Президент Жапаров хавфсизлик раҳбари Қамчибек Ташиевни нега ишдан олди?

Сурат манбаси, Official
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 10 феврал куни имзо қўйган фармонга биноан Қамчибек Ташиев Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари - Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси лавозимларидан бўшатилди. Президент Жапаров нега бундай қарор қабул қилганини тушунтирди.
Президент матбуот котиби Аскат Алагўзов Ташиевнинг лавозимдан озод этилишига оид давлат раҳбарининг изоҳини ошкор қилди.
"Президент Садир Нурхўжоевич бу қарорни қисқа тарзда шундай тушунтирдилар: "Энг аввало, мен буни давлатимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилдим. Жамиятда, жумладан давлат тузилмалари ўртасида бўлиниш ва парчаланишнинг олдини олиш, аксинча, бирдамликни мустаҳкамлаш учун", деди Аскат Алагўзов Би-би-си Қирғиз хизмати билан суҳбатда.
Ташиев ҳозирча ўзининг лавозимидан озод этилгани борасида изоҳ бергани йўқ.
У бошқа мансабга тайинланиши ҳақида ҳам расмий маълумот эълон қилингани йўқ.
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумғалбек Шабданбеков тайинланди.
Унинг номзодини қўмита раиси лавозимига тасдиқлаш учун Жогорку Кенешга киритилиши кутилмоқда.
"Озодлик Радиоси"нинг хабар беришича, Қамчибек Ташиев ҳозир Германиянинг Мюнхен шаҳрида даволанаяпти.
57 ёшли Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг кўп йиллик яқин ҳамкори сифатида танилган.
Ташиев 2020 йилги октябр воқеаларидан кейин Жапаровнинг ҳокимиятга келишида асосий рол ўйнаган сиёсатчилардан бири сифатида машҳур.
У 2020 йил 16 октябридан буён Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Ташиевни бу лавозимга Садир Жапаров президент вазифасини бажариб турган пайтда тайинлаганди.
Бундан ташқари, Ташиев Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаб келган.
Мустақил Қирғизистон тарихида Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев тандеми энг узоқ давом этган сиёсий ҳамкорлик сифатида кўрилади.
Сўнгги беш йил давомида сиёсий доираларда Жапаров ва Ташиев ўртасида гўёки келишмовчилик борлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқалганига қарамай, ҳам президент, ҳам Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси раиси мамлакатнинг икки асосий сиёсий арбоби ўртасидаги муносабатлар самимий эканини доимо таъкидлаб келган.
Яқинда Ташиев Президент Садир Жапаровнинг ҳокимиятга келганига беш йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган ҳужжатли филмда ҳам шу фикрни яна бир бор қайд этди ва уларни бир-биридан фақат ўлим ажрата олиши мумкинлигини урғулади.

"Биз бир‑биримизга сиёсат учун ҳам, бойлик учун ҳам, таъсир учун ҳам ёрдам беришни ният қилмаганмиз. Биздаги дўстлик ва инсоний фазилатлар бир‑биримизга мос келади. Шу билан бирга, манфаатларимиз ҳам мос тушади. Бизнинг асосий манфаатимиз — давлатимизга бўлган меҳр, қирғиз халқига бўлган муҳаббат, Қирғиз давлатини севадиганимизнинг ўзи. Бу бизда бирлашади.
Аммо ҳамма: "Сиёсатда дўстлик бўлмайди", дейди ва турли одамлар бизни ажратишга, турли режалар тузишга, "агар бу иккиси ўзаро келишолмай қолса, бизга қуёш чиқади", деб умид қилади. Ҳали ҳам шундай умид қиладиганлар бор.
Уларнинг барчасининг умиди — девордай қаттиқ тўсиқ. Бу тўсиқ — девор қандай бўлса, шундайлигича қолади. Чунки менга Садир Нурхўжоевичнинг ҳокимияти ёки президентлиги қизиқ эмас. Менда Садир Нурхўжоевичдан ҳокимиятни олиб, президент бўлиш нияти йўқ.
Бизда бундай ўй‑фикр йўқлиги учун ҳам, бир‑биримизга тўсиқ бўлмаганмиз, аксинча, бир‑биримизни қўллаб‑қувватлаб келганмиз. Шу боис давлатимиз яхшиланиб бормоқда", — деди Ташиев ҳужжатли филмда.
































