якунда Эдил Байсалов Қамчибек Ташиевнинг тинчликни сақлаш борасидаги позициясини юқори баҳолаб, президентлик сайлови ўз муддатида — 2027 йилнинг январь ойида бўлиб ўтишини эслатди. У барча фуқароларни Президент Садир Жапаров атрофида жипслашишга чақирди.

Ташиевнинг Германиядан илк баёноти: «Бу мен учун кутилмаган бўлди»

11 февраль куни Қамчибек Ташиев ўзининг ишдан олиниши борасида илк бор муносабат билдирди. Унинг мурожаати генералнинг яқин сафдошларидан бири Нургази Анаркулов томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Германияда даволанаётган Ташиев воқеалар ривожи у учун мутлақо кутилмаган бўлганини яширмаган:

«Мен касал бўлиб қолганим сабабли, президентнинг рухсати билан Германияга келган эдим. Бироқ кеча мени ишдан олишибди. Бу мен учун жуда кутилмаган ҳол бўлди. Қандай бўлмасин, биз президентнинг қарорини бажаришга мажбурмиз», — дейилади баёнотда.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг лавозимдан олиниши унинг вилоятлардаги сафдошлари орасида ҳам турли муносабатларни келтириб чиқарди. Хусусан, Ўш шаҳри мэри Женишбек Токторбаев журналистлар билан учрашувда ўзининг Ташиевга яқинлигини яшириб ўтирмади.

Токторбаев ўзини Ташиевнинг «кадри» ва яқин дўсти деб атаб, собиқ раҳбар билан Германияга кетганидан сўнг боғланганини билдирди. Мэрнинг сўзларига кўра, Ташиевнинг саломатлигида жиддий муаммо юзага келган:

«Унинг юрагида беш дона стент бор. Шулардан бири жойидан силжиб кетган экан. Ташиев президентдан рухсат олиб, 10-15 кунга стентни жойига қўйдириб келиш учун Германияга кетган. Унинг энг катта армони — шахсий таркиб билан хайрлашишга имкон берилмагани бўлди», — дейди Ўш мэри.

Ўш шаҳар мэри Женишбек Токторбаев «Ата-Журт Қирғизистон» партияси орқали сиёсатга кириб келган ва 2025 йил бошида айнан Ташиевнинг қўллови билан Ўш шаҳрига раҳбар этиб тайинланган эди. У шаҳардаги "снос"лар ва яна бошқа кескин чоралари билан танилган.

Мэр Жапаров ва Ташиевни ҳануз «ажралмас дўстлар» деб билишини айтса-да, президентнинг қарорига қарши чиқмаслигини таъкидлади: «Биз президентнинг қарорига қўшиламиз. Агар ҳозир "истеъфога чиқ" дейишса, ариза ёзиб кетишга тайёрман», — дея қўшимча қилди у.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг

Тандемнинг ўрнини ким эгаллади?

Ташиевнинг кетиши билан МХДҚ тизимида ҳам катта ўзгаришлар бошланди. 10 февраль куни президент фармони билан Жумғалбек Шабданбеков МХДҚ раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Бу тайинлов шунчаки техник алмашинув эмас. Шабданбеков Ташиев даврида МХДҚ раиси ўринбосари ва 9-хизмат (давлат қўриқлаш хизмати) раҳбари бўлиб ишлаган бўлса-да, эксперт фикрларига кўра, у кўпроқ "президентнинг одами" ҳисобланади.

Бундан ҳам муҳимроғи, Жапаров МХДҚ таркибидаги Чегара хизмати ва Кузатув хизматини алоҳида мустақил органлар сифатида ажратиб олди. Бу Ташиев беш йил давомида қурган қудрат марказининг ваколатларини кескин чеклаш ва куч ишлатар тизимларни тўғридан-тўғри президентга бўйсундириш стратегиясининг бир қисмидир.

Экспертлар таҳлили: «Ташиевнинг таъсири сўнмоқда»

Чапдан ўнгга: Темир Умаров, Садйр Жапаров, Камчибек Ташиэв, Аркадий Дубнов
Сурат тагсўзи, Чапдан ўнгга: Темир Умаров, Садйр Жапаров, Камчибек Ташиэв, Аркадий Дубнов

Берлиндаги «Россия-Евразия» Карнеги маркази ходими Темур Умаровнинг фикрича, Ташиев учун энди «янги реаллик»ни тан олишдан бошқа йўл қолмади. Экспертнинг таъкидлашича, Ташиевнинг қудрати фақатгина президент билан дўстлиги ва аппаратдаги мавқеига таянган эди.

«Система ичида кимдир Жапаровнинг қарорига қарши чиқиб, собиқ 'бош чекист'га очиқ содиқлик кўрсатишини тасаввур қилиш қийин. Президент Садир Жапаров энди мамлакатда ҳеч ким бундай даражадаги таъсирга эга бўлмаслиги кераклигини тушуниб етди ва МХДҚни кучсизлантириш жараёнини бошлади», — деб ёзади Умаров.

Россиялик эксперт Станислав Притчин эса Ташиев даврида МХДҚ қўлида мислсиз ваколатлар тўпланганига эътибор қаратади. Унинг айтишича, президент қўриқлаш хизмати, чегара қўшинлари ва тергов ҳуқуқларининг бир қўлда бўлиши Жапаровнинг ўз ҳокимиятини йўқотиш хавфини туғдирган.

Ғарб нашрлари, хусусан, The Diplomat Қирғизистон сиёсатидаги бу бурилишни «Путин-Медведев» моделининг барбод бўлиши ёки амалга ошмай қолган сценарийси сифатида баҳоламоқда. Доктор Аксана Исмаилбекованинг фикрича, Ташиев нафақат хавфсизлик, балки ички сиёсат ва ижтимоий лойиҳаларда ҳам Жапаров билан тенгма-тенг юргани тандем ичидаги зиддиятни пишитган.

Reuters агентлиги эса бошқа бир муҳим жиҳатга — Қирғизистоннинг халқаро санкцияларни айланиб ўтишдаги ролига тўхталади. Нашрнинг ёзишича, Ғарб давлатларининг Қирғизистонга нисбатан босими ҳам Жапаровни куч ишлатар тизимларни жиловлашга ва халқаро майдонда «вазминроқ» кўринишга мажбур қилган бўлиши мумкин.

Воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Садир Жапаров энди ўз президентлик муддатини узайтириш ва ҳокимиятни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга киришади. Ташиевнинг Германиядан қайтиши ва унинг соғлиги баҳонасида сиёсатдан четлатилиши Жапаров учун энг хавфсиз «юмшоқ қўниш» сценарийси бўлиб кўринмоқда.

Шундай қилиб, Қирғизистонда «икки дўст» даври ўз ниҳоясига етди. Энди мамлакатни ягона сиёсий марказ ва мутлақ ҳокимият даври кутмоқда.